muslim.uz
Тошкент метрополитени қурилишидаги фожиада ҳалок бўлган юртдошларимизнинг оилаларига ҳамдарлик
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Азиз юртдошлар, ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб вафот этса, шаҳидлик мақомини топиши таъкидланган.
Динимизда ўтганларга дуойи хайрлар қилиш мўминлик ҳақларидан ҳисобланади. Қуръони каримда шундай дейилган:
وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ
وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ
яъни: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят)
Шундай экан ушбу фожиада вафот этган юртдошлармизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини илтижо қилиб сўраймиз. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканимизни билдирган ҳолда сабру жамил тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Дарахтнинг инграши ҳақида эшитганмисиз?
Жобир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Жума кунлари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир дарахт ёки хурмо устида туриб хутба қилардилар. Бир куни ансорлардан бўлган бир аёл ёки эркак: “Ё Расулуллоҳ! Сизга бир минбар ясаб берайликми?” деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ихтиёрларинг” дедилар. Улар минбар ясаб бердилар. Жума куни келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар томон кетдилар. Шунда хурмо дарахти худди ёш бола бақиргани сингари овоз чиқарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан тушиб, уни қучоқладилар. Хурмо худди юпанаётган бола каби ҳиққиллашга тушди.
-У (ҳар гал) ёнида қилинадиган зикрни энди эшитолмаслигидан йиғларди”. Имом Бухорий ривоятлари.
Ҳа, дарахт ёки хурмо танаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ва айтиладиган зикрлар, мавъизаларни яхши кўргани учун у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиққанларида инграган. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан бири эди.
Зоология илмига оид кўплаб кашфиётлар қаторида яқинда, аниқроғи 2019 йил 5 декабр куни АҚШнинг Newscientist нашрида ўсимликларнинг ўзидан овоз чиқариши билан боғлиқ илмий кашфиёт эълон қилинди. Олимларнинг айтишича, баъзи ўсимликлар 20 дан 100 килогерцгача бўлган оралиқда товуш чиқарар экан. Бунда товуш ҳавони бир сонияда 20 мингтадан то 100 минг мартагача тебратади. Буни ультратовуш дейилади. Ҳатто бир ўсимликдан чиқаётган сигнални бошқа ўсимликлар қабул қилиб, унга реакция билдирар экан. Шунингдек, ўсимликлар бир-бирини хавфдан огоҳлантирар экан. Масалан, ўсимликка қўниш учун ҳашарот учиб келаётган бўлса, бу ҳақида бир ўсимлик бошқасига хабар берар, бу хабарни олган ўсимлик эса ўзидан бадбўй ҳид чиқариб, ҳашаротни ўзига яқинлаштирмасликка уринар экан.
Қаранг, ҳатто ўсимликлар бир-бирига яхшиликни илинади, афсуски, баъзан инсонда шу фазилат топилмай қолади.
Аввалроқ, аниқроғи 2016 йилда Австралия миллий университети профессори Питер Крисп ўсимликлар оғриқли лаҳзаларни эслаб қолиш қобилиятига эга эканлигини кашф қилган эди. Масалан, бир дарахтнинг баргини узсангиз ёки уни ёқсангиз, ўша дарахт бу жараённи эслаб қолар экан.
Германиянинг Бонн университети профессори Францишек Балушка ўсимликларда хотира борлигини ўрганиб, уларда оғриқли вазиятларни эслаб қолиш учун қисқа хотира борлигини эълон қилганди.
Хулоса шуки, дарахтлар, ўсимликлар ҳам атрофида бўлаётган ишларни ҳис қилиб, оғриқли воқеаларни эслаб қолиб, хатар ҳақидаги хабарни бир-бирларига етказиб, ўзидан инсон қулоғи эшита олмайдиган сигналларни чиқарар экан. Аммо бу сигналларни биз инсонлар эшита олмаймиз. Олимлар уларнинг товушларини махсус асбоблар ёрдамида аниқлаганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажралиб қолаётгани учун дарахт танаси ҳам ўзидан овоз чиқарди, ингради. Чунки, дарахт учун бу оғриқли, аламли ҳодиса эди. Бу овозни ўша ерда ҳозир бўлган саҳобаи киромлар ҳам эшитишди. Бу катта мўъжизалардан бири эди.
Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз саловот ва саломлар юборсин, барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Қиз фарзанд кўрган бўлсангиз
Баъзан “Яна қиз туғдингми? Бунча қиз туғаверасан?” деб аёлини маломат қиладиганларни эшитиб қоламиз. Аввало, ҳомиланинг ўғил ёки қиз бўлишига аёлингиз айбдор эмас. Ҳомиланинг ўғил ёки қиз бўлишини ирода қилувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир! Бандасининг қўлидан ҳеч нарса келмайди.
Унутманг, иккита қизингиз бор дегани, дўзахдан иккита парда бор деганидир. Яна қиз фарзанд кўрдингизми, пардалар сони яна биттага кўпайибди-да!
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлса, уларни сабр билан ўстирса, топганидан уларни кийинтирса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар”.
Нима, “Қизни боқиш, узатиш осонмас ҳозирги пайтда” дейсизми?
Нега ундай дейсиз? Раззоқ бор! Раззоқ дегани қимирлаган жонзотнинг ризқини берувчи дегани! Роббимиз сизнинг ҳам, қизингизнинг ҳам ризқини беради!
Оламлар Робби Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَلاَ تَقْتُلُواْ أَوْلاَدَكُم مِّنْ إمْلاَقٍ نَّحْنُ نَرْزُقُكُمْ وَإِيَّاهُمْ
“Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз” (Анъом сураси, 151-оят).
Қолаверса, дўзахни беркитадиган парда ўз-ўзидан бўлмайди-ку, дўстим! Бунинг учун дўзахдан узоқлаштириб, жаннатга яқинлаштирадиган амалларни кўпроқ қилиш, шу жумладан, қиз фарзанд кўрганда хурсанд бўлиш, уларни одоб-ахлоқли этиб тарбия қилиш лозимдир.
Менимча, энди қиз фарзанд кўрганингизда хафа бўлмасангиз, “Ҳамма фарзандларим қиз бўлса ҳам розиман” дейдиган кайфиятга ўтсангиз керак!
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Динда террор йўқ – Ислом қўпорувчилик дини эмас!
ОГОҲЛИК – ДАВР ТАЛАБИ
Бугун биз шундай даврда яшаяпмизки “фалон киши коинотда яшаш учун жой буюртма қилибди, фалон компания у номдаги энг юқори технологияларга эга маҳсулотини тақдимот қилибди, буниси қуёш нури билан ҳаракатланадиган учар машина ишлаб чиқибди”, деса ҳеч ким ажабланмай қўйди.
Лекин дунёнинг фалон мамлакатида террорчилик хуружи кузатилибди деса, ер юзидаги етти миллиарддан зиёд одам юрагини ҳовучлайдиган бўлиб қолди. Энг ёмони, сайёрамиз аҳолисининг аксарияти террорни ҳали-ҳануз дин билан ёнма-ён ишлатмоқда.
Қўли қонга ботган, на дини, на миллати, на виждони бор разил кимсалар – террорчилар ўлдирса ҳам, қайсидир жойни портлатса ҳам, қаёққадир ўт қўйса ҳам энг улуғ калима – “Аллоҳу акбар”ни талаффуз қилаётгани диндан бехабар кишиларнинг ана шундай хулосага келишига сабаб бўлаётгандир. Хўш, аслида ҳам шундайми?
ИСЛОМ – ТИНЧЛИК ДИНИ
Бугун кўпчилик ўйлаганидек, Ислом қўпорувчилик дини эмас, балки тинчлик динидир. Динимиз тинчлик, хотиржамлик, ҳузур-ҳаловат, сулҳ ва омонлик каби маъноларни англатади. Бу номни Аллоҳ таолонинг Ўзи танлаган. Зотан, Буюк Раббимизнинг гўзал исмларидан бири ҳам “Ас-салом”дир.
“Ислом” сўзи “итоат ва бўйсуниш”, “ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш” ҳамда “сулҳ ва омонлик” деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. Ислом, бу – Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.
Бу дин шундайки, ҳатто бошқа динларни ҳам инкор этувчи шахсларга нисбатан ширинсуханлик билан чиройли муомала қилишга ундайди. Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломга ўзини Худоман, деб даъво қилган Фиръавнга ҳам Аллоҳ таоло юмшоқ ва мулойим сўз билан гапиришга буюрди: “(Эй, Мусо!) Сен ўзинг ва биродаринг (Ҳорун) Менинг оятларимни (одамларга) олиб борингиз ва Мени зикр қилишда сустлик қилмангиз! Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у(“Мен – худоман”), деб ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса” (Тоҳо сураси, 44-оят).
Ва ҳолбуки, Худойи таоло қодир эди Мусо алайҳиссаломга: “Эй, Мусо, Фиръавнни олдига борганингизда асонгизни ушланг, аждаҳога айланиб Фиръавнни ютиб юборсин” дейишликка. Лекин Худойи таоло Ўзининг энг улуғ пайғамбарларидан бири бўлган, Аллоҳ таоло билан воситасиз гаплашган, Қуръони Каримда у кишининг номлари 136 марта зикр этилган, алоҳида бир Муқаддас китоб нозил қилинган, севимли пайғамбарларидан битталари бўлган бўлсалар-да ширин сўз ва мулойимлик ила муносабат қилишни амр-фармон қилади.
Ислом террорни, фасод ва бузғунчиликни бутунлай қоралайди, лаънатлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида бузғунчилик қилмасликни буюриб: “Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят), шу суранинг 60-оятида эса: “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”деб марҳамат қилган.
Моида сурасининг 32-оятида эса: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”, деб марҳамат қилинган.
Муфассирларнинг таъкидлашларича, аслида ушбу оят ҳукми Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, бироқ у барча мусулмонлар учун ҳам тегишлидир. Оятнинг тақозо этишига кўра, Ер юзида фитна-фасод, бузғунчилик, қотиллик, қўпорувчилик, қароқчилик каби разил ишларни қилган кимсалар қилмишларига яраша жазога тортилиши керак.
Ҳадиси шарифларда: “Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти); “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир” (Имом Бухорий ривояти), дейилган.
ТЕРРОРИЗМ ДИН БИЛАН АЛОҚАДОР ЭМАС
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассами ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, дея таъкидлаган эдилар.
Мана шу таклифлардан келиб чиқиб БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2017 йил 21 декабрь куни “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилди. Ушбу ҳужжатга кўра, терроризм, зўравон экстремизм ҳеч бир дин, миллат ва цивилизация билан алоқадор эмас ва боғлиқ ҳолда талқин қилинмаслиги керак.
“Террор” атамаси пайдо бўлганига чорак асрдан ошди. Террор дастидан минг-минглаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлмоқда, миллионлаб заминдошларимиз ўз уйидан, ватанидан чиқишга мажбур бўлиб, сарсон саргардон юрибди. Минглаб болалар таълим олиш у ёқда турсин, уйсиз бошпанасиз, баъзилар ҳатто яқинларисиз ёлғизликда, ночор ҳаёт кечирмоқда. Бу эса терроризм, экстремизмнинг аччиқ мевасидир.
ЭКСТРЕМИЗМ – ИНСОНИЯТ ДУШМАНИ
“Экстремизм” тушунчаси Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда қайта-қайта келган “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш” каби сўзлар билан ҳамоҳанг бўлиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қаттиқ қораланган. Масалан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларини ғулувдан қайтариб, бундай марҳамат қилади: “Эй аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз!..” (Нисо сураси, 171-оят). Бошқа ояти каримада: “Айтинг: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77-оят), деб зикр қилинган.
Муқаддас динимизда якка-ю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилиб, бирдамликка чақирилади. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошишдан қайтарилишнинг сабаби, бу омиллар ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Ваҳоланки, оятда:: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар” (Рум сураси, 32-оят), деб марҳамат қилинган.
Динда ғулувга кетишнинг оқибатлари жуда ёмон. Аввало, бу ақиданинг бузилишига олиб келади. Тарихда пайдо бўлган равофиз, хавориж, муътазила ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши, асосан, динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Ғулув машаққат бўлгани боис одамлар тўғри йўлдан озиб, диндан нафратланиб, безиб қоладилар. Охир-оқибат шариатда буюрилган амалларни бажаришдан қониқиш ҳосил қилмай, ўз-ўзига машаққат туғдирадиган янги бидъат амалларни ўйлаб топиши ва динни машаққатдан иборат қилиб кўрсатишга сабаб бўладилар. Бу эса Ислом динининг мўътадиллик ва енгилликка чақирувчи, машаққат ва қийинчиликларни бартараф этишга асосланган таълимотларига зиддир. Зеро, енгиллик, Исломнинг асосий шиорларидан биридир. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Осонлаштиринг, асло қийинлдаштирманг. Башорат беринг, ҳеч ҳам нафратлантирманг”, дейилган.
Ислом дини фасодга қарши курашиб, ошкора ва ботиний фитналардан қайтарган. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 56-оятида: “Ва ислоҳ қилингандан кейин Ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир”, деб марҳамат қилади.
Муфассирлар ушбу оят тафсирида “арз”, яъни “ер” сўзи, араб қоидаларига кўра, алиф-лом билан келгани учун муайян бир жойга – Мадина шаҳрига далолат қилади, дейишади. Шунда оятнинг мазмуни “Мадина шаҳри ислоҳ қилинганидан кейин у ерда фасод ишларни қилманг” бўлади. Мадина ер юзидаги кичкина шаҳар. Мана шу жойда ҳам фасод қилмасликка буюриляпти. Модомики, кичик шаҳарда фасодга чек қўйилмас экан, худди учқун бутун бошли ўрмоннинг кулини кўкка совурганидек, фасод ишлар – экстремизм, терроризм ҳам ер юзини вайрон қилади.
Ҳозирги кунда айрим давлатларда ғулувга кетган, қўли қонга ботган бир қанча экстремистик гуруҳлар фаолият олиб бораётгани барчани бирдек ташвишга солмоқда. Ғарб мамлакатларининг баъзи оммавий ахборот воситалари ушбу экстремистик гуруҳларнинг қўпорувчилик ҳаракатларини Ислом дини билан боғлашга уринмоқдалар. Ваҳоланки, Ислом дини экстремизмни, терроризмни қаттиқ қоралайди, лаънатлайди. Динимиз экстремизмга қарши курашни ўн беш аср олдин бошлаб юборган. Ислом мўътадил экани унинг ҳар қандай экстремизмга, хунрезликка қарши эканлигининг яққол исботидир.
Турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган кимсаларнинг гумроҳлиги шундаки, кўр кўрни қоронғида топибди деганидай, улар фақат ўзларига ўхшаш кишиларнинг гапларига ишонишади. Самимий насиҳат қилиб, тўғри йўлни кўрсатган олимлар у ёқда турсин, баъзан айримлари ота-онаси, акасини ҳам тан олишмайди. Булар ҳақида Қуръони каримда: “Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз” (Сажда сураси, 22-оят), деб марҳамат қилинган.
Шукрки, бағрикенг юртда яшаяпмиз. Мамлакатимизда шонли саналар, байрамлар муносабати билан адашиб турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиб озодликдан маҳрум этилган, айни пайтда қилмишига чин пушаймон бўлиб, бутунлай тузалиш йўлига ўтган фуқароларни афв этиш тўғрисида муҳтарам Президентимизнинг фармонлари эълон қилиняпти.
Оиласи бағрига қайтаётган бундай фуқаролар билан кайвонилар, ҳожи оталар иштирокида суҳбатлар ўтказиб, уларга динимизнинг асл моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо муаззам Каъба деворига суяниб бундай деганлар: “Эй Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг баланд. Лекин агар сени етти марта бузиб вайрон қилганимда ҳам бир мусулмонга озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”.
Видолашув ҳажида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, қонингиз, молингиз ва обрўйингиз бир-бирингизга худди бугунги кундай, шу шаҳардай ва шу ойдай ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу ҳадис шарҳида: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни ардоқли, улуғлиги, азизлиги, ҳурмати аён бўлган нарсалар: Қурбон ҳайити, Макка шаҳри ва муҳаррам ойи каби ўзаро молларини, жонларини ва обрўларни ҳурмат қилишга даъват қилдилар”, деган.
Хўш, энди дўппини ечиб қўйиб, ўйлаб кўрайлик. Ҳатто қушнинг ҳам ини бузилишига қарши бўлган, эр-хотиннинг жанжаллашишига олиб борадиган барча йўлларга ўзининг қатъий ҳукмлари билан чора кўриб қўйган Исломни қандай қилиб терроризм, экстремизм билан чоғиштириш мумкин?
ХУЛОСА
Маълумотларга кўра, сўнгги 10 йилда терроризм, экстремизм оқибатида жаҳон иқтисодиётига 583 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилган. Кейинги 15 йилда террорчилик ҳаракатлари натижасида 91 минг бегуноҳ инсон ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти ёш болалар, аёллар ва қариялардир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тузилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси дунё жамоатчилигини безовта қилаётган терроризм, экстремизм, зўравонлик, муросасизлик каби бугунги куннинг ўткир муаммоларига ечим сифатида илм-маърифат, ўзгаларга адолатли ва бағрикенг ёндашув ҳамда тинчликпарвар сиёсатни тарғиб қилади.
Бугун куч ишлатиш, босиб олишдан кўра кўпроқ тинчликпарвар сиёсат ҳар жиҳатдан самарали бўлмоқда. Ана шу тажриба орқали радикал гуруҳлар фаолиятининг 7 фоизи қуролли аралашув натижасида тўхтатилган бўлса, уларнинг 40 фоизи тинч йўл билан – сиёсий музокаралар ўтказиш воситасида барҳам топган. Зотан, дунё бўйлаб экстремистик ташкилотларнинг 38 йиллик фаолияти таҳлиллари шуни кўрсатмоқда.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари