Мақолалар

Айтганларига амал қилган олим

Аллоҳ таоло Каломи шарифида банда­ларига: “Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўз­ларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатур” (Оли Имрон, 164), деб марҳамат қилади. Рисолат эшиги ёпилгач, бу вазифаларни ким бажаради? Ҳадиси муборакка кўра, энди бу шарафли ишни Пайғамбарнинг меросхўрлари – уламолар адо этади.

Улар авомнинг ақлини пешлаб, сиротул мус­тақимга йўллаб қўй­гувчи, одам боласи дунёга нимага келиб, қаерга кетишини эслатиб тургувчи муттақий бандалардир.

Анвар қори Турсунов ана шундай олим, ана шундай мураббий эдилар. Қори аканинг телевидение орқали чиқишлари, маърака-йиғинлардаги маърузаю ёзган китоб, ма­қолалари орқали қалби очилган қанча мар­дум бор – энди бу ёғининг ҳисобини билса, Ал-Ҳасийбнинг ўзи билади, холос!

Анвар қори билан кўрсатувлар тайёрлаш асносида қиёматлик дўст, бутун умрга татийдиган файзу футуҳ топдим десам, нокамтарликка йўймассиз. Қори ака қарийб 20 йил “Ҳидоят сари” кўрсатувида бошловчилик қилди. “Маданият ва маърифат” телеканали­да “Ислом маърифати”, “Одоблар хазинаси”, “Насойим ул-муҳаббат” каби туркум кўр­сатувларга асос солган эдилар. Умуман, Қо­ри акада Худо берган воизлик маҳорати бор эди.

У киши бир уламо сифатида Ислом динига, мусулмонларга хизмат қилишни ҳаётининг энг муҳим аъмоли, шарафли бурчи деб биларди. “Агар мана шу кўрсатувларимиздан биргина одам ўзини ислоҳ қилиб, тўғри йўл­га ўтса, ёмонлигини қўйиб, яхшиликка юз бурса, шунинг ўзи ҳам катта гап”, деб кўп айтарди.

У кишининг телевидение билан боғлиқ яна бир орзуси Навоийни кенг жамоатчиликка содда-равон қилиб тушунтириш эди. “Ким Навоийни яхши тушунса, Қуръон, ҳадисни ҳам яхши англайди”, дердилар. Айниқса, “Насойим ул-муҳаббат”га ихлоси жуда баланд эди. “Навоий асарларининг калити – очқичи мана шу асар. Ҳазратнинг мутолаасини “Насойим...”дан бошлаш керак”, деган гапни кўп такрорлагувчи эди. Ниҳоят, шу асарни телевидение орқали шарҳлашга киришдик. “Маданият ва маърифат” телеканалида бир йилдан кўпроқ вақт давомида ушбу асар таҳлилига бағишланган кўрсатув эфирга узатилди. Асардаги 770 нафар ав­лиёдан 111 нафарини ёритишга улгурдик.

Мазкур асарни шарҳлашда Анвар қори ҳар бир авлиёнинг тариқати, маслаги ҳақида атрофлича маълумот бериб, унинг Қуръон ва суннатга мувофиқлигини оят, ҳадислар билан асослаб беришга интиларди.

Анвар қорини халққа яқин қилган, айтганларини мухлислари жон-қулоғи билан тинглашига сабаб бўлган омил нимада экан, деб кўп ўйлаганман. Менинг назаримда, Қори аканинг маърузаларини таъсирчан қилган жиҳат, асал ҳақидаги машҳур ривоятдаги каби, аввало у кишининг ўзи айтаётган гапларга ўзининг амал қилиши билан боғлиқ эди.

Тоғнинг юксаклиги ундан узоқлаш­га­нингиз сари билингани каби ортда қо­лаётган йиллар соғинчни орттирса, орттиряптики, сусайтираётгани йўқ. Катта илм, чўнг бир маърифат, гўзал исломий хулқ соҳиби бўлган Анвар қори Турсунов бутун сиймоси, бор фазилатлари билан ўзи яхши кўрган ҳазрат Алишер Навоийни, ул зотнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида номлари зикр этилмиш улуғ авлиёларни ёдимга солади. Шу боис мен учун Анвар қори худди “Насойим ул-муҳаббат”нинг 771-авлиёси кабидир. Чунки у киши чин маънода Ҳақ ошиғи, Аллоҳ таоло дийдорининг муштоқи эди. 

Икром ЧОРИЕВ,

“Маҳалла” телерадиоканали директори

 

335 марта ўқилди

Мақолалар

Top