muslim.uz
Тобутнинг олдида юрган афзалми ёки ортидами?
Cавол: Тобут ортидан юриш афзалми ёки олдидами? Шунга боғлиқ масалаларни баён қилсангиз.
Жавоб: Тобут ортида юриш афзалдир. Тобутнинг ўнг ёки чап томонида юрилмайди (“Фатҳул-қадир”).
Вафот этган киши қўшни, қариндош ёки яхшилиги билан танилган инсон бўлса, унинг тобути ортидан бориш нафл ибодатдан афзалдир (“Баҳрур-роиқ”).
Бирор уловда тобутнинг ортидан бораётган киши ундан ўтиб кетиши макруҳдир (“Фатовойи Қозихон”).
Тобут ортидан бораётганлар жим, сўзлашмай боришлари лозим. Овозларини чиқариб Қуръон ўқишлари ва зикр қилишлари макруҳ.
Зикр қилишни хоҳлаган киши ичида зикр қилиши мумкин (“Шарҳи Таҳовий”; “Фатовойи Қозихон”).
“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
Юртимизга афғонистонлик меҳмонлар ташриф буюрди
Бугун, 6 апрель куни Тошкент шаҳрининг Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилиш учун йигирмадан ортиқ Афғонистон Ислом Республикасининг Мозори Шариф, Фарёб вилоятларидан меҳмонлар ташриф буюрдилар. Улар Ўзбекистон ҳақидаги ўзларининг илиқ фикрлари ва тилакларини билдирдилар.
Меҳмонларнинг асосий қисми диний соҳа вакиллари эканлиги ва имом, мадрасада мударрис сифатида фаолият юритишларини маълум қилдилар. Зиёратчилар эндиликда Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳам зиёрат мақсадида ташриф буюриш ниятида эканликларини айтиб ўтдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Аждодлар меросини ўрганиш ҳар биримизнинг бурчимиздир
Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи отинойилар томонидан ҳар ойда “Динимизнинг софлигини асрайлик” мавзусида тадбирлар ўтказиб турилади. Бу галки тадбирни Юнусобод тумани отинойилари иштирокида Шайхонтоҳур тумани “Аёллар маркази”да “Қомусий олим ва буюк муҳаддис Ҳаким ат Термизий” мавзусида навбатдаги семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг муовини Эргаш қори ака Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси хотин-қизлар масалалари бўйича бош мутахассиси Фотима Ҳақбердиева, Республика “Бувижонлар” маркази раҳбари олима Муборак Юнусходжаева, узоқ йиллар Ф.Ҳ.Д.Ё нуроний жамғармаси раиси лавозимида ишлаб келган Бўстон Рашидовна, диний-маърифий масалалар бўйича бош мутахассис Омила Арипова, ҳамда шоира Нодирабегим ва бошқа меҳмонлар ташриф буюришди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган “Ислом нури” газетаси мухбири хабар беради.
Тадбирни Мусулмонлар идораси хотин-қизлар масалалари бўйича бош мутахассиси Фотима Ҳақбердиева очиб берди.
Эргаш қори ака Рустамов тадбирни Қуръон тиловати билан бошлаб, сўнгра отинойиларнинг фаолиятидаги ютуқ ва камчиликларини айтиб, оилаларда рўй бераётган “қўйди-чиқди”ларнинг олдини олиш, улар билан тез-тез суҳбатлар ўтказиб туриш лозимлигини ҳам таъкидлади. Ва: “Елкангиздаги масъулиятли ва шарафли вазифани оқлаб, халқ учун, Ватан учун чин кўнгилдан хизмат қилинг. Инсонлар орасини чиройли ислоҳ қилиб, ўз муомала ва амалларингиз билан ўзгаларга яхши ибрат бўлинглар. Бизга шунча шароитларни яратиб бераётган раҳбарларимизнинг ишончларини оқлайлик”, дедилар.
Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Дилбар Атабоева семинар олдидан Дилором Каримованинг янги нашр этилган “Сабр соҳили” китоби ҳақида илиқ фикрларини айтиб ўтди. Шунга қўшимча тарзда шоира Нодирабегим ҳам Дилором Каримованинг ижодий фаолияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Айниқса, Дилором опа ўзининг “Онажоним – Маккам, Мадинам” деган шеърини ўқиганларида онасини йўқотган-йўқотмаган барчани кўзи ёшланди.
Юнусобод туман бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Шоира Умарова ва бошқаларнинг семинарга ўзгача изланиш ва иштиёқ билан тайёрланиб келишганининг гувоҳи бўлдик. Шоира опа буюк муҳаддис – Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида етарлича таништириб ўтди.
Шу туманнинг худуд отинойиси Расулова Марҳамат опа эса олимнинг нафс ҳақидаги фикрларини, Ҳакимова Муҳтарам опа эса “Ғазабланиш” ҳақида, Содиқова Жанона опа Имом Термизийнинг ҳикматларини, Ҳошимова Ҳалима опа эса фиқҳшунос олимнинг “Манозилул ибод-мин-ал-ибодат” китоби ҳақида, Умрзоқова Мавлуда опа эса мақбаралари ҳақида слайдлар ёрдамида маълумот берди.
Ҳар бир одам ёритган мавзулар бир-биридан қизиқ ва янги маълумотларни ёшу қари катта қизиқиш билан тинглади.
Айниқса, Ҳаким ат Термизийнинг ўз давридаги ботил оқимларга қарши кучли далиллар билан курашгани, у кишининг ғазабланганларида янада мулойимлашиб қолишлари ҳамда Аллоҳга қуйидагича мурожаат этиши: “Ё Раббим, қайси гуноҳим учун уларни менга ғазаблантириб қўйдинг”, – деб йиғлаб нола қилиши, кўпчилик қалбига афсусни солиб қўйди. Чунки арзимас ҳолатларда ҳам жаҳл-ғазабимизни жиловлай олмай, ўзимизни идора қилолмаслигимизни ўйлашга мажбур қилади.
Юртимизда яшаб ижод қилган буюк уламоларнинг барча ҳолатидан ўрнак ва андоза олсак арзийди. Аждодлар меросини ўрганиш, фарзандларимизнинг маънавий савиясини оширишда руҳий озиқ сифатида бу каби олимларнинг дин учун, халқ учун қилган хизматларини қадрлашимиз мақсадга мувофиқдир. Тадбир охирида ўтганларга бағишлаб, яъни бобомиз Ҳаким ат Термизийнинг руҳларини шод қилиш мақсадида “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Эркинзоданинг Қуръон тиловати билан якунланди.
Нилуфар Бозорбой қизи
ЎМИ Матбуот хизмати
Имом-домлалар иштирокида илк видео-анжуман
Аввал имом-домлалар учун видео-конференция шаклида семинар бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Тадбирда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан Ислом дини таълимотини кенг ёйишда улкан ишлар қилинаётгани, ўтган вақт давомида берилган қулай шарт-шароитлар ҳаммани беҳад қувонтирганини алоҳида таъкидладилар.
Давлатимиз Раҳбарининг шу йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи якунларида, Самарқанд вилояти имом-хатибларининг билим савиясини янада ошириш мақсадида, ўқув курслари ташкил этиш, Самарқанд вилоятидаги имом-хатиблар учун ўқув семинар ўтказиш вазифаси топширилгани, бугунги видео-анжуман ҳам мазкур ишларнинг узвий давоми эканини муфтий ҳазратлари баён қилдилар.
Бугун маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини ошириш, ҳаётимизда содир бўлаётган дин соҳасидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”да ҳар бир диний ходимга муносиб вазифаларни топширдилар.
Ислом академияси ректори Неъматулло Иброҳимов Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича амалий ишлар бажарилгани, Ислом академияси ҳузурида икки йиллик магистратура, уч йиллик таянч докторантура ва уч йиллик докторантура фаолияти ҳамда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, 85 та номзоддан 16 таси докторантурага қабул қилинганини билдирдилар.
Йиғилишда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров нутқ қилиб, диний таълим соҳасини ривожлантириш, Ислом дини маърифатини ёйиш борасида жуда катта ишлар қилинаётгани, шунингдек, нодир асарлар ва тарихий қимматга эга бўлган меросни ўрганиш борасида Ўзбекистон ва Туркия мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари тараққий этаётганини таъкидлади.
Ислом академияси профессори Умарали Норматов ўзбек адабиётида, хусусан, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” ва “Обид кетмон” каби асарларда мусулмончилик ва диний қадриятлар қандай ифода этилганига урғу қаратди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик Ислом маърифатини тарқатиш ва жаҳолатга қарши кураш борасида бадиий адабиёт, улуғлар ҳикмати, сўфийлар ўгитидан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Диний атама, тушунча ва ибораларни тўғри ва бир хил қўллаш борасида тизимли ишларни ташкил этиш таклифини билдирди.
Ислом академияси кафедраси мудири Хуршид Дўстмуҳаммад Диний идора тасарруфида нашр этилаётган нашрлар, хусусан, “Ислом нури” газетаси, “Ҳидоят” журналида диний-маърифий мавзуларни ёритишга жуда ҳам катта ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этди. Ислом академиясининг янги ташкил этилаётган “Ислом тафаккури” журнали ўзига хос йўналиш ҳосил қилишини билдирди.
Ҳудудлардаги студиялардан сўзга чиққан Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов диний идора тарихида илк маротаба ўтказилаётган видео-конференция жуда ҳам фойдали бўлгани, 3000 мингдан зиёд диний ходимлар битта мажлисда жам бўлиб, иштирок этаётганлари ажойиб муҳит ҳосил қилганини таъкидлади. Шунингдек, вилоятдаги имом-хатиблар ҳафта кунларини маълум бир вазифаларга ажратган ҳолда фаолият олиб бораётгани, Калом ва Ҳадис мактаблари фаолияти, тингловчилар “Фиқҳул Акбар” китоби матни ва шарҳини ўқиб тугатишганини айтди.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламига жорий йилда 30 миллион сўмга яқин моддий ёрдамлар кўрсатилгани, Нарпай тумани имом-хатиблари ташаббуси билан ногиронлиги бор бўлган фуқарога тақдим этилган намунавий уйнинг дастлабки тўловини тўлаб берилгани, Самарқанд тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом хатиби ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда Самарқанд туманида яшовчи, уч нафар фарзанди билан бева қолган аёлга намунавий уй-жой олиб берилганини маълум қилди.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло Турматов барча имом-хатиблар иштирокида ўтказилаётган мана шундай машварат ва унда кўрилаётган долзарб мавзуларни имом-домлалар диққат билан ўзларига қайд қилиб олаётганларини таъкидлади. Шунингдек, барча имом-хатибларни дин хизмати йўлида астойдил хизмат қилишга, бундай илоҳий вазифани сидқидилдан адо этишга даъват этди.
Андижон вилояти бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров ушбу республика имом-хатибларининг видео-мулоқот шаклидаги илмий-ўқув семинари тарихий воқеа бўлганини таъкидлаб, 2017 йил 15 июнь куни муҳтарам Президентимиз уламолар ва имом-хатибларни пойтахтимизда жамул-жам қилиб, қалбларининг тўридаги самимий гапларини айтиб, дин пешволари олдида турган энг муҳим вазифаларни баён қилганларини айтиб, ўз навбатида уламолар ва имом-хатиблар давлатимиз Раҳбарига берган ваъдаларининг уддасидан чиқишга чақирди.
Йиғилиш якунида, берилган топшириқларни адо этишда имом-домлаларнинг иш тажрибаси, билими ва салоҳияти етишига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Диний соҳа ходимлари учун илмий-ўқув семинар ўтказилди
Бугун, 5 апрель куни Республикада фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари, имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари ўқитувчилари учун “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва Ислом дини маърифатини тарқатишда диний соҳа ходимларининг ўрни” номли илмий-ўқув семинари илк маротаба видео-конференция кўринишида ўтказилди.
Тадбир Одилхон қори Исмоиловнинг Қуръони карим тиловати ҳамда Муфтий ҳазратларининг дуолари билан бошланди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Ўзбекистон Ислом академияси ректори, академик Неъматулло Иброҳимов, Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Тоҳир Малик, Ўзбекистон Ислом академияси профессори Умарали Норматов, Ўзбекистон Ислом академияси кафедра мудири Хуршид Дўстмуҳаммадлар сўзга чиқдилар.
Тадбир ҳақида батафсил маълумотларни сайтимизда кузатиб боринг.
ЎМИ Матбуот хизмати