muslim.uz
Ислом илмга чорлайди
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш мўмин ва мўмина аёлга фарздир” деб, айтдилар. Бу ҳадисдан шу нарса маълум бўладики, ислом дини аёл кишига ҳам илм талаб қилишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга уйланмоқчи бўлганларида Ҳазрати Умар ислом умматига юксак бир фазилатни кўрсатдилар. У ҳам бўлса, оталик масъулятини ҳис қилган ҳолда қизлари Ҳафсани турмушга бериш олдидан унга ўқиш, ёзиш ва динга доир илмларни бердилар. Ҳаттоки қизларига ўқиш ва ёзишни таълим беришлик учун Бани Адий қабиласидан бир аёлни ёлладилар. Ҳафса онамиз ҳалиги аёлдан етарлича илм олганларидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқдилар. Тўйдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Умардан ҳалиги Бани Адийлик аёлни келиб Ҳафсага қолган илмлардан ҳам дарс беришни давом эттиришлигини айтдилар.
Ҳазрати Умар: “Ё Расулуллоҳ! Ҳафса илмни яхши эгаллаб олди” дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Ҳафсани илмни мукаммалроқ эгаллашини хоҳлайман” дедилар. Шундан сўнг ҳалиги аёл келиб дарсни давом эттирди.
Абдушукур МУРОДОВ
Манба: Муҳаммад Мутавалли Шаъровий: “Мусулмон аёл фиқҳи” номли китобидан. 15-бет.
Шавкат Мирзиёев “Евроосиё олдидаги хизматлари учун” юксак мукофотига лойиқ кўрилди
Туркия пойтахтида ишбилармон кишиларнинг “EcoAvrasya” жамоатчилик бирлашмаси томонидан таъсис этилган “Евроосиё олдидаги хизматлари учун” юксак мукофотининг дастлабки лауреатларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тарзда ташкил этилган маросимда ушбу давлат Президенти Р. Эрдоганнинг мафкура бўйича маслаҳатчиси Ёлчин Топчи, фан, саноат ва технологиялар вазири Фарук Озли, Туркия парламенти аъзолари, хорижий давлатлар, Анқарада аккредитациядан ўтказилган дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тадбирга “EcoAvrasya” раиси Ҳикмет Эрен модераторлик қилди.
Х. Эрен ўз нутқида қайд этиб ўтганидек, мазкур бирлашма 2012 йилдан буён “Турк халқлари олдидаги хизматлари учун” танловини ўтказиб келади. Унда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган таниқли сиёсатчилар ва иқтисодиёт арбоблари мукофотланиб келинади.
“Евроосиё олдидаги хизматлари учун” танлови эса илк бор таъсис этилди. Мазкур юксак мукофот тақдим этилиши Евроосиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро фойдали муносабатларни равнақ топтиришга сезиларли ҳисса қўшган шахслар ва институтларга кўрсатилган катта ҳурмат ҳамда эҳтиром намунаси ҳисобланади.
“EcoAvrasya” уюшмаси бошқаруви кенгаши “Евроосиё олдидаги хизматлари учун” танловининг асосий номинацияси ғолиблиги учун турли номзодларни ўрганиб чиқди ва уни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга беришга қарор қилди. Юксак мукофот давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ва нафақат республика, балки кенг минтақани ўзгартираётган, материкда иқтисодий алоқаларни фаоллаштиришнинг асосий омилига айланган чуқур ҳамда жадал ислоҳотлар учун берилди.
Х. Эрен Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон, Россия, Хитой, Жанубик Корея, Туркия билан ўзаро алоқаларда мисли кўрилмаган ўсишга эришганини алоҳида эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, комиссия аъзолари Ўзбекистонда мазкур йўналишда қўйилаётган тарихий қадамларни катта завқ-шавқ билан кузатиб боришди ва биринчи мукофотни ушбу давлат етакчисига топширишга аҳд қилишди.
Уюшма раҳбарининг айтишича, бу борадаги қарор бир овоздан қабул қилинган.
Ушбу ташкилот бошқаруви кенгаши ва унинг барча аъзолари номидан Х.Эрен Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчисини саҳнага чақирди ҳамда мукофотни давлат раҳбарига бутун Евроосиё жамоатчилиги олдидаги мисли кўрилмаган ва тарихий хизматлари белгиси сифатида топширишни сўраган ҳолда тантанали равишда тақдим этди, дейилади “Жаҳон” АА хабарида.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон Тожикистон жанубида тиббий мажмуа қуради
Ўзбекистон Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида тиббий мажмуа қуради ва уни қўшни давлатга беғаразлик асосида беради.
“Халқ сўзи” нашрининг ёзишича, ўзаро келишувга кўра Тожикистон томони 200 ётоқ ўрнига мўлжалланган мазкур объект қурилиши учун зарур ер участкаси ажратиб беради.
Ўз навбатида, Тожикистон томони мазкур иншоот қурилишига ёрдам беради. Жумладан, ишларни бажариш ва хизмат кўрсатиш учун ушбу давлат ташкилотлари ҳамда фуқароларини жалб этиш масаласида кўмаклашади.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Пайғамбар шоири” мусобақаси ўтказилади
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жорий йилнинг 25-28 апрель кунлари “Пайғамбар шоири” шеърий мусобақасининг финал босқичи бўлиб ўтади.
Мазкур беллашувда қатнашиш учун дунёнинг турли давлатларидан 942 дона ариза келиб тушгани ҳақида "info.islom" нашри хабар берди.
Бу йилги мусобақада мумтоз шеърият йўналиши бўйича 853 та ва ҳалқ анъанавий шеърияти бўйича 89 асар ҳайъат аъзолари ҳукмига ҳавола этилган бўлиб, улардан 86 донаси аёллар ижодига мансуб эканлиги айтилди.
Мусобақа ташкилотчилари фикрига кўра, мазкур тадбир ёш авлодда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳиссини уйғотишга ҳамда мусулмон умматини бирлаштиришда шеъриятининг ўрни муҳимлигини таъкидлашга қаратилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тожикистонда биринчи Исломий банк очилади
Тожикистон ҳукумати мамлакатда биринчи Исломий банкни ташкил этиш ишларига киришди. Бу ҳақда Islam-today хабар тарқатди.
“Соҳибкорбанк” молиявий муассасаси Ислом шариати асосида фаолият кўрсата бошлайди. Улар шариат бўйича хизмат кўрсатиш ишларини кейинги йилдан бошлашади.
Тожикистондаги Исломий банкингни ташкил этиш жараёнларини Ислом тараққиёт банки назорат қилади ва “Соҳибкорбанк”ни “қайта қуриш” ишлари билан боғлиқ харажатни ўз зиммасига олади.
Исломий банкингни ташкил этиш орқали Тожикистон халқининг банк тизимига бўлган ишончини қайтаришдан умид қилмоқда.
Исломий банк тизимида фоиз эвазига пул бериш ва олиш ҳолатлари кузатилмайди.
ЎМИ Матбуот хизмати