muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Понедельник, 08 Январь 2024 00:00

Иймони бор синовдадир

Иймоннинг етти шарти бўлса, шулардан бири тақдирга, яъни яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига қатъий ишонишдир. Аммо кўпинча бизга бирор мусибат етса: “Агар ундай қилсам, бундай бўларди, нега шунақа бўлди?” дея афсус чекамиз. Аксинча, бирор муваффақиятга эришсак: “Ақлимни ишлатиб ундай қилдим, бундай қилдим”, дея ғурурланамиз. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тақдиримизга битилгани ёдга ҳам келмайди.

Аллоҳ таоло: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз”, деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 155-оят).

Шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг энг қаттиқ синовга дучор бўладиганлари пайғамбарлардир, улардан кейин солиҳ зотлар, кейин уларга яқинлар ва ундан кейин уларга яқинлардир. Киши динига қараб имтиҳонга солинади, агар динида салобат бўлса, синови ҳам зиёда қилинади, агар динида енгиллик бўлса, синови ҳам енгил қилинади. Бандага синовлар келаверганидан, у охир-оқибат бориб Ер юзида гуноҳи қолмаган ҳолда юрадиган бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Бундай синовлар ҳар бир кишига берилади. Бойлар мол-дунё, олимлар илми билан, амалдорлар амали, камбағаллар ночорлик билан синалади. Шунингдек, инсон офатлар, машаққату касалликлар билан ҳам синалса, айримлар яқинлари, яъни нобоп эр ё хотин, фарзанд ёки қўни-қўшниси билан ҳам синалиши мумкин. Кишининг кимлиги мана шу онларда намоён бўлади. Иймони мустаҳкам банда бу ишларнинг барчаси Аллоҳдан эканига инонади ва тақдирига рози бўлади. Аксинча, иймони заиф киши ҳаётидан норози бўлиб, афсус-надомат қилади.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: «Агар сенга мусибат етса, “Агар ундай қилганимда, бундай қилганимда”, дема. Лекин “Аллоҳ тақдир қилди ва хоҳлаганини қилди”, дегин. Албатта, “агар” (дейиш) шайтоннинг амалини очади», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бундай синовлар гоҳида бутун бир миллату элатларга, қавмларга ҳам берилиши мумкин. Худди Од қавми жуда бақувват ва бой-бадавлат бўлгани каби. Самуд қавми ҳам ниҳоятда тўкин ҳаёт кечирар эди. Аммо улар кибрга кетиб, бу дунё синов эканини англамадилар ва ҳалокатга учради. Бани Исроил қавми неча йиллар Фиръавн зулмида ва сарсон-саргардонликда яшади. Вақт ўтиб Аллоҳ уларни Фиръавн зулмидан халос этиб, кўплаб неъматлар ато этди.

Айни кунда баъзи фаластинликлар шу каби машаққатларни бошидан кечираётган бўлса, XX аср бошларида халқимиз ҳам ана шундай оғир дамларни ўтказган. Босқинчилар ота-боболаримизнинг руҳини синдириш учун неча йиллар давомида қирғину қатағонлар, тайзиқлар уюштириб, иймонидан, ўзлигидан айиришга ҳаракат қилди. Оқибатда боболаримиз ҳаловат нималигини билмай, салкам бир асрга яқин хавотирда яшади. Шукрки, халқимиз бундай машаққатни матонату сабр билан енгди. Иймон-эътиқодини, тилини, ўзлигини сақлаб ҳурриятга етишди.

Қуръони каримда: “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 6-оят) дейилади. Ҳадиси шарифда эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ёқтирмайдиган нарсаларингга (яъни мусибатларга) сабр қилишингда кўпдан-кўп яхшиликлар бор. Аллоҳнинг ёрдами сабр (қилинганда) бўлади. Албатта, шодлик машаққатдан сўнг келади. Албатта, қийинчиликдан сўнг енгиллик келади”, дея таъкидлаганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бу ояту ҳадиснинг ҳаётдаги исботини кўп бор кўрганмиз. Бирор машаққатдан сўнг, албатта, қувончли кунлар келганига гувоҳ бўлганмиз. Вақт ўтиб бу синовлар бизга яхшигина сабоқ ва ҳикмат бўлганини тушуниб етганмиз.

 

Жўрабек ЭРГАШЕВ,

Балиқчи тумани бош имом-хатиби

 "Ҳидоят" журналининг 12-сонидан олинди

 

 

Понедельник, 08 Январь 2024 00:00

Телефон тузук, болалар – “бузуқ”ми?..

Сершовқин шаҳарнинг кичик йўлкаси бўйлаб бир мўйсафид кетиб борарди. Юзлари ажинга тўла, қошлари ўсиқ бу одам кўзларини ерга тикканча оҳиста қадам ташларди. 
Шошилиб, тез-тез кетиб бораётган йўловчилар, ўриндиқларда гап сотиб ўтирган бекорчилар, шунчаки сайр қилиб юрган ўткинчилар – ҳеч ким унга эътибор бермасди. Қария юра-юра телефон устахонаси олдида тўхтади.

– Болам, шуни бир кўриб берсанг. Ишламай қопти, шекилли.

Уста эски русумдаги абгор телефонга ажабсиниб қаради. “Ёшини яшаб, ошини ошаган” бу матоҳ тузатишга арзирмикан? Телефоннинг у ёқ-бу ёғини кўздан кечирган бўлди, қувват олишини текширди, қўнғироқ қилиб ҳам кўрди. Ҳаммаси жойида.

– Отахон, телефонингиз бузуқ эмас. Ишлаяпти. Мабодо синдириб қўймасангиз, сизга умрбод хизмат қилади бу! Эски телефонларнинг жони қаттиқ бўлади, – деди уста.

– Ишлаяпти, дегин... – Чолнинг кўзлари бирдан ёшланди. – Унда нега болаларим менга қўнғироқ қилишмаяпти?

Мўйсафиднинг кўзларидаги мунг ва изтиробга бардош беролмаган уста нигоҳини бошқа томонга олиб қочди.

Ориф ТОЛИБ

Понедельник, 08 Январь 2024 00:00

Ваъда – қарз

Ёмонликдан қайтариш

Умр – инсоннинг энг бебаҳо бойлиги. Унинг қиймати ҳам, ўлчови ҳам йўқ. Қадрли вақтимизнинг исроф бўлиши эса энг аламли ҳолат.

 Ҳаёт тақозоси билан турли идораларга ёки айрим инсонларга ишимиз тушиб, уларни соатлаб кутишга тўғри келади.

Яқинда пойтахтдан водийга бориш учун бир киракашга қўнғироқ қилиб, тонг-саҳарда жўнашим зарурлигини айтдим. У: “Тонгги бешда етиб бораман”, деди. Бироқ эрталаб соат олтидан ўтса-да, ундан дарак бўлмади. Қўнғироқ қилсам у: “Йўлдаман, одам оляпман”, деди. Шундан сўнг ҳам у салкам бир соатда келди. Машинада бирор йўловчи йўқ. “Одамларингиз қани?”  десам: “Ҳали тайёр эмас экан. Йўл-йўлакай олиб кетамиз”, деди. Хуллас, машина пойтахтдан чиқишда соат 10 дан ўтганди. Йўл-йўлакай газ қуйиш шахобчаларига кириш, тушлик билан кеч кирганда уйга етдик. Бир кунлик умрим йўлга кетди.

Бундай ҳолатга кўплаб юртдошларимиз дуч келгани тайин. Худди шундай бирор мансабдор ёки хизмат кўрсатиш идораларига ишингиз тушса, “кутиб туринг”, дея соатлаб вақтингизни олиши одатий ҳол. Бундан ҳам ёмони, бирор киши қарз бериб ун ололмай сарсон бўлишда. Унга вақтинг ҳам, асабинг ҳам кетади. Шу боисдан бўлса керак, кейинги пайтда одамлар орасида қарз олди-бердиси камайиб боряпти.

Афсуски, кундалик ҳаётимизда ёлғон сўзлаш ёки ваъдани бажармаслик оддий ҳолга айланган. Динимиз эса лафзсизлик, ёлғон гапириш ва шу орқали пул топишдан қайтаради. Бу йўл билан топилган мол ҳаром ҳисобланади. Шундай бўлса-да, ёлғон гапираётган кўплаб инсонларни учратамиз.

– Кўпинча айтган сўзидан чиқадиган, бир тийинга хиёнат қилмайдиган инсонни кўрсак: “Немисча ҳисоб-китоб қилар экан”, деб қўямиз. Аслида ваъдага вафо, айтган сўзидан чиқиш, бировнинг ҳаққидан қўрқиш мусулмоннинг иши эмасми? – дейди Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари. – Араб ўлкаларидан бирида узоқ йиллар муфтий бўлган бир уламо оғир бетоблиги туфайли Ғарб мамлакатларида даволанибди. У соғайиб юртига қайтгач, шогирдлари у кишидан: “Устоз, Ғарб давлатларида нима кўрдингиз?” деса, устоз: “У ерда Исломни кўрдим. Аммо мусулмонни кўрмадим. Афсуски, бизда мусулмон кўп, аммо чин Ислом ахлоқи йўқ”, деб йиғлаган экан. Алҳамдулиллаҳ, аҳолимизнинг аксарияти Ислом динига эътиқод қилади. Аммо улар орасида ёлғончи, ўзгалар ҳақини ейдиган, омонатга хиёнат қилаётганлари ҳам бор.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ваъда қарздир”, дедилар ва унинг масъулияти юксак эканини таъкидлаб: “Ваъда қилиб, кейин унга хилоф қилган кишининг ҳолига вой бўлсин!” дея уч бора такрорладилар».

– Афсуски, кейинги пайтларда ваъдабозлик, сўзида турмаслик ва субутсизлик тобора кучайиб бормоқда,  – дейди ЎМИ Фатво маркази мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров. – “Фалон жойда, фалон соатда учрашамиз”, деб шартлашиб, унга амал қилмайдиганар, “Ишингни фалон куни битказиб бераман, хавотир олма” дея, ўша заҳоти унутадиганлар ёки фарзандига: “Бу ишни қилсанг, буни олиб бераман”, дея ваъда беради-ю, вафо қилмайдиганлар қанча. Турли баҳоналар билан қарз олиб, пул берганни сарсон ва пушаймон қилаётганларни айтмаса ҳам бўлади. Ваҳоланки, ваъдага вафо қилмаслик – катта ва оғир гуноҳ. Бундай кимсалар ҳақида Қуръони каримда: “Уларнинг ичида Сиз билан аҳдлашгандан сўнг, тақвосизлик қилиб, ҳар гал аҳдларини бузаверадиганлари бордир” (Анфол сураси 56-оят), дея марҳамат қилинади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва  саллам эса: “Омонатдор бўлмаган кишида (комил) иймон йўқ. Ваъдасига вафо қилмайдиган кишида (комил) дин йўқ”, дедилар (Имом Аҳмад ривоят). Демак, мўминлик сифатини ўзимизда мужассам қилишимиз учун омонатни адо қилишимиз ва берган ваъдаларимизни устидан чиқишимиз лозим. Акс ҳолда мунофиқлардан бўлиб қолишимиз мумкин. Аллоҳ асрасин!

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мунофиқнинг учта аломати бор. Сўзласа, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади ва омонат қўйилса, хиёнат қилади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Демак, мунофиқликнинг белгиларидан бири ваъда берса, бажармасликдир.

Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди: “Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин одам бахил бўлиши мумкинми?” Пайғамбаримиз: “Ҳа бўлиши мумкин”, дедилар. Яна улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмон одам қўрқоқ бўлиши мумкинми?” Пайғамбаримиз: "Ҳа қўрқоқ ҳам бўлади", дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмон одам ёлғончи бўладими?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Йўқ”, деб жавоб бердилар.

Ёлғончилик катта гуноҳлардан бири бўлгани учун ҳам Қуръони каримнинг  бир юз олтмиш еттита оятида бу иллат ҳақида келтирилган. Шулардан бирида: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас”, деб баён қилинган (Ғофир сураси, 28-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” (фақат рост сўзловчи) деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар».

Барчамизга ростгўйлар қаторида бўлиш насиб этсин.

Бобур МУҲАММАД

Икром домла Шерниёзов,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
қозиси ўринбосари

Пятница, 22 Декабрь 2023 00:00

Муваффақият омиллари

 

Инсонда ғайрат, шижоат, куч-қувват бор. Лекин булар муваффақиятга етарли даражада эришишга кифоя қилмайди.

Қуйида қизларимиз нималарга эътибор қилишлари кераклиги ҳақида бир неча

тавсиялар бериб ўтамиз:

  1. Ота-она дуоси. Ҳар бир ишни бошлашингизда оила бошлиқлари билан маслаҳатлашиб, уларнинг розилиги, дуолари билан ҳаракат қилсангиз, ютуққа эришасиз, иншоаллоҳ. Шу билан бирга ҳар қандай ҳолатда ҳам ота-онангиз хизматини қилиб, розиликларини топишга интилсангиз, ишларингизда ривож, ҳаётингизда баракот бўлади. Ҳар куни уларнинг дуоларини олишга одатланинг.

Қайнота-қайнона дуоси. Турмушга чиққан қизларимиз жуфти ҳалолининг

ота-онасини, яъни қайнота-қайнонасини ўз ота-онасидек кўриб, уларнинг дуоларини олишга ғайратли бўлмоғи лозим. Зеро, ёши улуғлардан дуо олишда ҳикмат кўп.

  1. Вақтни тўғри тақсимлаш. Ёшлар кўп нарсага эътибор қилиб, бирданига ҳамма нарсага эришишни истайди, ўзини гоҳ унга, гоҳ бунга уради. Аммо диққатни асосий нарсаларга қаратмаслик, бир ишни бошлаб, охирига етказмаслик оқибатида муваффақиятга эриша олмай қолиш ҳоллари кўп учрайди. Вақтни тўғри тақсим қилинг. Ўзингиз учун муҳим бўлган ишларни белгилаб, тоқатингизга кўра кунлик, ҳафталик, ойлик, йиллик режа тузиб олинг. Асосийси, оз бўлса-да, давомли бўлган амал севимли эканини унутманг. Шунда суннатга мувофиқ иш қилган бўласиз.
  2. Катталарнинг тажрибасидан фойдаланиш. Бир инсон ҳаёти ўртача олтмиш-етмиш йил бўлиши мумкин. Бу вақт ҳар бир ишни тажриба қилиб кўришга жуда камлик қилади. Бироқ бизда юзлаб, минглаб одамларнинг тажрибасидан фойдаланиш имкони бор. Бунинг учун китоблар, устозлар ва яқинлар кўмак беради. Бирор ишни бошлашдан олдин шу соҳадаги илмларни ўрганинг, ўзингизга устоз тутинг, мутахассислар ва сўзи олинадиган яқинлар билан маслаҳатлашинг.
  3. Дуо. Ҳар бир ишга астойдил киришиш баробарида Аллоҳ таолога дуо билан юзланинг, У Зотдан осон қилишини сўранг.

Ишларингизда истихора қилинг – хайрлисини сўраб намоз ўқинг.

Юқорида айтилганидек, ота-онанинг дуосини олиш жуда муҳимдир. Шу билан бирга устозлар, фазилатли инсонларнинг дуосини олиш ҳам тавсия этилади.

 

Акбарали ҚОБУЛ ўғли,
Мирзо Улуғбек тумани бош имом-хатиби

Страница 3 из 301

Мақолалар

Top