muslim.uz

muslim.uz

Шу йил июнь ойида Германиянинг Оснабрук шаҳрида имомларни тайёрлашга ихтисослашган илк ўқув маркази (Ислом коллежи) ташкил этилди. Ушбу марказ давлат томонидан молиялаштирилади. Германиянинг биринчи Ислом маркази директори Булент Учар расмий очилиш маросимида сўзлаган нутқида: “Бугунги кунда Германияда диний мутахассисларни тайёрлашда бурилиш даври бўлишини истаймиз, шунда биз доимий равишда Германияда ўқишни бошлашимиз мумкин", деди.

Мазкур марказда имомлар ва Германиядаги масжид ва исломий диний жамоалар учун ижтимоий ходимлар етишади. Мутахассислар фикрига кўра, бундай таълим муассасасига эҳтиёж узоқ вақтдан бери мавжуд эди.

Конрад Aденауер жамғармаси Германия масжидларидаги имомларнинг 80-90 фоизини чет элдан олиб келинган деб ҳисобламоқда. Уларнинг аксарияти немис тилини кам ёки умуман билмайди.

“Deutsche Welle” хабарига кўра, янги Ислом ўқув марказида дарслар немис тилида олиб борилади. Биринчи курсда 50 дан ортиқ талаба таҳсил олади, уларнинг 20 фоизга яқини аёллардир.

Марказ директори Булент Учарнинг сўзларига кўра, ўқув дастурини марказни қўллаб-қувватловчи бешта мусулмон уюшмаси, шунингдек, Германия ва Қуйи Саксония мусулмонлари марказий кенгаши каби масжид ва исломшунос мутахассислардан иборат комиссия белгилаб беради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими

Қоҳирадаги таниқли Ал-Азҳар университети кейинги босқичга ўтиш учун ўйинчиларни Каъбани бузишга ундайдиган Fortnite деб номланган кўп ўйинчи иштирок этувчи видео ўйинини тақиқлаш ҳақида огоҳлантириш хати эълон қилди. Огоҳлантириш университетнинг Халқаро электрон фатволар маркази орқали берилган.

«Марказ илгари ёшлар онгини банд қиладиган, уларни фойдали билим олиш ёки ишлашдан чалғитадиган ва уларни воқеликдан узоқлаштириб виртуал оламларга қамаб қўядиган, нафратга, ўзига ёки бошқаларга зарар етказишга ундайдиган баъзи электрон ўйинлардан огоҳлантиради», дейилади университетнинг фейсбук саҳифасида.

Рўйхатга қўшилган Fortnite видео ўйини қуролларни ютиб олиш ва кейинги босқичга ўтиш учун ўйинчиларни Каъбани бузишга  ундайди. «Бу ёшларнинг эътиқоди ва қадр-қимматига таъсир қилади. Шу сабабли, марказ зўравонликни рағбатлантирадиган ёки ёлғон ғояларни ўз ичига оладиган, эътиқодни бузадиган ёки диний эътиқодга ҳурматсизлик кўрсатадиган барча электрон ўйинларнинг тақиқланишини талаб қилади».

2 июль – Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қабул қилинган кун

1992 йил 2 июль куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзидир.

Бугун ушбу муқаддас рамзни каттаю кичик бирдек қадрлайди. Унда жонажон Ўзбекистонимизнинг том маънодаги асл тасвирини кўради. Гербимизга ҳар бир ҳамюртимиз алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлиши мамлакатимизда эзгу қадриятга айланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби. Пурвиқор тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб турибди. Бу эса ўхшаши йўқ диёримиз мафтункорлигига ўзига хос ишорадир. Гербнинг юқори қисмида республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Рамз марказида бахт ва эрксеварлик рамзи – қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «O‘zbekiston», деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида Ҳумо қуши ва дарёлар – кумуш рангида, қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «O‘zbekiston» ёзуви – олтин рангида, ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий – яшил рангда, чаноқлардаги пахта – оқ рангда, лента – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда, саккизбурчак – олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда, ярим ой ва юлдузлар – оқ рангда тасвирланган.  

“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунинг 4-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳлари, Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, республика давлат бошқаруви органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, судлар, прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларининг олд томонига жойлаштирилган.

Герб тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида, қонунда белгиланган бошқа ҳужжатларда акс эттирилган.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро давлат рамзлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ҳурмат билан муносабатда бўлиши қонунчилик билан белгилаб қўйилган. Давлат рамзларига бўлган ҳурмат мамлакатимизда мактабгача таълим масканлари, мактабларданоқ ёш авлод онгига сингдирилади. Бу эса улғайиб келаётган ўғил-қизларда ўзи туғилиб ўсган юрт тақдири учун дахлдорлик, ватанпарварлик, фидойилик, Ватан учун чексиз фахр ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ҳақидаги қонун қабул қилинган кун муносабати билан жойларда белгиланган тадбирлар кенг миқёсда, кўтаринки руҳда, юқори савияда ўтказилиши режалаштирилган. Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги каби ташкилотлар ҳамкорлигида “Давлат герби – мустақиллик тимсоли!” шиори остида маърифий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган. Уларда таниқли олимлар, ёзувчилар, шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, эстрада хонандалари, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлигининг ҳарбий оркестрлари иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилаётган “Маънавият фестивали” доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун муносабати билан маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.

Ушбу санага бағишлаб телемарафонлар, Давлат гербининг аҳамияти, уни улуғлашга қаратилган интерфаол маданий-маърифий тадбирлар, флешмоблар, анжуманлар ўтказилади. Буларнинг барчаси Давлат гербининг аҳамиятини ёш авлод онгига янада мустаҳкам сингдириш, уларни улуғ аждодларимизга муносиб, юртпарвар инсонлар этиб камолга етказишдек мақсадларга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.  

 

Назокат Усмонова, ЎзА

Мақолалар

Top