muslim.uz
Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан «Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон» мавзусидаги халқаро илмий-амалий симпозиум онлайн тарзда ўтказилди.
ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистонда жаҳон илм-фани ривожига бебаҳо ҳисса қўшган мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш, уларнинг илмий меросини халқаро жамоатчиликка етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмидир.
Ўзбекистон замини қадимдан илму маърифат маркази, маданият ўчоғи бўлиб келган. Бу диёрдан етишиб чиққан мутафаккир алломалар, хусусан, Имом Бухорий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб қомусий олимлар ислом илмлари билан бир қаторда, дунёвий фанлар тараққиётига, хусусан, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган.
Ана шундай буюк алломалар қаторидан жой олган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ҳамда мотуридийлик таълимотини халқаро жамоатчиликка етказиш мақсадида Имом Мотуридий халқаро-илмий тадқиқот маркази ICESCO, IRCICA каби халқаро ташкилотлар, Малайзия исломни англаш институти, Ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси, Салжук университети Имом Мотуридий тадқиқотлари маркази сингари хорижий илмий муассасалар, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда «Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон» мавзусидаги халқаро онлайн илмий-амалий симпозиум ўтказилди.
Симпозиум давомида иштирокчилар томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти моҳияти: мотуридий алломаларининг ушбу таълимот ривожидаги ўрни, мотуридийлик таълимотининг мўътадилликни таъминлашдаги аҳамияти, Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва мотуридийлик таълимотида ақидавий масалаларнинг ёритилиши юзасидан амалга оширилган илмий тадқиқотлар сингари муҳим илмий масалалар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, симпозиумда олимлар мотуридийлик таълимотининг ўзига хос хусусиятлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди. Хусусан, бугунги кундаги долзарб ақидавий масалаларга ечим топишда мотуридийлик таълимотининг ўрни ва аҳамияти, ушбу таълимотнинг мўътадиллиги иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди. Мазкур симпозиум иши доирасида Имом Мотуридий ва мотуридий алломаларининг илмий меросини халқаро жамоатчиликка етказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Симпозиумда Марказ томонидан нашрга тайёрланган Имом Мотуридийнинг «Таъвилот ал-Қуръон» 29-жузи, Мулла Али Қорийнинг «Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар», Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ал-Ҳидоя», «Юртимиз алломалари рукни остида 10 та рисола», «Халқаро ислом ташкилотлари», «Мутаассибликка қарши мўътадиллик: метод ва таҳлиллар» «Долзарб раддиялар», «Ислом ниқобидаги мутаассиб гуруҳлар» каби бир қатор китоблар, шунингдек, «Мотуридийлик» илмий-маърифий журналининг нишона сони тақдимоти ўтказилди.
Симпозиумда қатнашган халқаро экспертлар, мутахассис ва олимлар томонидан иштирокчиларнинг маърузалари ҳамда бошқа илмий натижалар алоҳида тўплам шаклида нашр этилиши маъқулланди.
Шу билан бир қаторда, талабалар ўртасида «Имом Мотуридий издошлари» рукни остида ташкил этилган танловнинг энг яхши мақола, энг яхши видеоролик, энг яхши инфографика номинациялари бўйича ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
Ёш тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида симпозиум доирасида докторантлар, тадқиқотлар ҳамда талабалар учун «Имом Мотуридий ёш тадқиқотчилар нигоҳида», «Замонавий исломшунослик муаммолари» деб номланган алоҳида шуъбалар ташкил этилди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази мотуридийлик таълимотини жаҳонга танитиш ҳамда ислом оламида мўътадил таълимотни халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бирдамлик ва иттифоқнинг асли тавозеъдир
Одамлар иттифоқ, иттифоқ деб хайқирадилар. Бироқ, иттифоқнинг асли бўлган тавозеъ улардан анча узоқдир. Иттифоқнинг асли тавозеъдир. Икки шахсда тавозеъ бўлса, уларнинг ўртасида иттифоқсизлик бўлиши мумкин эмас. Ҳозир одамлар ҳар нарсада кибрни ихтиёр қиладилар. Тилда эса иттифоқ, иттифоқ деб хайқирадилар. Ахир, бундан нима бўлади. Агар ҳақиқатда иккиси тавозеъ ила иш кўрса, у ҳолда иттифоқ юзага келади. Тавозеъ қачон бўлади, қачонки, мол ва мансаб муҳаббати бўлмаса, ўшанда бўлади. Қаерда мол ва мансабнинг дахли бўлса, ўша жойда зиддият албатта бўлади. Иззат, мансаб ва молнинг муҳаббати фасоднинг илдизидир. Агар у бўлмаса, Худога қасамки, хеч қачон зиддият бўлмайди.
Бугунги кунда ваъзларда «иттифоқ бўлинг, иттифоқ бўлинг» дейилиши, барча мен билан иттифоқ қилсин дегани бўлади. Ҳар шахс ўзининг фикрига иттифоқ қилишга даъват қилади ва бу тарзда қиёматгача иттифоқ бўла олмайди. Балки, иттифоқ барпо қилишнинг сурати шуки, ҳар шахс агар биров менга эргашмаса, у ҳолда башартики, шариъатга хилоф иш бўлмаса, мен унга эргашаман дейишга тайёр бўлсин.
Иттифоқнинг асли тавозеъдир. Тавозеъсиз иттифоқ бўлиши мумкин эмас. Иттифоқ фақат тавозеъ ила бўладики, ҳар шахс бошқага мувофиқлик ва тақлид қилиш учун тайёр бўлсин. Йўқса, иттифоқ бўлиши қийиндир. Агар бўлса ҳам фақат тилда ва қоғозда бўлади.
Ихтилоф ва нафратнинг асоси кибрдир. Ихтилоф доимо худбинлик ва ўзини афзал билишликдан келиб чиқади. Бизнинг Ҳазрат Ҳожи Имдодуллоҳ соҳиб муршидимиз айтар эдиларки, иттифоқнинг асли тавозеъдир. Икки мутакаббир ўртасида хеч қачон иттифоқ бўлмайди. Қачонки, бирор шахсда тавозеъ бўлса, у ҳолда унга ўзини бошқага эргаштиришлик ва ўзининг фикрида ўзгаларнинг фикрига нисбатан қатъий туриб олмаслик хеч қийин кўринмайди. Мутакаббирда эса бу иш хеч қачон бўлмайди.
Хулоса шуки, иттифоқнинг асли тавозеъдир. Тавозеъли одамлар ўртасида ўзаро низо (жанжал) бўлиши мумкин эмас. Тавозеъсиз хеч қачон иттифоқ юзага келмайди.
Ҳакимул уммат, Ҳазрати Мавлоно Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ.
"Умматнинг ўзаро ихтилофлари ва уларнинг ечими" китобидан
Абдулқайюм Комил таржимаси
Ислом тараққиёт банки кўмагида Хазарбоғ – Оққапчиғай каналлари тизими қайта тикланмоқда
Ислом тараққиёт банки иштирокида Сурхондарё вилоятидаги Хазарбоғ – Оққапчиғай каналлари тизимини қайта тиклаш орқали суғориладиган экин майдонларини ўзи оқар сув билан таъминлаш қуввати оширилмоқда.
“Сурхондарё вилоятида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш (Хазарбоғ – Оққапчиғай каналлари тизимини қайта тиклаш)” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бу иш учун 122,72 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган. Унинг 89,55 миллион доллари Ислом тараққиёт банки сармоясидир.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда бой тажрибага эга жанубдаги воҳанинг сув таъминотини яхшилашга қаратилган лойиҳанинг пудратчи корхоналарини аниқлаш бўйича ўтказилган тендер (танлов) савдолари натижаларига кўра, ажратилаётган маблағнинг 46,09 миллион доллари иқтисод қилиниб, унинг 35 миллион доллари давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ “COVID-19” оқибатларини бартараф этишга йўналтирилган. 11,09 миллион долларини лойиҳада кўзда тутилган объектларга йўналтириш белгилаб олинган.
Лойиҳани келгуси йил якунигача тўлиқ фойдаланишга топшириш мўлжалланган бўлиб, воҳанинг Бандихон, Денов, Қумқўрғон, Олтинсой, Сариосиё, Шеробод ва Шўрчи туманлари ҳудудида йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, бу ишни тез, самарали бажариш учун қурувчилар 150,9 километр узунликдаги канал ва каналлардаги 249 дона гидротехник иншоотларни реконструкция қилмоқда. Янгидан тўрт километр узунликдаги канал ва 284 дона гидротехник иншоотни қуриш ишлари олиб борилаётир. 4666,6 минг метр куб тупроқ ва 386,3 минг метр куб бетон ишлари уддаланмоқда. Вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантириб, зироатларни ўзи оқар сув билан таъминлаш режалаштирилган йирик объект 6 та қурилиш пакетига бўлинган бўлиб, бунёдкорлар учтасида белгиланган ишларни сифатли ниҳоясига етказди.
–Ҳозир учта пакетда ҳам объектни фойдаланишга топширишга ҳозирлик кўрилмоқда, – дейди “Хазарбоғ-Оққапчиғай каналлари тизимини қайта тиклаш” лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи бош муҳандиси Ўктам Пардаев. – Жумладан, бош пудратчи “Tupalang HPD Platinum” масъулияти чекланган жамияти “Шеробод магистрал каналига уланувчи канални қайта тиклаш ва Тангимушсой иншоотларини қуриш” пакетида 5,837 миллион долларлик, “Р-1 ва Р-2 каналларини қайта тиклаш” объектида 36,1 миллиард сўмлик иш бажарди. “Фахриддин” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари “Томчилатиб суғориш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш” объектида 0,69 миллион долларлик ишни муддатидан олдин уддалаб, қурилиш ишларини тугатди.
Айни пайтда муҳим объектни тўлиқ белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш учун 600 дан ортиқ бунёдкор меҳнат қилиб, 213 та машина-механизм кучидан унумли фоойдаланмоқда. Қисқа вақтда бу ерда 89,4 километр узунликдаги канал, каналлардаги 57 дона гидротехник иншоотда реконструкция ишлари ҳамда 4 километр узунликдаги канал ва 119 дона гидротехник иншоотда янгидан қуриш ишлари бажарилгани, 3842,2 минг метр куб тупроқ ва 195,3 минг метр куб бетон ишлари амалга оширилгани бунга яққол далилдир.
Воҳанинг экин майдонларини кафолатли оби-ҳаёт билан таъминлашга қаратилган лойиҳа доирасида шу кунгача 23,96 миллион доллар қийматидаги қурилиш, реконструкция ишларини бажарган бунёдкорлар иш унумдорлигини ошириб, шижоат билан меҳнат қилмоқда. Хусусан, Эроннинг “Ariana Tunnel Dam Co.” компанияси лойиҳа қиймати 6,48 миллион долларлик “Ўнг қирғоқ ва Тўпаланг-Қоратоғ каналларини қайта тиклаш”, “Турон Мега Строй” ва “Сино индустриал Ташкент” масъулияти чекланган жамиятлари қиймати 9,2 миллион долларлик “Хазарбоғ каналини юқори қисмини иншоотлари билан қайта тиклаш” ҳамда 8,39 миллион долларлик “Оққапчиғай канали юқори қисмини иншоотлари билан қайта тиклаш”, “2-сон МКК” масъулияти чекланган жамияти “Kubo Construction” консорциуми 5,9 миллион долларлик “Хазарбоғ канали қуйи қисмини иншоотлари билан қайта тиклаш” ва 7,324 миллион доллар қийматидаги “Оққапчиғай канали қуйи қисмини иншоотлари билан қайта тиклаш” объектларида барча юмушларни кўтаринки руҳда давом эттирмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳанинг
бажарилиши вилоятда сув таъминотини тубдан яхшилаб, экин майдонларига ўзи оқар оби-ҳаёт етказиб беришда муҳим ўрин тутади. Электр энергияси ва унга сарфланадиган маблағни тежайди. Сув тақчиллиги кузатилаётган вилоятда оби-ҳаёт тежамкорлигига эришилади. Масалан, иншоот тўла қувват билан ишга тушгач, 103,4 минг гектар суғориладиган экин майдонлари кафолатли сув билан таъминланиб, 38,5 минг гектар суғориладиган майдон ўзи оқар сув таъминотига ўтказилади. Шунингдек, “Шеробод” насос станциясидаги ҳар бирининг қуввати 20 м3/сек. бўлган 2 та агрегатнинг иш фаолияти тўхтатилиб, “Бандихон-2” ва “Дўстлик” насос станциялари тугатилади. Натижада ҳар йили насос станцияларнинг эксплуатация ҳаражатлари ҳисобидан 157,6 минг доллар ва электр энергия ҳисобидан 2925,0 минг доллар (62,1 млн.кВт/соат) маблағ иқтисод қилинади. Каналларнинг фойдали иш коэффициенти 0,72 дан 0,92 га оширилиши натижасида уларни ишончли ва ҳавфсиз эксплутация қилиш таъминланиб, ҳар йили 294,1 млн метр куб сув иқтисод қилинади. 231,7 минг кишининг қишлоқ хўжалигида бандлиги таъминланиб, воҳада турли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ошади.
–Томорқада деҳқончилик қилиб, турли зироат етиштирамиз, – дейди Денов туманидаги Чоргул маҳалласида яшайдиган М. Тошбоев. – Уларни “Хазарбоғ” канали суви билан суғорамиз. Лекин, кейинги йилларда сув тақчиллиги кузатилиб, парваришлаётган озиқ-овқат маҳсулотларимиздан мўлжалдаги ҳосилни олмаётган эдик. Каналнинг тўлиқ қайта реконструкция қилинаётгани ва сув таъминоти қайта яхшиланишини эшитиб, жуда қувондик. Яратилаётган бу қулайлик бизнинг томорқадан оқилона фойдаланиб, йилнинг тўрт фаслида ҳам сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришимиз учун катта имкониятдир.
Ислом тараққиёт банки сармояси иштирокида амалга оширилаётган бу хайрли иш юрт ободлиги, эл фаровонлиги ва дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлашдек улуғвор мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА
Ислом шариатига таҳдид соладиган хатар
Бугунги кунда мусулмон оламида Ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлдики, у ҳам бўлса мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир.
Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки фиқҳий мазҳабнинг бирига эргашишлик шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс бирор шаръий масалада улардан бирига эргашса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор ва динидан ажралган шахслар каби адашади.
Мазкур тоифага кирувчи шахслар Исломга амал қилишнинг асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва Сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса Китоб ва Сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахсларнинг ижтиҳодфикрларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди.
Қолаверса, Исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, Сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир. Саҳобаи-киром розияллоҳу анҳумнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларигагина мурожаат қилганлар. Улар бирор-бир масалада Қуръон ва Суннадан далил тополмай қолгандагина ижтиҳодга қўл урганлар. Бу эса, асосий эътибор қаратиладиган ва эргашиладиган ҳолат. Шунинг учун ҳам мазҳаб тутиш ёки бирор-бир мужтаҳид имомга тақлид қилиш Аллоҳни қўйиб уларни Робб қилиб олишдир деб иддао қилишади.
Ўзларини Ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган мазкур тоифадаги шахслар Қуръон ва Сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш айнан мусулмонлар ўртасида ихтилофга замин бўлиши ва бу Ислом бирлигига раҳна туғдиришини жар солмоқдалар.
Аслидачи?! Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Улар ўзларини бирор бир мазҳабга амал қилмасликларини даъво қиладилару, аслида намоз ва бошқа ибодатларда тўрт мазҳаб имомларидан бирига эргашадилар. Бундан бошқа иложлари ҳам йўқ. Негаки, ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни чиқариб олишга етарли даражада илмий ва ақлий қувват лозим бўлади. Лекин бир икки масалани чуқур ўрганмай туриб, ихтилоф чиқаришга усталар, масалан: “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз”, – деган даъвони қиладилар. Бу ўта калтафаҳмлик ва жоҳиллик, хусусан, ғаразгўйликдан бошқа нарса эмас.
Ислом уммати илмий салоҳият жиҳатидан икки тоифага бўлинади: биринчиси –мужтаҳид, иккинчиси – муқаллидлардир.
Киши мужтаҳид деб эътибор қилиниши учун қуйидаги илмларни тўлиқ эгаллаган бўлиши шарт:
- Қуръон ва тафсир илмлари.
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари илми.
- Салафларнинг қавллари, ижмоъ ва ихтилофлари илми.
- Усулул фиқҳ илми.
- Луғат илми.
- Қиёс илми.
Муқаллид бу – мужтаҳид бўлмаган шахс бўлиб, мужтаҳид имомларнинг бирига эргашиши лозим. Чунки у ҳукм чиқаришдаги далилларни топиш ёки аниқлашга қодир эмас. Демак, муқаллид агар Қуръон ва Суннага амал қилмоқчи бўлса, уларни билган кишилар, яъни мужтаҳидларга эргашиш, яъни тақлидга ўзўзидан мажбур бўлади.
Ҳозирги даврда Абу Ҳанифа, Шофеий, Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимга ўхшаш мужтаҳидлар йўқлигига ҳамма уламолар иттифоқ қилганлар. Мужтаҳидлик даъвосини қилган ёки қилаётган ёхуд фалончи мужтаҳид деб айтаётган аҳли илм йўқ. Бундай бўлиши жуда ҳам қийин. Аммо мазҳаб ичида ва янги пайдо бўлган масалаларни ҳал қилиш ёки янги фатволарда ижтиҳодлар содир бўлиб турибди.
Бугунги кунимиздаги ҳар бир мусулмон якка тартибдаги ижтиҳод билан шуғулланиши керак, деган ҳам гап мутлақо асоссиздир. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг Расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи Сунна ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир”.
Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтадилар: “Мен 360 та уламони учратдим. Агар имом Молик ва Имом Лайс бўлмаганда уларнинг илмларида адашиб кетардим”. Имом Моликнинг шогирди бўлган, моликия мазҳабининг мужтаҳиди ибн Ваҳб бу сўзлари билан айтмоқчики, ҳадисларни тушуниш ва унга эргашишда имом Молик тушунча бермаганда адашар экан. Яна у айтади: “Ҳадис илмлари, агар фиқҳ илми бўлмаса, адаштиради”.
Мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз адашишга олиб боради. Шунинг учун ҳам замонамизнинг машҳур алломаларидан доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”, – деган.
Шу ўринда мазҳабсизликни даъво қилаётганларнинг айтаётган сўзларига ҳужжат келтира олмаслиги ва қилаётган даъволарининг асоссиз эканлигига доктор Муҳаммад Саййид Рамазон Бутий ва мазҳабсизлик даъвоси тарғиботчиси Носируддин Албоний иккиси ўртасида кечган баҳснинг баъзи қирраларини келтириш билан бу мавзуни якунлаймиз.
– Сиз Аллоҳнинг ҳукмларини англашда қандай услубни қўллайсиз? Уларни Қуръон ва Суннадан оласизми ёки мужтаҳид имомларданми?
– Мен имомларнинг фикрларини ва уларнинг ҳужжатларини кўриб чиқаман-да, сўнг Қуръон ва Суннага энг яқин бўлган фикрга суянаман.
– Жуда яхши .Айтинг-чи, ҳар бир мусулмон имомларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиб, сўнг улардан Қуръон ва Суннага кўпроқ мос келадиганига эргашиши шартми?
– Ҳа.
– Бундан чиқди ҳамма одамлар ҳам худди мазҳаб имомлари каби ижтиҳод даражасига эга экан-да. Бунинг устига уларнинг салоҳияти яна ҳам юқорироқ, яна ҳам етук экан. Ахир буюк-буюк имомларнинг фикрларини баҳолайдиган ёки ушбу фикрлар ҳақида Қуръон ва Сунна мезони асосида ҳукм чиқара оладиган одам имомлардан ҳам илмлироқ бўлади-да! Хўп, Сиз Қуръонни етти қироатнинг қайсинисида қироат қиласиз?
– “Ҳафс” қироати билан.
– Ҳар доим шу қироат билан ўқийсизми ёки ҳар куни ҳар хил қироат биланми?
– Йўқ, мен ҳар доим фақат “Ҳафс” кироати билан ўқийман.
– Хўш, нима учун сиз буни ўзингиз учун вожиб қилиб олдингиз? Ахир Аллоҳ таоло сизга Қуръонни фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилингандек ўқишни буюрган-ку?
– Чунки мен бошқа қироатларни ўргана олмаганман. Менга фақат шу қироатда ўқиш осон.
– Фиқҳни Шофеий мазҳаби бўйича ўрганган бир киши сиз бошқа қироатларни ўргана олмаганингизга ўхшаб, бошқа мазҳабларни ўргана олмаган. Унга дин аҳкомларини фақат шу имомдан ўрганиш осон бўлган. Агар сиз у барча имомларнинг ижтиҳодини ўрганиб, ҳукмларни уларнинг ҳаммасидан олиши шарт десангиз, у ҳолда ўзингиз ҳам барча қироатларни ўрганишингиз лозим бўлади-ку! Агар ўзингизни қобилиятим йўқ деб оқлайдиган бўлсангиз, унда ўша муқаллидни ҳам оқлашингиз керак бўлади.
– Айтайлик, диний аҳкомларни бажаришни энди бошлаган, ҳали Ислом илмларидан ҳеч нарса олиб улгурмаган ўспирин бола Парвардигорнинг “Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа қарасангиз Аллоҳнинг юзи бор. Албатта, Аллоҳ кенг қамровли, билувчи зотдир” (Бақара, 115) оятини ўқиди. У бу оятни “Мусулмон одам намозида юзини хоҳлаган томонга буриши мумкин экан, оятнинг маъноси буни аниқ кўрсатиб турибди” деб тушунди. Бола тўрт буюк имомлар намозда юзни фақат Каъба томонга буриш керак деб иттифоқ қилишганини, уларда бу ҳақда далиллар борлигини эшитган экан, лекин ўша ҳужжатларни ўрганмаган. Хўш, у намозга турганида нима қилади? Ўзида бор ҳужжатга эргашадими ёки иттифоқ бўлиб, бунга тескари ҳукм чиқарган имомларгами?
– У ўз эътиқодига эргашиши лозим!!!
– У масалан, машриққа қараб намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?
– Ҳа. Чунки у ўз шахсий эътиқодига эргашиши лозим!
– Агар шахсий эътиқоди унга қўшнининг аёли билан зино қилиш, хамр ичиш, қўшнисининг молини ноҳақ тортиб олишда ҳеч қандай гуноҳ йўқ, деб ишонтирадиган бўлса-чи? Унинг “шахсий эътиқоди” бўлганлиги учун Аллоҳ таоло унга бу нарсаларни ҳалол қиладими?
У бироз сукут қилиб, сўнг деди:
– Нима бўлганда ҳам, сиз мендан сўраган ушбу ҳолат воқеликдан узоқ ва ҳаётда юз бериши мумкин эмас.
– Бу хаёл эмас, аксинча, бундай нарсалар ва бундан ҳам ажабланарли ҳодисалар ҳаётда тез-тез учраб турибди! Ислом, Қуръон ва Сунна ҳақида илмга эга бўлмаган ўспирин тасодифан ушбу оятни эшитиб ёки ўқиб қолиб, ундаги зоҳирий маънога қараса, ҳар қандай араб тушунадиган нарсани тушунади: намозхон юзини истаган тарафга бурса ҳам “гуноҳ йўқ” экан! Ваҳоланки, у ҳамманинг бошқа томонга эмас, айнан Каъбага қараб намоз ўқишини кўриб турибди. Яъни мусулмонлар орасида Исломдан ҳеч нарса билмайдиган одамлар бор экан, бундай бўлиши табиий ва ҳар қачон юз бериши мумкин. Қисқаси, бу ҳолат хоҳ воқелик бўлсин, хоҳ хаёлий, сиз бу ҳақда чиқарган ҳукм хаёлий эмас эди. Сиз шахсий фикрни ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳукм чиқариш учун асос бўлади, деб ҳисобладингиз.
– Текшириб кўриши керак. Ахир у бирорта ҳадис ёки бошқа оятни ўқимаганми?
– Унда мана бу саволимга жавоб беринг. Бир кишининг фарзанди бор. Бола касал бўлди, дейлик, шамоллаб қолди. Шаҳардаги ҳамма табиблар уни текшириб, унга фалон дорини бериш керак дейишди. Улар боланинг отасига унга пенициллин уколидан эҳтиёт бўлишни уқтириб, бу боланинг ўлимига олиб келади, деб айтишди. Бироқ боланинг отаси пенициллин шамоллашда ёрдам беради деб тиббий журналларда ўқиган эди. У бу масалада ўзининг билимларига асосланиб, табибларнинг маслаҳатини рад этади, чунки уларнинг ҳужжат-далилларини билмайди. У шахсий фикрига суяниб, боласига пенициллин укол қилдиради. Натижада бола Аллоҳнинг ҳузурига йўл олади. Ўша отани маҳкамага тортиш керакми? Бу ерда унинг гуноҳи борми?
У бироз ўйланиб турди ва жавоб берди:
– Булар бошқа-бошқа масалалар.
– Аксинча, булар айни бир хил масалалар. Худди бояги ўспирин олимларнинг иттифоқ қилган фикрларини эшитгани каби ота ҳам барча табибларнинг фикрларини эшитди. Лекин у фақат тиббий журналда ўқиган маълумотига таянди, худди бояги ўспирин Аллоҳнинг Китобидан ўқиган битта матнига таянгани каби. Иккаласи ҳам ўз шахсий фикрини қўллади!
Сардор САИДОВ,
Қарши тумани "Сарой" масжиди имоми