muslim.uz
Фоторепортаж: Зангиота жоме масжидида таровеҳ намози
Online: Ҳазрати Имомда таровеҳ намози
Фидяни кимлар беради?
Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган кексалар ва сурункали касал бўлиб, тузалишига умид бўлмаган беморларга шариатимиз рўза тутмасликларига рухсат беради (“Баҳрур роиқ”).
Булар Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя берадилар. Фидя миқдори Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан милодий 2018 йил (ҳижрий 1439 йил) учун ўртача 12 000 (ўн икки минг) сўм, деб белгиланди.
Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берса, рўза ундан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди.
Маълум вақтлардан кейин тузаладиган касалликка чалинган шахсларга рўза тутиш зарар қилса, буларнинг ҳам рўза тутмасликларига шариатимиз рухсат беради. Аммо булар фидя бермайдилар, чунки қачондир тузалишларига умид бор. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар.
Фидя берувчилар хоҳласалар, фидяларининг ҳаммасини бир қилиб, Рамазон ойининг бошида ёки охирида беришлари мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”).
Фидя закот олиши мумкин бўлган кишиларга берилади.
Агар улар фидя беришганидан кейин қувватга тўлиб, рўза тутишга кучлари етадиган бўлиб қолишса, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари керак (“Ниҳоя”).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
“Араб тили” ўқув курси тингловчилари учун давра суҳбати ташкил этилди
Хабарингиз бор, Тошкент ислом институтида “Араб тили” ўқув курси фаолият юритмоқда.
2018 йил 2 апрелдан бошланган навбатдаги ўқув машғулотларида билим юртининг тажрибали мударрислари ЎМИ томонидан тасдиқланган дастур асосида дарс ўтмоқдалар.
“Араб тили” ўқув курси тингловчилари учун ҳар ойда бир маротаба маънавий-маърифий суҳбатлар ташкил этиш режалаштирилган. Шу боисдан 2018 йил 17-18 май кунлари ТИИ ректори Уйғун Ғафуров иштирокида “Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Суҳбат давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда диний соҳадаги ислоҳотларни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Хусусан, Ислом цивилизация маркази, Ислом академияси, ТИИда махсус сиртқи бўлим ташкил этилганлиги ва яқинда ниҳоясига етган Республика Қуръони карим мусобақаси ҳам юқорида айтиб ўтилган диний ислоҳотларнинг ёрқин намунаси эканлигига эътибор қаратилди.
Суҳбат якунида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда бундай хайрли ишларга бош бўлган юртбошимиз, муфтий ҳазратлари, институт жамоаси ва бошқа масъулларга миннатдорчилик изҳор қилиб, диёримизда бўлаётган мана шундай гўзал ислоҳотларга нисбатан эътиборли бўлиш, бефарқ бўлмасдан, аксинча бу каби хайрли ишларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.
Маълумки, мазкур “Араб тили” курсларининг дастлабки ўқув машғулотлари 2018 йил 2 январь куни бошланган эди. Уч ой давом этадиган дарс жараёнлари учун тўлов миқдори энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдорида белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил давомида ЎМИ тасарруфидаги таълим муассасаларида “Қуръони каримни ўргатувчи махсус курслар” ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
Манба: http://islaminstitut.uz/
“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми”
Инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олмоғи ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Одам алайҳиссаломнинг фаришталар таъзимига сазовор бўлиши ҳам айнан у зотда илм бўлганидандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг каломида илмсиз кишилар ҳеч қачон илмли кишилар билан тенг бўла олмаслигини алоҳида таъкидлаб, бундай дейди: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар,9), деб марҳамат қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканини бир неча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Абу Амома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши ҳақида гапиришди, уларнинг бири обид, иккинчиси эса олим эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан ортиқлигимга ўхшайди”, дедилар” (Термизий ривояти).
Илм – руҳ озиғи. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Аллоҳ таоло илм аҳллари ҳақида: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” деб марҳамат қилади. (Мужодала, 11-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен муаллим (илму ҳикмат ўргатувчи) қилиб юборилдим”, деб марҳамат қилганлар. Халқимиз илм ўрганувчи ва илм ўргатувчиларни ҳамиша эъзозлаган. Устоз-шогирдлик анъаналари қадимдан ривожланган. Бунда асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади. Инсон маънавий камолот чўққисига устозсиз ета олмайди. Бу ҳақда Алишер Навоий ҳазратлари:
Агар шогирд шайхулислом, ёхуд қозидур,
Агар устоз рози –Тангри розидур, – дейди.
Қадимдан ота-боболаримиз фарзандини: “Эти сизники, суяги бизники”, дея устозга топширган. Устоз ҳам шогирдига илму-ҳунар ўргатишга астойдил бел боғлаб, бор билимини беришга интилган, болага одоб-ахлоқни ўргатган. Оилавий муҳитда етарли талабчанлик кўрмаган болани қатъий тартиб-қоидага кўниктирган. Ана шу тартибда халқимиз азалдан илм-ҳунар ўрганган ва ўргатган. Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирлар кўп чиққанининг сабаби ҳам шундан. Аждодларимиздан нафақат зиёлилар, балки оддий ҳунарманд, косиб ёки деҳқонлар хонадонларида ҳам узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний ва илмий китобларни ўқиб берган. Ота-боболаримиз ҳамиша илмга интилган, китобни ардоқлаган, ўқиганларини бошқаларга ҳам ўргатган. Ўтмишда яшаб ўтган аждодларимиз ҳаётида биз учун устозлик борасида етарлича ибрат бор. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий, Қозизода Румий ва Мирзо Улуғбеклар ўртасидаги устоз-шогирд муносабатлари шулар жумласидандир. Биз муҳтарам устозларимиз олдида ҳамиша ўзимизни қарздор деб биламиз.
Мустақиллик даврида кўплаб миллий қадриятларимиз халқимизга, ҳаётимизга қайтди. Шулар қаторида бугун биз сўз юритган бобомерос қадрият, устоз-шогирдлик анъаналарини янги шароитда, янги мазмунда ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари очилди. Бугун мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида ўқиётган фарзандларимиз ўз муаллимларига “устоз” деб мурожаат қилиши урфга кирган. Бу – яхшилик аломати. Зеро, тилда қайта-қайта такрорланган калом вақти келиб, қалбга муҳрланади. Устозлар илмидан унумли фойдаланган ёшларимиз бугун илм-фан ва бошқа соҳаларда юртимиз байроғини юксак кўтаришмоқда. Умид қиламиз, келажакда фарзандларимиз орасидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний каби етук олимлар етишиб чиқади, иншоаллоҳ!
Бунинг учун ҳар биримиз масъулмиз. Ана шу масъулиятимизни ҳис этган ҳолда фарзандларимизнинг илмли, ҳунарли бўлишлари ва бунинг учун энг аввало устозларни ҳурмат қилишлари лозимлигини уқтириб боришимиз лозим.
Рашидбек ЭРНАЗАРОВ,
Хоразм вилояти Боғот тумани бош имом-хатиби