Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарз олганларми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарз олганларми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жуда зарур бўлган ҳолатдагина қарз олганлар. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда бўлганларида саҳобаларнинг биридан қарз олганлар. Мадинадага қайтганларида дарҳол қарзларини қайтариб, саҳобанинг ҳаққига: “Аллоҳ молингга ва ақлингга барака берсин”, дуо қилганлар ва “Қарзнинг ҳаққи – уни қайтариш ва Аллоҳга ҳамд айтиш”, деганлар.

Бугунги кундачи? Қарз олган одамдан ялиниб ўз қарзингизни сўрайсиз, гўёки ундан ўз ҳаққингизни эмас, эҳсон сўраётгандек бўласиз. Борди-ю, қарзингизни қайтарса ҳам, худди сизга яхшилик қилаётгандек, қовоғини солган ҳолатда, сиздан раҳмат айтишни талаб қилгандек ўзини тутади. Аслида қарздор одам сизга ташаккур айтиши, ҳаққингизга дуо қилиши керак. Зеро, қарздор одамнинг одоби шундай бўлади.


 Қарз берувчининг одоби

Қарз берувчининг одобларидан бири бу – қарзни талаб қилишда сабрли бўлишдир. Кунларнинг бирида бир бадавий араб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қарзини талаб қилиб келди-да, баланд овозда: “Эй Муҳаммад, қарзингни тўла, эй Абдулмутталиб қавми сизлар чўзиб юрувчи қавмсиз”, деди.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қиличларини қинидан олиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу мунофиқнинг бўйнига уришимга рухсат беринг”, дедилар.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Умар сен менга қарзни гўзал тарзда адо этишни ва унга эса қарзни гўзал одобда талаб қилишни айтсангиз яхши бўларди”, дедилар.

Қарз талаб қилишда ҳам хушмуомала бўлиш лозим. Тўғри қарз берган одам талаб қилишга ҳақли саналади. Лекин ҳар бир ишда гўзал хулқли бўлиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидир.


 Қарз беришнинг фазилати

Қарзни қайтариш, уни олиш каби оғирдир. Аммо қарз беришнинг савоби кўпдир. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Жаннатнинг эшигида садақа ўн баробар, қарз эса ўн саккиз баробар савоб билан мукофотланади деган ёзувни кўрдим”. Қарз бериш ана шундай фазилатли амалдир, чунки қарз беришда миннат бўлмайди.

Қарздорга муҳлат бериш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бани Исроил қавмидан бир киши вафот этиди. Унинг қилган барча амаллари тарозида тортилди. Лекин бирорта солиҳ амали топилмади. Уни дўзахга ташламоқчи бўлишди. Аллоҳ таоло ундан: “Бирор яхшилик қилганмисан?” деб сўради. У “Йўқ, бирорта солиҳ амал қилмаган. Лекин одамларга қарз берганимда муҳлат берардим ва кечиб юборардим”, деди. Аллоҳ таоло унга: “Биз сендан кўра муҳлат беришга ва раҳм қилишга ҳақлироқмиз”, деди. Бой одам қарздорларга муҳлат бергани, қарзидан кечгани учун Аллоҳ ҳам унинг гуноҳларини кечириб юборди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким танг ҳолатда турган инсонга қарз муҳлатини чўзиб берса ёки уни кечиб юборса, Аллоҳ таоло қиёматда унинг ҳисоб-китобини осон қилади”. Бошқа ривоятда “Қиёмат куни Ўз арши соясида соялантиради”, деганлар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор кишига қарз берган бўлса, сўнг уни бироз муддатга узайтирса, кечиктирган ҳар куни учун унга садақа савоби ёзилади”, деганлар.

Тасаввур қилинг, сиз бир одамга 100 минг сўм қарз бергансиз. Қарзни қайтариш вақти келганда муҳтож одамга яна бир ой муҳлат берсангиз, сиз ҳар куни 100 минг сўмдан садақа қилганнинг савобига эришасиз. Сизга сабр қилганингиз учун берган қарзингиз миқдорича ҳар куни садақанинг савоби берилади. Бу қарз бериш, одамларга яхшилик қилиш ва сабр этишга бериладиган улкан ажр ҳамда мукофотдир.

Ким бу дунёда ҳам, охиратда ҳам рохат-фароғатда яшашни истаса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсин. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади”».

Даврон НУРМУҲАММАД

1601 марта ўқилди

Мақолалар

Top