Мақолалар

Яхшилик шарчалари

Қизалоғимни яхши ишларга тарғиб қилиш мақсадида чиройли бир қути олиб келдим. Қутининг ёнига бир идиш тўла турли рангдаги шарчаларни қўйдим.

Кейин қизимни чақириб, ҳар сафар бирор яхши иш қилган пайтида, айтайлик, менга ёки дадасига ёрдам берса, уй вазифаларини ўз вақтида бажарса, хонасини озода тутса, мактабда яхши баҳо олса ёки шу каби яхши ишларни қилса, қутининг ичига битта шарча солишимизни айтдим. Кейин ҳафта охирида ҳар бир солинган шарча эвазига фалон миқдор пул мукофоти беришни ваъда қилдим. Агар мабодо одоб-ахлоқида бирор ўзгариш бўлса, ҳар бир хатоси учун қутидан битта шарча олиб қўйишимни ҳам таъкидладим.

Тарбиядаги бу услубим зўр иш берди. Аллоҳнинг тавфиқи ила қизим мактабда олдингидан ҳам яхшироқ ўқий бошлади. Доимо озода юриб, хонасини ҳам ораста сақлайдиган бўлди. Сал шўхлиги бўлса ҳам, ўртоқлари билан тортишмайдиган, урушмайдиган бўлди.

Бора-бора қизимнинг намунали хулқи ва яхшиликлар қилишдаги фаоллиги бизни торайиб қолган қутининг ўрнига кенгроқ қути қўйиб беришимизга мажбур қилди.

(Тарбиянинг бу услуби бир қарашда болани порахўрликка ўргатишдек тасаввур уйғотади. Лекин бола катта бўлгани сари қилаётган яхши ишлари фақат Аллоҳ учун қилиниши кераклигини ота-онаси ва устозларининг кўрсатмалари, тушунтиришлари натижасида идрок қила бошлайди. Қалбида ихлос неъматини ҳис қилиши билан қилган яхшиликларига оладиган энг олий мукофот дунёнинг арзимас матоҳлари эмас, балки оламларнинг Робби Аллоҳнинг Ўзи эканлигини англаб етади. Тарж.)

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

895 марта ўқилди

Мақолалар

Top