Мақолалар

Хандақнинг ҳикояси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалом алайкум, мен ҳам Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида сизларга ҳикоя қилиб бермоқчиман. Аввало ўзимни таништирай, мен Хандақман. Баъзилар мени билмаслиги мумкин. Биз хандақлар қадимда жуда машҳур бўлганмиз. Катта-катта шаҳарлар ва қалъалар атрофини душманлардан иҳота қилганмиз. Одамлар бизни чуқур қилиб кавлашарди-да, ичимизга сув тўлатиб қўйишарди. Хандақ билан ўралган шаҳарларни душман забт этиши қийин кечарди. Лекин Арабистон томонларда шаҳарларни хандақлар билан муҳофаза қилиш урф бўлмаган эди. Ерлари тош-метин, кейин хандақни тўлатишга оқар сувлар ҳам йўқ эди.

У пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада яшар эдилар. Бир куни у киши Абу Суфён бошлиқ кофирлар Мадинага юриш бошламоқчилиги ҳақида хунук хабар эшитдилар. Тезда лашкарбошиларини маслаҳатга тўпладилар. Мадина шаҳри муҳофаза деворлари билан ўралмаган эди. Шаҳарнинг уч томонида зич қурилган уйлар ва хурмозорлар бўлиб, душман бу томондан ҳужум қила олмас эди. Фақат шимол тарафи очиқ, яланглик эди. Хавф ана шу тарафдан бўлиши мумкин эди. Маслаҳатга тўпланганлар орасида Салмон Форсий деган саҳоба бор эди. У киши эронлик бўлиб, Эронда шаҳарлар хандақлар билан ўралишини, ундан отлар, туялар, жангчи филлар, ҳатто пиёдалар ҳам ўта олмаслигини айтиб қолди. Бу гап Пайғамбаримизга маъқул тушди. Чунки душман аскарлари от ва туяларга минган эдилар-да.

Шундай қилиб, зудлик билан хандақни, яъни мени қазиш ишлари бошланиб кетди. Ер заранг эди, чўкич, кетмон, кураклар етишмас эди. Ахир одамлар бунақа ишларни қилиб ўрганмаган эдилар-да. Бунинг устига душман тобора яқинлашиб келарди.

Хандақ қазишда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам тиним билмай ишладилар. Муборак қўлларига чўкич тутиб, гурсиллатиб заминга урсалар, тупроқ палахса-палахса бўлиб кўчиб чиқарди. Ҳа, иш роса жадал эди, одамлар тун-у кун ғайрат қиларди. Ниҳоят, мўлжалдаги иш охирига етди. Бу орада кофирлар ҳам Мадинага етиб келишди. Келишди-ю, ҳанг-у манг бўлиб қолишди. Ҳа, мен уларнинг йўлини кесиб қўйган эдим. Устимга кўприк қурай дейишса бир қулоч ҳам ёғочлари йўқ. Тупроқ билан тўлдирай дейишса на чўкич, на бир қуроллари бор. Бунақа тадбирни душман хаёлига ҳам келтирмаган эди! Роса бошлари қотди. Охири аламларидан нима қилишни билмай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лашкарларини узоқдан камон ўқига тута бошлашди. Душман Расулуллоҳнинг Хандақ жангини ўйлаб топганларидан жуда таажжубда, мислсиз аламда эди.

Эртаси куни душманнинг чавандоз баҳодирларидан бештаси устимдан от сакратиб ўтишга муваффақ бўлди. Ҳа, отлари учқур, абжир эди. Улардан Амр ибн Абдуввуд дегани Ислом лашкарларига қараб қичқирди.

– Эй, менга талабгорларинг борми? Шундай мард топилса майдонга чиқсин!
Нимагадир бу кишига ҳа деганда талабгор чиқмаётган эди. Бундан билдимки, Ибн Абдуввуд кофирларнинг энг кучли, ишонган баҳодирларидан. У уч бора қичқиргандан кейин майдонда ҳазрати Али пайдо бўлдилар. У киши отда эмас пиёда эдилар. Бир-бир босиб Ибн Абдуввуднинг рўпарасига келдилар. Икковлари орасида шундай гап-сўз бўлиб ўтди.

– Эй, Ибн Абдуввуд, сенга уч шартим бор. Албатта, сен улардан бирини қабул қиласан.
– Гапир, эй Али, қулоғим сенда!
– Иймон келтириб, Исломга киргин!
– Бу ишни мендан кутма. Ҳаргиз Исломга кирмайман. Иккинчи шартингни айт!
– Иймон келтирмасанг, урушни бас қилиб орқангга қайт! Шундай қилсанг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат қилганларидек, бахтли кишилардан бўласан, урушда ажалинг етмайди.
– Сенинг бу шартинг хотинларга кулгу бўларлик ишдир. Бу шартни қўй, кейингисига ўт!
– Унда ўзингдан кўр, учинчи шартим жанг!

– Эй, Али билиб қўй, Араб дунёсида бу иш билан мени ҳеч ким қўрқита олмайди. Жанг қилиш менинг касбимдир, Муҳаммадни ўлдириш учун онт ичганман. Бунга фурсат етди.

Шундай деб Ибн Абдуввуд отидан тушди, икки ўртада олишув бошланди. Ибн Абдуввуд биринчи бўлиб ҳазрати Алига қилич солди. Ўткир яроқ ҳазрати Алининг дубулғаларини кесиб, бошларига андек шикаст етказди. Бироқ ҳазрати Али ҳам жавоб зарбини шундоқ бердиларки, яроқлари Ибн Абдуввуднинг дубулғасини кесиб, унга яхшигина шикаст етказди. Иккинчи зарбадан сўнг душман мағлуб этилди. Бу орада кофирлар саросимага тушиб қолдилар. Улар энг ишонган баҳодирлари, лашкарбошидан ажраган эдилар. От сакратиб ўтган қолган тўрттаси орқаларига қарамай қочишди. Улардан Навфал ибн Абдуллоҳ деганлари устимдан отини сакрата олмай, йиқилди ва ҳазрати Алининг қиличларидан жон берди.

Макка кофирлари бу ишдан ёмон фол олишди ва от сакратиб ўтишдан воз кечишди. Бу орада Аллоҳнинг қудрати билан душманнинг ичидан ола чиқиб, қўшин бир-бирлари билан тескари бўлиб қолди. Ана шу аснода Ислом қўшинига Аллоҳдан ёрдам етди. Кучли бўрон қўзғалиб, кофирларнинг озиқ-овқатини, ўтов ва чодирларини, ҳатто ҳайвонларга бериладиган ем-хашакларигача учириб кетди.

Яна шундоқ зим-зиё тун чўкдики, бунақаси Араб саҳросида илгари бўлмаган эди. Одам ёнида турган одамни танимас эди. Устига-устак қаттиқ совуқ туриб, ёз кунида сувлари музлади. Душман аскарлари совуқ урган майсадек бўлиб қолди. Мен душманга бу азоблар етгунча Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳга бундай деб илтижо қилганликларига гувоҳ бўлган эдим:

«Ей бор Худо-ё, барча пайғамбарга китоб туширувчи ўзингсан! Охират кунида ҳаммадан тезлик билан ҳисоб олгувчидирсан! Қудратинг улуғдир, бу келган кўпчилик душманларни ўзинг тарқатгин!»

Шундоқ бўлди, орқага қараб қочиш машқини Макка кофирларининг қўмондони Абу Суфиённинг ўзи бошлаб берди. Ўн минг кишилик душман ўз-ўзидан даф бўлди.

Ана шу воқеадан кейин Ислом тарихидаги бу жанг менинг номим билан аталиб, «Хандақ уруши» дейиладиган бўлди.

Эркин бобо
«Ҳилол» журналининг 3(48) сонидан

 

1303 марта ўқилди

Мақолалар

Top