Мақолалар

Намозхоннинг олдидан аёл кишининг ўтиши

Cавол: Намоз ўқиётган кишининг олд томонидан аёл киши ўтса, намози бузиладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намозхон олдидан ҳар қандай инсон ёки ҳайвоннинг ўтиши унинг намозини бузмайди. Бу мавзуда Имом Бурҳониддин Марғилоний раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Аёл киши намозхон олдидан ўтса, унинг намозини бузмайди” (“Ҳидоя” китоби).

Баъзи кишилар қуйидаги ҳадисни далил қилиб, аёл киши намоз ўқиётган эркакнинг олдидан ўтса, унинг намози бузилади дейишади:

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки бирингиз намозга турса, унинг ҳузурида эгарнинг суянчиғига ўхшаш нарса бўлса, сутра қилиб олади. Қачонки, унинг олдида эгарнинг суянчиғига ўхшаш нарса бўлмаса, унинг намозини эшак, аёл киши ва қора ит кесади”, дедилар...” (Имом Муслим ривояти).

Лекин биргина ҳадиснинг ўзини ушлаб, бошқа ҳадисларни ўрганиб чиқмасдан ҳукм чиқариш катта хато ҳисобланади. “Саҳиҳи Муслим”нинг машҳур шориҳларидан бири Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Ал-Минҳож шарҳи саҳиҳи Муслим ибн Ҳажжож” китобида юқоридаги ҳадисни шарҳлаб бундай деганлар:

“Имом Молик, Абу Ҳанифа ва Шофеий розияллоҳу анҳум ҳамда салаф ва халаф уламоларнинг жумҳури: “Ҳадисларда зикр қилинган тоифадагиларнинг намозхоннинг олдидан ўтиши билан унинг намози бузилмайди”, дейишган. Юқорида айтилган ҳадисдан намозхоннинг қалби олдидан ўтаётган мазкур нарсаларга машғул бўлиши туфайли унинг савоби камайиши ирода қилинган, намози бузилиши эмас”.

Қолаверса, “Саҳиҳи Муслим”нинг ўзида юқоридаги ҳадисларнинг кетидан қуйидаги ҳадислар келган:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “У кишининг ҳузурларида намозни кесадиган нарсалар зикр қилинди. “Намозни ит, эшак ва аёл киши кесади”, дедилар. Бас, у киши: Батаҳқиқ, бизларни эшаклар ва итларга ўхшатдингиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида мен у киши билан қибланинг орасида бўлганим бор. Мен сўри устида ёнбошлаб ётар эдим. Агар бирор ҳожатим чиқиб қолса, у кишига юзланишни ёқтирмай, секин сурилиб чиқиб кетар эдим”, дедилар”.

Фақиҳларнинг бу мавзудаги, намозхонни олдидан аёл киши ўтиши намозни бузмайди, деган гаплари юқорида келган ҳадисларнинг хулосаси ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

1063 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top