Мақолалар

Дўстимга очиқ хат
 

Дўстим, сенга хат ёзишга бир неча марта чоғландим. Лекин журъат қилолмадим. Сени охирги марта кўрганимдан сўнг хат ёзиш қарорим қатъийлашди ва қўлимга қалам олдим.

Азиз дўстим, ёшлик давримизни унутмагандирсан. Эсингда бўлса, дўстлар бир дас­турхон атрофида ўтириб гурунг қилардик. Бугун эса ҳамма ўртоқлар бор-у, сен камномасан. Охирги пайтларда дўстлар билан сени тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қиляпмиз. Аммо сен дину диёнат ҳақида сўз борса, гапни бошқа ёққа бурасан. Ёки солиҳ кишиларга тош отиш, масхаралаш пайидан бўласан. Наҳот, ўртоқларимизнинг қанчаси ҳидоят топганини кўриб туриб ҳам тан олгинг келмайди?!

Ёшлигимизни бир эсла. Ҳаммамиз бир дастурхон атрофида жамланиб, не-не шўхлиги, тўполонларни қилардик. Бугун-чи? Ўша йигитларнинг аксари тўғри йўлда. Фақат сенгина улардан ажралиб қоляпсан.

Эр киши қирққа кирса, ақли комил бўлади дейишади. Сен эса ёшинг қирқдан ошиб ҳам фарзандларинг улғайиб бўйлари сенга тенглашса-да, кайфу сафодан тийилмаяпсан. Бу ҳолда уларнинг олдида қандай ота бўлдинг?! Ота болаларига намуна, рўзғорига бош бўлмайдими?! Сенинг наздингда улар учун фақат пул керак. Аммо ундай эмаслигини англаганингда кеч бўлмасайди! Ахир уларга сенинг меҳринг, ширин сўзларинг керак эмасми?!

Сен билан дўстлашганимга 15–20 йил бўлибдики, ҳануз бойлик ортидан қувасан. Мана мол-дунё, ҳашаматли уй-жойларга ҳам эришдинг. Лекин қалбинг таскин топдими?! Бу бойлигинг охиратда, умрингнинг сўнгги дақиқаларида ёрдам бера олармикин? Унга қул бўлиш ёмон. Чунки бойликка қул бўлган киши ўзлигини унутади. Ўзликни, аслини унутиш кишини туғёнга бошлайди. Қорун қиссасини билсанг керак.

Сенинг: “Нафақага чиқиб ўқиймиз-да, ўша намозни” дейишинг гоҳ жаҳлимни чиқаради, гоҳ раҳмимни келтиради. Нафақа ёшига етишингга бирор кафолат борми? Эртага нима бўлишини билмаймизку, бундай дейишинг тўғримикин?! Билсанг, биз инсонлар бандамиз, бизни Яратган Зотга “қул”миз. “Қул”нинг вазифаси хожасига бўйсуниш, унга итоат қилишдир. Биласанми, “қул” хожасига “фалон ёшга кирсам, Сенга итоат қиламан”, демайди. У умрининг сўнгига қадар хожасига итоат қилади.

Дўстим, гапнинг индаллосини айтганда, бу юриш энди сенга ярашмайди. Ёшинг улғайди. Ҳадемай қиз чиқариб, ўғил уйлайсан. Аммо ҳали ҳам бир оғиз дуо қилишни билмайсан. Наҳот Аллоҳдан шунчалар беҳожат бўлсанг. Ҳеч бўлмаса, фарзандларинг камоли, охиратинг учун дуо қил. Билмасанг ўрган. Ўша чойхонага кетадиган вақтингни, яхшиликларга, илмга, ибодатга сарфла.

Шу ёшга кириб қўлингга бирор марта китоб олдингми? Эртага Аллоҳ сендан: “Қуръондан бир оят ўқидингми? Умрингни нимага сарф этдинг? Беш маҳал намозни ўз вақтида адо этдингми?” дея сўроққа тутса, нима дейсан?! Шундай экан, умринг қанча қолганини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. У тугаб қолмасидан тезроқ ўзингни ислоҳ қил. Тавба эшикларини оч. Гуноҳларингга истиғфор айт. Зора, тўғри йўлни топсанг. Буни ортга сурма. Вақт – ғанимат, ҳар сония бизни сўнгги манзил сари етакламоқда. Шулар ҳақида бир мушоҳада қил.

Дўстим, сенга бу сатрларни дўстлик бур­чидан келиб чиқиб ёзяпман. Истасанг, қулоғингга ол, истасанг малоллан. Ниятим сени солиҳлар қаторида кўриш, бошқа нарса эмас.

Сўзим сўнгида бир оятни келтирдим. Уни қайта-қайта ўқиб, тафаккур қил. «Аллоҳ Ўзининг розилигини истаганларни у (Қуръон) билан салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нур­га чиқарур. Ҳамда сироти мустақимга ҳи­доят қилур» (Моида сураси, 16-оят).

Сенда маърифат йўлига иштиёқ уйғонган бўлса, бу йўлда сен билан биргаман, дўст! 

Мўмин ҚОБИЛ

955 марта ўқилди

Мақолалар

Top