muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 15 Май 2018 00:00

Япониядаги энг йирик масжид

Японияда саксондан ортиқ масжид бор. Улардан энг йириги ва илк қурилганларидан бири “Токио” масжидидир. “Токио жомеи” деб ҳам аталадиган ушбу масжид пойтахтнинг Сибуя туманида жойлашган. Уни Россиядаги инқилоблар туфайли Японияга кўчиб келган татар муҳожирлар уч йил давомида қуриб битказган. 1938 йили Мавлидун Набий санасида фойдаланишга топширилган. Жоме туркий масжидлар шаклида барпо этилган. Қурилишга Япониянинг биринчи муфтийси Муҳаммад Абдулҳай ва Токио мусулмонлари жамияти ҳомийлик қилган.

1986 йилга келиб масжид биноси зилзилалар оқибатида таъмирга муҳтож ҳолатга келди, 1988 йили эса таъмирланди. 1998 йили Туркия ҳукумати ҳомийлигида қайта қуриш ишлари бошланди. Туркиялик архитектор Муҳаррам Ҳилм чизмаси асосида тикланган, 1200 кишини сиғдира оладиган, 734 квадрат метр майдонни эгаллаган янги ва кўркам масжид 2000 йили ишга тушди. Бу ерда аёллар учун ҳам алоҳида намозхона ажратилган.

Масжид икки қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда намозгоҳ ва маданият маркази жойлашган. Масжиднинг битта минораси бор. Унинг узунлиги 41 метр, гумбазининг баландлиги эса 23 метр. Жомеда Ислом дини, таҳорат, намоз сабоқлари ва Қуръони каримдан таълим берилади.

Гумбазнинг ички қисмига “Ихлос” сураси, атрофига эса Аллоҳ, Муҳаммад лафзи ва тўрт саҳоба исмлари туширилган. Масжид кираверишига “Оятул курси”, деворларига Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари, меҳробнинг юқорисига «Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. Бас, қайси тарафга юзингизни қаратсангиз, ўша томонда Аллоҳнинг “юзи” мавжуддир» (Бақара сураси, 115-оят) ояти битилган.

2014 йилдан бошлаб Ислом дини ва масжид тўғрисида маълумот берувчи мутахассислар хизмати йўлга қўйилган.

 

   Даврон НУРМУҲАММАД

Вторник, 15 Май 2018 00:00

“Ҳар ерни қилма орзу...”

Яратганга шукрки, жаннатмонанд юртимизда яхши  яшаш учун ҳамма  шароит мавжуд: серунум еримиз, мўл-кўл сувимиз, тўрт фаслдаги  табиат мўътадиллиги кишига ҳузур бағишлайди. Афсуски, айрим кишилар бундай неьматларга қаноат қилмасдан зарур бўлмаса-да, чет элларга ноқонуний равишда ишлашга кетмоқдалар.  Аллоҳ  таоло: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳ зиммасида бўлмаса” (Ҳуд сурасининг 6-ояти).

Оятдан аён бўлаётирки, бандани боқиш Аллоҳнинг зиммасида.

Ҳақиқатан, инсон зоти ҳеч қачон очдан ўлмайди, яқин ўртада фалончи оч қолиб ўлибди, деган гапни эшитмадик. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:  “Қачонки ишлар ўз аҳлидан бошқа кишилар қўлига ўтказилса, қиёматни кутаверинг” (Имом Бухорий) мазмунидаги ҳадисни ривоят қилган. Ҳадиси шарифдан банда Парвардигор берган касб-ҳунар орқали ризқини териб еяётган бўлса ишини бошқа соҳага ўзгартирмаслиги лозимлиги аён бўлади. Сабр қилиб ҳалол йўл билан ҳаракат қилса, албатта кўзлаган натижага эришади.  Шундай экан, айрим инсонлар мўмай пул топиш илинжида  ўз она юртидан  олисларда тили, дини, ирқи, миллати, бошқа кимсалар ичида ишлашликни ихтиёр қилмаганлари маъқул.

Яратган Эгам сендан ҳаракат  Мендан баракат, деган. Юртимизда ҳам тадбиркорлик, касаначилик, дехқончилик, ҳунармандлик қиламан деганларга ҳамда  ҳар бир илм олувчилар учун илм эшиклари очиқ, барча соҳада ҳалол  меҳнат қилган инсонларга оиласи, бола-чақаси учун шароитлар муҳайё. Чет элга кетаётган айрим фуқароларнинг аксарининг қўлида касб-ҳунари йўқ, на тил билади, на қонун-қоидани. Илми, эътиқоди суст ёшлар у ерда тайинли иш топа олмай, қийналиб, ҳар хил ёт оқимларга кириб қолаётир, алданиб қулликка сотилиб кетётир ёки уруш бўлаётган юртларда тирик  қурол бўлиб қолаётир. У ерда энг оғир ишларни соғлиги кўтармай ёки бемор бўлиб ёхуд автоҳалокатга учраб эрта оламдан ўтмоқда.

Тўғри, баъзилар тайинли иш топиб,  чет элда қонуний меҳнат қилиб, уйларига моддий ёрдам қилмоқдалар. Аммо улар ҳам имкон қадар қисқа фурсатларда оиласидан хабардор бўлиб турса, зиммаларидаги бурчларини адо этган бўлади.  Зеро, инсон зоти мол-у дунё топиш мумкин, лекин умр, вақт, ота-онаси, оиласини, иссиқ маконини топиши қийин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз қўл остингиздагилардан сўраласиз”, деб бизни огоҳлантирганлар.

Фарзандларимизни ўз назоратимиздан қочирмайлик, илм-у одоб касб-у ҳунар ўргатайлик, шунда оиламиз, давлатимиз, ҳаётимиз янада тинч ва осойишта бўлади.

 

Абдулвоҳид ИСҲОҚОВ,

Наманган шаҳридаги “Мирҳакимбой” жоме масжиди имом-хатиби

 

2018 йил 15 май куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Наманган вилояти Норин туманида жойлашган “Ҳидоя” ислом билим юртида китоб ва китоб мутолаасини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ижодий учрашув ташкил қилинди.

Учрашувда сўзга чиққан ЎзМАА Бош директори Л.Тангриев Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Наманган вилоятига қилган ташрифи ва шундан кейин амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига алоҳида тўхталиб, хусусан, 2017 йил 13 сентябрда эълон қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Президент қарори ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларни қайд этди.

- Китоб ва китобхонликни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш уларнинг дунёқариши ва маънавиятининг янада юксалишига олиб келади. Намангандан етишиб чиққан ижодкорлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш жуда муҳим бўлиб, бу ёшларни аждодларга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади, - дея таъкидлади Л.Тангриев.

Учрашувда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртига яқинлашиб келаётган Рамазон туҳфаси сифатида 100га яқин номдаги диний-маърифий китоблар совға қилинди.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Вторник, 15 Май 2018 00:00

Неъматларга шукр қилайлик

Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматлар ато этиб уларни шукр этишга буюрган. Зеро, шукр – қалб ибодатидир. Шукр қилиш уч йўл билан амалга ошади: сўз, амал ва қалб билан. Шокирлик неъматларнинг кўпайиши ва муҳофаза қилинишига сабаб бўлади. Аллоҳнинг шукр қилувчи бандаларидан бўлишини истасак аввало бандаларнинг кичик яхшиликларига хам шукр айтишни одат қилишимиз керак. Ана шунда жамиятимиз гуллаб-яшнайди. Инсонлар ўртасида аҳил-иноқлик ва тинчлик ҳукм суради.

Ширин сўз, катта-ю кичик яхшиликларни қадрловчи, бир-бирига ташаккур билдирадиган, ортидан дуо қиладиган халқ ҳеч қачон таназзулга юз тутмайди. Бундай жамият узра Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Бир-бирига шукр қилувчи қавмнинг ибодатлари ҳам қабул бўлади. Самовий ва аърозий офатлардан омон бўлади. Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Дастурхонимиз тўкин. Аллоҳ таоло бошимиз узра  соябон қилиб берган эмин-эркинлик, фаровонлик ва тинчлик хотиржамлик каби буюк неъматларнинг давомий бўлишини сўраб ёлворамиз. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Эй, имон келтирганлар, Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар ва Унга шукр қилингизлар!” (Бақара сураси, 172-оят).

 

А.Сатторов,

Избоскан туман Жонобод қишлоғи Бобур жоме масжиди бош имом-хатиби 

Вторник, 15 Май 2018 00:00

Боламиз ҳалим бўлсин!

Ҳалимлик яхши фазилат бўлиб, инсон ақлининг камолотига хизмат қилади ва ғазабини сўндиради. Уламои киромлар ҳалимлик фазилати ҳақида сўз юритиб, уни инсон ғазаб отига минган вақтда виқорли бўлиши ва меҳрибонлик кўрсатишидир, деб таърифлашган. Гўзал одоб-ахлоқлар тўғрисида илмий баҳс юритувчи баъзи тадқиқотчилар ҳилм, юмшоқ кўнгиллилик – ўзини одоб доирасида ушлаши, ғазабини жиловлаши, деб айтишади.

Дарҳақиқат, ҳалимлик пайғамбарларнинг гўзал ахлоқларидан биридир. Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари башариятга олий даражадаги намуна бўлиб, ҳалимлик уларнинг ажойиб хислатларидан бўлган. Чунончи, баъзи ҳадисларда: Ҳалимлик пайғамбарлар суннати,  деб ривоят қилинган. Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одоб-ахлоқ борасида ҳам барча пайғамбарларнинг имоми, пешвоси бўлганлари барчамизга яхши маълум. Ҳадис шарифда шундай дейилган: «Ҳалимлик қилган киши дунё ва охиратда улуғ бўлади» (Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло ана шу юксак ахлоқ даражасида бўлган ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳиссаломга берган буюк ахлоқий сифатлар тўғрисида хабар бериб шундай дейди:  “...Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар...” (Оли Имрон, 159).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни ҳалимликда олий мақом этиб, у зотнинг умматларини ҳам фахри коинот йўлини тутиб, суннатларига эргашишни ирода қилди. Шунинг учун ҳам Раббимиз Фурқон сурасида умматларнинг энг яхшилари ҳақида хабар бериб, бундай дейди: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон, 63). Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ояти карима ҳақида: “Бундай зотлар ҳалим, беозор бўлиб, агар уларга жаҳл билан ғазаб қилинса, улар асло жоҳиллик қилмайдилар, яъни ҳалимлик қиладилар”,  деган.

Ҳазрат Расул акрам алайҳиссалом барча умматларини ҳалимлик, вазминлик ва беозорлик сифатлари билан хулқланишга чақирганлар. Ҳадис шарифда шундай ривоят қилинади: «Сизларнинг энг кучлиларингиз ғазаб вақтида ўзига ғолиб бўлган киши ва сизларнинг энг ҳалимингиз қудрати етиб турганда афв этган кишидир» (Ибн Аби Дунё ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадис шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло барча ишларда мулойимлик ва вазминликни яхши кўради», деганлар.

Демак, ҳалимлик ва беозорлик энг улуғ одоблар жумласидан экан. Оилада, фарзандлар тарбиясида, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган кундалик муомалаларда вазминлик, беозорлик одобларига амал қилиб ҳаёт кечирмоғимиз лозим. Шундай қилсак, Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари қаторидан ўрин олиб, ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг чин умматлари жумласидан бўламиз, иншоаллоҳ.

 

Муслим АТАЕВ,

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Янгиликлар

Top