muslim.uz

muslim.uz

Среда, 20 Декабрь 2017 00:00

Хулқи қуръон бўлган зот

Саъд ибн Ҳишом ибн Омир (розияллоҳу анҳу) айтади: “Оиша (розияллоҳу анҳo)нинг олдига бориб, “Эй мўминлар онаси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари ҳақида гапириб беринг”, дедим”. У: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқи Қуръон эди”, деди… (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳадисда “хулқи Қуръон эди”, деб таржима қилинган қисмида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръонда мадҳ этилган сифатлар билан хулқлангани ва қайтарилган амаллардан сақлангани ифодаланмоқда. Шунингдек, Қуръони каримнинг ҳукмларига риоя этиш, унинг ҳад-чегараларида тўхташ, маънолари ҳақида ўйлаш ва чиройли тиловат қилиш ҳам тушунилади. Манбаларда келтирилишича, “Қуръон”, сўзидан Қуръони каримдаги Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га мақтов айтилган оятлар ирода қилинган. Бунга: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят), “Улар саводсиз элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар” (Аъроф сураси, 157-оят) каби оятларни мисол қилиш мумкин. Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонлар орасида юзлари энг чиройли, хулқлари энг гўзал зотдир” (Имом Мусли ривояти). Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) эса: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан чиройлироқ бирор нарсани кўрмадим. Гўёки қуёш у зотнинг юзларидан чиқади”, деган. Каъб ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг юзлари нур сочади. Гўёки юзлари ойнинг бир бўлаги”.

Саййидимиз Муҳаммад (алайҳиссалом) гўзал хулқ соҳиби, комил инсон, барчага намуна эдилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўғри сўз ва омонотдор эдилар. Пайғамбарлик келишидан олдин ҳам Қуройшликлар орасида “Содиқул амин (тўғри сўз, ишончли инсон)” номи билан машҳур эдилар. Улар ўзаро низолашиб қолишса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳакам этиб тайинлашиб: “У омонотдор, хиёнат қилмайди”, дейишарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га пайғамбарлик келганидан кейин қилинган даъватнинг биринчиси омонотдорлик бўлди. Набий (алайҳиссалом) сўз, амал, ибодат, аъзоларни гуноҳдан сақлаш ва ваъдаларга хилоф қилмаслик кабиларда омонотдорликни талаб қилдилар. Шунингдек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўғри сўзликда ҳам намуна эдилар. У зотдаги бу сифатни Аллоҳ таоло бундай мадҳ этади: “Ростликни келтирган зот (Муҳаммад) ва уни тасдиқ этганлар (мўминлар) – айнан ўшалар тақволи зотлардир” (Зумар, 33).

 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларнинг улуғи эдилар. У зот ҳадисда бундай деганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир. Мен аҳлига яхшилик қилувчироқман” (Имом Термизий ривояти). Набий (алайҳиссалом) аҳлига хушмуомалали, меҳрибон, эдилар. Ҳар ишда уларга ёрдам бериб, лутф кўрсатардилар. Аёллари билан ҳазил-мутойиба ҳам қилардилар. Оиша (розияллоҳу анҳо) онамизни “Эй Ҳумайро”, деб чақирардилар. Баъзида эса “Эй ансорларнинг қизи” ёки “Эй Оиш” дердилар. 

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) болаларни жуда яхши кўрардилар. Кўчадан ўтаётиб болаларга салом берар, баъзида эса улар билан ўйнардилар. Намоз ўқиётганда болаларнинг йиғи овози эшитилса, онасига қийин бўлмаслиги учун ибодатни тезроқ якунлашга ҳаракат қилардилар. Набиралари – Имом Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо)ларни муборак елкаларига кўтариб олардилар. Бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки набираларини ўпдилар. У зотнинг ёнларида Ақро ибн Ҳобис бор эди. У: “Менинг ўнта болам бор. Лекин, уларни бирортасини ўпмаганман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга қараб: “Ким Раҳим қилмаса, унга ҳам раҳим қилинмайди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Сарвари коинот бўлмиш зот ходимларига ҳам жуда меҳрибон ва тавозелик эдилар. Ҳаётлари мобайнида бирорта ходимларини урмаганлар, ҳатто уларга овозларини кўтармаганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, у зот бирор марта уф демаганлар. “Нима учун бундай қилдинг”, “Бундай қилсанг бўлмасмиди”, деб айтмаганлар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Аллоҳ таоло тавозели бўлишга ва кибр қилмасликка буюради: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас (Луқмон сураси, 18-оят). Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тавозе бандани даражасини зиёда қилади. Шунинг учун, тавозели бўлинглар! Аллоҳ таоло даржангизни кўтаради”, дедилар (Канзул уммол).

Оламларга раҳмат бўлган пайғамбаримиз (алайҳиссалом) дунёда энг зоҳид ва қаноатли инсон эдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га дунёдаги барча нарсаларни ихтиёрини берган эди. Лекин, у зот охират ҳаётини танладилар. Бутун ҳаётлари мобайнида, очликни кетказиш учунгина хурмо ва арпа тановул қилиб, сув ичардилар. Ҳар тун оч ҳолда ухлардилар. Очлик ҳиссининг кучли эканидан қоринларига тош боғлаб юрардилар. Ортиқча бир дирҳам пул билан тун ўтказмасдилар. Ёнларида эҳтиёждан ортиқча нарса бўлса, уни муҳтож одамга бермагунча уйга кирмасдилар. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39-оят).

Оиша (розияллоҳу анҳи)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тунда туриб, ибодат қилардилар ҳатто оёқлари ёрилиб кетарди. “Ё Расулуллоҳ, нима учун бундай қиласиз? Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию, кейинги гуноҳларингизни кечирган-ку”, десам. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шукр қилувчи бандa бўлмайми?” дейдилар” (Имом Бухорий ривояти). 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сабрли ва ҳалим бўлишлари,  афв этишда ўрнакликларига Аллоҳ таолонинг илоҳий буйруғи бор эди: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят). Бошқа оятда бундай марҳамат қилинади: “Бас, (эй Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг…” (Аҳқоф сураси, 35-оят). 

                                               

Манбалар асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ЎҒЛИ

тайёрлади.

 

 

Среда, 20 Декабрь 2017 00:00

Элчилар ҳамкорликка тайёр

Кеча, 19 декабрь куни диний идорада хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ва дипломатлари билан Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мақсад ва вазифалари тўғрисида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров Ўзбекистон азалдан ислом илм-фани ва маданияти маркази бўлгани, илоҳиётда Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, аниқ ва табиий фанларда Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби кўплаб алломалар мусулмон ва жаҳон тамаддунига салмоқли ҳисса қўшганларини таъкидлади. У мусулмон ренессанси даврига асос солган улуғ аждодларимиз томонидан битилган ва дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий меросни ўрганиш, уни ёш авлодларга етказиш, Ислом динининг асл моҳиятини жамият аъзоларига тушунтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди.

Ш.Миноваров ушбу марказда улкан музей, йирик кутубхона ва қўлёзмалар фонди ташкил этилиши, қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, осори-атиқалар, тарихий мазмундаги видео ва фото ҳужжатлар алоҳида жой олишини атрофлича тушунтирди. У ўз сўзида Ўзбекистон Ислом академияси ташкил этилгани, мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қилинаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар тўғрисида ҳам маълумот берди.

Мулоқотда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов бугунги кунда 6 гектар майдонда марказ қурилиши жадал давом этаётгани, шунингдек, ҳадисшунослик олий мактаби ҳам барпо этилаётганини таъкидлади. Ушбу марказ биносида ҳадис, калом ва қироат илмини ўрганишга мўлжалланган хоналар, қўлёзмалар кутубхонаси, мўъжаз музей ташкил этилишини маълум қилди.

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов давра суҳбатида сўз олиб, Сурхондарё вилоятида қурилаётган ушбу марказда Ислом дини, Қуръони карим ва ҳадис илмининг моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, илмий маърузалар ташкил этилишини билдирди.

Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденов Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Остона саммитида Ўзбекистон Раҳбари томонидан жуда кўп хайрли ташаббуслар илгари сурилганини таъкидлади.

Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Амани ал-Итр хоним Ўзбекистон илмлар маркази, аллома ва авлиёлар замини экани, ташкил этилаётган илмий-тадқиқот марказларидан мисрликлар мамнун эканини билдирди. Ушбу марказларда араб тилини ўргатиш ва Мисрдаги таълим ва илм муассасалари билан ҳамкорлик қилиш ишларида яқиндан кўмак беришга тайёр эканини изҳор қилди.

Шунингдек, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Хусейн Гулиев, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Туякбаев Мурсал-Наби ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Учрашув якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўз олиб, диёримиздаги дин соҳасида ўзгаришлар, янгиланишлар Яратган Парвардигорнинг инъом этган неъматлари эканини таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари ҳозирги кунда қўшни ва хориж мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўлида қатор амалий ҳаракатлар бўлаётгани ва бундан кейин ҳам ҳамкорлик алоқаларини тараққий эттиришга тайёр эканларини маълум қилиб, мулоқотда иштирок этганлари учун хориж мамлакатлари элчилари ва дипломатларига миннатдорлик изҳор қилдилар.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов иштирок этди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Муқаддас динимиз қанчалар улуғ. Унда тинчлик намоён бўлади. Ислом дини инсониятни барча соҳада, жумладан илм, ахлоқ, иқтисод, маданият, ижтимоий ва сиёсий жабҳада энг олий даражага олиб чиқди. Ислом – тинчлик дини. У тинчликни устун қўяди. Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири ҳам “Салом”, яъни, тинчлик бахш этувчидир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчидир...” (Ҳашр, 23).

Солиҳларга бериладиган улуғ неъматлардан бири “салом”дир. Яъни, тинчлик-омонликдир. Тоҳо сурасининг 47 оятида бундай марҳамат қилинади: “Ҳидоятга эргашганларга салом (омонлик) бўлур”. Шунингдек, улар учун охиратда тинчлик диёри бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Улар учун Парвардигорлари ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир” (Анъом, 127).

Мусулмонлар учрашишса бир-бирларига: “салом”, дейишади. Яъни, ўзаро тинчлик сўраб дуо қилишади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳузурингизга оятларимизга имон келтираётганлар келганларида, айтинг: “Сизларга салом (саломатлик)!...” (Анъом, 54).

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ўз пайғамбарига салавот ва “салом” айтишларини таълим беради. Аҳзоб сурасининг 56 оятида бундай марҳамат қилинади: “Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!”.

Ўзгаларнинг уйларига кираётганда салом бериб кириш лозим. Уй  аҳлига тинчлик-омонлик сўраб дуо қилиш муқаддас динимизнинг ўзига хос одобларидан бири ҳисобланади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур, 27).

Қуръони каримда мурувватли, шафқатли, муросали, ўзаро тинч-омон ҳаёт кечирадиган мўминлар бундай сифатланган: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда «Саломатлик бўлсин!» деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон, 63).

Мўминлар ҳар намозда ташаҳҳуддан сўнг тинчлик сўраб дуо қиладилар: “Ё Набий, сизга салом (тинчлик-омонлик), Аллоҳнинг раҳмати ва баракати бўлсин! Бизга ҳам салом (тинчлик-омонлик), Аллоҳнинг раҳмати ва баракати бўлсин!”.

Намоз “салом” билан якунланади. Яъни, тинчлик-омонлик сўралади. Бир намозхон кунлик беш вақт намознинг ташаҳудида ўн етти марта тинчлик сўрайди. Ўнг ва чапга бериладиган саломларда эса йигирма икки марта, жами ўттиз тўққиз марта тинчлик-омонлик ва хотиржамлик сўраб дуо қилади. Дунё бўйлаб икки миллиардга яқин мусулмонлар намоздан кейин тинчлик сўрашади. Натижада, Аллоҳ таолодан кунига 80 миллиард марта омонлик сўралади. Бу ҳам тинчлик Ислом динининг шиори эканига далиллардан биридир. 

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

 

 

 

 

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Ҳар бир одамнинг бошида бир занжир бўлиб, бир учи еттинчи осмонда ва иккинчи учи ернинг еттинчи қаватидадир. Қачон банда тавозеъ қилса, Аллоҳ таоло фармони билан занжир осмонга тортилади, банда кибрланганда занжирнинг иккинчи учи ернинг еттинчи қавати томон тортилар экан”.

         Умар ибн Шуайб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қиладилар. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қиёмат куни мутакаббирлар чумолидек кичрайиб кетадилар. Ниҳоятда хору зор аҳволга тушадилар. Жаҳаннамда Булсон номли зиндон бўлиб, унинг олови дўзахникига қараганда анча иссиқроқдир. Мутакаббирлар жойи ўша ерда экан. Улар емиши жаҳаннам аҳлидан оқиб чиққан қон ва фасоддан бўлади”.

         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Қиёмат куни Аллоҳ таоло уч гуруҳ одамга раҳмат назари билан қарамайди: Биринчиси – зинокор шайх, иккинчиси – ёлғончи подшоҳ, учинчиси – гердайган камбағал. Қалбида заррача такаббурлиги бор одам жаннатга кирмайди”.

         Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Камтар банданинг бир неча аломатлари бор бўлиб, уларга амал қилганлар кибр – ҳаводан узоқда бўлади.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Муаззамадан ҳижрат қилиб, Мадинаи Мунавварага етканларида, Мадинанинг бойлари ва аёнлари ул ҳазратнинг истиқболларига чиқдилар. Ҳар бири туянинг арқонини тутиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз уйига олиб боришни орзу қиларди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Туянинг ихтиёри ўзида у қаерга борса, менинг манзилим ўша ерда бўлади”, дедилар. Туя бораётганда ҳар ким ўзича хурсанд бўлиб, туя меникига борса керак, деб ўйларди. Улар орасидаги Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу ниҳоятда камбағал бўлиб, ҳеч нарсаси йўқ эди. “Шунча бой ва машҳур одамлар турганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимга борармидилар?”, деб ўйларди. Жаброил алайҳиссалом шу вақтда ҳозир бўлиб дедилар: “Ё, Расулуллоҳ Абу Айюб манзилини муборак қадамингиз нури билан мунаввар қилинг, чунки Аллоҳ таоло камтарлиги ва мутавозелиги учун унинг манзилини сизга қароргоҳ этди”.

Амирул мўминин Умар розияллоҳу анҳу ўз ҳалифалик замонларида Шоми шарифга сафар қилган эканлар. Хизматкорлар ва амирнинг ўрталарида бир туя бўлиб, уни навбати билан бир фарсах миниб, бошқалари етаклаб боришар экан. Шом шаҳрига яқинлашганларида туяни етаклаш навбати Амирул мўмининга етди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу туянинг арқонидан ушлаганча юриб, шаҳар дарвозасига яқинлашганларида, Шом шаҳрининг ўша замондаги ҳокими Абу Убайда Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг пешвозларига чиқдилар ва халифанинг туяни пиёда етаклаб келаётганларини кўриб, Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб: “Ё, амирул мўминин шаҳар аҳолиси сизнинг истиқболингизга чиқди, сизни бундай аҳволда кўрсалар яхши бўлмас. Сиз туяга  минишингиз, хизматкор эса, етаклаши лозим”, дедилар. Амирал мўминин Умар розияллоҳу анҳу: “Ё, Абу Убайда, Аллоҳ таоло ҳурматимни Исломда баланд қилган, одамлар нима дейишининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ”, дедилар. Амирал мўминин туяни етаклаганча Шом шаҳрига кириб бордилар .

                   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бирор одамни афв этса, Аллоҳ уни бошлиқ қилади. Ким Аллоҳ учун тавозеъ кўрсатса, Аллоҳ унинг даражасини юксалтиради”.

         Исо алайҳиссалом: “Нақадар бахтлидирлар дунёда намоз ўқиганлар, чунки улар қиёмат куни юксак мақом эгаси бўладилар. Нақадар бахтлидирлар дунёда инсонлар орасини ислоҳ қилганлар, қиёмат куни Фирдавс жаннатининг ворислари бўладилар. Нақадар бахтлидирлар дунёда қалбларини ёмон феъл атворлардан поклаганлар, чунки улар охиратда Аллоҳнинг жамолига назар ташлайдилар”, деганлар.

            

Абдуллоҳ  ПАРПИЕВ,

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Вторник, 19 Декабрь 2017 00:00

Қайтар дунё

Бир куни хизмат тақозоси билан Навоий шахрига борадиган бўлдик. Мени хизматга олиб кетаётган йигит:

– Домла, ота-онамиз шаҳарда яшаяпти. Онамиз бетоблар. Ўқиб дам солиб қўйсангиз, зора, шифо етиб, яхши бўлиб, соғайиб кетсалар! – деди.
Эрталаб жума тонги уларнинг хонадонига кириб бордик, ҳол-аҳвол сўрашиб, бомдод намозини адо қилиб дастурхон атрофида ўтирдик. Шу вақт кекса отахон гап бошлади:

– Домла, сизнинг шарофатингиз билан ўғлим, мана 4 йил бўлди, энди келиб турибди. Шу вақтгача ҳеч ҳолимизни сўрамаганди. Бундан 4 йил олдин бир кун ичиб келиб, мени отасини ҳақоратлаб сўкканида ўзимни зўрға босдим, қарғамадим, дуоибад қилмадим, бунинг укаси ҳам вақтида жонимдан ўтказиб юборганди, қарғагандим, оқ қилиб, дуоибад қилгандим, лекин буни қарғамадим”, деб турса ўғли зарда билан: “Эй ота! Шу гап ҳозир керакмиди, нима қиласиз ўтган гапларни қўзғаб”, дея столни муштлаб чиқиб кетиб қолди. Ота эса: “Домла, кўрдингизми, ўғлимиз гап кўтара олмайдиган бўлиб қолган, ўзи катта бўлиб қолган-да бу ноқобил бола-я” деди.
“Фарзандингиздан хафа бўлманг. Фарзандларингиз ҳақига дуо қилинг, Аллоҳдан инсоф-тавфиқ сўранг. Ота-она дуоси ижобат дуолардан. Аллоҳ инсоф берса, кўнглига солса, ҳеч гапмас, сизни, ота-онасини ҳурмат қиладиган бўлади”, деб юпатган бўлдиг-у, сўнгра онахонни ҳолларини сўраб, Аллоҳдан шифо тилаб, ўқиб қўйдик, бу хонадон кексаларига ота-оналарига, фарзандларига яхшилик, мехру оқибат, аҳиллик сўраб дуо қилиб, кўнгилларини хушнуд қилиб, ортимизга қайтдик.
Йўлда келар эканмиз, ҳалиги ўғлига: “Яхши қилмадингиз, фарзанд ота-онага итоатли бўлиши, хизматларида холис бўлиши лозим, ҳузурида бош эгиб туриши, дуоларини олиш учун ҳаракат қилиши керак. Сизни ҳам фарзандларингиз бор, бир кун сиз ҳам отангиздек кексайганингизда фарзандларингиз ҳам шундай ноқобиллик қилса, қандай аҳволга тушасиз, ахир бу дунёни қайтар дунё дейдилар. Ҳеч бир иш жавобсиз қолмайди”, деб насиҳат этган бўлдик.

Шунда ҳалиги киши шундай деди: “Ўшанда ёш бола эдим. Бобом ва бувимни тарбиясини олдим. Отам фарзандларига кўп зулм қиларди. Ҳатто кекса бобомга ичиб келган чоғларида: “Сан ўлмадинг, мен қутулмадим”, дея дағдаға қиларди. Ўсмирлик ёшимда онам бетоб бўлганида буйрагини Тошкентга олиб бориб операция қилиш учун отам бир куни кечқурун поездга чиқишга тайёрланиб турганда, бобом ҳожатхонага борар йўлда тўсатдан йиқилиб оғзи-бурнидан қон кетиб қолди. Шу ҳолатда олиб келиб, қонни тўхтатиб, ўринларига ётқиздик, бир оз ўзига келганида, отам:

“Болам, бобонгни ўзинг шифохонага оборақол”, деб онамни олиб Тошкентга кетиб қолди, бобом аранг бошини кўтариб: “Хотинчасини мендан афзал кўрди-я”, деди-да оғир хўрсиниб қўйди.

Бобом шу ҳолатда дунёдан ўтиб кетди, лекин бу воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди.
Ота-онанг жаннатинг ё дўзахингдир. Кимки ота-она розилигини топса, унга жаннат вожиб, ким ота-она кўнглини ранжитган бўлса унга дўзахдан бошқа насиба йўқ. Ҳадисда келади: “Аллоҳнинг розилиги ота-она розилигида, Аллоҳнинг ғазаби ота-она ғазабидадир”.

Бу қайтар дунёда биз учун ота-она хизматида бўлиш ғанимат. Уларнинг розилиги, дуолари йўлида холис бўлмоқлигимизни Аллоҳ барчамизга насиб айласин!


Ҳ.ЖАҲОНОВ,

“Қизибиби” жоме масжиди имом-хатиби

http://hazratnavoi.uz

Видеолавҳалар

Top