Ана шу ўсиш суръатлари натижасида сайёрамиз нуфуси 2050 йилга бориб, ҳозирги 7,6 миллиарддан 9,8 миллиард нафарга етиши мумкин. Ўзбекистонда ҳам туғилиш кўрсаткичлари кам эмас. Давлат статистика қўмитаси ахборотида келтирилишича, айни кунда юртимиз аҳолиси сони 32,6 миллион нафардан зиёд. Биргина ўтган йилнинг ўзида ўсиш кўрсаткичлари 1,7 фоизни ташкил этган.
Албатта, мазкур омиллар одамларнинг янги-янги иш ўринларига бўлган эҳтиёжини кучайтириши табиий. Қолаверса, қонуний меҳнат миграцияси дунё иқтисодиётининг муҳим таркибий қисмига айланиб бораяпти. Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда давлатимиз мазкур йўналишда бир қатор хорижий мамлакатлар билан келишувларга эришмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги саъй-ҳаракати билан юртдошларимизни чет элда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш чоралари кўрилаётгани, албатта, таҳсинга лойиқ.
Бироқ...
Муаммонинг илдизи қаерда?
Жорий йилнинг 18 январь куни Қозоғистон Республикаси ҳудудида 57 нафар йўловчи билан ҳаракатланаётган автобус ёниши оқибатида ҳамюртларимизнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар барчамизни ларзага солди. Бир куннинг ўзида 52 та қабр олов ичида қолган йигитлар жасадини бағрига олди. Афсуски, бундай фожиали ҳолатлар шу билан якун топгани йўқ. Қўшни давлатлар ҳудудидан хорижга йўл олган транспорт воситалари билан боғлиқ ҳалокатли ҳодисалар тез-тез кузатилмоқда.
Хўш, бунинг асосий сабаблари нимада?
Мутахассислар фикрига кўра, узоқ масофага қатновчи автобуслар техник жиҳатдан соз, хавфсизлик ва қулайлик талабларига жавоб бериши шарт. Бироқ сўнгги вақтларда қўшни мамлакатлар ҳудудида фуқароларимизни хорижга ташиётган йўловчи автобуслари ана шу меъёрларга жавоб бермаганлиги туфайли бир қатор нохуш ҳолатлар келиб чиқаяпти. Республикамизда эса халқаро йўловчи ташиш рейсларини амалга оширувчи автотранспорт йўловчи ташувчилар деярли мавжуд эмаслиги муаммонинг илдиз отишига олиб келган омиллардандир.
Бу — масаланинг бир жиҳати. Бошқа томондан, юртимизда темир йўл ва авиачипталар нархи автомобиль транспорти хизматларига нисбатан бирмунча қимматлиги ҳам фуқароларимизнинг қўшни республикалардаги муқобил транспорт хизматларига мурожаат қилишига сабаб бўлаяпти.
Энди-чи? Бу муаммолар қандай ҳал этилади?
Чипталар чегирма билан сотилади
2018 йил 5 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Мазкур ҳужжат юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, юртдошларимизга қўшимча қулайликлар яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
— Ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелидан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга плацкарт вагонларга темир йўл чипталари нархларига 20 фоизгача чегирма тақдим этилади, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Тариф бўлими бош мутахассиси Шаҳноза Алиева. — Қолаверса, шу йили Россия ва Қозоғистон ҳудудлари ҳамда шаҳарларига янги темир йўл йўналишлари жорий этиш, меҳнат мигрантлари томонидан талаб юқори бўлган йўналишларда янги йўловчи поездларини қўйиш ҳамда плацкарт вагонлар сонини кўпайтириш каби устувор вазифалар белгиланган. Буларнинг барчаси хорижда вақтинча ишлаш истагидаги фуқароларимиз учун катта қулайликлар яратади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбари Р. Ибрагимовнинг таъкидлашича, худди шундай имтиёзлар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг иқтисодий (эконом) класс авиачипталарини сотиб олишда ҳам қўлланилади. Шу билан бирга, қарорда темир йўл ва авиачипта харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун бундай юртдошларимизга “Алоқабанк” томонидан бир йилда бир марта 300 минг сўм миқдорида беғараз тўлов амалга оширилиши ҳам қайд этилган.
Албатта, қай бир юртда бўлмасин, ҳалол меҳнат, пешона тери билан пул топишнинг айби йўқ. Аксинча, қонуний миграция — дунё бўйлаб кенг оммалашаётган жараён. Аммо хорижий мамлакатга етиб боришдан тортиб, ўзга юртдан тураржой топиш, ейиш-ичиш ва бошқа сарф-харажатлар учун маълум миқдорда маблағ зарур.
Хўш, бунга қурби етмаганлар-чи?
Пулингиз йўқми? Кредит олинг!
— Давлатимиз бу борада ҳам юртдошларимизга яқиндан кўмак беришни ўз зиммасига олмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э. Муҳитдинов. — Чунончи, Президентимиз қарорига кўра, “Алоқабанк” томонидан соддалаштирилган очиш шартлари билан “VISA-migrant” пластик карталари жорий этилиши кўзда тутилган. “Ипотека-банк” эса вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга 1000 АҚШ доллари эквивалентида кредит ажратади. Шу билан бирга, “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти Россия Федерациясига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни комплекс суғурта қилиш бўйича Россияда ўз ваколатхоналарини очиш, имтиёзли тарифлар асосида темир йўл ва авиачипталар сотишга ихтисослаштирилган кассаларида ушбу хизмат бўйича суғурта агентларини жойлаштиради.
Чиндан ҳам, ишлайман деганга имконият кенг. Шу маънода, вақтинча меҳнат қилиш учун сафарга йўл олаётган юртдошларимизга бу борада қўшимча қулайлик ва имтиёзлар яратилаётгани таҳсинга сазовордир.
Ислоҳотлар самарасини эса вақт кўрсатади.
Фаррух БЎТАЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.