muslim.uz
Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари (3-қисм)
Тошкент ва Кувайт ўртасида мунтазам авиа қатновлар йўлга қўйилди
27 июнь куни Кувайт шаҳрининг халқаро аэропортида «Аль-Жазира» авиакомпаниясининг «Ал-Кувайт–Тошкент» йўналиши бўйича биринчи ҳаво қатнови очилишига бағишланган маросимда Ўзбекистон элчихонаси ходимлари иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ушбу тантанали тадбирда Кувайт авиация маъмурияти, «Ал-Жазира» авиакомпанияси раҳбарлари, бизнес ҳамжамияти, сайёҳлик агентликлари ва ОАВ вакиллари ҳозир бўлди.
«Ал-Жазира» авиакомпанияси бош директори Роҳит Рамачандран ўз нутқида Қувайт ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновининг очилиши муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Азму шижоатли ёшларимиз билан биргаликда Янги Ўзбекистонни албатта бунёд этамиз
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси
Қадрли ёшлар, азиз фарзандларим!
Сизларни ва бутун Ўзбекистон ёшларини бугунги қутлуғ байрам – Ёшлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Ҳеч шубҳасиз, ушбу айём Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида бўлиб ўтаётгани унга янада чуқур мазмун ва кўтаринки кайфият бағишламоқда.
Шу кунларда энг улуғ ва энг азиз байрамимизни муносиб кутиб олиш мақсадида бутун мамлакатимиз бўйлаб катта бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Янги-янги саноат корхоналари, замонавий уй-жойлар, коммуникация ва инфратузилма тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари барпо этилмоқда. Албатта, бутун халқимиз қатори сизлар ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этмоқдасиз.
Юртимиз бўйлаб 6 миллионга яқин ғайрати баланд, интилувчан ўғил-қизларимиз иштирокида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган фестиваллар барча ёшларимиз учун етуклик ва ҳақиқий ватанпарварлик кўриги бўлди. Ушбу фестиваллар бундан буён нафақат вилоят марказларида, балки ҳар бир туман ва шаҳарда ўтказиб борилади ва уларда кўтарилган масалалар ечими бўйича ҳар йили Ҳукумат алоҳида дастурлар қабул қилади.
Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумхалқ ҳаракати сафларида сиз, азиз ёшларимизнинг қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқаётганингиз юксак таҳсинга сазовордир.
Албатта, ёшликка хос шижоат, жўшқинлик ва мардликни, эзгу орзу-интилишларни амалий ҳаракатга айлантириб, салмоқли натижаларга эришиш учун инсон ўз олдига аниқ мақсад қўйиб яшаши керак.
Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, буюк аждодларимиз эришган оламшумул ютуқлар замирида аввало она Ватанга, халққа хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассам эканини кўрамиз. Масалан, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ алломалар, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби шоир ва мутафаккирлар, Абдулла Авлоний, Фитрат, Абдулла Қодирийдек маърифатпарвар адиб ва олимлар машҳур илмий кашфиётларини, ўлмас бадиий асарларини айнан сизларнинг ёшингизда яратганларини ҳаммамиз яхши биламиз ва бу билан фахрланамиз.
Бизнинг томирларимизда ана шундай улуғ боболаримизнинг қони оқар экан, уларнинг муносиб ворислари бўлиш, улар каби юксак мақсадлар сари интилиб яшаш барчамизнинг эзгу бурчимиздир.
Бугун биз давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этган ҳолда, мамлакатимизда Учинчи Ренассанс пойдеворини яратиш йўлида катта қадамлар қўймоқдамиз.
Бу борада юртимизда мутлақо янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилганини таъкидлаш лозим. Ушбу мактабларда таълим олаётган кўплаб ўқувчилар нуфузли халқаро танловларда юқори натижаларни қўлга киритмоқдалар.
Мисол учун, Андижондан Дурдона Мухторхўжаева, Бухородан Фирдавс Собиров, Дониёр Исмоилов, Сирдарёдан Илғор Қодирқулов, Набихон Набихонов, Тошкент шаҳридан Нодира Саъдуллаева, Искандар Бўриев, Дилшод Хўжақулов, Раил Хашаев физика, математика ва кимё бўйича халқаро олимпиадаларнинг олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлдилар. Бундай зукко ва билимдон фарзандларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.
Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг ана шундай ютуқларга эришишига катта ҳисса қўшган жонкуяр ота-оналарига, заҳматкаш устоз ва мураббийларига ҳам ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдираман.
Эндиги муҳим вазифамиз – мана шундай фарзандларимиз орасидан янги авлод берунийларини, ибн сино ва улуғбекларини, хоразмий ва фарғонийларини тарбиялаб, вояга етказишдан иборат. Бу йўналишда “Беруний издошлари”, “Мирзо Улуғбек ворислари”, “Алишер Навоий давомчилари” каби кўрик-танловлар ўтказиб, ғолибларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.
Сўнгги йилларда ёшларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Хабарингиз бор, яқинда таниқли сиёсатчи, Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг бошлиқ расмий делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Суҳбат чоғида у киши бир фикрни афсус билан таъкидлади. Яъни, сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмас экан. Олий мартабали меҳмон Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини юқори баҳолади. Бу – катта эътироф, албатта.
Биз бу ғоят муҳим йўналишдаги ишларимизни давом эттирган ҳолда, Парламентлараро иттифоқ кўмагида “Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!” деган эзгу ташаббусни амалга оширамиз. Ушбу тизим асосида сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизларимизни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этамиз.
Халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидойи ўғил-қизларимиз бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилади.
Шу билан бирга, маҳаллий кенгашларда ҳам, худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби, ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилади. Шунингдек, иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантирамиз.
Бугун шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, бундай ёшларимизнинг кўпчилиги жонбозлик кўрсатиб хизмат қилмоқда. Масалан, Шерзод Раҳмонов – Нарпай туманида, Сарварбек Султонов – Ширин шаҳрида ва Элбек Шукуров – Сергели туманида ҳоким вазифасида, Дурдона Раҳимова – Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Одилжон Тожиев – Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.
Шу билан бирга, кўплаб иқтидорли ўғил-қизларимиз хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқимоқда, илм-фан билан шуғулланмоқда, йирик ва етакчи компанияларда иш олиб бормоқда. Биз ана шундай юксак билим ва малакага эга бўлган ёшларимизнинг Ватанимизга келиб ишлаши учун барча шароитларни яратиб берамиз. Уларни раҳбарлик лавозимларига асосий номзод сифатида белгилаш, уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизим жорий этамиз.
Умуман, ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз. Бунинг учун, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлайди. Жорий йилдан бошлаб, бундай иқтидорли ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди. Шунингдек, республикамизда ишлаётган, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланади.
Ҳар бир вилоят ҳокими ва вазир йил бошида ўз ҳудуди ва тизимига ана шундай ёш мутахассисларни ишга олиб келиш режасини тасдиқлайди ҳамда уларга бериладиган иш ҳақи, уй-жой ва рағбатлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади.
Муҳтарам анжуман қатнашчилари!
Ўтган йили декабрь ойида мамлакатимизда биринчи марта ўтказилган Ёшлар форуми миллионлаб ўғил-қизларимиз ҳаётида ёрқин из қолдирди. Барча шаҳар ва туманларда ташкил этилган бундай анжуманларда ёшларимиз томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклифларнинг аксарияти “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастуридан жой олди.
Азиз ёшлар, шу ўринда бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтишни истардим. Биз Ўзбекистонда ҳар бир йилга қандай ном беришимиздан қатъи назар, ёшларнинг билим ва касб-ҳунар эгаллаши, улар учун муносиб иш ва турмуш шароити яратиш масаласи доимо эътиборимиз марказида бўлиб қолади. Бундан буён ҳар бир вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари ва маҳаллий кенгашлар томонидан берилган таклифлар асосида, бу йўналишда алоҳида дастурлар қабул қилинади ва уларнинг ижроси йил давомида мунтазам назорат этиб борилади.
Бугун ҳаётимизнинг қайси соҳа ва тармоғини олмайлик, ёшларга эътибор ва ғамхўрлик асосий ўринга кўтарилиб, уларга зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Сўнгги 4 йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, улар 500 мингдан ошгани, бунинг яққол далилидир.
Хорижий инвестициялар иштирокида замонавий корхоналар барпо этиб, кўплаб янги иш ўринлари яратаётган, ўз маҳсулотларини экспорт қилаётган тадбиркор ёшларимиз сафи кун сайин кенгайиб бормоқда. Мисол учун, Самарқанд туманида – Музроб Тошев, Риштонда – Хуршид Норматов, Ургутда – Мажидхон Исломов, Хўжаободда – Нуриддин Абдураҳмонов, Ҳазораспда – Дилшодбек Ҳожиев сингари изланувчан ёшларимиз ҳавас қилса арзийдиган натижаларга эришмоқда.
Бугунги байрам муносабати билан мана шундай салоҳиятли ёшларимизнинг бир гуруҳи юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани албатта барчамизни мамнун этади.
Албатта, бундай ўғил-қизларимиз – замонамизнинг ёш қаҳрамонларидир. Уларнинг дастлабки, аммо умидбахш ютуқлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўрсатувлар, мақола ва суҳбатлар ташкил этиб, амалга ошираётган ибратли ишларини кенг жамоатчилик, аввало, тенгдошлари ўртасида тарғиб этиш айни муддао бўлади.
Қадрли ёшлар!
Хабарингиз бор, кейинги пайтларда келажагимиз эгалари бўлган ўғил-қизларимиз билан ишлашнинг мутлақо янги тизими – “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Олиб борилган амалий ишлар натижасида ўтган 8 ой мобайнида “Ёшлар дафтари”га кирган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан, “Темир дафтар”даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабанинг контракт пули тўлаб берилди.
Бундан буён ҳар қандай инвестиция лойиҳасининг бош мақсади, аввало, ёшлар бандлиги масаласини ҳал этишга қаратилиши керак. Бу ҳамма жойда ўзгармас қоидага айланиши зарур.
Ёшларни иш билан таъминлаш, зарур касб-ҳунарларга ўргатиш учун жойларда ҳокимлар ва сектор раҳбарлари масъул ва жавобгардир.
Хабарингиз бор, бу йилдан бошлаб, иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ суммасини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди. Натижада жорий йилнинг иккинчи ярмида 170 миллиард сўм, келгуси йилда эса 500 миллиард сўм маблағ 240 минг нафар ёшни ишга қабул қилган тадбиркорлар ихтиёрида қолади. Шунингдек, касб-ҳунар мактаби ва техникумлар ўқувчиларига корхоналарда амалиёт ўтаган даври учун 6 ой давомида 500 минг сўмдан субсидия бериш жорий этилгани, ёшлар ва уларнинг ота-оналар учун катта рағбат бўлди.
Бундан ташқари, ётоқхона билан таъминланмаган 62 минг нафар талабага ойлик ижара тўловининг 50 фоизини бюджетдан қоплаб бериш бошланди. Шу билан бирга, бу йилнинг ўзида 92 мингдан зиёд ўғил-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун, 2 триллион 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
Ҳудудларда ташкил этилган 186 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”даги 3 мингта лойиҳа доирасида ёшларимиз учун 50 мингта янги иш ўринлари яратилди.
Ҳурматли ёш дўстларим!
Бугунги мураккаб замонда ёшларни жисмоний ва маънавий баркамол инсонлар этиб тарбиялаш биз учун ғоят муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Бу борада баъзи мисолларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Кейинги бир йилда билимли ва тиришқоқ ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида 4 та олтин, 18 та кумуш ва 29 та бронза медалларини қўлга киритишди.
Жорий йилда Президент мактабларини тамомлаган 96 нафар ўқувчиларнинг барчаси муддатидан аввал нуфузли хорижий олийгоҳларга грант асосида ўқишга кирди. Мисол учун, Тошкент шаҳридан Темурбек Сулаймонов – 26 та, Қорақалпоғистондан Нурсултан Дуйсенбаев – 16 та, Хоразмдан Чаросхон Ўктамбоева – 8 та, Намангандан Робияхон Набижонова – 5 та, Андижондан ўрта мактаб ўқувчиси Висола Асадуллаева – 12 та нуфузли хорижий олийгоҳга ўқишга қабул қилинган.
Таъкидлаш жоизки, бундай натижалар илгари тарихимизда ҳеч қачон бўлмаган.
Мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 127 тага етказилди, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилди. Шунингдек, кейинги 5 йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 минг нафар ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилди. Бу – умумий қамров 28 фоизга етди, деганидир. Ваҳоланки, 4 йил аввал бу рақам атиги 9 фоизни ташкил этарди.
Давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга олий ўқув юртларига кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани ёшларимиз келажагини таъминлашга қаратилган амалий эътиборимиз намунасидир.
Мана, куни кеча мамлакатимизда яна бир олий таълим маскани – “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилди ва унга кўп йиллар Европадаги энг нуфузли университетлардан бирини бошқарган германиялик таниқли профессор ректор сифатида танланди.
Дунёнинг етакчи ўқув ва илмий ташкилотлари билан ҳамкорликда фаолият юритадиган ушбу университетга жорий йилда 300 нафар ёшлар қабул қилинади.
Маълумки, бу йил мамлакатимизда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини қарийб 560 минг нафар ёшлар тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяди. Шу боис ёшларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Бу борада қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратамиз.
Биринчидан, ҳар ўқув йили якуни билан туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида битирувчилар бандлигини таъминлашга оид дастурлар қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
Дастурда ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида қанча ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, қанчасини иш билан таъминлаш, нечта стартап ва тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш белгиланиши шарт. Бу бизнинг ёшлар билан ишлаш бўйича “бандлик”, “инновация” ва “инвестиция” дастуримиз бўлиб хизмат қилади.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда секторлар раҳбарлари ҳар ҳафтада бир марта ёшлар билан учрашиб, уларнинг ғоя, таклиф ва ташаббусларини эшитиб, муаммоларини ҳал қилишга масъул ва жавобгар бўлади.
Иккинчидан, бугунги кунда олий маълумот талаб қиладиган 80 мингга яқин бўш иш ўринлари мавжуд. Мисол учун, транспорт, геология, қишлоқ хўжалиги, маданият, спорт соҳаларида билим ва малакаси етарли бўлатуриб, олий маълумоти йўқлиги учун минглаб ёшларимиз ишга кира олмаяпти.
Шу боис жорий йилда олий маълумот талаб этадиган касб ва лавозимлар қайта кўриб чиқилади ҳамда уларнинг камида 150 таси бўйича бундай талаб бекор қилинади. Бундай енгиллик туфайли 10 мингдан ортиқ ёшлар ишга жойлашади.
Учинчидан, мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади.
Бу борада Андижон вилоятида жами 41 минг мактаб битирувчиларининг 25 минг нафарини касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича шаклланган тажриба барча ҳудудларда кенг қўлланиши керак.
Бундан буён мактаб битирувчисига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида бўлади. Бу тизим давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат таълим ташкилотлари билан бирга йўлга қўйилади.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар йили 1 сентябрга қадар мактаблар кесимида 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш бўйича рўйхат ва дастурни маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб, тасдиқлайди. Парламентимиз палаталари ушбу талабни қонун даражасида мустаҳкамлаши мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Ўйлайманки, ушбу ташаббусни барча ота-оналар қўллаб-қувватлайди. Чунки, касб-ҳунар эгаллаган инсон бировга муҳтож бўлмайди, бузғунчи ғояларга берилмайди, ҳаётда албатта ўз йўлини топади.
Тўртинчидан, қишлоқларда яшаётган 230 мингдан ортиқ ишсиз ёшларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун жорий йилда 61 минг гектар ер майдонлари ажратилди. Шунингдек, ғалладан бўшаган ерлардан яна 75 минг гектари 170 минг нафар ёшларга такрорий экин экиш учун берилди.
Жорий йилда бошлаган ер ислоҳотимиз доирасида пахта ва ғалладан қисқарадиган майдонларда озиқ-овқат экинлари етиштириш учун ерларни 10 йил муддатга ижарага бериш тизими йўлга қўйилади. Шу тариқа вилоят ва туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари учун яна 500 минг нафар ёшларни доимий иш билан таъминлаш имконияти яратилади.
Бешинчидан, ёшларга бериладиган имтиёзли кредитлар ва лизинг асосида 50 мингдан зиёд енгил конструкцияли замонавий автосервис, маиший хизмат, чакана савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари барпо этилади.
Бунда ҳокимлар ва сектор раҳбарлари Касаба уюшмаси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги бошлаган Олот тажрибасини ўз ҳудудида йўлга қўйишлари шарт.
Олтинчидан, ахборот технологияларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берамиз.
Шу мақсадда жорий йил якунига қадар Қорақалпоғистон, Андижон, Самарқанд, Сирдарё ва Навоий вилоятларида ёшлар технопарклари фойдаланишга топширилади.
Келгуси йили Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида ҳам шундай технопарклар барпо этилади. Шунингдек, ёшларнинг стартап ғояларини саралаб олишнинг очиқ-ошкора тизими йўлга қўйилиб, энг яхши лойиҳаларни молиялаштиришга бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ ажратамиз.
Вилоят ҳокимлари ёшларнинг “Бизнесга биринчи қадам” стартап лойиҳалари танловини жорий этиб, ҳар бир тумандан камида учтадан ғолибларга маҳаллий бюджетдан грантлар бериб боради. Битта грантнинг суммаси ўртача 50 миллион сўмни ташкил этади. Бу ишларни самарали ташкил этишга Ахборот технологиялари ва Инновациион ривожланиш вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда уларнинг қуйи тузилмалари масъул бўлади.
Еттинчидан, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Миллий банк раиси А.Мирсоатов ва банкнинг барча филиаллари раҳбарларининг асосий вазифаси этиб белгиланади.
Бунда ёшларни бизнесга ўқитиш, “Лойиҳалар фабрика”ларида илгари сурилаётган янги ғоялар асосида инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва молиялаштириш бўйича доимий ишлайдиган ҳамда ёшларга қулай ва қизиқарли бўлган янги тизим яратиш зарур.
Шунингдек, банк томонидан хориждаги ёшларимизга Ватанимизга қайтиб ишлаш, ўз бизнесини ташкил этиш, уй-жой шароитлари бўйича ёрдам беришга қаратилган ишлар йўлга қўйилиши керак. Ана шу ишларни молиялаштириш мақсадида бюджетдан қўшимча равишда 100 миллион доллар маблағ ажратилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, аввалги форумда ажратилган 100 миллион доллар айни пайтда ёш тадбиркорлар томонидан ўзлаштирилмоқда.
Миллий банк, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси нуфузли хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ёшларни тадбиркорликка ўргатиш бўйича янги бизнес мактаб ташкил этади. Келгуси йилдан бошлаб барча ҳудудларда ушбу бизнес мактабнинг филиаллари очилади.
Ана шу янги тизимни ташкил этиш вазифаси Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқовга топширилади.
Азиз ёшлар!
Мен ҳар гал сизлар билан учрашганимда, “Илмни қадрланг, илмга интилинг!” деган сўзларни такрорлашдан асло чарчамайман:
Ўзингиз кўряпсиз, дунёда ўқиган, замонавий илм ва ҳунарларни пухта эгаллаган, ёш авлодини айни шу руҳда тарбиялаган халқлар, давлатлар жадал ривожланмоқда.
Ўзбекистон ёшлари ҳам ана шундай юксак даражаларга кўтарилиши учун биз албатта барча имкониятларни ишга соламиз.
Бу борада айниқса қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.
Биринчидан, иқтидорли, лекин олийгоҳда контракт асосида ўқиш имконияти бўлмаган ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратамиз.
Маълумки, бугунги кунда ота-оналар фарзандини олийгоҳда ўқитиш учун 22-28 фоиз ставкада таълим кредитини 3 йил муддатга олмоқдалар. Лекин, бу ҳаммага, айниқса, узоқ ва чекка жойларда яшайдиган оилаларга оғирлик қилаётгани бор гап.
Шуни ҳисобга олиб, янги ўқув йилидан бошлаб барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида, яъни, жорий йилда 14 фоиз ставкада ажратилади. Бунга қўшимча равишда, таълим кредитларини қоплаш учун йўналтирилган маблағлар даромад солиғидан ҳам озод қилинади.
Бундан ташқари, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига, олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади.
Иккинчидан, мактабларда ўқувчиларни компьютердан шунчаки фойдаланувчи эмас, балки ундан даромад топадиган мутахассислар қилиб тайёрлашимиз зарур.
Шу мақсадда жорий йил якунига қадар умумтаълим мактабларини юқори тезликдаги Интернетга улаш ишлари якунланади. Республикамиз бўйича қўшимча 5 мингта компьютер синфлари ташкил этилади.
Мактабларда ахборот технологиялари дарслари замонавий “Кэмбриж” дастурлари асосида йўлга қўйилади ва ўқит́увчилар ҳам, ушбу дастурлар асосида қайта тайёрланади. Худди шундай тизим барча олийгоҳларда ҳам жорий қилинади.
Учинчидан, ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Бунда ипотека дастури доирасида уй-жой сотиб олиш учун ёш оилаларга қўшимча 2 мингта квота ажратилади ва ушбу мақсадлар учун бюджетдан 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Шунингдек, ёш оилаларнинг ипотека кредитини қайтаришга тўлаган маблағлари даромад солиғидан тўлиқ озод қилинади.
“Дафтарлар”га кирган оилаларнинг янги турмуш қураётган фарзандларига ўз хонадонида қўшимча уй-жой тиклаб олиши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, ўтган йилги тажриба асосида “Темир дафтар”да қайд этилган оилаларнинг ҳар бир фарзандига ўқув қуроллари ва мактаб формаси сотиб олиш учун август ойида 500 минг сўмдан моддий ёрдам берилади.
Азиз фарзандларим!
Мени доимо ўйлантирадиган, ташвишга соладиган яна бир долзарб масала бу – ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, маданий савияси, бир сўз билан айтганда, тарбияси билан боғлиқ. Биз бу йўналишда катта ишларни амалга оширяпмиз. Аммо уларнинг самарадорлигини янада кучайтириш учун қуйидаги масалаларга жиддий эътибор беришимиз зарур.
Биринчидан, ёшлар ўртасида китобхонликни, мутолаа маданиятини ривожлантириш доимий эътиборимиз марказида бўлади.
Фарзандларимизга мўлжалланган бадиий адабиётларни кўпайтириш ва уларнинг муаллифларини рағбатлантириш мақсадида “Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб” танловини ўтказиш йўлга қўйилади. Бунда муаллифларга биринчи ўрин учун – 100 миллион сўм, иккинчи ўрин учун – 75 миллион сўм, учинчи ўрин учун – 50 миллион сўм мукофот берилади.
Иккинчидан, бугун сизлар билан жамоатчиликни безовта қилаётган айрим муаммолар ечими бўйича ҳам фикрлашиб олишимиз зарур.
Ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, оилавий ажралишлар, бузғунчи ва радикал оқимлар таъсирига тушиш ҳолатлари давом этаётгани, давлат раҳбари сифатида шахсан мени жиддий ташвишга солмоқда. Ўтган 5 ойда 7 мингдан зиёд ёшлар жиноят содир этгани, ҳозирги вақтда қарийб 40 минг нафар ёшлар профилактик ҳисобда тургани ҳам хавотиримиз бежиз эмаслигини кўрсатмоқда.
Яқинда ижтимоий тармоқларда кўрсатилган хунук воқеалар, яъни, жойлардаги Алишер Навоий, Амир Темур, Мотамсаро она ҳайкаллари ёнида айрим тарбиясиз ёшлар томонидан содир этилган номаъқул ҳаракатлар мени ниҳоятда ранжитди. Бу болаларнинг ота-онаси, бобо-момолари, ўқитувчи ва муаллимлари¸ қолаверса, маҳалла-кўй, ёшлар билан ишлайдиган масъул мутасаддилар қаерга қараяпти?
Ватанимиз ёшларига мутлақо ярашмайдиган, барчамизга иснод келтирадиган бундай салбий кўринишларга жамиятимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги зарур. Керак бўлса, биз халқимизнинг муқаддас қадриятлари, тимсоллари ва табаррук қадамжоларига беписанд муносабатда бўладиган кимсаларга нисбатан жазо чораларини янада кучайтирамиз. Бундай бузғунчи ишларнинг олдини бугун олмасак, эртага кеч бўлади.
Бу борада мени бир нарса чуқур ўйлантиради. Нима учун ёшлар тарбиясига бевосита масъул ва жавобгар бўлган ташкилотлар, ота-оналар, педагогик жамоалар бу масала бўйича тезкор ва принципиал муносабат билдирмаяпти?
Ҳозирги ғоят мураккаб даврнинг кескин талаби шундайки, ҳар қандай имконият ва минбардан фойдаланиб, ислоҳотларимизга халақит бераётган барча муаммо ва камчиликларни биргаликда, очиқ ва ошкора муҳокама қилишимиз лозим. Чунки бу ишларни ўзимиз қилмасак, четдан келиб ҳеч ким биз учун қилиб бермайди. Шунинг учун Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича муовинлари, олийгоҳлардаги тегишли проректорларнинг мақоми, ваколати ва масъулиятини ошириш, иш услубларини ўзгартириш ва мутлақо такомиллаштириш керак.
Парламент палаталари ана шундай мутасадди раҳбарлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш тартибини жорий этиши ўринли бўларди. Ҳукумат эса шу асосда уларнинг ваколатларини кенгайтириш, иш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга ошириши лозим.
Давлат бошқаруви академиясида ёшлар масаласига мутасадди барча раҳбарларнинг билим ва малакасини ошириш учун ўқув курслари ташкил этилиши керак. Улар ўз вилояти ва туманлари, мактаб, коллеж, техникум, олийгоҳлардаги ёшларнинг маънавий тарбияси учун бевосита масъул бўлиб, ҳар ойда таҳлилий муҳокамалар ўтказиши ва маҳаллий кенгашларда ҳисобот бериб бориши даркор.
Бугунги кунда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш нақадар муҳим эканини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз.
Минтақамиз ва дунёдаги вазият тобора кескинлашиб бормоқда. Миллий хавфсизлигимиз, тинч ва осойишта ҳаётимизга нисбатан таҳдид ва хатарлар кучаймоқда.
Мана, ўзингиз телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали кўряпсиз, қўшни Афғонистондаги аҳвол мураккаблашиб бормоқда. Бундай вазият Қуролли Кучларимиз салоҳиятини юксалтириш борасидаги ишларни, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси билан уйғун ҳолда олиб боришни талаб этмоқда. Шу боис ҳушёрлик ва огоҳликни ошириш, ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлигимизни мустаҳкамлаш, ҳар қандай таҳдидларга муносиб жавоб беришга тайёр бўлиб яшаш ҳаётнинг ўткир заруратига айланмоқда.
Ёш авлоднинг онгини салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш ўзини ватанпарвар деб ҳисоблайдиган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, айниқса ёшларнинг асосий бурчи бўлиб қолиши шарт.
Ҳозирги вақтда миллий армиямиз, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, чегара қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбийларимиз чинакам Ватан ўғлонлари, жасур аждодларимизнинг муносиб давомчилари эканини амалда исботламоқда. Улар халқаро ҳарбий мусобақаларда, жаҳон спорт майдонларида Ватанимиз байроғини баланд кўтараётганларини барчамиз яхши биламиз.
Хабарингиз бор, ҳарбийларимизнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини ошириш мақсадида Жасорат мактабини яратишга қарор қилган эдик. Бу борада амалий ишлар бошлаб юборилди. Шу билан бирга, олий ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар, жумладан, “Темурбеклар мактаби” фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Буюк саркардаларимизнинг жанг санъати, ҳарбий соҳадаги билим ва тажрибаси, энг муҳими, ватанпарварлик фазилатлари ҳар бир юртимиз ўғлони учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилиши керак. Уларнинг жанговар анъаналарини бугун ким давом эттиради? Сизлар, сизлар каби миллионлаб фарзандларимиз, албатта.
Ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва спортга жалб этиш масалаларига устувор аҳамият қаратишимиз зарур. Шу мақсадда Мудофаа вазирлиги ҳузурида “Ватан ўғлони” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлайман. Ҳаракатнинг ҳар бир мактабда тузиладиган отрядлари жами 200 мингдан ортиқ ўқувчиларни қамраб олиб, уларни тарбиялашда асосий кучга айланиши керак.
Мудофаа ва Халқ таълими вазирликлари вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга, ушбу тизимни самарали йўлга қўйишга масъул бўлади.
Учинчидан, маданият, санъат, илм-фан, таълим соҳасида ўз иқтидорини намоён этаётган ёшлар учун зарур шароитларни яратиш ҳудудлар ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарларининг асосий вазифаларидан бири бўлиши шарт.
Шу мақсадда Бўстонлиқ туманида, Ўзбекистон металлургия комбинатининг “Ёшлик оромгоҳи” негизида йил давомида фаолият юритадиган Республика иқтидорли ёшлар оромгоҳи ташкил этилади. Оромгоҳ Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар агентлиги тасарруфида бўлиб, унинг барча харажатлари “Ўзметкомбинат” томонидан молиялаштирилади.
Бу масканда, ёшларимиз йил давомида аниқ фанлар билан бирга, бадиий адабиёт, тасвирий санъат ва мусиқа бўйича ҳам билим ва малакасини оширади. Ҳар йили ушбу йўналишлар бўйича туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсида фестиваллар ташкил этилади.
Асрлар давомида буюк аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган маънавий хазинани кўз қорачиғидек асраш ва уни янада бойитиш, келгуси авлодларга безавол етказиш – барчамизнинг бурчимиздир. Дўппи, чопон, атлас, адрас, сўзана, кашта, дутор, ғижжак, танбур, дўмбира, чанқовуз каби миллий ҳунармандчилик намуналари ва чолғу асбобларини ёшлар ўртасида оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва туманда, мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим масканларида Наврўз ва Мустақиллик байрамларига бағишлаб, кўрик-танлов ва фестивалларни ташкил этиш керак. Шунингдек, ўғил болаларни эр йигитнинг қаноти бўлган от билан дўстлашиб, мард ва жасур бўлиб камол топиши учун ёшлар ўртасида от спортини оммалаштириш зарур.
Айниқса, қорабайир зотли отлар ёшларимиз учун ғурур тимсолига айланиши лозим. Шу мақсадда ҳар бир вилоят ва туманларда “Чавандозлар мактаби” фаолияти йўлга қўйилади.
Яқинда Германияда от спорти бўйича бўлиб ўтган нуфузли мусобақада самарқандлик мактаб битирувчиси Абдураҳмон Абдуллаев иккита йўналишда олтин ва кумуш медалларига сазовор бўлди. Халқаро миқёсдаги ютуқлари учун бу ўғлимиз “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.
Бундай моҳир чавандозларни кўпайтириш учун туман, вилоят ва республика миқёсида от спорти мусобақалари, шунингдек, улоқ-кўпкари, чавгон, пойга каби миллий ўйинлар ташкил этилади. Вилоят ва туманлар ҳокимлари ҳамда Миллий гвардия қўмондони бу ишларни ташкил этишга шахсан масъул бўлади.
Тўртинчидан, катта мамнуният билан айтиш керакки, 100 нафардан ортиқ ёшларимиз кейинги ойда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ва Паралимпия мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Уларнинг вакиллари ҳам ушбу учрашувимизда иштирок этмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, истеъдодли спортчиларимизга барчамиз биргаликда ютуқ ва зафарлар тилаб қоламиз.
Жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ҳақида гап кетганида, бир муаммони айтиб ўтиш лозим. Ҳудудлардаги кўплаб спорт иншоотлари асосан туман ва шаҳар марказларида жойлашгани боис чекка қишлоқларда яшайдиган ёшлар бу имкониятлардан фойдалана олмаяпти. Шу сабабли жойларда спорт тўгаракларини ташкил этаётган мураббийларга инвентар сотиб олиш учун субсидия ажратилади, бўш турган бинолар имтиёзли асосда ижарага берилади. Шунингдек, камида 100 нафар ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига эришган мураббийларга бюджетдан ойлик тўлаш тартиби жорий этилади.
Туризм ва спорт вазирлиги икки ой муддатда олис ҳудудларда ёшлар учун енгил конструкцияли ва сэндвич панелли спорт иншоотларини барпо этиш бўйича ҳар бир туман кесимида Ҳукумат дастурини ишлаб чиқиб, намунавий лойиҳалар тақдимотини ўтказсин.
Бешинчидан, юртимиз тарихий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларга жуда бой. Лекин, олис ва чекка ҳудудлардаги аксарият ёшларимиз Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Хива, Термиз, Қўқон, Марғилон, Тошкент каби қадимий шаҳарларимизни кўрмаган, десак, тўғри бўлади.
Шунинг учун ички туризмни ривожлантириш дастурлари доирасида ёшларнинг таътил пайтида республикамиз бўйлаб саёҳатларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Шунингдек, ёшларимизни табиатимиз дурдоналари бўлмиш – Чотқол, Зомин, Сурхон, Нурота, Қизилқум қўриқхоналарига саёҳатларини йўлга қўйиш зарур.
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Қадрли ёшлар, азиз фарзандларим!
Мен бугун сизларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний салоҳиятингизни рўёбга чиқаришга қаратилган ишларимизнинг фақат айримлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтдим, холос. Ҳаммамиз тушунамизки, олдимизда турган улкан вазифалар яна янги дастур ва режалар қабул қилишни талаб этади. Жойларда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимлар сизлар билан доимий учрашувлар ўтказиб, фикр ва таклифларингизни мунтазам эшитиб боради. Ана шундай самарали тизим асосида ёшларимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилган ишларимизни доимий тарзда давом эттирамиз.
Кўриб турибсизларки, сизлар билан биргаликда бажарадиган ишларимизнинг кўлами кенг, миқёси жуда улкан.
Биз сизларнинг ақл-заковатингиз, куч-ғайратингиз, келажакка ишончингиз, Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатингизга таяниб, маррани ниҳоятда баланд олдик. Ушбу вазифаларни барчамиз биргаликда муваффақият билан амалга оширишимизга ишончим комил, албатта.
Бугунги кунда кўпмиллатли халқимиз, Ватанимиз тараққиёти учун, Ўзбекистоннинг янги Уйғониш даврини яратиш йўлида белини маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилмоқда. Бу йўлда улкан орзу-умидлар, катта режалар билан сафимизга қўшилаётган ёшларимиз – асосий таянчимиз ва суянчимиздир.
Сизлар том маънода юртимиз истиқболи, ёруғ келажагимиз бунёдкорисиз!
Машҳур шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, ёшликдаги куч-ғайратни эл-юртига бахш этган йигит-қизлардан Ватан ҳам, халқ ҳам, ёшликнинг ўзи ҳам рози бўлади.
Ҳаммангизга ана шундай улкан бахт, улкан шараф насиб этсин!
Сизларни бугунги гўзал байрам – Ёшлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва янги зафарлар тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ўғил-қизларим!
Устоз ва шогирд муносабатлари
Қуръон каримнинг кўп жойларида илм мавзусига доир оятлар келади. Шунинг учун биз илм олишимиз учун бизга устоз керак булади. Маьлумки, бу дунёнинг ривожланишида инсониятнинг тараққий этишида устознинг ўрни беқиёс. Доно халқимиз “Устоз кўрган”, “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, “Таълим берган устозингга раҳмат”, "Устоз-отангдек улуғ", “Уста борида қўлингни тий, устоз борида тилингни”, “Уста бўлсанг устозингни унутма”, “Устозингга тик қарасанг тўзасан, ҳурмат қилсанг аста-аста ўзасан”, деб бежиз айтишмаган. “Устоз” сўзи ўзбек тилининг изоҳли луғатида йўл-йўриқ кўрсатувчи, тарбияловчи, мураббий, раҳнамо, ўқитувчи, муаллим деган маъноларни англатиши ёзилган. Демак, “устоз” номи кенг маъноли сўз бўлиб, бу номга муяссар бўлган кишига ҳар томонлама юксак масъулият юклатилади. Шунинг учун ҳам халқ орасида устозлар ҳурмати тўғрисида кўплаб ибратли нақллар бор. Бунинг маъноси шуки, ҳар қандай касб соҳиби устозсиз шаклланмайди, ҳаётдан ўз ўрнини топа олмайди.
Қадим Шарқ халқларида устоз, мураббий, мударрис, муаллим, тарбиячи номлари билан юритилувчи зотларнинг иззати ва ҳурмати ҳамиша юқори бўлган. Инсон ўзини англаган даврдан устозларга суянган, улардан маънавий қудрат олган. Агар иқтидорли устоз ўз мактабини яратмаса, ўзидан кейин билимдон, истеъдодли шогирдлар қолдирмаса, унинг ҳаёти, умри бесамар ўтган бўлади. Устоз қанчалик буюк бўлмасин, таълим жараёнида қанчалик ютуқларга эришмасин, ўз билим тажрибасини ишончли шогирдларда қолдирмаса, унинг эришган ютуқлари сувга тушган тошдай изсиз йўқолади. Бобокалонимиз ҳазрат Навоий бу борада қуйидаги мисрани битган эди: “Ҳунарни асрабон неткумдир охир, Олиб тупроққаму кетгумдир охир”.
Қадимда ҳар бир ҳунар муқаддас ҳисобланган бўлиб, уни ҳурматлаб, эъзозлаб келганлар. Ота-боболаримиз устоз ва шогирдлар учун ўзига хос одоб-ахлоқ, махсус қонун-қоидалар, урф-одатлар, дуолар, миллий анъаналарни ишлаб чиққан бўлиб, бу қоидаларга қатъий риоя қилинган. Устознинг ҳам, шогирднинг ҳам олдига қўйилган ўзига яраша вазифалари ва бурчлари бўлган. Ризоуддин Ибн Фахриддин устозларга шундай насиҳат қилган эди: “Шогирдингизни ҳар бир ҳаракатларига қараб турингиз, уларга хушмуомалаликларни, гўзал-у шафқатли одатларни тушунтирингиз, сўзларини-ю феълларини яхшилангиз, уст-бошларини, кийим-кечакларини пок тутмаклари ҳақида назорат айлангиз. Ёмон хулқлар юқумли бўлганидан бир шогирднинг ёмон хулқи борлигини билсангиз, жумласини баробар кўриб, жумласи фойда олажак равишда ўргатингиз, фойдали ишлар, керакли адабларнинг жумласидан хабардор айлангиз, натижада бола мумкин қадар режа ила иш қилмоқ, эҳтиёткорлик, поклик, кўркам тартиб, кўп фойдасига тиришмак каби хосиятларингизни эгаллаб олади”.
Шогирд устозни ҳурмат қилиши ва унинг меҳнатини қадрига етмоғи керак. Бир ҳакимдан нима учун сиз устозингизни отангиздан кўра ҳурмат қиласиз? – деб
сўрашди. У бундай жавоб берди, отам дунёга келишимга сабабчи бўлган бўлса, устозим ҳаётим борича
яхши яшашимга сабаб бўлди.
Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий Абдураҳмон Жомий яшайдиган маҳаллага яқин келганда отдан тушиб, устози яшайдиган маҳалла аҳли билан қуюқ саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраб, отига минмай Жомий уйигача пиёда борар экан. Шунда бир темирчи сўрабди: “Амир Навоий, нечук устоз уйига етмай туриб отдан тушиб оласиз? Ахир сиз вазири аъзамсиз-ку! Сизга бундоқ юриш ярашмас”. Алишер Навоий жилмайиб туриб, шундай дебди: “Йўқ биродар, мен ҳозир устозим Абдураҳмон Жомий яшайдиган маҳаллага келдим. Демак, бу ерда яшовчи ҳар бир фуқаро устозимнинг тобуткашлари ҳисобланади. Шундоқ бўлгач, нечун мен улар, яъни сиз муҳтарамлар олдида ҳурматсизлик қилишим керак. Устозимни қандоқ авайлаб-эъзозласам, сизларни ҳам шундоқ кўргумдир”.
Шогирднинг энг яхши хислати – покликдир. Зеро, Хусайн Воиз Кошифий шогирд одоби ҳақида шундай дейди: “Устоз қабулига кирганда ёки устозини кўрганда, биринчи бўлиб салом бериш; устознинг олдида оз гапириш ва бошни олдинга эгиб туриш, кўзни ҳар томонга югиртирмаслик; агар масала сўрамоқчи бўлса, олдин устоздан ижозат олиш; устоз жавоб айтганда, эътироз билдирмаслик; устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик; ўтириб-туришда ҳурматни тўлиқ сақлаш. Шогирднинг руҳий оламининг муҳим замини ҳам бўлиб, уларга поклик, дўстлик, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, садоқат, меҳр-мурувватлилик, касб танлаш имконияти, ватанпарварлик, миллий ифтихор, инсонпарварлик, хушмуомалалик, озодалик, покизалик, самимийлик, зийраклик, ташаббускорлик, инсофлилик, ростгўйлик, ор-номуслилик, ҳамжиҳатбарорлик, андишалик, катталарни ҳурмат қилиш, соф муҳаббатни қадрлаш, вазминлик, тўғрилик, устозини ҳурматлаш, ота-онасини ҳурматлаш кабилар киритилади”.
Инсоният тарихий тараққиёти, жамиятнинг қиёфаси устоз-педагогнинг аҳволи ва руҳиятига боғлиқ. Унинг жамиятдаги мавқеи, ҳаётга бўлган муносабати, маънавий-маърифий савияси кишилар ўртасида юксак тарбиявий аҳамиятга молик.
Устоз деганда фақат маьлум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм фаннинг барча турлари, касб ҳунар сирларини ўргатувчиларни хам тушунишимиз лозим. Илм маьрифат тарқатиш савобли амалдир. Борлиқдаги хамма нарса яхшиликни ўргатувчининг ҳаққига дуо килади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло, унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва балиқ, одамларга яхшиликни таьлим берувчига салавот айтадилар”.
Устознинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоят катта ва улуғдир. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунё ва охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди.
Динимиз таьлимотига кўра, ўзгаларга таьлим берган киши нафақат дунёда иззат-хурматда бўлади, балки вафотидан кейин хам қолдирган манфаатли илми, таьлим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аьмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан устоз ва мураббийлар ҳар канча эьзозланса арзийди. Мавлоно Жалолиддин Румий ёзадилар: “Бувад занжир бо занжир пайванд, сари занжир дар дасти Худованд” яьни, илм занжир каби бир-бирига улангандир, занжирнинг боши эса Аллоҳ таоло ҳузуридадир. Ана шу нурли занжир меҳру-мухаббатли, эҳтиромли қалбларимизга пайванд бўлиб, икки дунё хаётимизни ёритсин.
Устоз муаллимларнинг мақоми энг шарафли мақом ҳисобланади. Ибн Жамоа роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Толиби илм барча ишларида устозига бўйинсуниши, унга худди бемор ўзини моҳир табибга топширгандек топшириши лозим бўлади. Шогирд доимо устознинг маслаҳатига юриши, унга эҳтиром кўрсатишга астойдил ҳаракат қилиши, унинг хизматини қилиш билан Аллоҳ таолога муқарраб бўлишга уриниши керак. Шогирд устозга итоатли бўлишни азизлик, уни улуғлашни фахру-ифтихор, унга тавозели бўлишни обрў мартаба деб билиши лозим”.
Имом Шофеъийнинг шогирдлари Робиъ айтади: Имом Шофеъий билан йигирма йил бирга бўлганман, у зотнинг ҳайбатларидан ҳузурларида сув ичишга ҳам ботина олмаганман”.
Устознинг розилигини олиш шогирд учун нақадар муҳимлигини Алишер Навоий бобомиз шундай баён қилганлар: Агар шогирд шайхулислом агар қозидур, Агар устоз рози – Тангри розидур.
Аллоҳ таоло бизларни ана шундай улуғ ва шарафли устозлик мартаба ва даражаларига ҳамда шундайин улуғ устозларга шогирд бўлишлик шарафига эриштирсин!
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби