muslim.uz
Online: Қуръон мусобақаси (Youtube)
Диний соҳа ходимларининг видео-анжумани
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 апрелдаги “Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларнинг ижросига бағишланган диний соҳа ходимларининг видеоселектори бўлиб ўтди.
Йиғилиш Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза қилиб, давлатимиз Раҳбари имзолаган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг аҳамияти, динимиз тараққиёти ва халқимиз манфаати йўлидаги ўрни беқиёслиги ҳамда диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш борасидаги муҳим бандлар уларга кўрсатилган юксак эҳтиром намунаси эканини таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари Фармоннинг биринчи бандида қайд этилган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғоясига алоҳида тўхталдилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари ушбу тарихий Фармондан келиб чиқиб, диний соҳа ходимларининг олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб бердилар.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, академик Неъматулло Иброҳимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши юртимизда диний таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичга олиб чиқиши тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, мазкур Фармондаги “Вақф” хайрия жамоат фондини ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари, мақсад-вазифалари ва афзалликлари тўғрисида сўз юритди.
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров мазкур Фармонда жуда кўп имтиёз ва қулайликлар берилиши ўз навбатида диний соҳа ходимлари зиммасига катта масъулият юклаши, давлатимиз Раҳбари бошчилигида мўмин-мусулмонларни рози қилиш йўлида қилинаётган ишлар давомли бўлиши учун қўйилган мақсад ва вазифаларни аҳил-иноқ бўлиб, ғайрат-шижоат ва сабр-матонат билан бажариш зарурлигини алоҳида қайд этди. Шунингдек, Ислом цивилизация маркази томонидан муборак динимизнинг асл моҳиятини тушунтириш ва Ислом маданиятини кенг тарғиб этиш борасида қилинаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ушбу Фармонда белгиланган вазифалар ва қўмита фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги бандларнинг аҳамиятини изоҳлаб берди.
Шундан сўнг ҳудудлардан видеоселектор йиғилишида иштирок этаётган Бухоро вилояти бош имом-хатиби Мансур Нуруллаев, Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов, Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Усмонов, Қорақалпоғистон Республикаси мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин Баҳоуддинов сўзга чиқишди. Жумладан, бош имом-хатиб Абдулҳай Турсунов мазкур 15 та банддан иборат муҳим Фармон диний соҳа ходимларининг кўнглини тоғдек кўтаргани, уларга жуда катта эътибор ва имкониятлар берилгани, бу борада барча диний ходимлар ҳамжиҳатликда ишлашлари зарурлигини билдирди. Бош имом-хатиб Раҳматуллоҳ Усмонов мазкур Фармон талабларини ўз вақтида ва сифатли ижро этиш масадида, муфтий ҳазратлари томонидан таъкидланган 10 та банддан иборат топшириқларни изчиллик билан амалга оширишга ваъда берди.
Шунингдек, йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан қўмита тузилмасида янги ташкил этиладиган ахборот-таҳлил маркази фаолияти тўғрисида, Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Мирзо Кенжабек эса диний ходимларнинг илмий савиясини ошириш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳанбалий мазҳаби
Имом Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбалнинг онаси Марказий Осиёнинг Марв шаҳридан бўлиб, отаси Сарахсдан экани манбаларда қайд этилган. У 164/780-йил Бағдод шаҳрида туғилган ва 241/855-йилда шу ерда вафот этган ва “Боби ҳарб” номли қабристонга дафн этилган.
Ибн Ҳанбал яшаган Бағдод шаҳри илм-фан ривож топиш баробарида турли-туман эътиқодий қарашлар маркази ҳисобланиб, унинг илмий жиҳатдан камол топиши учун замин яратди.
У 183/799-йилгача Бағдодда таҳсил олгандан кейин илмини ошириш мақсадида Куфа, Басра, Макка, Мадина, Яман, Шом ва Жазоирга сафар қилади. Яна Бағдодга қайтиб, Имом Шофеъийнинг дарс ҳалқасида ўтириб, 195/811-йилгача фиқҳ, усулул-фиқҳдан таълим олган. Имом Аҳмад умрининг аксар қисмини ҳадис тўплашга бағишлади. Машҳур муҳаддислар, жумладан, Ҳушайм, Суфён ибн Уяйна, Иброҳим ибн Саъд, Жарир ибн Абдулҳамид, Яҳё ал-Қаттон, Вакиъ, Абдураҳмон ибн ал-Ҳудо ва бошқа устозлардан сабоқ олди.
Имом Аҳмад илк марта фиқҳ илмини ҳам ривоят, ҳам дироят асосида ўрганиш учун Абу Ҳанифанинг шогирди ва суҳбатдоши, Аббосийлар буюк давлатининг қозил-қузоти Имом Абу Юсуфдан таълим олди. Лекин ундан кўпроқ фиқҳни эмас, балки ҳадисни ўрганишга қизиқарди. Унинг ўзи “мен ҳадис ёзиб олган биринчи киши Абу Юсуф эди”, деган.
У хулафои рошидин фиқҳи, саҳобалар ва тобеин фиқҳи, шунингдек, Имом Шофеъийнинг фиқҳий услубини ўзлаштирди. Аҳмад ибн Ҳанбал ўз даврида "имомул-муҳаддисин” (муҳаддислар имоми) сифатида тан олиниб, унинг “Ал-Муснад” китобини тасниф қилиш орқали ниҳоятда катта ишга қўл урганлиги ўз даврида юксак баҳоланди.
Аҳмад ибн Ҳанбал мўътазила ақидасига қарши бўлиб, Қуръонни яратилган деб эмас, балки қадим деб эътиқод қилди. Шу сабабли у халифа томонидан таъқиб остига олиниб, икки йил-у тўрт ой ҳибсда сақланди, таҳқирга учради ва 220/835- йили саройда қамчи билан саваланди.
Аҳмад ибн Ҳанбал ҳадисшунослик бўйича катта шуҳрат қозонди. Бир гуруҳ машҳур муҳаддислар, жумладан, Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож ундан илм олиб, ҳадис ривоят қилганлар.
Аҳмад ибн Ҳанбал ўзига хос фиқҳий қарашлари билан бошқа мазҳаб тарафдорларидан ажралиб турарди. Унинг эътиқодий қарашига биноан имон қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор бўлиш ва бадан аъзолари билан амал қилишдир. Амал имоннинг жузъи бўлгани учун у кўпайиб-озаяди.
Гуноҳи кабираларга қўл урган киши ҳақидаги мўътазила қарашларига қарши туриб, бундай гуноҳни қилган киши мўмин эмас, деган фикрни рад қилади.
Аҳмад ибн Ҳанбал ўзига хос услубга таянган ҳолда Ҳанбалий мазҳабига асос солди ва уни ривожлантиришда Маккада Ибн Аббос туфайли юзага келган илк ҳуқуқий мактабдан фойдаланди. У ўз мазҳабида Қуръон, Суннат, саҳобаларнинг сўзлари ва ижмосига асосий эътиборни қаратиб, қатъий зарурат сезмаган ҳолатлардан ташқари қиёсдан фойдаланмайди. Барча ҳадисларни, ҳатто хабари воҳид ва саҳобалар қавлини қиёсдан устун қўяди.
Ҳанбалий мазҳаби тарқалган минтақаларда раъй ва қиёсга катта эътибор қаратилмагани сабабли, одамларнинг манфаатини назарда тутган ҳолда барча ҳуқуқий муаммоларга ечим топа олмади ва бошқа мазҳаблар каби оммалашмади.
Имом Аҳмад ўзидан олдинги мазҳаблар ҳақида шундай фикр билдиради:
“Кимки динда тақлид йўқ деса, у Аллоҳ ва Расулуллоҳ (с.а.в.) наздида фосиқ бўлибди. Аҳли суннадаги мазҳаб эгалари биз фойдаланаётган илмни бизга етказишган. Бу улардан ҳадисларни олиб, суннатни ўргандик. Улар ишончли, эргашишга арзийдиган одамларнинг имомларидир. Улар сизлардан олдин бўлишган, шундай экан, уларнинг йўлидан юриб ўрганинглар ва ўргатинглар ".
18 аср ўрталарида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1115/1703- 1201/1787) мазкур мазҳабнинг қаттиққўллик тамойилларидан фойдаланиб, ваҳҳобийлик экстремистик оқимига асос солди.
Мазкур тўрт мазҳабдан ташқари, мужтаҳид уламолардан бир қанчаси мустақил мазҳаб таъсис этиш ҳаракатида бўлганлар, лекин уларнинг асарлари тўлиқ таҳрирдан чиқмаганлиги ва барча ижтиҳодий фатволари мукаммал топланмаганлиги боис мустақил мазҳаб муассислари сифатида эътироф этилмай қолганлар. Лекин уларнинг айрим фиқҳий масалалар бўйича билдирган фикр-мулоҳаза ва фатволари айрим ислом манбаларида келтирилган. Шундай мужтаҳидлардан Ҳасан Басрий, Мужоҳид, Ато ибн Абу Рабоҳ, Иброҳим Нахаий, Имом Бухорий, Омир аш-Шаъбий, Авзоий, Абу Сулаймон аз-Зоҳирий, Абу Жафар ат-Табарий ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Манбалар асосида тайёрланди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
2-курс талабаси Абдурашидов Муҳаммаднур
БАА Мосулдаги масжидни тиклаш учун 50 миллион доллар ажратади
Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Ироқ Мосул шаҳридаги машҳур Ал-Нури масжидини қайта тишлаш лойиҳасини бирга амалга оширишга киришди. Бу ҳақда AFP нашрига таяниб "info.islom" нашри хабар берди.
Тарихий Ал-Нури масжиди ўтган йил ИШИД жангариларини Мосул шаҳридан сиқиб чиқариш учун олиб борилган ҳарбий амалиётлар пайтида вайрон бўлган.
23 апрел куни Ироқ пойтахти Бағдод шаҳридаги Тарих музейида уюштирилган тантанали маросимда БААнинг Маданият вазири Нура Ал Кааби хоним ўз мамлакати Ал-Нури масжидини қайта тиклаш лойиҳасига 50 миллион 400 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишини эълон қилди.
“Беш йилга мўлжалланган лойиҳадан кўзланган мақсад фақат масжид, миноралар ва инфратузилмани қайта тиклашгина эмас балки, ёш ироқликларда умид уйғотишдан иборат”, - дея таъкидлади Ал Кааби хоним.
ЎМИ Матбуот хизмати
Лондонда мусулмонларни қўллаб-қуввотловчи акциялар бўлиб ўтди
Лондонда исломофобияга асосланган жиноятларга қарши норозилик акцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Анадолу" агентлигига таяниб "kun.uz" хабар берди.
Акция иштирокчилари ирқчиликка қарши чиқиб, ультраўнг кучлар хатти-ҳаракатларидан жабрланганларни, шу жумладан июнь ойида Лондон кўчаларида кислота сачратилган 37 ёшли Жамил Мухтор ва 21 ёшли Решам Хонни қўллаб-қувватлашди.
Акция ташкилотчиларидан бири Роб Фергюсоннинг айтишича, Мухтор ва Хонга қилинган ҳужум исломофобияга асосланган.
Унинг сўзларига кўра, полиция бундай турдаги жиноятларни ўрганишга у қадар ҳафсала билан ёндашмайди, бу эса нотўғри.
21 июнь куни Буюк Британия фуқароси Жон Томлин Жамил Мухтор ва Решам Хонларга қарата кислота сачратган. Улар жиддий жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган эди.
ЎМИ Матбуот хизмати