Мақолалар

Ёмонлик қилган одамни қандай қилиб кечириб юбориш мумкин?

Кечирувчанлик руҳга дори ва баданга роҳатдир. Қалбларни ёритувчи эзгулик шуълалари айнан кечиримлиликдан порлайди. Оғриган чеҳраларга розилик табассуми билан боқсангиз, улар ёришади, шод бўлади.

Гоҳида сизга ёмонлик қилган одамни кечириш қийиндек кўринади, у хоҳ дўстингиз, яқинингиз бўлсин, хоҳ ишдаги ёхуд дарсдаги шеригингиз бўлсин. Кечириб юбориш сизни ҳиқду адоват туйғуларидан халос этиб, ўрнига роҳат ва хотиржамлик каби ширин туйғуларни олиб келади.

Кечирувчан бўлиш асло ҳурматингизни йўқотишингизни англатмайди, ҳақларингиздан кечганингизни ҳам ёки хорликка рози бўлганингизни ҳам билдирмайди. Бунинг тамоман акси!

Бошқаларнинг айбига кўз юмиш роҳат ва хотиржамлик эшикларини очади ҳамда муҳим ишларга қўл уришингизга имкон яратади. Одамларнинг ёмонлигини, ҳар хил гап-сўзларини ўйлаб, сиқилиб юрмайсиз.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ бир шеърида шундай дейди:

Узоқ бўлгач кек-адоват таъмидан,

Халос бўлдим душманчилик ғамидан.

Қалбингизни мусаффо айланг, уни гина-адоват ҳисларидан покланг, бундай ёмон туйғулар қалбингизга ўрнашишига қўйиб берманг!

Кимда-ким сизга нисбатан хатога йўл қўйса, ҳаққингизни поймол қилса, унинг яхши хулқларини, олий сифатларини ёдга олинг. У билан ўтган яхши хотираларни, сизга берган ёрдамларини эсга олинг. Бу уни кечиришингизда, унга яна бир бор имконият беришингизда сизга қўл келади!

У билан ўртангизда бўлган можаронинг тафсилотларини ўйлаб, вақтингизни кетказманг. Зеро бу муаммони ҳал қилиб бермайди, уни чигаллаштиргани қолади.

Кимдир сизни танқид қилса, мавзуни шахсиятга бурманг, масалага эътибор қаратинг ва фикрингизни унга очиқ-равшан тушунтириб беринг.

Ғазаб билан ҳукм қилманг, чунки ғазаб ўз фикрингизни тўғри, бошқаларнинг фикрини хато деб билишга олиб боради.

Ғонидий айтади: “Биз шахсларга душман эмасмиз, хатоларга душманмиз”.

Кечирувчанликни оналардан, оталардан, жуфти-ҳалолларимизнинг муҳаббатидан, дўстларимизнинг вафосидан ўрганишимиз мумкин. Улар дунёни шодлик ва саодатга тўлдирадилар. Одамлар орасида меҳр-муҳаббатни ёядилар.

Яна шуни билингки, яхши одамлар келишмовчилик бўлган пайтда жаҳл устида қўпол гапларни гапириб, қасд олишни ваъда қилишлари мумкин, лекин қасд олишга фурсат бўлганда қалблари юмшаб: “Ким афв этиб ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир” (Шўро сураси, 40-оят), деб айтадилар.

Яратувчимиз Аллоҳнинг кечиримиданда каттароқ кечирим борми?! “Авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли Зотдир” (Нур сураси, 22-оят).

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

1202 марта ўқилди

Мақолалар

Top