muslimuz

muslimuz

Понедельник, 19 Февраль 2024 00:00

Бўйрачининг бир бош узуми (ҳаётий қисса)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(ҳаётий қисса)

Халил Саййид бўйра тўқиб, сотиш билан шуғулланар эди. Унинг одати шу эдики, бирор масжид ёки намозгоҳни бўйрасиз кўрса, дарҳол унга янги бўйра тўқиб, тўшаб берар эди. У вақтларда масжид ва хонадонларга палос ва гиламлар остидан бўйра солинар эди. Бир куни Халил Саййид ажойиб туш кўради. Тушида унинг умуртқа суяги осилиб турган катта бир бош узум шаклига кириб қолганини, одамлар гуруҳ-гуруҳ, жамоат-жамоат бўлиб келиб, ўша бир бош узумдан есалар ҳам тугамаганини кўради. Бу туш бир неча маротаба такрорлангач, катта устозлардан бирини олдига бориб, кўрган тушини айтиб беради. Шунда устоз ундан «Фарзандинг борми?» деб сўрайди. У «Икки яшар ўғлим бор, Маҳмуд» деб жавоб берди. Устоз «Уни Азҳари шарифга ўқишга юбор, шаръий илмларни ўргансин, келажакда унинг шони ва манфаати буюк бўлади» деб тайинлайди. У ўғлини Азҳарга ўқишга юборади.

Маҳмуд Қуръони Каримни саккиз ёшида ёд олди, кейинчалик эса инсоният тарихида биринчи бўлиб Қуръони Каримни ўқиб, магнит тасмасига ёздирган қори бўлди. Маҳмуд бу иш учун ҳақ олишдан бош тортди. Ана шу буюк ихлоси туфайли Аллоҳ таоло уни бутун дунёда мақбул бўлиш шарафи билан мукофотлади.

Бу ўша машҳур Маҳмуд Халил Ҳусорий эди.

Маҳмуд Халил Ҳусорийга кўп ишларда биринчи бўлиш насиб бўлди.

1961 йили биринчи бўлиб Қуръони Каримни Ҳафснинг Осимдан қилган ривояти асосида магнит тасмасига тартил билан ўқиб ёздирди;

1964 йили биринчи бўлиб Қуръони Каримни Варшнинг Нофеъдан қилган ривояти асосида магнит тасмасига тартил билан ўқиб ёздирди;

1968 йили биринчи бўлиб Қуръони Каримнинг Қолун ва Даврийнинг Абу Амр Басрийдан қилган ривояти асосида магнит тасмасига тартил билан ўқиб ёздирди;

1969 йили биринчи бўлиб Қуръони Каримни ўргатувчи «Ал-Қуръон ал-Муаллим» дарсларини тасмага туширди;

1975 йили тафсирли мусҳаф асосидаги қироатни тасмага ёздирди;

1977 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида Қуръони Каримни тиловат қилган ва пешин намозига ўша минбардан туриб азони Муҳаммадийни айтган биринчи мусулмон бўлди;

1978 йили Лондондаги Англия қиролининг қасрида илк маротаба Қуръони Каримни тиловат қилди;

Оқ уй ва АҚШ Конгрессида ҳам биринчи бўлиб Қуръони Каримни тиловат қилди;

Маҳмуд Халил Ҳусорий 1980 йил 24 ноябрь куни, хуфтон намозидан кейин Аллоҳнинг ҳузурига риҳлат қилди. У умрининг эллик беш йилдан кўпроғини Аллоҳнинг Китоби хизматига бахшида этган эди.

Биз – барча мусулмонлар ҳалигача ўша бўйрачи Халил Саййиднинг "бир бош узуми"дан баҳраманд бўлиб келмоқдамиз. Иншааллоҳ, бу меванинг фойда ва самараси қиёматга қадар тўхтамайди. Бу – Аллоҳ азза ва жалла солиҳ амални ҳеч вақт зое қилмаслигига ёрқин далилдир.

Оддий бир Хусорий – бўйрачи отанинг Аллоҳ йўлида қилган кичик бир холис амали туфайли фарзандининг овози то қиёматгача Қуръон билан боқий қолди. Бўйрачи маъносини билдирувчи Хусорий лақаби ҳам ўғлининг исми билан то қиёматгача бардавом қолди.

Аллоҳ розилиги учун қилинган кичик бир амални ҳам асло паст санаманг. Зеро, амалларга уларнинг катта-кичиклигига қараб эмас, балки ниятларга кўра натижа берилади!

Ё Аллоҳ! Барчамизнинг амалларимизни холис Ўзингни розилигинг учун бўлишига тавфиқ ва қувват бергин! Зурриётларимиздан то қиёматгача инсониятга манфаат етказадиган солиҳ ва солиҳаларни чиқаргин!


Понедельник, 19 Февраль 2024 00:00

Оила саодати ҳақида ҳикматлар

  1. Шундай қизга совчи қўйиш керакки, бу қизнинг чеҳраси очиқ, юзидан олижаноблик ва иффат намоён бўлсин. Поклик ва покизалик пардаси ортида тарбияланган, чиройли иш ва одатларга ўрганган бўлсин. Бундай қиз энг яхши ҳадя бўлиб, ёшлик ва ҳаёт дастурхонининг лаззатини зиёда қилади.

Бархурдор ибн Маҳмуд

  1. Дунёнинг роҳати ҳақиқий дўст, меҳрибон хотин, қобил фарзанд ва саломатликдир. Негаки, фақат шуларгина кишига хотиржамлик келтира олади.

Суқрот

  1. Эй аёл, рашкдан эҳтиёт бўл, рашк талоқ калити саналади. Сенга насиҳатим шуки, эрингга таъна қилаверма, чунки таъна нафратни келтириб чиқаради.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар

  1. Ким ота-онасига яхшилик қилса, силаи раҳм ришталарини боғласа, аҳли-аёли ва фарзандлари билан ҳам хулқини яхши қилса, динини сақласа, молини ҳаромдан ислоҳ қилса, унинг ортиғидан инфоқ-эҳсон берса, тилини сақласа, ўз уйини лозим тутса, яъни ишидан вақтида келса, ўша эркакларнинг комилидир.

Фузайл ибн Иёз


ЎМИ Хотин-қизлар бўлими

 

Понедельник, 19 Февраль 2024 00:00

Зиёратчилар учун умра дарси ўтилди

 Шу йил 17 февраль куни Бухоро шаҳридаги Дилкушо жоме масжидида навбатдаги умра дарси ўтказилди.

Унда “Мир Араб” мадрасаси ўқитувчиси, “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби Акрам домла Абдуллаев, умра сафарига кетаётган элликбошилар ва гуруҳ аъзолари иштирок этди.

Акрам домла Абдуллаев маъруза давомида умра зиёрати аҳкомлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафар олди тайёргарлик каби мавзуларни айтиб ўтдилар.

Дарс давомида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устоз томонидан атрофлича тушунтириб берди

Аллоҳ таоло умрага отланаётганларнинг сафарини хайрли қилсин, Байтуллоҳни тавоф қилишни барчамизга насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати 

Понедельник, 19 Февраль 2024 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Янгийўл тумани "Пусур оқсоқол" жоме масжиди имом-хатиби Баҳодир домла Усмоновнинг волидаи муҳтармалари вафоти муносабати билан таъзия билдиради.

Аллоҳ таоло марҳума онахонни раҳматига олсин, маконини жаннат қилсин. Бу дунёда қилган барча хайрли ишларини бошларига соя, охиратларига захира айласин. Ортда қолган барча яқинларига гўзал сабр берсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг яқинларига, хусусан, Баҳодир домлага ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Понедельник, 19 Февраль 2024 00:00

Устозларга умра йўлланмаси ҳадя этилди

Умрини Ислом дини равнақига хизмат қилишга, халқимиз маърифатини юксалтиришга, одамларга зиё улашишга бағишлаётган устозларга ҳамма ҳавас қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйи раҳбарияти бугун қарийб чорак асрдан бери шу ерда меҳнат қилиб келаётган Бош муҳаррир Абдужалил Хўжамовга ва 35 йилдан бери фидойилик кўрсатиб келаётган катта муҳаррир Муҳаммадшариф Жумановга "Умра сертификат"ларини топширди.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сизларнинг яхшиларингиз умри узун ва хайрли амаллари кўп бўлганингиздир", деб марҳамат қилганлар.

Ҳақиқатан, яна кўп йиллар устозлар билан биргаликда хизмат қилиб, улардан кўп илм ўрганишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб этсин.

✈️ @HidoyatUz

Мақолалар

Top