Мақолалар

Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир

Тонг саҳар уйғонган Дилнавоз болалари уйғонгунича уй юмушларини бажариб олиш мақсадида, кўчага, кейин уйнинг олдига сув сепиб супуришни бошлади. Ишларни кетма-кетлигини режалаштирар экан ширин хаёллар оғушига берилди. Кўчани супуриб ҳамки уйга кирган пайти кичкинтойи Аббосбек уйғониб йиғлаб қолди. Дарров болалар ётоқхонасига кирди, аммо бу вақтда катта ўғли Омонбек ҳам уйғониб улгурди. Бир оз олдин қилган хаёлидаги режалар пучга чиқадиган бўлди. Омонбек ва Аббосни етаклаб ташқарига чиқиб, тўрт ёшли Омонбек ва икки ёшли Аббосбекларни сўрига ўтиргизиб, дастурхон ёзди. “Омонбек, уканг билан ўтириб тур, мен нонушта тайёрлайман”, дея пиёла ва шакар идишни дастурхонга қўйди. Чой қайнагунча ҳовлида пишган анжир мевасидан узиб келай деб, қўлига лаганни олиб анжир теришга киришди.

Шу вақт Омонбек бақириб қолди: “Ая, укам пастга тушиб пиёлани олиб олди.” Шўрлик она пиёланинг сингани овозини эшитди, фарзандлари идиш-товоқларни синдиравериб, уйда буюмларнинг камайиб кетгани учун эридан дакки егани яшин тезлигида миясига урилди-да, гўёки эри уни яна койиётгандек, “Қўлинг синиб, қўлсиз қолгур, ўлмадинг қутулмадим”, дея болаларини сўкиб, қўрқитиб тинч ўтиргизмоқчи бўлди. Аммо кичкинтой Аббосбек онасининг гапига пинагини ҳам бузмади. Обдастадаги сувдан шакар идишига тўлдириб сув қўйди, чойнакка сув қуймоқчи бўлиб, грант томон йўл олганди қоқилиб йиқилиб тушди, қўлидаги чойнак ҳам синди. Бу ҳолатга Дилнавоз югуриб келди-да, Омонбекни қарамадинг, деб ура кетди, сўнг Аббосбекни “қўлинг синмади, оғзинг қонга тўлгур, ўлмадинг қутулмадим” дея ура солди. Калтакдан чинқираб анчагача йиғлаб болалар безиллашди.

Чой учун қўйилган сув ҳам қайнади. Уйдан навбатдаги янги чойнакни олиб чиқиб, чой дамлаган Дилнавоз Омонбекка ўшқириб; “Сўрига кел, заҳри балоинга чой ичиб ол”, деди. Яхши гапни, ёмон гапни фарқига бориб қолган Омонбек аразлаб нонушта қилгани сўрига келмади. Аббосбек эса ҳали ёш аччиқ гапларнинг фарқига борадиган ёшда эмас эди. Шу маҳал зилзила рўй берди. Жонини сақлаш мақсадида сўридан Дилнавоз ерга ирғиб тушди, ортидан Аббосбек ҳам сўридан тушмоқчи эди, ер яна ҳам қаттиқроқ силкинди. Аббосбек эса ўзини бошқаролмай юз тубан ерга тушиб чинқириб қолди. Дилнавоз югириб келиб, болам-болам дея Аббосбекни қўлига олган эди, ер қон билан қизил рангга бўялганини кўрди, Аббосбекни бурни ва оғзидан  тўхтовсиз қон оқаётган эди. Қўрқиб кетган Дилнавоз нима қилишини билмай боши қотди. Обдастадаги сув билан Аббосбекнинг юзини ювди. Ҳа деганда қон  тўхтамади Аббосбек ҳушидан кетиб қолди. Югуришлаб кўчага чиқди. Такси тўхтатиб, шошилинч болалар шифохонасига етиб борди. Аббосбек буткул ўзини йўқотган, ранги кўкариб кетган мурда қиёфасига кириб қолган эди. Шифокорлар беморни жонлантиришхонасига олиб кириб кетишди.

Дилнавоз эшик тагида тўпалончи Аббосбегимни ўзинг асра, Аллоҳим, дея муножат қиларди. Майли, идиш-товоғимни синдирса ҳам, майли, мени асаб қилса ҳам, фақат боламни олма, Аллоҳим, дея нола қилиб йиғлаётган Дилнавознинг елкасидан кимдир тутди “Ўзингизни қўлга олинг, биз қўлимиздан келган ҳамма ишни қилдик, аммо...”

Дод солиб йиғлаган Дилнавоз маъшум хабарни айтган шифокорнинг юзига шапатилатиб ура кетди. Шифохонани баланд овоздаги йиғи тутди. “Иккига тўлмаган Аббосим, сен ўлгунча мен ўлсам бўлмасмиди, жоним болам, қаро кўзим, болам, онажонингни ташлаб кетдингми, болаам, вой болам”. Шифохонадаги шифокорлар ва беморлар Дилнавозга тасалли бергани чиқишди, аммо уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмади. Дилнавоз кўзининг қароси, жигаргўшаси Аббосбекнинг ёнига кирди-да бағрига босиб тўйиб-тўйиб, тириклигида айтган сўкишларига афсусланиб йиғлаб олди. Шифокор тасалли берган бўлди. Дилнавоз Аббосбекни жойига қўйганида, Аббосбекни қўли пастга осилиб қолди. Шифокор Аббосбекнинг қўлини ушлаб, фарзандингизга нима бўлганди, дея сўради. Дилнавоз бўлиб ўтган воқеани айтиб бергач, шифокор: “Бола сўридан эмас, баланд жойдан йиқилиб тушган, сўридан йиқилганда қўли синмаган бўларди”, деди.

Билсангиз фарзанд учун она фариштадир.  

Онанинг оғзидан чиққан каломи, “қўлинг сингур, қўлинг синмади, ўлмадинг қутулмадим”, дея сўкканидек бўлди. Сўридан йиқилган боланинг оғзи қонга тўлди, бурни қонади, қўли синди, вафот этди. Балки бу ишлар ўз-ўзидан бўлмагандир. Меҳрибон онанинг аччиқ устида айтган гапларига фаришталар ижобатини тилаб омин деганки, ана шу гапларини ижобати намоён бўлди.

Ҳа, албатта, нафақат она ўз боласига гапираётиб, ота ҳам, балки ҳар бир инсон бир-бирига яхши гаплар билан мурожаат қилиши лозим. Зеро, яхши гапга ҳам ёмон гапга ҳам елкамиздаги фаришталар омин деб туради.

Аҳмадали Худойбердиев,

Олтинкўл тумани “Кўтармачек” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

4459 марта ўқилди

Мақолалар

Top