muslim.uz
Уламолар маърифат ва хурсандчилик улашмоқда
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ташрифлари давом этмоқда.
Кеча, 30 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Яшнобод туманидаги “Ислом ота”, раис ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов “Пул емас ота”, раис маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов “Гўзал”, Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Муҳаммадайюбхон домла Ҳомидов “Ал-Ҳудайбия”, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цвилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Али Олмазор туманидаги “Имом Бухорий”, “Абу Бакр Қаффоли Шоший”да, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаровлар “Мирзо Ғолиб” жоме масжидига ташриф буюришди.
Уламолар ушбу масжидларда жамоат билан пешин намозини адо этиб, жамоатга маърифий суҳбат қилиб бердилар.
***
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Иброҳим ота" жоме масжидига ташриф буюриб, жамоатчиликка динимиз аҳкомлари, маънавиятимиз асослари ва юртимизда диний соҳада бўлаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берди.
***
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков Яшнобод туманидаги “Ислом ота” ва “ал-Ҳудайбия” жоме масжидлари атрофидаги маҳаллаларга бориб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди. Уларга “Вақф” фондининг пул маблағлари ҳамда совғаларини топшилди.
Уламоларимизнинг Тошкент шаҳрига ташрифлари давом этяпти.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Шайх Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ: Гуноҳи сабаб кофирга чиқармаслик ҳақида (инфографика)
Маърифий ислоҳотларнинг фаол тарғиботчилари
Муқаддас ислом динимизнинг маърифатпарвар ва тинчликпарвар ғояларини халқимизга етказишда оммавий ахборот воситаларининг ҳам ўзига хос ўрни бор.
ЎзА хабарига кўра, бу жараён журналистлардан билим, масъулият ва маҳорат талаб этади.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бўлиб ўтган маърифий тадбирда шу ҳақда сўз борди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Давронбек Махсудов мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган маънавий-маърифий ислоҳотлар тобора кенгроқ қулоч ёзаётганини таъкидлади. Бу жараёнда буюк аллома боболаримизнинг бой маънавий, илмий меросини ўрганиш, тарғиб этиш, улар фаолиятини пухта ўрганишга ихтисослашган марказлар ташкил этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тараққиётнинг янги босқичига интилаётган ўзбек халқининг маънавий-маърифий баркамоллигини юксалтиришга хизмат қилиши билан бир қаторда, Учинчи Ренессанс даврининг илмий пойдевори вазифасини бажарувчи илм-маърифат масканларидан бири бўлиши, шубҳасиз.
Бугунги кескин глобаллашув даврида, инсоният турли давр синовлари билан рўбарў бўлаётган бир пайтда Имом Мотуридийдек алломаларимиз меросини халқчил, ҳаётий, равон тарзда ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларга тушунтириш олимлар, тадқиқотчилар, оммавий ахборот воситалари ходимларидан катта масъулиятни талаб этиши, шубҳасиз. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бу борада журналистлар, турли оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорликни кенг йўлга қўйган.
– Ўзбекистон буюк алломалар диёри, –деди "Дунё бўйлаб" телеканали муҳаррири Фаррухбек Олимов.– "Имом Мотуридий" , "Абу Муъин Насафий" номли фильмларни яратиб, уларни томошабинларга ҳавола этдик. Буюк алломаларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида биз – оммавий ахборот воситалари ходимларининг вазифалари ҳали бисёр, деб биламан.
Тадбирда маънавий-маърифий мавзуда қалам тебратаётган тадқиқотчилар, журналистлар, блогерларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Фарзандга исм қўйиш
Фарзанд дунёга келгач, унга чиройли исм қўйиш отанинг энг муҳим вазифаларидандир. Зеро, исм киши ҳаёти давомида унга ҳар жиҳатдан таъсир қилиши бор ҳақиқат. Бу нарса тарихдан, хусусан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар тарихидан маълум ва машҳурдир. Масалан, Ҳудайбияда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саҳл ибн Амрнинг келаётганини кўриб: “Аллоҳ ишингизни енгиллаштирадиганга ўхшайди”, деганлари шунга далолат қилади.
Яна бир муборак ҳадисда Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Албатта сизлар Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингиз исми билан чақириласизлар. Бас (шундай экан), исмларингизни чиройли қилинглар!” (Абу Довуд, Имом Аҳмад, Доримий, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да,Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда бандалар қиёмат кунида ўз исмлари ва оталари исми билан чақирилиши таъкидланиб, уларни чиройли ва маънодор исмлар қўйишга тарғиб қилинмоқда. Вақти соати келиб қиёмат қоим бўлганида, барча инсонлар ҳисоб қилиниш учун Аллоҳ таолонинг ҳузурига тўпланадилар. Ана ўшанда Аллоҳ бандаларини Ўз ҳузурига бирма-бир чақириб, уларни ҳаёти дунёда қилиб ўтган амаллари ҳақида ҳисоб қилади. Кишини отаси исми билан чақириш унинг яхшироқ танилиши ва бошқалардан ажралиб туришини таъминлайди.
Мўмин киши ўзи ва фарзандларининг исмини чиройли қилишга, шунингдек қиёмат кунида нажот топишига, унинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амалларни қилишга қаттиқ эътибор бериши керак.
Хайсама ибн Абдураҳмон Ибн Абу Сабрадан ривоят қилишича, унинг отаси Абдураҳмон бобоси билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борганида, у зот: “Ўғлингнинг исми нима?” деб сўраганлар. Шунда у: “Азиз”, деб жавоб берган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Уни “Азиз” деб номламагин, балки унга “Абдураҳмон” деб исм қўйгин. Чунки исмларнинг энг яхшиси “Абдуллоҳ”, “Абдураҳмон” ва “Ҳорис”дир” деб айтганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Кейинги пайтларда одамлар анча тушуниб фарзандларига маънодор исмларни топиб қўймоқдалар. Олдингиларга ўхшаб Теша, Болта каби исмларни қўйиш кузатилмаяпти. Бироқ, кўп ҳолларда гўзал ва маънодор исмларни тўлиқ айтиб чақирмаслик натижасида қўпол хатога йўл қўяётганимзни ҳам англаб етиш вақти келди.
Масалан, Азиз дейишади, Карим дейишади ёки Жаббор дейишади. Лекин аслида шуни қўйганда, Абдулазиз, Абдулкарим, Абдулжаббор деб қўйилган. Азиз Аллоҳнинг исми "Абд" қўшилса бандаси бўлади, Азиз исмли Аллоҳнинг бандаси бўлади, Карим исмли Аллоҳнинг бандаси, Жаббор исмли Аллоҳнинг бандаси бўлади. Аллоҳнинг исмига тўғрилаб исм қўйиш эмас, балки Аллоҳга бандалик маъносини англатувчи исм қўйиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларидан бирида, "Исмларнинг энг яхшиси, бандалик маъносини англатувчи ва Аллоҳга ҳамд, мақтов маъносини англатувчи исмлардир, исмларнинг яхшиси Абдуллоҳ, Абдураҳмондир", деганлар. Аллоҳнинг исмларини билар эканмиз уларнинг олдига "Абд" сўзини қўшиб, Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Абдураҳим, Абдумалик деб гўзал исмларни қўйишимиз керак. Бизда аксинча Абдуллоҳ, Абдумалик, Абдуғаффор деб қўйилган, ҳужжатларини ўқисангиз шу гаплар турибди, лекин муомалада Ғаффор, Рахим дейилади. Бу нотўғри нарса, бу нарсани тушунишимиз керак, фарзандларимизга исм қўйишда ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз ва бу хатоларимизни тўғрилаб боришимиз лозим ва лобуддир.
Саҳобийлардан бўлган Абу Ваҳб ал-Жушамийдан ривоят қилинганда ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пайғамбарлар исми билан исмланинглар", дедилар.
Аллоҳ таоло бандалари ичида маълум зотларни Ўз рисолатини одамларга етказиш учун танлаб олди. Улар одоб-ахлоқ, муомала ва бошқа кўпгина жиҳатларга кўра инсониятнинг энг комили саналадилар ва уларнинг исми ҳам энг гўзал ва чиройлидир. Шу сабаб ҳам ҳадисда Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари исми билан исмланишга тарғиб қилинмоқда. Қуръони каримда номлари зикр қилинган йигирма бешта пайғамбар исми билан исмланиш, айниқса пайғамбарлар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари билан исмланиш марғуб ва маҳбуб бўлган амаллардан саналади.
Ушбу ҳадисда кўпчилик орасида тарқалган бузуқ бир эътиқодга қаттиқ раддия берилмоқда. Баъзилар фарзандига бирон-бир пайғамбарнинг исмини қўйганларидан сўнг, маълум сабабларга кўра ўша фарзанд хасталаниб қолса, буни исмдан кўриб, пайғамбарнинг исмидан шумланадилар, “Пайғамбарнинг исми унга оғирлик қилмоқда”, деб турли хил нотўғри тасарруфларни қиладилар. Аслида пайғамбарларнинг исми бандага фойдали бўлса бўладики, ҳеч қачон зарар келтирмайди.
Амруллахон ЖАЛОЛОВ,
Китоб тумани “Баҳовуддин Нақшбанд” номли жоме масжиди имом ноиби
Покистон Ислом мафкураси кенгаши раиси: ҳар бир фуқаромиз Ўзбекистонга бир марта бўлса-да зиёратга келишни хоҳлайди
Покистон Ислом мафкураси Кенгаши раиси, профессор Қибла Аёз «Дунё» АА мухбири билан суҳбатда мамлакатимизда халқимизнинг муқаддас эътиқоди — ислом динига оид бой маънавий-маданий меросни асраб авайлаш, диёримиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илмий ғоялари ва асарларини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш, аждодларимиздан қолган ноёб манбалар асосидаги тадқиқ этилган маълумотлар билан халқимизнинг диний маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
– Ўзбекистон раҳбарияти ва қардош халқга фаол ривожланиб бораётган икки томонлама муносабатлар учун ўзимнинг энг эзгу тилакларим ва миннатдорлигимни йўллаш мен учун катта шарафдир, – деди Покистон Ислом мафкураси Кенгаши раиси. – Шуниси қувонарлики, Ўзбекистон ва Покистоннинг қардош халқлари дин, тарих, маданият ва оилавий анъаналар жиҳатидан яқин муштаракликка эга. Бу, айниқса, зиёрат туризми орқали Покистондан мамлакатингизга сайёҳлар оқимининг кўпайишида яққол намоён бўлмоқда.
Мамлакатларимиз ҳаётнинг барча жабҳаларида, жумладан, фиқҳ ва ҳадис ислом таълимотларини ўрганиш соҳасида ижобий ва ишончли муносабатларни йўлга қўйган.
Ўзбекистонда маданий, тарихий ва маънавий соҳаларда ижобий натижаларга эришилмоқда, ислом дини тинчлик ва маърифатпарвар дин сифати кенг тарғиб этилмоқда. Давлат раҳбари раҳнамолигида мамлакатда барча халқларнинг миллий ва диний қадриятларига юксак ҳурмат кўрсатилмоқда, ислом дунёси учун намунали ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ислом динининг бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат каби ҳақиқий гуманистик аҳамияти, жумладан, зиёрат туризми орқали очиб берилмоқда.
Покистонда мавжуд кўплаб меъморий объектлар ва диққатга сазовор жойлар сизнинг аждодларингиз томонидан бунёд этилган. Улар ўзбек халқи маданияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Покистоннинг ҳар бир фуқароси зиёрат туризми доирасида Ўзбекистонга камида бир марта сайёҳат қилиш, бой тарихий ва ислом мероси билан яқиндан танишишни чин дилдан истайди.
Бу Ўзбекистон Президенти томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, дин эркинлиги, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида олиб бораётган изчил сиёсати самарасидир.
Ўзбекистоннинг бой ҳадис мактаби анъаналари менда катта таассурот қолдирди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида дин, таълим ва исломшунослик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари республиканинг халқаро майдонда, жумладан, мусулмон давлатлари орасидаги обрўйини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ишончим комилки, диний-маърифий соҳадаги шерикликни ривожлантириш халқларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг муҳим истиқболларини очиб беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати