muslim.uz
Ҳадис мусобақасида иштирок этишни истаганлар учун маълумот
Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда жорий йилнинг май ойи давомида “Ҳадислар билимдони” кўрик-танловини ўтказилади.
Танловнинг асосий мақсади – ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, инсонларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган ғояларни ўзида мужассам этган ҳадисларни ёшларнинг барча қатламларида кенг тарғиб қилишдан иборат.
Танловда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
Танловда иштирок этиш истагида бўлган фуқаролар 2018 йилнинг 26 апрель кунига қадар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти, Тошкент шаҳри ва вилоятлар вакилликларида рўйхатга олинади.
Танловнинг биринчи босқичи 2018 йилнинг 1-5 май кунлари давомида вилоятлар кесимида ўтказилади.
Танловда иштирок этиш шартлари:
Танловда диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган камида 40 та ҳадисни (арабча матни билан) ёддан билган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
Танлов учта шартдан иборат:
– Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритиб бериш;
– Берилган ҳадисни шарҳлаб бериш (ҳадисни таржима қилиш ва ундан олинадиган фойдаларини баён қилиш);
– Ҳадисни араб тилидаги матнини ровийлари билан ёддан айтиб (берилган боблар бўйича биттадан ҳадис айтиш) бериш.
Иштирокчилардан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
– Паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси,
– Турар-жойдан маълумотнома,
– 2 дона 3x4 шаклда фотосурат.
ЎМИ Матбуот хизмати
Рус рассоми Қуръони карим оятларини ёғочга ўйиб ёзмоқда
Қуръони каримдаги 20 та ояти каримани ёғочга ўйиб ёзиш билан қадимги араб мозаика санъатини қайта тиклаган россиялик рассом қимматбаҳо асарлар яратди.
Халқаро Қуръон ахборот агентлигининг айтишича, Қирғизистонда истиқомат қилувчи 69 ёшли рус рассоми Владимир Горовой қадимий интарсия – ёғоч мозаикаси ёрдамидаги махсус тасвир шакли анъанасининг ягона давомчиси ва ҳозиргача мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръони каримнинг 20 та оят тасвири учун қадимги интарсиялар ясаган.
Горовой кўп йиллар давомида безак санъати, ҳусусан, интарсия билан шуғулланади. У ишлаган расмлар бугунги кунда Қирғизистон, Россия ва Қозоғистон президентларининг турар-жойларини безаб турибди. Рассомнинг устахонасида ёнғоқ, олхўри, терак, олма, гилос ва қизил дарахт тасвирлари мавжуд. Рассомнинг севимли мавзуларига табиат манзаралари, натюрмортлар, афсонавий ва ғайритабиий асарлар киради.
Қадимги интрасия анъанаси – ёғоч мозаикаси ёрдамидаги тасвирнинг махсус шакли саналиб, ушбу санъатнинг тарихи уч минг йилдан ортиқдир.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Илм – нажоткор куч
«Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай». Бундан 12 аср бурун муҳаддислар султони, дунё имоми – Имом Бухорий бобомиз айтган ушбу сўз том маънода замонавий дунёнинг шиорига айланди. Замонлар ўтиши билан бу иборанинг долзарблиги ортса ортдики, асло камайгани йўқ. Олтинга тенг бу айтим айнан бугун учун, барча даврлар учун сўзлангандек, гўё.
Шиддат билан ривожланаётган бугунги давр инсонга моддий эҳтиёжларини қондиришдек бирламчи эҳтиёжлар қаторига сув ва ҳаводек зарур – илмни ҳам қўшдики, шу туфайли у ўзлигини англаб, тараққиёт сари дадил қадам қўймоқда. Таъбир жоиз бўлса, уммонлар қаърига шўнғиш, коинотни забт этиш ҳам айнан илмнинг маҳсули эканини бугун ҳеч ким инкор эта олмайди.
Истиқлол туфайли юртимизда инсониятни бағрикенглик, поклик ва меҳр-оқибатга чорловчи муқаддас динимизни асраб-авайлашга, ёш авлодни халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Диний таълим тизимини такомиллаштириш, пухта билимга эга, соғлом фикрли мутахассисларни тайёрлаш доимий эътиборда.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 16 апрелидаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони диний тизимда янги даврни бошлаб берди.
Аждодларимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш, ислом динининг асл моҳиятини, мусаффо ақидаларини кенг халқ оммасига етказиш мақсадида давлатимиз томонидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганига мазкур фармон амалий тасдиқ бўлади.
Пойтахтимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари буюк алломаларимизнинг меросини чуқур тадқиқ этиш ва уларни жаҳонга танитишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртбошимизнинг фармонига асосан Ўзбекистон ислом академияси ва Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани айни муддао бўлди.
Эндиликда халқаро ислом академиясида Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва ҳоказо), бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрлар тайёрланиши замирида жуда улкан ғоя мужассам.
Ўрта асрларнинг тарих саҳифаларига Шарқ Ренессанси сифатида зарҳал ҳарфлар билан битилиши буюк аждодларимиз шарофатидандир. Улар қайси йўналишда бўлмасин, пешқадам саналган. Ҳадис илмида Имом Бухорийнинг олдига тушадигани бўлмаган. Фиҳқда Бурҳониддин Марғиноний, калом илмида Абу Мансур Мотуридий, тафсирда Имом Замахшарийга тенг келадиган аллома топилмаган. Сўз мулкида Алишер Навоий, тиббиётда Ибн Сино, фалакиётда Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек... Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Аждодларимиз шамчироқ ёруғида шундай асарлар битиб, илмий кашфиётлар қилиб кетдики, бугунги ахборот технологиялари даврида буюк мутафаккирларимиздай ижод қилиш у ёқда турсин, ҳатто уларнинг бебаҳо асарларини ўрганиш, тадқиқ қилишга ҳам улгурмаяпмиз.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ана шу ишларнинг уддасидан чиқади деб умид қиламиз.
Ислом дини инсон манфаатлари ва жамият тараққиётига хизмат қилувчи ҳар қандай кашфиёт ва янгиликни юксак қадрлайди, қўллаб-қувватлайди. Буни муқаддас оятлар ва муборак ҳадислар ҳам тасдиқлайди.
Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифда илмга тарғиб қилинган, илмсизлик қораланган. Илк нозил бўлган оятда ҳам «ўқи!», «ўқи!» деб буюрилади. «Илм» сўзи Қуръони каримда 811 ўринда турли маъноларда келади.
Муқаддас китобда: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража(мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят), дейилган.
Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу оятни: «Албатта, даражаларни кўтариш улуғ фазлу марҳаматга далолат қилади ва дунёда олий мартаба, шон-шуҳрат каби маънавий юксакликни ҳамда жаннатдаги олий мартаба каби ҳиссий юксакликни қамраб олади», дея тафсир қилган.
Расулуллоҳ (с.а.в.) кўплаб ҳадисларда илм эгаллашга, олимларни эъзозлашга чорлаганлар. Жумладан: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир», деб марҳамат қилганлар.
Ёвузлик устидан эзгулик, разолат устидан адолат, ёмонлик устидан яхшилик ғалаба қозонгани сингари илм ҳам ҳамиша жаҳолатдан устун келган. Ислом илмсизлик ва жоҳиликни қоралайди. Жаҳолат ҳаётимизни барбод, турмушимизни касод қилади. Маърифат эса қалбга сайқал бериб, маънавиятимизни гўзаллаштиради, шон-шуҳрат келтиради.
Буюк боболаримиз айнан маърифат туфайли жаҳон илм-фани равнақига беқиёс ҳисса қўшишди. Улар яратиб қолдирган бой маънавий мерос ҳали-ҳануз дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларида муҳим манба сифатида ўқилади, тадқиқ этилади. Мисол учун, ҳозир Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” тиббиёт соҳасида Европа мамлакатларида жуда катта қизиқиш билан ўрганилаётган бўлса, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари ислом қонуншунослигига оид муҳим манба сифатида ислом оламида жуда катта шуҳрат қозонган.
Афсуски, бугун муқаддас динимизни ниқоб қилиб олиб, ўзларининг кирдикорларини ёшларимиз онгига сингдиришга уринаётган ғаламислар ҳам учраб турибди. Агар улар исломнинг мусаффолигини, илмнинг лаззатини ҳис этганларида бу йўлга асло қадам босмас эдилар.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ташкил этилиши катта қулайликлар туғдиради. Жумладан, малака ошириш маркази ва унинг минтақавий филиалларида имом-хатиблар, имом ноиблари, диний соҳа мутахассислари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, олий ва ўрта таълим муассасаларининг соҳага тегишли педагог кадрлари қайта тайёргарликдан ўтади ва малака оширади.
Юртимизда диний таълим ўзининг кўп асрлик тарихига эга. Минтақамизда илк ўрта асрлардаёқ ҳам диний, ҳам дунёвий фанлар ўқитиладиган кўп тармоқли мадрасалар тизими мавжуд бўлган. Мадрасалар минтақада жадид мактаблари пайдо бўлгунга қадар ўрта-махсус ва олий маълумот берувчи масканлар саналган.
Илм-фан равнақига беназир ҳисса қўшган Беруний, Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек сингари буюк алломаларнинг номини бутун олам билади. Ислом олами Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Мотуридий каби уламоларнинг асарларини ҳануз катта қизиқиш билан ўрганмоқда. Замондош мусулмон уламоларнинг эътирофича, улар ислом таълимотини илм-фан даражасига кўтарганлар.
Давлатимиз раҳбарининг фармонида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби ташкил этилаётгани барчани хурсанд қилди. Зеро, ислом оламида “Сиҳоҳи ситта” (Олтита ишончли тўплам), кейинчалик “Сиҳоҳи тисъа” (Тўққизта ишончи тўплам)ларнинг мусаннифларига қарасак, уларнинг деярли ярми юртдошларимиз экани кишига фахр-ифтихор бағишлайди.
Фармонда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилгани қайд қилинган. Эндиликда диний соҳада хизмат қилаётган ходимларга ҳам ушбу фармонда белгиланган қатор имтиёзлар берилади.
Мазкур ҳужжатга биноан “Имом Бухорий” давлат мукофоти таъсис этилгани эса тизимда хизмат қилаётган ходимларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришда муҳим омилдир.
Бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр бўлишни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни, бир сўз билан айтганда, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни талаб этмоқда. Президентимизнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ана шундай иш тутишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Эркаклар ўртасида ўтган мусобақа натижалари билан танишинг
Жорий йилнинг 21-24 апрель кунлари ўтказилган "Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018"нинг эркаклар ўртасида ўтган мусобақаси ғолиблари билан танишинг.
Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгашига қарашли Ёшлар марказида эркаклар ўртасида "Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018"нинг Республика босқичи ўтказилди.
Эркаклар ўртасида ўтказилган «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018»нинг тақдирлаш маросими ўз ниҳоясига етди.
Тиловат йўналиши
18-25 ёш:
1-ўрин: Низомиддин қори Исмоилов
2-ўрин: Ҳасан қори Комилов
3-ўрин: Нурмуҳаммед қори Аметниязов
26-40 ёш:
1-ўрин: Расулбек қори Йўлдошев
2-ўрин: Исроилхон қори Аҳмаджонов
2-ўрин: Фирдавс қори Ҳамдамов
3-ўрин: Файзираҳмон қори Мамаджонов
Диний таълим муассасалари талабалари ўртасидаги мусобақа ғолиблари (тиловат йўналиши):
1-ўрин: Қодирали қори Аҳмаджонов (Мир Араб ўрта-махсус билим юрти)
2-ўрин: Азим қори Зиявитдинов (Ҳидоя ўрта-маҳсус билим юрти)
2-ўрин: Ҳамидуллоҳ қори Ҳикматуллаев (Муҳаммад ал-Беруний ўрта-маҳсус билим юрти)
3-ўрин: Ҳамидуллоҳ қори Нажмиддинов (Тошкент ислом институти)
3-ўрин: Асрорхон қори Ҳамидов (Кўкалдош ўрта-маҳсус билим юрти)
Ҳифз йўналиши
18-25 ёш:
1-ўрин: Муҳаммадисо қори Маҳмудов
2-ўрин: Аббосхон қори Обидов
26-40 ёш:
1-ўрин: Убайдуллоҳ қори Исҳоқов
2-ўрин: Абдулҳамид қори Саидазимов
3-ўрин: Аҳмаджон қори Ворисов
Диний таълим муассасалари талабалари ўртасидаги мусобақа ғолиблари (ҳифз йўналиши):
1-ўрин: Йўлдошали қори Нуриддинов (Тошкент ислом институти)
2-ўрин: Муҳаммад Ҳожимирзо қори Сайдалиев (Тошкент ислом институти)
3-ўрин: Фозилхон қори Бойхонов (Халқаро ислом академияси)
Шунингдек, мусобақада турли номинациялар бўйича ҳам қорилар тақдирланди:
"Энг ҳушовоз Қуръон қориси" номинацияси соҳиби: Муҳсин қори Содиқов (Фарғона вилояти)
"Энг ёш Қуръон қориси" номинацияси соҳиби: Ҳабибуллоҳ қори Аҳмадов (Тошкент шаҳри)
"Энг матонатли Қуръон қориси" номинацияси соҳиби: Арзибек қори Бегматов (Фарғона вилояти)
Аввалроқ, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси Нуриддинов Йўлдошбек қори Иброҳим ўғли "Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018"нинг мутлақ ғолиби, олий ўрин соҳиби бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
"Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018"нинг мутлақ ғолиби, олий ўрин соҳибига Президент совғаси сифатида "Лаcетти" автомашинаси топширилди.
Бундан ташқари, тиловат йўналишида 1-ўринни қўлга киритган ғолибларига икки кишилик, ҳифз йўналиши 1-ўрин ғолибларига уч кишилик умра сафари сертификатлари ва ҳомийларнинг турли совғалари тақдим этилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳайрат ва ҳавас оғушида
Регистон. Қадимий ва ҳамиша навқирон бўлган Самарқанд фахри – Регистон кўплаб халқаро анжуманларга ошиён бўлган.У ер юзининг барча қитъаларидан келган сайёҳларнинг доимий эътиборида.
Халқаро конференция қатнашчилари ҳам бу муҳташам гўшага ташриф буюришди. Маҳобатли Шердор, Тиллақори ва Улуғбек мадрасаларини томоша қилаётган минглаб сайёҳлар қаторига улар ҳам қўшилишди. Дунёга не-не улуғ зотларни етказиб берган бу мўътабар маскан ҳар қандай кишида ҳайрат ва ҳавас уйғотади.
- Самарқандга илк бор бундан 35 йил илгари келиб кетган эдим, – дейди Афғонистон Республикаси Иш берувчи ва ишчиларнинг миллий иттифоқи раиси муовини Ғулом Али Барёр. – Бу қадимий шаҳар ўша даврларда кўзимга мунғайиб, тарихий обидалар нурсиз аҳволда кўринган эди. Бугунги Самарқанд тароватидан эса қадимий аждодлар меросига бўлган ҳурматдан ақлим лол қолди. Регистонни асл ҳолатига келтиргунча озмунча муҳнат қилинмагани кўриниб турибди. Бу ердаги ободончилик, бунёдкорлик ишлари ўта нозик дид билан амалга оширилган. Самарқанд ҳақиқатдан ҳам инсон бир кўрмаса армонга айланадиган шаҳар бўлибди.
Тиллақори мадрасасида Хитой Касаба уюшмалари халқаро бўлими мудири Ан Жин Хул билан мулоқотда бўлдик.
- Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюришим, – дейди у. – Дунёда гўзал юрт ва шаҳарлар кўп, аммо улар орасида бу мамлакат менда бошқача таассурот қолдирди. Меҳмондўст, самимий, юзларидан нур ёғилиб турган одамлар билан учрашганимдан ҳаяжонимни яширолмаяпман. Бугун Регистонда туриб, юрагимга бир тилакни тугдим: келгуси гал Самарқандга ота-онамни ҳам олиб келаман. Улар бу ажиб диёрни кўриб ҳайратга тушиши аниқ.
Халқаро конференция қатнашчилари бу ерда уч гуруҳга бўлинган ҳолда шаҳардаги Мирзо Улуғбек обсерваторияси, Хўжа Дониёр мақбараси, Сиёб бозори ва бошқа зиёратгоҳлар, тарихий масканлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва маҳаллаларга йўл олишди.