muslim.uz

muslim.uz

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ибн Воил Саҳмий Қураший. Маккада, ҳижратдан етти йил олдин туғилди. Отаси Амр ибн Осдан аввал Исломни қабул қилди. Мадинага ҳижрат қилди. Набий алайҳиссаломдан таълим олди. Ибодат ва илмга ружу қўйди. Олдинига араб, кейин сурёний ёзувини ўрганди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ваҳий котибларидан. Миср фатҳида иштирок этди. Кейинчалик Мисрда яшаб, ўша ерда оламдан ўтди.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ибодатларга берилар, уларни адо этишда жидду жаҳд қилар, ҳатто нафсини қийнарди. Кундуз­лари рўза тутар, кечалари намоз ўқирди. Ҳар тунда Қуръони каримни хатм қиларди. Барча вақтини Аллоҳ таолонинг зикри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш, Қуръон тиловати ва таълимига сарфларди. Бу ишлари билан у одамлар орасида зарбулмасал бўлди.

Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу фақат ибодат билан чекланиб қолмади. У Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хатти-ҳаракатларини кузатди, сўзларини эшитди ва феълларини ўрганди. Суннатларини қалбига жо қилди. Кейин у зот алайҳиссаломдан рухсат олиб, ҳадисларини саҳифаларга битди. Ёзганларини жамлаб ”Ишончли саҳифалар” деб атади. Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу бу ташаббуси туфайли ҳадисларни саҳи­фаларда жамлаган биринчи шахсга айланди. Ушбу саҳифалар ҳижрий биринчи ва иккинчи асрларда яшаган уламо, ҳофиз ва муҳаддисларга набавий суннатларга элтувчи ишончли эшикни очиб берди.

Саҳобаи киромнинг саъй-ҳаракати ва уринишлари ҳижрий учинчи асрда ўз натижасини кўрсатди. Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳ сингари буюк муҳаддислар етишиб чиқди.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу мўминларнинг истиқболига Аллоҳ­нинг каломини тақдим этди. Бунинг учун у Қуръонни ёд олди. Сир-асрорлари ва баё­нотларини ўрганди. Унда зикр этилган денгизларни тадқиқ этди. Мўъжизаларни кашф этди. Мусҳафни кечаю кундуз тиловат қилди.

ДОВУД АЛАЙҲИССАЛОМ РЎЗАСИ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳунинг узлуксиз рўза тутишидан хабар топдилар. Кейин унга: “Ҳар ойда уч кун рўза тутишинг етарли бўлади”, дедилар. Абдуллоҳ эса: “Бундан кўпига ҳам тоқатим етади”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳаф­тада икки кун рўзадор бўлишинг етар­лидир”, дедилар. Абдуллоҳ яна: “Мен бундан кўпига қодирман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўл­са, сен учун энг яхши рўза Довуд алай­ҳис­саломнинг рўзасидир. У зот алайҳис­салом бир кун рўза тутиб, бир кун тутмасдилар”, дедилар. Сўнг: “Ҳар кечада Қуръони каримни хатм қилишингдан хабар топдим. Мен умринг узун бўлиб, Қуръон қироатидан малолланиб қоли­шингдан хавотирдаман. Қуръонни ой­да бир маротаба ёки ўн кунда бир бор, ёхуд уч кунда бир бор хатм қилгин”, дедилар. Яна насиҳатларида давом этиб: “Мен рўза тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга никоҳланаман. Ким суннатимдан бош тортса, мендан эмас”, дедилар.

Амр ибн Ос Набий алайҳиссалом ҳузур­ларига ибодатларида муболаға қилаётгани учун ўғли Абдуллоҳдан яна шикоят қилиб келди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аб­дуллоҳга: “Сенга буюрган нарсамни қил ва отангга бўйсун. Албатта, аёлингнинг сенда ҳаққи бор. Кўзингнинг сенда ҳаққи бор. Баданингнинг сенда ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бер”, дедилар.

Абдуллоҳ Пайғамбаримиз алайҳисса­ломдан таълим олишни давом эттирди. Мажлисларини қолдирмади. У зот алай­ҳиссаломдан ота-онага итоат – Аллоҳга ­тоат; Холиққа маъсият бўлганида мах­луққа итоат йўқ; дин енгиллик, қийинчи­лик эмас; ибодатларда ўрталикни тутиш Ис­ломнинг асоси; амалларнинг энг яхши­си ўртача ва давомийлиги; илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз экани кабиларни ўрганди.

ИМОМ ҲУСАЙН

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу ан­ҳу Масжиди Набавийда ҳамроҳлари билан бирга ўтираркан, олдиларидан Ҳусайн ибн Али розийаллоҳу анҳумо ўтди. Абдуллоҳ ибн Амр: “Само аҳли учун ер аҳлидан энг суюкли кишининг хабарини беришимни истайсизми? Бу инсон ҳозиргина олдимиздан ўтган Ҳусайн ибн Али розийаллоҳу анҳумодир. Сиффин кунидан бери менга бирор нарса демади. Мендан рози бўлиши, мен учун қизил неъматдан яхшироқ эди”, деди. Абдуллоҳ ибн Амр дўсти Абу Саид Худрий билан Ҳасан ибн Али розийаллоҳу анҳумони зиёрат қилишга келишиб олди. Икки биродар учрашди. Имом Ҳусайн:

– (Сиффин куни) Муовия билан чиқи­шингга нима мажбур қилди?

– Ўшанда отам Амр ибн Ос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб: “Абдуллоҳ кундузлари рўза тутиб, тун бўйи намоз ўқийди”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Эй Абдуллоҳ, намоз ўқи ва ором ол, рўза тут ва оғзинг ҳам очиқ бўлсин. Отангга итоат қил”, дедилар. Сиффин куни отам менга улар билан чиқишимни ёлвориб сўради. Сўзларини қай­таролмадим. Лекин ҳеч кимга қарши қилич кўтармадим, найза отмадим, ўқ узмадим.

* *

Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу умрининг сўнгги кунларида: “Қани энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рухсат­ларини қабул қилганимда эди”, деб кўп бора орзулади.

Мўмин, обид, мард, қасами ва ваъ­дасига содиқ Абдуллоҳ ибн Амр розий­аллоҳу анҳунинг тили доимо Аллоҳнинг зикри билан намланарди. Рўза тутиб намоз ўқирди. Шундай бўлса ҳам доимо: “Қанийди Сиффинда иштирок этмаган бўлсам...” дер эди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.

Манбалар асосида

Юлдуз АСҚАР қизи тайёрлади.

Бугун, 25 июнь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни”га бағишлаб тадбир ўтказилди. Унда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, журналистлар, Академия ўқитувчи ва ходимлари қатнашди.

Тадбирни Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистонда журналистларнинг байрами алоҳида санада байрам тарзида кенг нишонланиши, ушбу соҳа вакилларига Президентимиз ҳар йили байрам табриги йўллаши, Ватанимизнинг янги тараққиёт босқичида барча жабҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам улкан ўзгариш ва ислоҳотлар бўлаётгани, буни юртимиз ва бутун дунё аҳолисига етказишда журналистларнинг хизмати беқиёс экани, улар билан ҳамкорлик қилиш катта шараф бағишлашини таъкидлаб, ушбу байрам билан барча оммавий ахборот воситалари ходимларини табриклади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров сўзга чиқиб, ташкилотчиларга ОАВлари номидан таклиф ва табрик учун миннатдорчилик билдирди. Сўнг Президентимиз саноқли соҳа вакиллари қатори оммавий ахборот воситари вакилларини ҳам касб байрами билан табриклаши ушбу соҳанинг жамиятимиздаги нуфузи ва ўрнини кўрсатишини қайд этди.

Тадбир давомида матбуот, телерадио, интернет ва ташкилотлар Мабуот хизматлари журналистлари, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати ходимларига “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.

Тақдирлаш маросимидан сўнг ОАВлари вакиллари ҳам сўзга чиқиб, эътибор ва эҳтиром учун миннатдорчилик билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Миссионерлик сўзидаги миссия - лотин тилидан олинган бўлиб “вазифа топшириш”,  миссионер эса “ вазифани бажарувчи” деган маънони англатади.

 “Миссионерлик” ҳақида «Ислом энциклопедия» китобида: «Миссионерлик (миссия сўзидан)-бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш. Миссионерлик асосан,  насронийликка хос. Тўртинчи асрдан пайдо бўлган. 13-16 асрларда насроний миссионерлиги   Ҳиндистон, Хитой, Японияга кириб борди. Католик черковида миссионерлик Испания ва Португалия империялари ташкил топгач (15-16 асрлар), фаолиятини кучайтирди. Миссионерлик Рим  империясига янги ерларни ўз таъсири остига олишда ката ёрдам берди. Католик миссионерлигига  раҳбарлик қилиш учун папа Григорий 15 1662 йилда Диний тарғибот  конгрегациясини таъсис этди.  Миссионерлик 19 асрда фаоллашди, айниқса,  насроний  миссионерлари Африкада фаолиятларини кучайтирдилар ва ўз мамлакатларининг   сиёсатини ўтказишга ёрдам бердилар. Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни 5-моддасига кўра, Ўзбекистонда Миссионерлик фаолияти манъ этилган ».

Миссионерлик-бир динга эъиқод қилувчи халқлар орасида бошқа динни тарғиб қилишни тушинилади. Ҳозирги кунда миссионерлар ўзларининг  вақтинчалик   яхши муомилалари  ва ўзларининг ғаразли  мақсадлари яширинган услублари билан айрим кишиларни йўлдан адаш тирмоқдалар.

Миссионерлар турли соҳаларда ўз фаолиятини олиб боради.

Масалан: Таълим соҳасидаги фаолияти, миссионерлар таълим тизимида ўз фаолиятини амалга оширишда алоҳида эътибор берадиган жиҳатлари қуйидагилар: 

— мактабга янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш учун таъмирлаш материаллари олиб берилади;

— ибодатга қатнайдиганларнинг бевосита таъмир ишларида қатнашиши таъминланади;
— ибодатга келувчиларнинг ахборотларига таяниб, янги ўқув йили арафасида муҳтож оилаларнинг болаларига дафтар, қалам ва бошқа канцелярия моллари олиб берилади;
— “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига болалар кийим-бошлари ва ўйинчоқлар совға қилинади;

— Тил ва компьютер ўргатиш марказлари, ҳатто мактаб ёшигача бўлган болалар учун шу йўналишдаги ихтисослашган боғчалар очиш орқали ҳам ёшлар орасида тегишли тарғибот ташкил этилади.

 Тиббиёт сохасида фаолияти  одамларга бепул дори-дармон бериш, бепул хайрия ёрдамларини кўрсатиш, бепул   миссионерлик адабиётини тарқатиш каби услубларидан фойдаланишади.

Масалан, миссионерлар касал ётган кишини олдига боришади. Унга дори-дармон учун пул бериб, уни аҳволини сўраган бўлишади. Кун ўтиб яна кўргани келишади. Бу сафар унга атрофдаги одамларни эътиборсизликлари ҳақида гапиришади. Ўзларини эса “ яхши одамлар” эканлигини тушинтиришади. У кишини ҳам ўзларига қўшилса, яхши бўлишини айтишади. Ва қайтаётиб бепул миссионерлик китобларидан ташлаб кетишади. Орадан кунлар ўтавергач, у касал киши аста-секинлик билан тузала бошлайди. Энди, у кишини ўзларининг миссионерлик йиғилишларига боришга ундайдилар. У киши миссионерлик “ўлжа”сига айланганлигини ҳали билмайди. Бу ҳол халқимиз орасида турли қарама-қаршиликка сабаб бўлмоқда. Жумладан, миссионерларга қўшилган киши вафот этганида унинг жасадини қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқади. Шунингдек, миссионерларга қўшилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламаса, унинг қариндош –уруғи эса болани хатна қилишни талаб қилади. Миссионерларга қўшилган киши ўз қизини миссионерликка қўшилган кишига эрга бермоқчи бўлади. Ва бу қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммога айланади.

Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг 90% дан ортиқроғи  Ислом динига эътиқод қилади. Ислом дини шариатига кўра ҳам ўз динидан бошқа динга ўтиб кетиш қораланади. Миссионерлик  миллий ва диний қадриятимизга путур етказадиган, халқимиз бирлигини бузадиган ҳаракатлардан ҳисобланади. Миссионерлик  ва унинг оқибатлари ҳақида оиламизда фарзандларимизга, маҳалладошларимизга кўпроқ тушунтиришимиз лозим бўлади. 
Шундай қилсак, миссионерликнинг салбий оқибатларини бир қадар олдини олишга ҳаракат қилган бўламиз.

Хулоса ўрнида: Ислом бу муқаддас дин бўлиб, қадимдан ота-боболаримиз шу дин аҳкомларига амал этиб яшашган. Биз ҳам ота-боболаримиз йўлидан огишмай борсакгина тўғри йўлни танлаган бўламиз. Афсуфки, ҳозирги кунда диний қадриятларимизга, маънавиятимизга раҳна солишга, диний можароларни келтириб чиқаришга интилаётган айрим нопок кимсалар, миссионерлик йўли билан фарзандларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳол, ғанимларимиз режалаштирганидек, ижтимоий, оилавий низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Асрлар мобайнида авлодларнинг миллий қадриятлари, улар ҳаётининг асосий омили бўлиб хизмат қилган муқаддас динимиз келажак авлод учун ҳам шундай бўлиб қолажак. Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиб, диёримизни ёвуз ниятли кучлардан сақлаш ҳар-бир мусулмон зиммасидаги бурчдир.

Билолхон Инамов,
Чуст тумани “Мавлоно Лутфуллоҳ” жоме
масжиди имом-хатиби

Қуръон китоб шаклидаги дарвоза лойиҳаси муаллифи бу ишини фаолиятидаги асосий ютуғи деб билади ва фахрланади.

Жидда — Макка автомобиль йўлида Қуръон стендига ўхшаб кўринган «Макка дарвозаси» мусулмон бўлмаганлар кириши тақиқланган чегарани белгилаб беради.

«Макка дарвозаси» қарийб 40 йилдан буён Жидда — Макка автомобиль йўли бўйлаб муқаддас шаҳарга кирувчи саёҳатчиларни кутиб олади. Шаҳардан 5 километр узоқликда жойлашган катта аркли иншоотнинг баландлиги 152 метр, эни эса 31 метрни ташкил қилади. Турли нақшлар билан безатилган, кечалари эса чироқлар билан ёритилган. Ёдгорлик 1979 йилда таниқли саудиялик рассом, ҳайкалтарош ва фотограф Диа Азиз Диа томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у замонавий араб санъатига қўшган ҳиссаси билан танилган.

Аркнинг яратилиши ҳақида рассом шундай дейди:

«Дарвозанинг дизайни ишониб топширилган компания улар қандай кўринишга эга бўлиши кераклигини билмас эди. Менга айтилган ягона истак шу эдики, дарвоза шаҳарга олиб борувчи асосий магистралда бўлсин... Мен ўйладим: Нима Маккани ўзига хос қилади? Бу пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган жойлари, Каъба шу ерда жойлашган... Лекин, энг муҳими, Макка – Қуръон шаҳри деган фикр мени ҳайратга солди. Ҳаммаси Қуръоннинг ерга нозил бўлиши билан бошланди ва мен бу фикрни қандай ифодалаш ҳақида ўйлай бошладим... Бир неча кунлик мулоҳазалардан сўнг менга стрендда Қуръон кўринишидаги дарвоза яратиш ғояси келди".

Рассомнинг ғояси компания томонидан маъқулланади ва Диа Азиз Диа архитекторлар, қурилиш муҳандислари ва хаттотлар билан якуний эскизни амалга ошириш ҳамда дарвозанинг кичик моделини яратиш учун ишга киришади.

“Мен Макка шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими Абдулқодир Кушакнинг ишхонасига бориб, унга лойиҳани тақдим қилдим. Тахминан икки ой ўтгач, қирол Фаҳд дарвоза ва унинг атрофидаги боғнинг яратилишини маъқуллагани эълон қилинди, — дейди рассом.

Дарвоза 1985 йилда қуриб битказилди.

Диа лойиҳага қўшмоқчи бўлган битта режа бор эди — дарвоза тепасидаги катта чироқ (прожектор). Аммо бу фикр амалга ошмади:

“Макка нафақат мусулмонлар, балки бутун ер юзи учун маёқ бўлганидек, Қуръони Карим ҳам умид ва тинчлик чироғи эканини кўрсатмоқчи эдим”, — дейди у.

Диа Азиз Диа унинг ғояси қачондир ҳаётга татбиқ этилиши ва дарвоза дизайни тугалланишига умид қилмоқда.

Рассом Макка дарвозалари фақат Саудия Арабистони лойиҳаси эканини таъкидлайди:

“Кўпчилик буни асосан саудияликлар амалга оширганини билмайди. Чет элликлар унга жалб қилинган, деган фикр кенг тарқалган. Аслида, бу дарвозалар Саудия меъморлари, хаттотлари ва муҳандисларининг иши”.

Диа Саудия Арабистонидаги энг кекса ва энг муваффақиятли рассомлардан бири бўлиб, кўплаб мукофотларга сазовор бўлган. Шунингдек, у Жидда шаҳридаги Таҳлия кўчасидаги “Ал-Аҳли” футбол клуби ёдгорлиги, самолёт қисмларидан ясалган “Одам орзуси” ёдгорлиги, 2006 йилда Саудия Арабистонидан Мексикага совға қилинган ҳайкал ва бошқа муҳим лойиҳаларга ҳам муаллифлик қилган.

Аммо рассом фаолиятидаги энг муҳим асар "Макка дарвозалари"ни ўз мероси деб билади:

“Бу фаолиятимнинг бошидан то ўлимгача бўлган ҳаётимдаги асосий ютуғим. Ундан муҳимроқ нарса йўқ. Макка дунёдаги ҳар бир мусулмоннинг қалбидаги шаҳар. Мен унинг дарвозаларининг лойиҳачиси бўлишимни Аллоҳ таоло менга берганига ишонаман”, — дейди фахр билан у.

Баҳринисо Тўхтасин қизи тайёрлади.

Страница 2 из 1221

Мақолалар

Top