Мақолалар

Ризқ борасида ташвишланиш - 27 қисм

Аллоҳ таоло ҳар бир жонзотга ризқ беришни кафолатлаган бўлса-ю, аммо инсон ризқи ҳақида қайғуриб ҳар томонга елиб-югуриши қалб касалликларидан саналади. Энг хатарлиси – бундай касалликка чалинган одам Роббиси унинг зиммасига фарз қилиб юклаган ибодатларни адо этиш ҳақида ўйламайди, ташвишланмайди.

 Муолажа услуби

Шуни доимо эсда тутиш керакки, Аллоҳ таоло инсонларнинг ризқини олдиндан белгилаб қўйган. Ҳар бир ишга Қодир Аллоҳ таолонинг ушбу ваъдасини унутманг: Сизларни яратган, сўнгра сизларни ризқлантирган, сўнгра вафот эттирадиган, сўнгра (қиёматда) тирилтирадиган зот Аллоҳдир. (Келтираётган) ширкларингиз ичида шу (мазкур)лардан бирортасини қила оладигани борми?! Аллоҳ уларнинг келтираётган ширкларидан пок ва юксакдир (Рум сураси, 40-оят).

Шундай экан, Аллоҳ таоло ягона Яратувчи – Холиқ эканига иймон келтирганимиздек, Унинг Ўзи ризқ берувчи – Раззоқ Зот эканига ҳам қатъий ишончда бўлишимиз керак.

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ менга ривоят қилади: “Ҳотим ал-Асом раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шайтон ҳар куни эрталаб менга бундай пичирлайди: “Бугун нима овқат ейсан? Нима киясан, қаерда ухлайсан? Мен унга: “Ўлим – менинг овқатим, кафан – кийимим ва қабрим тўшагимдир”, деб жавоб бераман.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

1115 марта ўқилди

Мақолалар

Top