muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳ таоло севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали Ислом динини юборди. Ислом динига эргашувчиларга “мўмин-мусулмон” дейилади. Мусулмон бўлиш учун Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, тақдирига, ўлгандан сўнг тирилишига иймон келтириши керак.

Иймон – эътиқод

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло томонидан келтирган нарсаларга тил билан иқрор этиб, қалб билан ишонишга иймон дейилади.

لٰآ اِلٰهَ اِلَّا اللّٰهُ  مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللّٰهِ

"Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг элчисидир".

الشَّهٰادَةُ: اَشْحَدُ اَنْ لٰآ اِلٰهَ اِلَّا اللّٰهُ وَ اَشْحَدُ اَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَ رَسُولُهُ

"Аллоҳ таолодан бошқа илоҳ йўқдир ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг қули (бандаси) ва элчисидир деб гувоҳлик бераман".

اٰمَنْتُ باللّٰهِ وَ مَلٰآئِكَتِهٖ وَ كُتُبِهٖ وَ رُسُلِهٖ وَ الْيَوْمِ الْاٰخِرِ وَالْقَدَرِ خَيْرِهٖ وَ شَرِّهٖ مِنْ اللّٰهِ  تَعٰالٰى وَ الْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ

"Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолодан эканига ҳамда ўлгандан сўнг қабрдан қайта тирилишга имон келтирдим".

  1. Аллоҳ таолога ишониш – иймон келтириш:

Аллоҳ таоло ёлғиздир. Унинг тенги, ўхшаши йўқдир. Барча комил сифатларга эгадир. Аллоҳ таоло бутун оламни йўқдан пайдо қилган Зотдир.

  1. Фаришталарга ишониш (иймон келтириш):

Фаришталар Аллоҳ таолонинг қулларидир. Ҳар вақт Аллоҳ таолога ибодатдадирлар. Улар гуноҳ қилмаслар. Ўзларига буюрилган хизматлари ила шуғулланурлар.

  1. Китобларга иймон келтириш:

Аллоҳ таолонинг пайғамбарлар орқали юборган китоблари ҳақдир:

  1. Таврот;
  2. Забур;
  3. Инжил;
  4. Қуръони карим.

Таврот Мусо алайҳиссаломга, Забур Довуд алайҳиссаломга, Инжил Исо алайҳиссаломга, Қуръони карим Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга юборилгандир. Қуръони шариф нозил бўлгандан сўнг, аввалги китобларга амал қилиш бекор қилинди. Фақат Қуръони каримга то қиёматгача амал қилинади.

 

Пайғамбарларга иймон келтирмоқ

Пайғамбарлар Аллоҳ таоло томонидан юборилган элчилардир. Булар бошқа одамларга ўхшасалар ҳам, гуноҳ қилмаслар. Энг аввалги пайғамбар Одам алайҳиссалом ва энг сўнггиси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зот алайҳиссаломдан сўнг бошқа пайғамбар келмас.

 

Охират кунига иймон келтирмоқ

Бу дунё йўқ бўлиб кетади, қиёмат куни келади. Қиёмат кунида бу дунёда қилган барча ишлар тўғрисида сўроқ бўлади. Яхши ва ёмон амалларига қараб жазо ва мукофот берилади. Яхши бандалар жаннатга кириб, роҳат ва фароғатда бўладилар. Ёмон бандалар эса жаҳаннамда қийноқ ва азобда бўладилар.

Умму Муслима

 

Совуқ қиш кунларида, кўп одамлар бино ичида қолгани маъқул. Бироқ, қаттиқ совуқ пайтида баъзилар уйда шунчаки қўл қовуштириб ўтиришни ўзига эп кўрмайди.

Қўшма Штатлардан икки фарзанднинг ёлғиз онаси Алия Музамил ўтган ҳафта Техасдаги қаттиқ совуқ пайтида уч куну тун электрсиз қолди.

"Болаларимни қўшниларим билан қолдириб, у ерда тарқатилаётган иссиқ овқатни олиш учун масжидга бордим", – деди муслима аёл. – "Ҳаддан ташқари совуқ туфайли кўпчилик уйдан чиқмайди деб ўйлагандим".

Ирвинг Ислом марказига борганида, у ерга ёрдам олиш илинжида келган 150 нафардан ортиқ одамларнинг автомобилларини кўрган.

Ўтган ҳафта қиш бўрони Техаснинг бутун штатига таъсир қилиб, натижада камида 29 киши ўлган ва қаттиқ совуқда миллионлаб одамлар бир неча кун давомида электр энергиясиз қолди.

Муздек об-ҳавода одамларга ёрдам бериш ҳаракатлари Ирвингнинг мусулмонлар жамоаси билан чекланиб қолмади.

Ист-Плано Ислом марказида (EPIC) кўнгиллилар муҳтожларга 1500 дан тушликларни тайёрлаш учун ишлашди.

Марказ раҳбари Надим Башир: "Ўз яқинингни яхши кўрмасанг, мўмин бўлолмайсан", - деди.

Islam.ru маълумотларга кўра, эҳтиёжманд қочқинларга ёрдам берувчи Ma'ruf Dallas нотижорат ташкилоти ҳам 50 000 дан ортиқ сув билан идишлар, юзлаб адёл, пайпоқ ва 1000 та иссиқ тушлик тарқатди.

"Ташкилотимизнинг асосий тамойили - "ҳаракат орқали иймонни мустаҳкамлашдир", - дейди Ma'ruf Dallas Ижрочи директори Фуад М. Дадабхой.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Иштаҳа – биринчи луқма ортидан, низо эса – биринчи сўз ортидан келади...

Тарих муҳрлаган сўзлар

***

Дунёни кўр, сайр қил, ичига кир, аммо эҳтиёт бўл, дунё сенинг ичингга кирмасин.

Сайдо Жазарий

***

Ўлим — сенга қарата узилган ўқ, ҳаёт эса – ўқнинг сенгача етиб борган лаҳзаси.

Шарқ ҳикматларидан

***

Аёл кулган кулба аёл йиғлаган қасрдан яхшироқдир.

Араб ҳикматларидан

***

Бойлар саховати қошида ўзингизни зинҳор камситилгандек ҳис қилманг

Имом Ғаззолий

***

Кўпчилик ғозни оққуш, деб ўйлайди.

 

Ўйламай гапириш – мўлжалга олмай ўқ узишдир.

Андалусия ҳикматларидан

***

Ўтмиш унутилганда, бугун аросат, келажак эса вайрон бўлади...

Саййид Аброр Умар

***

 Бизни билган билади, билмаган ўзи билади.

Жалолиддин Румий

***

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Бухоро шаҳрининг салкам 500 гектар майдонини эгаллаган қадимий шаҳристони ва замонавий қисмидаги зиёратгоҳларни қамраб олган харита тайёрланди.
– Юртимиз зиёрат туризмини ривожлантириш борасида жуда катта салоҳиятга эга, – дейди лойиҳа муаллифи, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти таянч докторанти Шавкат Бобожонов. –Давлатимиз раҳбари туризмни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам буни алоҳида таъкидлаган ва соҳани равнақ топтиришда тарғибот ҳамда илмий ёндашувлар етишмаётганига эътиборни қаратган эди.
2020 йилда Бухоро шаҳри ISESCO ташкилоти томонидан Ислом олами маданияти пойтахти деб эълон қилинди. Шу муносабат билан тайёрлаган харитамиздан шариф шаҳримиздаги 133 та зиёратгоҳ (50 таси сақлаб қолинмаган), 40 та қадимий қабристон (29 таси сақлаб қолинмаган) ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.
Ўзбек, рус, инглиз тилларида чоп этилган ушбу илмий ишланма зиёрат туризми ихлосмандлари учун қулайлик яратади, деган умиддамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

“Салафийлик” ибораси араб тилидаги “سلف” сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини англатади. Қуръони каримнинг Зухруф сурасида “салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “ўтмиш (кишилари)” маъноларида ишлатилган.

Диний стилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир” (Имом Бухорий ривояти).

Шунга кўра, Ислом уламолари илк мусулмонларни “салаф солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий”лар тушунчаларини ишлатиш умуман мантиқсизлик.

Бироқ, сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган ва мусулмон жамиятларини илк Ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи диний мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Улар бу ишни, Аллоҳ таолонинг:

وَأَنَّ هَـٰذَا صِرَاطِى مُسْتَقِيماً فَٱتَّبِعُوهُ وَلاَ تَتَّبِعُواْ ٱلسُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَن سَبِيلِهِ ذٰلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

Яъни: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз”. Анъом сураси 153-оятига мухолиф ҳолда қилмоқда.

Сохта салафийлар ва аҳли сунна олимлари
ўртасидаги ихтилофлар

– Қуръон ва сунна матнларининг зоҳиридан ҳукм чиқарадилар;

– “такфир” (куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) каби диний атамалардан фойдаланиш орқали мусулмонларни ватангадо қиладилар;

– фиқҳий мазҳабларни бидъат деб билишиб, мазҳабсизликни тарғиб қиладилар;

– тасаввуф ва урфни шариатга хилоф деб ҳисоблайдилар;

– ғайридинларга ўта тоқатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар;

Сохта салафийларнинг Ҳанафий мазҳабига зид асосий даъволари қуйидаги ғояларда ўз аксини топади:

– “Ийсолус савобга” тоқатсиз муносабатда бўладилар. Масалан, маййитга Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни йўққа чиқарадилар;

– “Васила” қилиш ширк;

– Қабрларни зиёрат қилиш ва уларга Қуръон тиловати қилиш бидъат;

– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб ҳисоблаб, уни рад этадилар.

– ўзларини “юқори табақа мусулмонлари” деб ҳисоблаб, мазҳабларга мансуб мусулмонларни паст табақа, заиф, ноқис мусулмонлар, деб биладилар. Улар ўзларини салафларга эргашувчилар, деб ҳисоблаб, мазҳабдаги мусулмонларни эса айрим олимларгагина эргашадилар, деб даъво қиладилар.

Ҳозирги кунда замонавий салафийлар бир неча гуруҳларга бўлиниб кетган. Уларни умумлаштириб, икки гуруҳга ажратиш мумкин:

Биринчиси, давлат бошқарувида шариатнинг устуворлигига эришиш учун жангу-жадаллар билан ҳаракат қиладиган радикал салафийлар;

Иккинчиси, ўзларини гўёки давлатдаги мавжуд қонун-қоидаларга бўйсунадиган ва уларга қарши чиқмайдиган қилиб кўрсатадиган, жангарилик фаолияти билан шуғулланмайдиган “мўътадил” салафийлар ҳисобланади. Улар ўзларини диний мутаассиб фикрларидан қайтмаган ҳолда, бошқа қарашларга нисбатан ҳурмат билан қарайдиганлар гуруҳига мансуб бўлиб, муайян мазҳабга мансуб бўлишни ёқламайдилар.

Ҳозирда сохта салафийлик ғоялари остида асосан Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида фаолият олиб борадиган ҳаракатлар жамиятдаги эътиқодий бирлик, барқарорлик ва тараққиёт учун реал таҳдидга айланганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Имом Муслим раҳмутуллоҳи алайҳ ўзларининг «Саҳиҳ» асараларида, Арафа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар бир кишига жамланиб аҳил бўлиб турганингизда бир кимса келиб, (ҳамжиҳатлик) ҳассангизни синдирмоқчи ёки якдиллигингизни бўлиб ташламоқчи бўлса, уни ўлдиринг”, деганларини эшитдим”.

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни бекорга айтмаганлар. Маълум даврда мана шундай нобакорлар чиқиши мумкинлигини ва улар бирдам бўлиб турган жамоани бўлиб ташлайдиган даражадаги фитнани қўзғата олиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.

Ў.СОБИРОВ

Видеолавҳалар

Top