
muslim.uz
Ҳаж зиёратчиларини кузатиш жараёни онлайн узатилади
Аллоҳга шукрки, икки йил сабр ила кутилгандан сўнг динимизнинг бешинчи аркони – Ҳаж зиёрати ҳам бошланмоқда!
Шу йил 18 июнь куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг илк гуруҳи ҳаж амалларини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетадилар.
Бугун, кечки соат 21:00 дан бошлаб пойтахтимиздаги "Новза" масжидида, 23:00 дан эса Тошкент халқаро аэропортидан зиёратчиларни кузатиш жараёнлари, қувончу шодликлари ва дил сўзларини ижтимоий тармоқларимиз орқали тўғридан-тўғри репортажларни онлайн эфирда томоша қилишингиз мумкин!
Муборак сафарга отланган фуқароларимизни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ва бир қатор расмий вакиллар табаррук заминга кузатиб қўядилар.
Қайд этиш жоизки, бўлғуси ҳожиларга Макка ва Мадина шаҳарларида барча шароитларга эга меҳмонхоналар хизмат кўрсатиб, тажрибали ишчи гуруҳ ва малакали шифокорлар ҳамроҳлик қиладилар.
“Ҳаж-2022” мавсуми нумунали ва тартибли, чиройли ва кўнгилдагидек ўтишини, Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизнинг сафарлари бехатар, ибодат ва дуолари мукаммал, дуолари мустажоб бўлишини тилаб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Иброҳимжон домла Иномов Тюмен вилояти мусулмонлари диний бошқармаси раиси билан учрашди
Айни дамда Ўзбекистон делегацияси Россия Федерациясининг Урал, Приволжский ҳамда жанубий округларида бўлиб, бу улкаларда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ватандошларимиз ҳолидан хабар олиб, улар фаолият юритаётган жойларда яратиб берилаётган шарт-шароитлар билан танишмоқда. Шу билан бирга ҳар бир ҳудуднинг расмий доирадаги масъуллари билан мулоқотлар ўтказиб, ватандошларимизга етарлича эътибор қаратиш масалалари муҳокама этилмоқда.
Бундай учрашувлар диний-маърифий йўналишда ҳам олиб борилаётгани ниҳоятда самарали кечмоқда. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов бир қанча диний бошқарма раҳбариятлари билан учрашиб, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва тажрибалар алмашиш, ватандошларимизнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун шарт-шароитлар яратиш бўйича музокаралар олиб бормоқдалар.
Бундай мулоқот куни кеча Тюмен вилояти мусулмонлари диний бошқармаси раиси Зиннат ҳазрат Содиқов ҳамда Иброҳимжон домла Иномов ўртасида бўлиб ўтди.
Учрашувда икки диний ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, ўзбек диаспораси вакиллари билан олиб борилаётган маърифий ишларга алоҳида тўхталинди.
Шунингдек, шу куни Иброҳимжон домла Иномов Тюмен саноат университети талабалари, меҳнат муҳожирлари билан учрашиб, “Ўзаро халқлар дўстлиги", "Миллий қадриятларимиз ва диний кадриятларимизни унутмайлик!" мавзусидаги маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиб, манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Ўзбекистон делегациясининг амалий ташрифи давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шайх Муҳаммад Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ: Агар динлар сурат ва либос кўринишларга айланса... (инфографика)
Хатмоналарда муносиб иштирок этган қорилар тақдирланмоқда
Бугун, 16 июнь куни соат 13:30 да Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими ташаббуси билан Рамазон ойидаги хатми Қуръон тадбирларида муносиб иштирок этган хофизи Қуръонларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри жоме масжидларидаги хатми Қуръонларда муносиб иштирок этиб, гўзал тиловати, тажвиди ва одоб-ахлоқи билан намозхонларнинг меҳри ва ҳурматини қозонган 26 нафар қорилар тақдирланиши кутилмоқда.
Мазкур хофизи Қуръонлар “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими томонидан ишлаб чиқилган маълум мезонлар асосида саралаб олинди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳамда “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Aлижон қори иштирок этади.
Тақдирлаш маросимини ушбу линк орқали онлайн кузатиб боринг.
Кумушни олтин деб кўрсатманг!
Мазкур асар муқаддимасида ҳазрат Навоий: “Ҳар кўй ва кўчаларда югурибмен ва олам аҳлидин ҳар навъ элга ўзумни еткурибмен ва яхши-ямоннинг афъолин билибмен ва ямону яхши хислатларин тажриба қилибмен”, деб таъкидлаганлар.
Асар Навоий бобомиз ҳаётининг охирги даври, яъни кексалик даврида муайян ҳаётий тажрибага эга бўлганидан кейин ёзилгани эътиборидан, уни донишмандона кузатишлар маҳсули дейилса, хато бўлмас. “Маҳбуб ул-қулуб”да бирор-бир муносабат ва ҳолат тақозосига кўра, ҳаммаси бўлиб 127 та танбеҳ келтирилади.
“Танбеҳ” сўзи “уйғотиш”, “ишора қилиш”, “огоҳлантириш”, “изоҳлаш” каби бир қанча маъноларни англатади. Шундан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак, ҳар бир танбеҳ бежиз келтирилмай, кўпроқ буйруқ ва амр оҳангида айтилади. Бирор ишни қилиш-қилмаслик, унинг оқибати тушунтирилгандан кейин ўқувчи бу ҳақда ўйланиб, ўзига тегишли хулосани чиқаради.
Агар бир танбеҳда бир амал яхши дейилган бўлса, ўқувчида уни қилишга иштиёқ уйғотилади, аксинча, агар бир амал ёмон дейилган бўлса, ўқувчида ўзига етадиган зиён-зарар ҳақида ўйлаб кўришга имкон берилади. Танбеҳ кўпроқ ўқувчини огоҳликка, бирор ёмон хислат ё иллатдан халос бўлиш, унга яқин бўлмасликка чақиради.
Алишер Навоий бобомизнинг халқона тилда айтилган содда ва пурмаъно танбеҳларининг айримлари халқимиз орасида ҳикматли сўз ёки мақол тусини олган: “Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим”, “Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур”, “Ҳар кимки сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғоч уёлғон”, “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз”, “Сабр била кўп боғлиғ иш очилур, ишда ошуққон кўп тойилур, кўп тойилғон кўп йиқилур”.
Навоий бобомиз “Кўнгул маҳзанининг қулфи тил ва ул маҳзаннинг калидин сўз бил” деганида, кўнгилни бир хазинага ўхшатса, қулфини тил ва уни очадиган калитни сўз деб келтиради. Теранроқ ўйлаб кўрилса, инсонга яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам аслида тилидан етади.
Хусусан, мазкур асарнинг 50-танбеҳида:
“Ҳар кимки сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғоч уёлғон. Ёлғонни чиндек айтқувчи суханвар – кумушни олтун рўкач қилувчи заргар. Ёлғон афсоналарда уйқу келтиргувчи, ёлғончи уйқуда такаллум сургувчи. Ёлғон айтқувчи ғафлатдадур. Сўзнинг аснофи бағоят чўқдур (кўпдур), ёлғон ямонроқ синфи йўқтур”,
дейилади.
Бу танбеҳда ёлғон ёмон иллатлар қаторида таъкидланиб, ёлғончи худди кумушни олтин деб кўрсатадиган кишига ўхшатилади. Шунингдек, ёлғон сўзлагувчи киши айтаётган ривоят ёки нақл ҳам энсани қотириши ва унда ҳеч қандай қадр-қиймат бўлмаслиги маълум қилинади. Бунга сабаб эса ёлғончи ҳар доим ғофиллиги туфайли айтаётган сўзига жавобгарлик ва масъулиятни ҳис этмайди.
Яна бир танбеҳда: “Чин сўз ёлғонға чулғама, чин айта олур тилни ёлғонға булғама. Ёлғончи киши эмас. Ёлғон айтмоқ эран (мард)лар иши эмас”, дейилган. Бу танбеҳда ҳам ёлғон сўзлагувчини инсон эмас, ёлғон сўзлаш мардлар иши эмас дейилмоқда. Ёлғон хусусида айтилган танбеҳ ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўрилса, дастлаб ёлғон сўз ёқимли, фойдали ва жозибалидек ўзига мафтун этади. Чунки муомала қилинаётган кишини ғафлатда қолдириб, ёлғон боис ўз ишини битириб олиши мумкин. Бироқ бунга одатланиб қолинса, эл назаридан қолиб, унга ҳеч ким ишонмай қўяди. Чунки у олтин деб айтаётган нарса аслида кумуш, шу боис бу ёлғони фош бўлгандан кейин фақат ўзи зарар кўради, аммо бу ёлғонга инсон қандай одатланади десак, бу ҳар бир боланинг ўз оиласида оладиган таълим-тарбияси билан боғлиқ. Агар ота-она ўзи ёлғондан қочиб, боласини ҳам ундан қайтарса, фарзанд вояга етганда асло ёлғон гап-сўзни тилига олмайди. Мисол учун, ҳозирда интернет ва телефон орқали қанча кишилар ёлғон ва уйдирмаларни эшитади, унга ишонади ва бир-бирига хабар бериб, қимматли вақтини беҳуда ва гуноҳ ишларга зое кеткизади. Айримлар танишлари қўнғироқ қилиб қолса, агар у билан гаплашишни хоҳламаса, болага “уйда йўқ” деб айтишни буюради. Ўзи ҳам ёлғончи бўлади ва боласини ҳам ёлғонга ўргатиб, гуноҳкор қилади. Мана шу ҳолат болалар руҳияти ва маънавий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Бора-бора бу ёлғон катталашиб, бутун жамиятга тарқалиши мумкин.
Бобомурод ЭРАЛИЕВ,
Алишер Навоий номидаги
Адабиёт музейи тадқиқотчиси
Алишер Навоийнинг шеърий ва илмий-маънавий дурдоналарида келтирилган ҳар бир сўз ва ибора ҳикматли бўлиб, унинг мағзини чақиш ва маъно-моҳиятига етиш осон эмас. Ахлоқий-таълимий қарашларга бағишланган “Маҳбуб ул-қулуб” асарида таълим-тарбия, одоб-ахлоқ ва гўзал феъл-атворлар қатори инсонда учрайдиган ёмон хислат ва иллатлар ҳақида сўз юритилади ҳамда унинг оқибатида ҳушёр ва огоҳ бўлишга даъват этилади.