Мақолалар

Аллоҳнинг кечиктиришига қарши чиқиш - 35 қисм

Аллоҳ таоло ҳар бир гуноҳкор бандага тавба қилиш, покланиш учун муҳлат беради. Аммо нафс касаллигига чалинган инсон эса бу имкониятдан фойдаланмайди, балки яна гуноҳ қилишда ва қалбини кирлантиришда давом этаверади.

 Муолажа услуби

Бу хасталикдан қутилиш учун банда Аллоҳ таолонинг аламли ва шиддатли азобидан қўрқиши керак. Инсон бу муҳлат унга вақтинчалик берилганини ва ҳар бир қилмиши учун албатта бир кун жавоб беришини унутмаслиги лозим. Ҳар бир нафс Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида туради ва Аллоҳ таолонинг жазосидан фақат Ўзи раҳм қилган кишиларгина омон қоладилар.

Аллоҳга чин ихлос билан ибодат қилган ва Унинг азобидан қўрққан бандаларга келсак, улар албатта, улуғ ажр-мукофотларга эга бўладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Албатта, бунда (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун ибрат бордир (Назиат сураси, 26-оят).

Бир донишманд айтади: “Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга муҳлат беради, лекин ҳеч қачон уларнинг гуноҳларини унутиб қўймайди. Фақат Ўз фазли ва раҳмати билан истаган бандасини кечириб юборади. Аллоҳ Ўта меҳрибон, кечиришни яхши кўрувчи Зотдир”.

Ўтган солиҳлар: “Яратганнинг нафсга берган кечикиши бандани алдади. Кечиктиришни нафсга яхши деб ўйламанг”, деб айтардилар.

Аллоҳ таоло қуйидаги оятда гуноҳкорларга азобнинг кечикишининг ҳикматини баён қилади: “Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер устида қимир этган жониворни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса... Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи зотдир (Фотир сураси, 45-оят).

Бундан ташқари, Аллоҳ таоло ушбу огоҳлантиришни асло ёддан чиқармаслик керак: “Куфр келтирганлар уларни тек қўйганимизни ўзлари учун яхши деб ҳисобламасинлар. Биз уларни фақат гуноҳлари кўпайиши учунгина тек қўямиз. Уларга хорловчи азоб бордир (Оли Имрон сураси, 178-оят).

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

1041 марта ўқилди

Мақолалар

Top