muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 12 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ҳуқуқшунослик бўлими томонидан “Zoom” платформаси орқали “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси лойиҳасидаги янгиликлар” мавзуси бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди.

Масофадан туриб ўтказилган тадбирда Ҳуқуқшунослик бўлими мудири Жаҳонгир Хотамов, бўлим масъул ходими Элёр Минаваров, Тошкент вилояти вакиллиги ва ҳудуддаги масжидлар иш юритувчи масъул ходимлари иштирок этди.

Онлайн тадбирда Диний идора Ҳуқуқшунослик бўлими мудири Жаҳонгир Хотамов Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси лойиҳасидаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида кенг маълумот берди.

Шунингдек, масофавий учрашув давомида масжид ҳужжатлари, ходимларнинг ички тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиши лозимлиги, ходимларнинг таътил ва ишдан кейин мароқли дам олишини таъминлаш, уларга саёҳат уюштириш, ёши катта ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиб туриш каби масалалар алоҳида таъкидланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Устоз Салоҳиддин домла Шарипов

Бугун мамлакатимизда “Яшил макон” лойиҳаси умуммиллий ҳаракатга айланди. Юртимизнинг барча ҳудудларида кўчатлар ўтқазилиб, дарахтлар экиляпти. Тошкент вилоятида ҳам ана шу эзгу анъана изчил давом эттириляпти.

Бугун Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, вилоят бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов ҳамда вилоятдаги барча шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари Нурафшон шаҳрида кўчат ўтқазишди.

Динимизда кўчат экиш савобли амал экани алоҳида таъкидланган Хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир муслим банда кўчат ўтқазса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Экилган бу кўчатлар кўкка бўй чўзиб, юртимизнинг экологик ҳолатини яна ҳам яхшилашга хизмат қилади, иншоаллоҳ.

ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

 

Вторник, 12 Апрель 2022 00:00

Рамазонга оид ҳадислар

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Жаннатнинг бир эшиги бордирки, унинг номи Раййондир. Қиёмат куни “Рўзадорлар қани?” дейилади. Уларнинг охиргиси кириши биланоқ ушбу эшик ёпилади (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Рамазон келса, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким Рамазонда фарзлигига ишониб, савоб умидида рўза тутса, унинг аввалги гуноҳи кечирилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинглар. Чунки саҳарликда барака бордир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

 

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен: “Ё Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг”, дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир”, дедилар (Имом Насоий ва Ҳоким ривоят қилишган).

 

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга ўшанинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳар таомидан наҳор рўзасига, қайлула уйқусидан кечанинг қиёмига ёрдам олинглар”, дедилар (Ибн Можа, Ҳоким ва Табароний ривояти).

 

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайрликда бўлурлар”, дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлганлар борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас”, дедилар (Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривояти).

 

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой Рамазон рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрга итоат қилса, унга “Жаннатнинг  қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади” (Имом Аҳмад ривояти).

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Рамазондаги охирги) ўн кунлик кирса, тунни қоим қилар ва аҳлларини уйғотардилар, белларини маҳкам боғлардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 

ЎМИ матбуот хизмати

Жамият, дин ва ёшнинг барча табақасидаги лондонликлар 900 йиллик Лондон Тауэр тарихидаги илк динлараро ифтор учун тўпланишди.
Islam.ru хабарига кўра, “Наз мероси” жамғармаси томонидан ташкил этилган ифторда Лондон мэри Содиқ Хон, шунингдек турли динларнинг диний раҳбарлари, шу жумладан бош раввин Эфраим Мирвис ва кардинал Винсент Николс иштирок этишди.
"Мен бу оқшом Лондон Тауэрдаги илк динлараро ифторликда суҳбат қурганимдан хурсанд бўлдим", - деди Хон.
"Кеча ушбу ёрқин тадбирда сизга қўшилганимдан хурсандман! Тадбирни ташкил қилган @NazLegacy ва ушбу оқшомни шундай қувонч билан баҳам кўрган ҳар бир кишига раҳмат", - деди кардинал Николс.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top