Мақолалар

Минг ойдан фазилатли кеча 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Мана Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги ҳам бошланди. Бу ўн кунликда “минг ой афзал бир” кеча бор. У “Лайлатул-қадр” яъни “Қадр кечаси” деб аталади. “Қадр кечаси” ҳақида фикр юритишдан олдин“Лайлатул-қадр”атамаси нима маънони беради, деган саволга жавоб бериб ўтсак.

Хўш, “Лайлатул-қадр”атамаси нима маънони англатади?

“Лайлатул-қадр” атамаси арабча икки сўздан таркиб топгандир. Атаманинг биринчи сўзи арабча “Лайлатун” сўзи бўлиб, у ўзбек тилида “кеча” деган маънони беради. Бу ҳақда “Ан Наъимул-кабир” (арабча-ўзбекча луғат) да: “ليلة القدر- -(бир) кеча, тун; оқшом[1]”дейилади. Атаманинг иккинчи сўзи эса “Қадрун” сўзи бўлиб, у ўзбек тилида “қадр”, миқдор, деган маъноларни ифодалайди. “Ан Наъимул-кабир” (арабча-ўзбекча луғат)да:“ قدر-миқдор, ҳажм, меъёр; даража; қадр-қиймат; ҳад[2] дейилади.  “Лайлатун” ва “қадрун” сўзларини изофа (қўшиш) қилиш натижасида  “Лайлатул-қадр” сўз бирикмаси ҳосил қилинган. “Лайлатул-қадр” атамаси ўзбек тилида “қадр кечаси” “миқдор кечаси” деган маъноларни англатади.

Биз юқоридаги “Лайлатул-қадр” атамасининг маъноси ҳақида сўз юритдик. Аммо “Лайтул-қадр” нима деб, сўралса, Қуръони каримнинг 97-сураси бўлган “Қадр” сурасига мурожаат қиламиз. Аллоҳ таоло бу сурада “Лайтул-қадр” нима эканлиги ҳақида бундай марҳамат қилади: “Албатта Биз у (Қуроъон)ни Қадр кечаси (Лайлатул-қадр)да нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинидиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушурлар.У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир“ (Қадр сураси 1-5 оятлар).

Ушбу сура тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да: ““Қадр кечаси нимани билдиради?” Эй Пайғамбарим, Қадр кечаси ҳақида сиз қандай маълумотга эгасиз. Бу ҳақда нима биласиз? Аллоҳ таоло бирор нарса ёки ҳолатнинг шаъни улуғ, қадри баланд-юксак, шарафи чегарасиз эканини баён этмоқчи бўлганида Ўз Пайғамбарига шу тарзда хитоб қилади. Қадр кечаси шарофатли, ҳукмлар чиқариш ва ўлчаш-белгилаш, Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада ўзи хоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиш ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарига топшириш кечаси бўлгани учун Парвардигор Ўз элчиси эътиборини шу фазилатли кечага қаратмоқда. Абулқосим Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Қуръонни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган; иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган; учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган”.

Қадр кечаси нимани билдиради? деган савол ушбу кечанинг шаънини кўтариш, қадрини улуғлаш, шарафини баён этиш учундир. "Лайлатул-қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир". Яъни Рамазон ойидаги Қадр кечаси фазилат бобида минг ойдан ҳам яхши ва мўътабардир. Бу кечада қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхшироқдир.Оятдаги “минг ой” жумласи маълум вақт ҳажмини кўрсатиш учун эмас, мисол тарзида келган бўлиши мумкин.  Яъни, Қадр кечаси минг ой ва ундан ҳам кўпроқ муддатдан яхшидир, деган маънони ҳам билдиради. Чунки бирор миқдор айнан ўша ададни баён қилиш учун гоҳо у боғланган нарсаинг шарафи ва улуғлигини баён қилиш учун келтирилади[4]” дейилади.  Ҳисобларга кўра, “Лайлатул-қадр” кечаси минг ойдан афзал бўлиб, минг ой 83 йил, 83 йил эса 30295 кундан иборатдир.

“Лайлатул-қадр” нима эканлигига Аллоҳ таолонинг Ўзи илоҳий таъриф берган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни қачон келиши ва қандай ўтказиш ҳақида Ўзларининг тавсияларини берганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лайлатул-қадр”ни қачон келиши тўғрисида деганлар: “Лайлатул-қадр” кечасини Рамазон ойининг охирги ўн (кечаси)нинг тоқ (кеча)ларидан изланглар” (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лайлатул-қадр”ни қандай ўтказиш ҳақида: “Ким “Лайлатул-қадр”ни иймон билан, савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти), деганлар.

Хулоса қилиб шуни айтамизки, “Лайлатул-қадр” кечаси Рамазон ойидаги фазилатли кечадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу кечанинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлишга муваффақ айласин.

 

Руҳиддин АКБАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими

2162 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top