muslimuz

muslimuz

 Шу кунларда Эронда ўтказилаётган Халқаро Қуръони карим мусобақасининг бешинчи кунида дунёдаги энг кичик босма Қуръон тақдимоти бўлиб ўтди.

“IQNA” сайти маълумотига кўра, 40-халқаро Қуръон мусобақасининг сўнгги кунида Эронда бундан 150-200 йил аввал босилган энг кичик босма Қуръон ҳам тақдим этилди.

Ушбу Қуръон соҳиби Оқил Рофиий Эронда ўтказилаётган Халқаро Қуръон мусобақасининг тўртинчи куни арафасида “IQNA” сайтига берган интервьюсида бундай деди: “Мен бу Қуръонни отамдан тахминан 20 йил аввал совға сифатида олганман. Бу китобни отам ҳам амакисидан олган”.

Қариндошларимизнинг ҳаммаси уламо бўлгани ва қадимий тилда  “мулла” атамасини ишлатиб, ўтмишда муллалар Қуръонни биладиганлар бўлган, – деди Рофиъий.

 Рофиъий яна бундай изоҳ берди: “Бу Қуръон менга бир неча авлодлар олдин келган ва мен унга қарийб йигирма йилдан бери ғамхўрлик қиламан.  Мутахассисларнинг фикрича, бу Қуръон 150 ёшда. Эшитилганларга кўра, бу китобнинг 10 та нусхаси Мисрда чоп этилган ва ҳозирда Қуръоннинг ягона нусхаси оммага эълон қилинадиган нусхадир”.

  Бу Қуръоннинг сақланиш ҳолати ҳақида бундай деди: “Бу Қуръон қадим замонлардан бери кумуш метал қутида сақланган, унинг ўз ҳолатини сақлагани ва саҳифаларининг бутунлигича қолиши сабабларидан бири, лекин бу Қуръоннинг муқоваси мавжуд эмас. Ушбу Қуръонни музейга ҳадя қилмоқчимисиз, деган саволга Рофиъий: “Мен бу Қуръонни асраш вазифасини давом эттиришга қарор қилдим”, деб жавоб берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

 Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади

Среда, 21 Февраль 2024 00:00

Михли шўрва фалсафаси

Ҳикоя қилинишича, бир фақир киши қаҳратон совуқда бир бурда емиш излаб кўчаларда кезиб юрган экан. Бироқ ҳеч нарса топа олмай, бир уйнинг эшиги тагига ўтирибди ва уйқуга кетибди.

Тонг отгач уй эшигини бир қари аёл очибди. Эшиги тагида ўлар ҳолда ётган кишини кўриб, “Сизга нима бўлди?” деб сўрабди.

Ҳалиги киши жуда ҳам оч-наҳор эканини ва қаттиқ совуқда қолганини айтибди. Қария аёл уни уйига олиб кириб, исиниб олиши учун ёпинчиқ ва бир стакан иссиқ сув берибди. У аёл жуда бахил бўлиб, ҳеч кимга ҳеч нарса бермас экан. Қорни жуда ҳам очган бу киши унинг бахиллигини сезибди, лекин уни уйига олиб кирганидан қалбида озгина бўлса ҳам раҳм-шафқат борлигини билибди.

Чўнтагидаги занглаган михга кўзи тушиб: “Битта қозоним ва идишим бўлганида эди, сизга қўлбола қилиб мих шўрва қилиб берардим”, дебди.

Қария аёл бундан ҳайратланиб: “Мих шўрва?! Нималар деяпсан, ҳой бола?” дебди.

Киши уни мана шу михдан зўр шўрва тайёрлай олишига ишонтирибди. Шунда гапига ишонган кампир унга идиш бериб, қозон ва ўчоқ турадиган жойни кўрсатибди.

У ўчоқ олдига бориб, қозонга сув ва михни солибди, кейин оловни ёқибди. Бироз кутгач дебди: “Озгина туз ва кўкатлардан қўшиб юборсак шўрва янада мазали бўларди”.

Кампир унга сўраган нарсасини берган экан, меҳмон табассум билан: “Сиз жуда яхши, саховатли аёл экансиз” дея мақтай кетибди. Сўнг яна шўрва мазали бўлади, деган баҳона билан пиёз ва сабзи сўрабди.

Атрофидаги одамлардан доим “бахил” деган тамғани эшитиб юрган аёл меҳмондан бу мақтовларни эшитгач хурсанд бўлиб кетибди ва унга сабзи, пиёзларни, у сўрамаган бошқа керакли маҳсулотларни ҳам тақдим этибди.

Киши қозонга солинган михни секин олиб чўнтагига қайта солиб қўйибди. Шўрва қайнаб чиққач, уни идишга солиб, кампирнинг олдига қўйибди.

Кампир ва фақир киши бирга овқатланишибди, кампир музлатгичдан мураббо ва бошқа нонхўракларни дастурхонга қўйибди.

Охирида қария аёл меҳмонга раҳмат айтиб дебдики: “Мих овқатга шундай таъм киритишини билмаган эканман!”.

Киши табассум қилган ҳолда: “Сизга раҳмат, сизнинг саховатингиз бўлмаганда михнинг ўзи ҳеч нарса қила олмасди”, дебди ва ичида: “Аслида мих ҳеч нарса қилгани йўқ, ҳаммасини ширин сўзлар бажарди”, деб шивирлабди.

Баъзида фарзандларимизнинг тарбиясини тўғирлаш учун вақт кечикиб бораётганини, улар бизга турган битгани машаққат, кулфат бўлаётганини ҳис қиламиз ва улардаги ёмон сифатларни айтиб, койиймиз-у, бироқ яхши жиҳатларига эътибор бермаймиз, яхши сифатлари учун уларни мақтамаймиз.

Ҳамма ота-оналар фарзандларини тарбиялаш йўлида юқорида келтирилган ҳикоядаги каби зўр “мих шўрва” қилиб, ширин сўзлар билан, қўллаб-қувватлаш билан уларни ижодкорларга, бошлиқларга айлантира олади.

Қани бир михли шўрва фалсафасини фарзандингизда қўллаб кўрингчи…

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Среда, 21 Февраль 2024 00:00

Тарбияда кечикманг

Аллоҳ менга ўғиллар берганда жуда хурсанд бўлгандим. Аллоҳга шукрона қилиб хайр-эҳсонлар тарқатгандим. Лекин ўғилларим қулоқсиз бола бўлишди. Бекорчи, такасалтанг болалар билан ўртоқ бўлиб, кунда-кунора ишкал чиқариб келадиган, орқаларидан кўп гап эшиттирадиган бўлишди. Уларни калтаклаб ҳам тарбиясини қўлга ололмадим. Охири бўлмагандан кейин уйдан ҳайдашгача бордим.

Кейин ўша кунлари бир психолог билан маслаҳатлашиб қолдим. У менга ўғилларимга оталик меҳрини беришни, уларга етарлича вақт ажратишни, уларни ишларимга шерик қилишни тавсия қилди, кўрсатмалар берди. Ўйлаб қарасам, иш билан бўлиб, фарзандаларимга жуда кам вақт ажратар эканман. Уларнинг кимлар билан ўртоқ бўлиб юргани, дарслари қандай бўлаётганига қизиқмас, барчасини уй ишлари билан қўшиб онасининг зиммасига юклаб қўйган эканман.

Фарзандларим билан жиддий шуғулланишга қарор бердим. Дўконларимнинг идорасини секин-аста болаларимга топшира бошладим. Бошида дўкон ишларини расво қилиб касодга учратишмасмикан деб роса қўрқдим. Лекин Аллоҳга таваккал қилиб, Ўзидан ёрдам сўраб, ишга киришдим. Аллоҳга шукрки, фарзандларим мени уялтиришмади. Дўкон ишлари кўп бўлгани учун бемани дўстлари билан бекорчи ишларга ҳам вақтлари қолмади. Эртадан кечгача дўкон ишлари билан бўлиб, кечаси уйга чарчаб келиб ухлайдиган бўлишди. Тунлари ярим кечагача, баъзан тонггача дайдиб юриш одатлари йўқолди.

Ҳозир Аллоҳнинг фазли ила болаларимнинг ҳаммаси яхши. Ҳаммасини уйлантирдим. Энди улардан кўнглим тўқ. Уларни ўз вақтида катта дўконларимни бой бериш хавфи бўлса-да ўзимга жалб қила олганимга, тарбияларини ўнглашга муваффақ бўлганимга Аллоҳга ҳамд айтаман.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасалари, хусусан, Тошкент ислом институти таълим жараёнларини рақамлаштириш ва ўзаро ҳужжат алмашувини такомиллаштириш режалаштирилган.

Ҳозирда институтда Hemis ахборот тизимини жорий қилиш бўйича зарур ташкилий ва техник ишлар амалга оширилмоқда.

HEMIS – Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими бўлиб, «Маъмурий бошқарув», «Ўқув жараёни», «Илмий фаолият» ва «Молиявий бошқарув» модулларини ўз ичига олган.

HEMIS ахборот тизимидан 220 дан ортиқ олий таълим муассасалари ва 1 миллиондан ортиқ талаба ва ўқитувчи фойдаланмоқда. Олий таълим жараёнларини бошқаришга мўлжалланган HEMIS ахборот тизими 100 дан ортиқ my.gov.uz, ransfer.edu.uz, soliq.uz, mehnat.uz, diplom.edu.uz каби бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.

Тошкент ислом институти мутахассислари томонидан таълим тизимига Hemis ахборот тизимини жорий қилиш натижасида таълим муассасаси, ўқитувчи ва талабаларга қуйидаги имкониятлар пайдо бўлади:

– диний таълим муассасалари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари қаторига қўшилади;

– бакалавр ва магистратура босқичларида ёки хорижий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш учун ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйилади;

– my.gov.uz ягона интерактив Давлат хизматлари порталидан маълумотнома олиш осонлашади;

– талабалар вилоят ва шаҳарлараро қатновда транспорт чипталарида чегирма имтиёзларига эга бўлади;

– transfer.edu.uz тизими орқали ўқишни қайта тиклай оладилар;

– soliq.uz Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ижарада турадиган талабалар хонадон эгасини даромад солиғидан озод қила оладилар;

– Пенсия жамғармаси, ёшлар дафтари, ногиронлиги бор шахслар тегишли имтиёзлардан фойдалана оладилар;

– mehnat.uz порталидан битирувчилар ҳақида маълумот олиш имконияти;

– diplom.edu.uz тизими орқали электрон диплом тақдим этиш каби қулайликларга эга бўлиш мумкин.

Тошкент ислом институтида Hemis ахборот тизимини жорий қилиш тўғрисида талабаларни таништириш мақсадида Ахборот ва техник таъминот бўлими бошлиғи М.Валиев томонидан семинар ўтказилди. Унда профессор-ўқитувчилар ва ходимларга “HEMIS”нинг имкониятлари ва ундан фойдаланиш бўйича муҳим маълумотларни берди.

Ўқув-амалий семинар интерактив тарзда ташкил этилди. Унда талабалар фаол иштирок этиб, “HEMIS” тизимига боғлиқ масалалар бўйича саволлар билан мурожаат қилди. Мутахасис “HEMIS” орқали мисоллар ёрдамида саволларга амалий жавоб берди.

Оliymahad

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан диний соҳа ходимларининг билим ва малакаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу маънода кейинги кунларда барча масжидларда фаолият юритиб келаётган имом-ноиблар билан шаҳар-туман бош имом-хатибларининг ўртасида маънавий-маърифий, илмий йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай учрашувлар Ўзбекистон мусулмонлари идороси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан вилоят бўйлаб ташкил этилмоқда. Унда фаолият юритиб келаётган имом ноибларнинг билим малакаларини янада ошириш, халқимиз ўртасида маънавий-маърифий соҳадаги иштироклари ҳиссасини юқори савияга етказиш, соҳа вакиллари фаолияти давомида дуч келаётган муаммо ва камчиликларини биргаликда бартараф этиш масалалари кўриб чиқилмоқда. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Мақолалар

Top