- Намозга эрта бориш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида эди, унга фақат қуръа ташлаш билан эришишдан бошқа илож бўлмаса, албатта қуръа ташлар эдилар. Таҳжир[1]да нима борлигини билганларида, унда кимўзар қилар эдилар. Хуфтон ва Бомдод намозларида нима борлигини билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келган бўлар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
- Масжидга бориш дуосини ўқиш.
اللَّهُمَّ اجْعَلْ في قَلْبِي نُوراً، وفي لِسانِي نُوراً، وَاجْعَلْ في سَمْعِي نُوراً، وَاجْعَلْ في بَصَري نُوراً، وَاجْعَلْ مِنْ خَلْفِي نُوراً، وَمِنْ أمامي نُوراً، وَاجْعَلْ مِنْ فَوْقي نُوراً وَمِنْ تَحْتِي نُوراً، اللَّهُمَّ أعْطِني نُوراً
“Аллоҳумма, ижъал фий қолбий нурон ва фий лисаний нурон, важъал фий самъии нурон, важъал фий басории нурон, важъал мин холфий нурон ва мин амаамий нурон, важъал мин фавқий нурон ва мин таҳтий нурон. Аллоҳумма аътиний нурон”
“Аллоҳим! Қалбимда нур қилгин, тилимда нур қилгин, қулоғимда нур қилгин, кўзимда нур қилгин, олдимдан нур қилгин, ортимдан нур қилгин, устимдан нур қилгин, остимдан нур қилгин. Аллоҳим, менга нур ато этгин” (Имом Муслим ривояти).
- Сакинат ва виқор билан юриш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Иқоматни эшитсангиз, намозга сакинат[2] ва виқор[3] билан юриб келинглар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
- Масжидга пиёда бориш.
Фақиҳлар масжидга боришда шошмасдан, қадамни яқин-яқин босиб боришнинг суннат эканини айтганлар. Токи юриб борувчининг савоби янада кўп бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни Аллоҳ у билан хатоларни ўчирадиган, даражотларни кўтарадиган нарсага далолат қилмайинми?” дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Айтинг, ё Расулуллоҳ”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжид сари қадамни кўпайтириш” дедилар (Имом Муслим ривояти).
- Масжидга киришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш.
- Масжидга киришда дуо ўқиш:
اللَّهُمَّ افْتَحْ لِي أَبْوَابَ رَحْمَتِكَ
“Аллоҳумма ифтаҳ лий абваба роҳматик”
“Аллоҳим! Менга раҳматинг эшикларини очгин”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлардан бирортангиз масжидга кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом йўлласин ва
“Аллоҳумма мағфир лана зунубана вафтаҳ лана абваба роҳматик”
“Аллоҳим! Менга раҳматинг эшикларини очгин”, десин (Имом Насоий ривояти).
- Масжидга ўнг оёқ билан кириш.
- Биринчи сафда туришга ҳаракат қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида эди, унга фақат қуръа ташлаш билан эришишдан бошқа илож йўқ бўлса, албатта қуръа ташлар эдилар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бунда ўзгаларга озор бермаслик, ёши катталарни ҳурмат қилиш шарт қилинади.
- “Таҳийятул масжид” (масжид ҳурмати) намозини ўқиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз масжидга кирса, икки ракат намоз ўқимасдан ўтирмасин”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Агар ўтириб олганидан кейин ёдига тушса, ўша заҳоти туриб, ўқиб олса ҳам бўлади. Аммо макруҳ вақтлар бундан мустасно.
- Масжиддан чиқишда дуо қилиш.
اللَّهُمَّ إني أسألُكَ مِنْ فَضْلِكَ
“Аллоҳумма инний асалука мин фазлик”
“Аллоҳим, фазлингдан сўрайман”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз масжиддан чиқса, “Аллоҳим, фазлингдан сўрайман”, десин» дедилар (Имом Муслим ривояти).
- Чап оёқ билан чиқиш.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Масжидга кирганингда аввал ўнг оёқни, чиққанингда аввал чап оёқни босишинг суннатдандир”.
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Намозга эрта келиш.
[2] Оҳиста, хотиржам ҳаракъат қилиш, беҳуда нарсалардан тийилиш.
[3] Кўзни тийиш, овозни кўтармаслик, ҳар тарафга алангламаслик.