Мақолалар

Ихлосли мўмин баракалидир

“Молларини Аллоҳ ризолигини истаб, самимий дилларидан чиқариб сарф қиладиган кишилар адирдаги боққа ўхшар: унга жала қуйгач, ҳосилини икки баробар етиштирар. Агар унга жала ёғмаган бўлса, томчилаб ёққан ёмғир ҳам (ўзига яраша ундирар). Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир” (Бақара сураси, ٢٦٥-оят).

Ҳар бир мусулмон ҳаёти да­вомида яхши амаллар, эзгу иш­лар пайида бў­лиши лозим. Чунки хайрли ишлар мў­мин кишининг ҳаёти мазмунига айлан­са­гина, ояти кариманинг амалдаги ис­ботини кўради.

Ояти каримада мўмин киши васф қи­линмоқда. У риё учун эмас, Аллоҳнинг розилиги учун ихлос билан садақа қилади. Унинг қалби сил­лиқ тошдек қотиб қол­гани йўқ, балки иймон нури ила мунаввар, яхшилик умиди билан обод.

“Молларини Аллоҳ ризоли­гини ис­таб, самимий дилла­ридан чиқариб сарф қилади­ган кишилар адирдаги боққа ўхшар”.

Тепаликдаги боғ баҳаво бў­лади. “Унга жала қуйгач, ҳосилини ик­ки баробар етиштирар”. Яъни, у ёққан ёмғирдан унумдор бўлади. Тўла ишонч билан, Аллоҳнинг розилигини тилаб қилинган садақа ҳам шундай: эгасини мўл савобга эриштиради. У боғнинг меваси кўпайиши учун доимо кучли ёмғир ёғиши шарт эмас.

“Агар унга жала ёғмаган бўлса, томчи­лаб ёққан ёмғир ҳам (ўзига яраша унди­рар)”. Майдалаб ёққан ёмғир билан ҳам унинг меваси кўпаяверади. Шунингдек, мўмин банданинг риёсиз, миннатсиз ва озорсиз, ихлос билан қилган нафақаси оз бўлса ҳам, кўп ажр-савобга сабаб бў­лаверади.

“Аллоҳ қилаётган амал­ларингизни кўриб турув­чидир”.

Ким нима қиляпти, садақани қандай бер­япти, ким Аллоҳнинг ро­зилигини ис­таяпти – ҳам­ма-ҳаммасини Аллоҳ кўриб туради.

Хайр ва ҳасанотни мўл қилиш, сахий бўлиш лозим. Аллоҳ хайр қилувчи, сахий қулларини севади.

“Бир дона хурмо билан бўлса ҳам, фақирга ик­ром этган кишига ўша хурмо донаси беш нарсани муждалайди:

1) мен бир дона эдим, мени кўпай­тирдинг; .

2) кичик нарса эдим, ул­ғайтирдинг; .

3) мен душман эдим, сен дўст айладинг;

4) мен ейилиб йўқ қили­нардим, мени абадий­лаш­тирдинг; .

5) ҳозиргача сен мени сақлашга ҳара­кат этардинг, бундан буён мен сенинг сақла­нишингга сабаб бўламан”. 

Аллоҳ таоло барчамизнинг садақа, эҳсонлари­мизни бериё, бенуқсон қабул айлаб, савобларини кўпайтириб берсин.

Зайниддин ҒИЁСИДДИНОВ,

Олтинкўл тумани “Маслаҳат” жоме

масжиди имом-хатиби

895 марта ўқилди

Мақолалар

Top