Мақолалар

Яхшиликка йўйинг

Оптимист одам тунда осмонга қараб ойнинг гўзаллигини кўради.

Пессимист одам эса тунда осмонга қараб зулмат ва қоронғуликдан бошқа нарсани кўра олмайди.

Пессимистлар қўлларидаги имкониятларни қийин дея бой беришади.

Оптимистлар эса қийин вазиятлардан имконият чиқаришади.

Ҳолатингизни, бошингизга тушган савдоларни яхшиликка йўювчан бўлинг. Чунки ҳаётга ёрқин нигоҳ билан боқадиган одам ўзига бошқаларнинг муҳаббатини жалб этади, меҳрини қозонади.

Ҳамма нарсанинг ёмон тарафини ўйлайдиган одам аксинча, одамларнинг муҳаббатини ўзидан итариб юборади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор ишдан яхшиликка аломат олиш ёқар эди, шум гумон қилишни эса ёмон кўрардилар.

Чунки ишларнинг ёмон тарафини ўйлаш Аллоҳ таолога ёмон гумон қилиш демакдир, яхши тарафини ўйлаш эса Аллоҳга яхши гумон қилишдир.

Мўминлар Аллоҳ таолога ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши гумон қилишга буюрилган.

Умидсизлик қалбингизга ўрнашишига йўл қўйиб берманг. Зеро умидсизлик кўзларни кўр қилади, натижада очиқ эшикларни ҳам, сиз томон узатилган қўлларни ҳам кўролмай қоласиз.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир», деб айт” (Зумар сураси, 53-оят).

Вазиятлар ҳар қанча таранглашса ҳам, ҳар қанча чигаллашса ҳам яхшиликка йўяверинглар. Зеро ғам-қайғулар худди булутларга ўхшайди, йиғилиб-йиғилиб ёмғир ёғдиради.

Яхшиликка йўйиш орқали қийинчиликларрни енгиб ўтишга имкон топа оласиз. Аллоҳга таваккал қилинг, Унгагина суянинг ва яхшилик умидида бўлинг, шунда Уни қаршингизда топасиз!

Ҳаётдаги салбий ишлардан юз буринг, назарингизни сизга ишонч бахш этадиган ёруғ томонларга қаратинг!

Сиз оптимист бўлиш ўлароқ доим ишлар ҳозиргидан яхшироқ бўлиши мумкинлигини тафаккур қилинг. Одамлар нарсаларни борича кўришади ва “нега бундай?” дейишади. Сиз эса нарсаларга ўзингиз қандай бўлишини хоҳласангиз шундай кўринг, “нега шундай бўлмаслиги керак?” деб савол беринг ўзингизга.

Шундай одамлар борки, гулни тикони бор дея узмай қўяди. Яна баъзи одамлар тиконнинг устида гул борлигини ўйлашади.

Қуёшга қараб ўсадиган гул булутли кунда ҳам худди шундай туради.

Эдисон эшитиш қобилиятини йўқотганида онаси йиғлаб уни бағрига босган экан.  Шунда у онасига дебдики: “Ўксинманг онагинам! Мен бахтлиман, чунки энди шум хабарларнинг овозларини эшитмайман!”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

1332 марта ўқилди

Мақолалар

Top