muslim.uz

muslim.uz

 «Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати – Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин». 

Шавкат Мирзиёев

 

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни олдидан турли тадбирлар, мавзу доирасида суҳбатлар ташкил этилмоқда. Бу каби тадбирлар Бош қомусимизнинг ғоя ва асосий тамойиллари мазмунини тарғибот-ташвиқот қилишда муҳим саналади.

Маълумки Асосий Қонунимизда инсон омилининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда. Унга асосан олиб борилаётган фаолият ва саъй-ҳаракат ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам диний, маърифий қадриятларнинг қайта тикланишига ҳам шоҳид бўлмоқдадир.

Асосий Қонунимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши каби омилларга кўра, инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта модданинг йўқлигида, ўйлаймизки аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларимиз ва бебаҳо анъаналаримизнинг беқиёс ўрни бор. Минг йилликлар давомида аждодларимиздан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг хеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг Асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.

           Бош Қомусимизда динимизнинг     равнақи учун кенг имтиёзлар белгилаб берилди. Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги Бош қонунимизда кафолатлаб қўйилди.  Айни пайти турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва мўътадиллик муҳити шаклланди. Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлганларнинг бир заминда эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат яшашлиги – диний бағрикенглик ҳамда ҳуқуқий тенгликнинг ёрқин намунасидир.

   Конституциямизда “Ўзбекистон республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар. (18-модда) – деган қоида мустаҳкамлаб қўйилгани бундай ютуқларга сиёсий-ҳуқуқий замин яратади.

    Қуйидаги ояти карима инсоннинг қадр-қиммати нақадар юқори эканлиги, ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари Аллоҳ томонидан дахлсиз қилиб белгилангани ва кафолатланганини таъкидлайди: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…”(Бақара сураси, 256 оят).

     Биз кўп миллатли халқмиз. Мамлакатимиз аҳолиси ҳозирги кунда 36 миллионга яқиндир. Кўп миллатли жамият кўп конфессиялиликка асос бўлади. Юртимизда 130 га яқин миллат ва элат – бир неча дин, ўн олтита конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда.

Мустақил она диёримизда яшовчи барча халқлар томонидан иқрор қилинган Асосий Қонунимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари каби виждон эркинлиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Асосий Қонунимизнинг 31-моддасида "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. ... Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл кўйилмайди ", деб алоҳида таъкидланган. Муқаддас Ислом дини қадриятлари бой ва буюк маънавиятимиз асоси эканини эътироф этиб, Ватанимизнинг биринчи Президенти бундай деганлар: "Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри холда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз".

Асосий Қонунимиз моддаларида нафақат халқчил тамойилларига, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади.

Минг афсуслар бўлсинки, асосий Қонунимизнинг мазкур 31-моддасини айрим ғаразли кимсалар, ўзларини миссионер деб билувчилар томонидан қўпол равишда бузиш ҳоллари ҳамон учрамоқда. Улар ғаразли ҳаракатларини турли фаолиятлар орқали амалга оширишмокда. Ўзларининг бундай нопок максадларини ёшлар ўртасида, айниқса, хеч бир диний маълумоти бўлмаган ёки турли ёт таъсирларга берилувчан айрим содда фуқаролар орасида ёйишга уринишмокда. Натижада, баъзи юртдошларимиз алданиб моддий-маънавий қийинчиликлар бахонасида хорижий миссионерлар тузоғига илиниб қолишмоқда. Имон-эътиқодларидан маҳрум бўлиб, икки дунё саодатини қўлдан бой бериб қўйишмоқда. Шу муносабат билан барчани огоҳликка, қадриятларимиз ва у билан боғлиқ бўлган тарихий бой меъросимизни келажак авлодларимизга, азиз фарзандларимизга тўла-тўқис равишда етказишга чорлаймиз.

Биз учун ёд бўдган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил она диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдид  хавфлардан огох бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис хисса ва хизматларимизни кўшишимиз лозим.

Бугун, дунёнинг турли нуқталарида диний, миллий ва этник можаролар, уруш ва хунрезликлар бўлаётган бир паллада, юртимиз тинч ва осуда, миллат ва элатлар ҳамжиҳат ва хотиржам яшаётгани, шу чоққача миллий ёки диний низолар келиб чиқмагани бу борада катта ишлар амалга оширилаётганини яқкол кўрсатади. Бундай имкониятлар учун ҳар қанча шукр қилсак арзийди.  

Конституциямиз мамлакатимизнинг нафақат ижтимоий — иқтисодий тараққиётининг ҳуқуқий асослари, балки маънавиятимиз, инсоний қадриятлар ва оилавий муносабатларни ҳимоялашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб ҳам хизмат қилмоқда.

 

Одилжон  Нарзуллаев

Янгийул  туман

«Имом  Султон» жоме

масжиди  Имом хатиби.

Кеча Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш – давр талаби”, “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” ва “Имом Бухорий мероси – ёт ғояларга қарши” мавзуларида илмий суҳбат ташкил қилинди.
Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармасининг бош мутахассиси Х.Незаматов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Ж.Жумаев, Б.Махмудов, С.Абдувоитов Билим юрти ўқитувчилари ҳамда талабалари қатнашди.
Тадбирни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов очиб берди ва бошқариб борди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугун юртимизда муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган адолатли сиёсат натижасида барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар, ислоҳотлар ва ривожланишлар юз бераётгани, хусусан, муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Халқаро ислом академияси ва бошқа бир қатор илмий тадқиқот марказлари ташкил қилингани эътироф этилди.
Шунигдек, аждодларимиз қолдирган қўл ёзма асарлар, илмий адабиётлар ва бошқа кўплаб бебаҳо меросларимиз ўрганилиб, таржима қилиниб қайта нашр қилинаётгани таъкидланди.
Бу хусусда Президентимиз Ш. Мирзиёев ҳам «...тарихимиз, маданиятимиз, динимизга алоқадор бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, уларни тўплаб, халқимизни, ёшларимизни таништириш, бизнинг қандай буюк ва бетакрор меросимиз борлигини англатиш, фарзандларимизни шу улуғ меросга муносиб этиб тарбиялашдан иборат» дея таъкидлаган эди.
Ўз навбатида, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари билим юрти талабаларини китоблар ва қўл ёзма асарлар билан танишишга марказга таклиф қилди.

 

Билим юрти маънавий ва
Маърифий ишлар бўлим бошлиғи А.Ережепов

Воскресенье, 22 Октябрь 2023 00:00

Бекорчилик – жамиятнинг кушандаси

    Инсон дунёга келар экан, ҳаётда ўз ўрнини топиш, бахтли ҳаёт кечириш, элу-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозонишга интилади ва албатта бунинг учун тинимсиз ҳаракат, изланиш, катта меҳнат талаб этилади. Ўзига берилган энг олий умрни бемазмун ўтказиб, бирор бир эзгу ишга қўл урмай, жамиятга фойда келтирмасдан, юрт тараққиёти ва ривожига ҳисса қўшмай яшаётган инсонларнинг учраб туриши афсусланарли ҳолдир.

   Бекорчилик кўпайган сайин дангасалик кучаяди.Инсон кўп ҳаракатда булса, дангасаликдан асар хам колмайди.

   Бугун ёшларнинг аксарияти бекорчилик оқибатида хулки бузилиб,вактини исроф килмокда. Бежизга: “Бекорчидан Худо безор”дейилмаган. Кўп холларда ёшлар интернетдан кўнгилочар восита сифатида фойдаланиб, эртаю кеч ғанимат вақтини

сарф қилмоқда. Афсуски, турли ижтимоий тармоқлар бузғунчилик, ҳаёсизлик, лоқайдликка тарғиб қилади. У ёшлар тафаккурини заифлаштириб, онгини бузуқ ғоялар билан заҳарламокда.

    Телефон хотирасидаги турли видеолавҳалар, интернет оркали намойиш этилаётган ҳар хил маълумотлар ёшларни манкуртликка етаклаяпти. Бундай ҳолатлар йигит-қизлар охир-окибат оғир гуноҳ содир этишига, шармандаликка сабаб бўляпти. Ахир умр, вакт, ёшлик, соглик ғанимат эмасми? Буларни исроф килиш эса огир гунохдир.

   Бекорчи одам ҳаётда ўз истагига эришолмаслиги аник. Ваҳоланки, бу ҳаëт доимий ҳаракатда, ўзгариш янгиланишда бўлиб, қотиб турмайдиган жараёндир.Бекорчилик иллати қайси халкда илдиз отса, албатта, уни заифлаштиради, тараққиёт карвонидан ортда колдиради.

  Бу касаллик кайси шахсга етса, уни хор килади, обрусидан айиради.Бекорчилик энг зарарли офатлардан биридир. Аклли инсон бу дунёда бекор турмайди. Ҳатто бўш вақтини зое килмайди, балки дунë ëки охират учун фойдали бўлган ишларга сарфлайди.

    Бекорчилик секин-аста инсонни ишдан чиқаради, ҳаётини вайрон қилади. Тана аъзолари ҳаракатсиз қолса, ишдан чиқади, заифлашиб қолади.

     Сархадсиз интернет дунёсига кирган шахс, умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Зеро, бу глобал тармок бепоён ҳудудларга эга бўлиб, унда инсон адашиб соатлари, кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин.

    Ҳозирги кунда ёшларнинг интернетга муккасидан кетиб, турли хил бетамиз, маънисиз ўйинлар домига шунгиб, ўзларининг саломатликларига ҳам жиддий зарар

етказишмокда.

  Бекорчиликнинг биринчи самараси бу камбағаллик ва фақр бӯлиб, бу ҳолат охир-оқибат одамларни турли қонунга зид ва жиноий амалларга қӯл уришларига олиб боради. Безорилик, ӯғирлик ва наркотик моддалар савдо-сотиғи фақир ва камбағалликдан келиб чиқадиган жиноятлардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бекорчилик жамиятдаги жорий тизимлар ва ахлоқий қадриятларнинг орадан кӯтарилишига олиб боради.

   Инсон бекорчиликдан сақланиши учун бутун аъзоларини соғлом бўлишига сабабчи бўлган қалбини соғлом қилиши жуда ҳам муҳим экан. Шу боис ҳам ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): «Нафсингни фойдали нарсалар билан машғул қил, акс ҳолда уни зарарли нарсалар эгаллаб олади», деб огоҳлантирганлар.

  Фарзандларимизни билим-маърифатли, меҳнатсевар, ғайратли, ўз касбини пухта биладиган қилиб тарбиялаш, келажакда уларни халқимизга, динимизга фойдали инсон бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун фарзандларимиз бекорчи бўлиб қолишларига йўл қўймаслигимиз, балки уларни, билим олиш, китобхонлик, турли тўгараклар, спорт билан шуғулланиш, маданий ҳордиқ билан банд қилишимиз керак. 

 

 

Одилжон Нарзуллаев

Янгийўл туман “Имом   Султон” жоме масжиди имом хатиби

 

 

    Тил – миллатнинг фахри, ғурури, кўзгуси. Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим.        Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми хуқуқий жихатдан мустахкамлаб қўйилди.Ўзбекистон Республикасининг "Давлат  тили  тўғрисида"ги  қонунининг  қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди. Тил - инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Ўз тилига меҳр-муҳаббатли  инсон  халқини, Ватанини, миллий қадриятларини, маданий  меросини  ҳам эъзозлайди. Бежизга бундан беш аср илгари Алишер Навоий бобомиз "Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз" дея ёзмаган.

Ўзбек  тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилимиздаги  ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳрни ёзувчиларимиз  асарларида  яққол  кўриш  мумкин. Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғатит турк" китоби, Аҳмад Яссавийнинг  ҳикматлари, Алишер Навоийнинг "Хамса"си, Заҳириддин  Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома"си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор  романлари-оқибат сўзларини  бошқа  тилга  айнан  таржима  қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар  халқимизга хос ва уларни  айтишга  фақат  шу тил  қодирдир. Бизнинг  она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил  орасида туркий тиллар оиласига мансуб  бўлиб, жонли  тил сифатида  қипчоқ, қарлуқ, ўғиз  лаҳжаларида  намоён бўлади. Ўзбек  адабий тили эса  ана  шу лаҳжалардаги  сўзларнинг  маълум  бир меъёрига  келтирилган  шаклидир. У  муттасил ўсиб, ривожланиб  бормоқда. Унинг ривожида сўз  мулкининг султони  Алишер Навоийнинг хизматлари  беқиёсдир. Ҳазрат  Навоий  тил  хақида  шундай  ёзадилар: "Кўнгил  хазинасининг  қулфи  тилдир. Ул  хазинанинг  калитидин сўз бил".

Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз.

      Тил маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз  керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир.

Тонгдек  оромбахш, қуёшдек  нурли, она оғушидек  иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек  ҳароратли, куздек саховатли, қиш  қорларидек  беғубор туйғуларимизнинг таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу  боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни  асраб авайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга  эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби  она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.

 Ўз тили учун қайғураётган миллат дунё халқлари сафида ўз ўрнини, чинакам мустақиллигини асрашга, ҳимоя қилишга жидду жаҳд қилаётган миллат саналади.Миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куйиниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.  

Она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан эътибор беришимиз керак.

Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз, ўз даврида ўнга яқин дунёвий тилларни пухта ўрганган олим Исҳоқхон Ибратнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.

 

Одилжон  Нарзуллаев  

Янгийул тумани  ‘’Имом  Султон’’ жоме масжиди   Имом  хатиби

 

Шу йил 9 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раисликларида Андижон вилоятида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилиш Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари тараққиётимизнинг янги даврида диний соҳада жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ўз навбатида имомлик шарафли мақом бўлиши билан бирга ўта нозик ва масъулиятли вазифа экани, ҳар бир имом бу ҳақиқатни бир зум бўлса-да эсидан чиқармасдан, жамиятнинг энг намунали ва энг олди кишиларидан эканини чуқур англаш кабиларни баён этдилар.

Йиғилиш давомида Муфтий ҳазратлари Андижон вилояти имом-хатибларининг фаолиятини таҳлил қилиб, муҳим тавсия ва топшириқлар бердилар.

Шунингдек, мураккаб даврда имом-хатибларнинг фаолликларини янада ошириш, ОАВдаги чиқишлари мазмун-моҳиятини яхшилаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлаш, бу борада вилоят бош имом-хатиби билан елками-елка туриб, ҳамжиҳатликда динимиз равнақи ва мўмин-мусулмонларимиз фаровонлиги йўлида астойдил хизмат қилиш каби жиҳатларга Муфтий ҳазратлари алоҳида урғу қаратдилар.

Йиғилишда Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов, Андижон шаҳри бош имом-хатиби Мифтоҳиддин домла Рожиддинов, Избоскан тумани бош имом-хатиби Салимжон домла Юнусов ва Андижон шаҳри “Уйғур” жоме масжиди имом-хатиби Раҳмонжон домла Ортиқов сўзга чиқиб, Муфтий ҳазратларининг нутқларида баён этилган муҳим масала ва долзарб вазифаларни сидқидилдан бажаришларини билдирдилар. Шунингдек, сўнгги йилларда диний соҳа ходимларига берилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик изҳор қилдилар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Страница 4 из 1850

Янгиликлар

Top