muslim.uz

muslim.uz

2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус -“Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинган эди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган.

 

 

Давлатимиз раҳбарининг БМТ минбаридаги нутқида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган резолюциянинг асосий мақсади “барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат“ эканини қайд этган эди. Ҳужжат “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш“га қаратилган.

 

 

Бугунги кунда таълим муассасаларида тизимли равишда ўтказилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат билан” шиори остидаги тадбирлар ана шу халқаро дастур мазмун-моҳиятини етказиш, диниймиз софлигини асрашга қаратилган. Бунда диний соха ходимлари, хусусан имом-хатиблар фаол иштирок этмоқда.  

 

 

Андижон вилоятида янги ўқв йилидан то шу бугунгача умумуий ўрта таълим мактабларида 97 маротаба ушбу йўналишда имом-хатиблар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди. Имомлар ўқувчиларга динимиз аввало илм дини экани, мусулмон киши яхши ишларда намуна кўрсатиши, ўзга дин вакилларига ҳурматда бўлиш, ота-она, устозга эҳтиром, кийиниш одоблари ва бошқа мавзулардамаъруза қилмоқдалар.

 

 

Суҳбатлар ёш авлод вакиллари учун анча манфаатли бўлаётгани, исломни, ундаги икки дунё бахт-саодатига эриштирувчи гўзал ҳаёт йўлини ўрганаётганлари, саволларига жавоб олаётганларини ўзлари эътироф этиб, бу каби учрашувлар тез-тез ўтказилишини сўрамоқдалар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

 

 

 

 

Четверг, 07 Ноябрь 2019 00:00

Улар яхшиликларга шошилишар эди

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Сулаймон алайҳиссалом ҳақларида шундай марҳамат қилган:

وَوَهَبْنَا لِدَاوُودَ سُلَيْمَانَ نِعْمَ الْعَبْدُ إِنَّهُ أَوَّابٌ

“Ва Биз Довудга Сулаймонни ҳадя қилдик. У қандай ҳам яхши бандадир. Албатта, у ўта қайтгувчидир” (Сод сураси, 30-оят). 

Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссалом ҳақларида бундай марҳамат қилган:

إِنَّا وَجَدْنَاهُ صَابِراً نِعْمَ الْعَبْدُ إِنَّهُ أَوَّابٌ

“Биз уни сабрли топдик. У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у ўта қайтгувчидир” (Сод сураси, 44-оят).

“Аввоб” сўзи “кўп тавба қилувчи”, “кўп тасбеҳ айтувчи”, “кўп зикр қилувчи” деган маъноларни билдиради.

Ҳа, Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссаломнинг  меросхўри сифатида подшоҳ бўлсалар ҳам молу мулк, бойлик, салтанат у кишини Аллоҳ таолони зикр қилишдан, Унга тасбеҳ айтишдан, эртаю кеч Унинг ёди билан яшашдан машғул қилиб қўймади.

Шунингдек, Айюб алайҳиссаломни мусибат, оғриқ, беморлик Аллоҳ таолони зикр қилишдан, Унга тасбеҳ айтишдан, эртаю кеч Унинг ёди билан яшашдан машғул қилиб қўймади.

Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг барчалари ана шундай эдилар. Аллоҳ таоло уларни “Албатта, у солиҳлардандир”, “У қандай ҳам яхши банда”, “Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир”, “Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар” каби васфлар билан мақтаган. Улар бутун инсоният учу улкан ибрат эдилар.

Эй Роббим, бизни ҳам Сени доим зикр қилувчилардан айлагин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Четверг, 07 Ноябрь 2019 00:00

Қалдирғочбий  мақбараси

Қалдирғочбий мақбараси Тошкент шаҳридаги бетакрор меъморий ёдгорликлардан бири.  Мазкур кичик мақбара Шайх Хованди Тоҳур мажмуаси таркибида жойлашган бўлиб 15 асрнинг биринчи ярмида барпо этилган. Мақбара тарихи кўплаб ривоятларга бориб тақалади. Баъзи манбаларда келтирилишича қадимда Дашти Қипчоқда яшаган Қалдирғочбий  лақаби билан танилган киши қабри узра тикланган. Бундан ташқари у ерда кўплаб улуғларни қабри бор, дея тахмин қилинади. Қизиғи шундаки мақбара номи у қурилганидан бир неча  юз йиллардан сўнг яшаган Тўлабий Алибийқул номи билан боғлиқ. Ривоятларга қараганда уруш хавфи туғилганда кўпчилик ўз ерларини тарк этади. Аммо Тўлабий ўз ўтовини йиғмайди. Босқинчилар ўтов ёнига яқинлашганда  лашкарбоши  Тўлабийдан нега кетмаганлигини сўрайди. Шунда Тўлабий “Бу йил ўтов бошига қалдирғоч ин қурди. Қалдирғоч афсонавий қуш. Қушни уйини бузишга, болаларини нобуд қилиш қўлимдан келмади” дея жавоб беради. Шундан сўнг ёв Тўлабийни авлиё дэб билиб,унга тегмайди. Шундан сўнг мақбара Қалдирғочбий дея атала бошлаган. Иншоот меъморий жиҳатдан бетакрор ҳисобланади. Унинг гумбази ҳам ўзгача услубда. Пирамидасимон, кулохий гумбаз мовий кошинлар билан безатилган. Мақбара ичкарисида Тулабийнинг қабр тоши жойлашган.

Мақбаранинг киравериш пештоқида эса сулc хатида “Юнус” сурасининг 62-63 оятлари битилган бўлиб, у қуйидаги маънога эгадир: “Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг валийлари( дўстлари) га хавф йўқ ва улар ташвиш ҳам чекмаслар. Улар иймон келтирган ва тақволи бўлганлар (ҳисобланади).”

 

Четверг, 07 Ноябрь 2019 00:00

Инсон  бахтли бўлишга мажбур!

Сиз бахт излаб бутун оламни кезиб чиқасиз. У эса доим ёнгинангизда, ҳар қандай инсоннинг қўли етадиган масофададир...

Гораций 

Одамлар бахтли яшамоқ учун яратилганлар, бинобарин, кимда-ким ўзини бахтиёр санар экан, “Худонинг айтганларини бажо келтирдим!” демоқликка ҳақлидир.


***

Одам ўзининг бахтли эканини билмагани учун ҳам бахтсиздир.

Фёдор Достоевский 

Кимгадир бахтли кўринган эмас, балки ўзини бахтли сезган одам бахтлидир.                                                                         

Публий Сир 

Бахт – бойликда, десангиз, ҳамма бахтсиз. Чунки ақллига кўп нарса керак эмас, аҳмоқ эса барибир тўймайди.

Асқад Мухтор 

Бахт йиллар, ойлар, ҳафталар ва ҳаттоки кунлар ичида яширинган эмас, уни ҳар бир лаҳзада топиш мумкин.

Бахт излаб узоқларга кетма. Шундай бир иш қилгинки, бахт ҳузурингга келсин.

Цицерон


***

Кўнгли тилаған муродиға етса киши,

Ё барча муродларни тарк этса киши.

Бу иккиси муяссар ўлмаса гар оламда,

Бошни олиб бир сориға кетса киши!

Заҳириддин Муҳаммад Бобур


***

Бахтсизликдан қўрққан кишининг ёнига бахт яқин келмайди.


*** 

Дунёда бахт ва бахтсизлик тушдай бир нарсадир. Кўзни юмиб очгунча ҳаммаси ўтиб кетади.

Низомиддин Мир Алишер Навоий. “Ҳайратул аброр”.

 

***

Александр Солженицин (рус ёзувчиси):        

 “- Мен Америкага борсам, жуда бахтли бўламан, деб ўйлаган эдим. Афсуски, бу ерда ҳам руҳий бўшлиқни ҳис этяпман. Сизлар ортиқ моддиятнинг асирига айлангансиз. Ҳа, бу ерда ҳуррият бор. Ҳар ким истаганини қила олади. Аммо ҳамма моддиятга эътибор беради, руҳият билан қизиқмайди. Ҳамманинг руҳи бўм-бўш. Холбуки, инсонни инсон қилган жисм эмас, балки унинг пок аслли комил руҳидир. Сизга тавсиям шуки, руҳингизни ўстиринг, уни гўзаллаштиринг! Фақат ўшандагина мамлакатингизда мавжуд бўлган ва сизни қийнаётган салбий ҳолатлар барҳам топади. Динни маҳкам тутинг! Дин руҳнинг озуқасидир. Динга содиқ инсонлар ҳар ерда сизга ёрдам қўлини узатадилар. Чунки Тангридан қўрқиш ҳисси уларни доимо тўғри йўлда тутиб туради.

Инсонларни ёмонликлардан қайтарадиган куч полиция эмас, бу куч Тангри наздидан ҳосил бўлган кучдир”. 

***

Илмий кузатишлардан маълум бўлишича, ёлғиз кишиларга нисбатан оилалилар, даҳрийларга нисбатан тақводорлар ўзларини бахтлироқ ҳис этадилар.


***

Бахтимизнинг ўндан тўққиз улуши соғлиғимизга боғлиқ. 

*** 

Ўз уйида бахтли бўлган кишиларгина бахтлидир. 

Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг ҳар бири эса алоҳида бахтсиздир.

 Л.Толстой

 

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Четверг, 07 Ноябрь 2019 00:00

«Фиқҳи акбар» китоби

(Давоми)

 4-қисм

Пайғамбарларнинг барчалари кичик ва катта гуноҳлардан, куфр ва қабиҳ ишлардан покдирлар. Магар улардан баъзи саҳву хатоликлар содир бўлгани рост. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳабиби, бандаси, расули, набийси, сафий ва нақийсидирким, зинҳор санамларга сиғинмаганлар, бир лаҳза ҳам Аллоҳга ширк келтирмаганлар ва асло кичик ва катта гуноҳга қўл урмаганлар.

Пайғамбарлардан кейин одамларнинг энг афзали – Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн ал­Хаттоб, сўнгра Усмон ибн Аффон, сўнгра Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудирлар. Улар ҳақ узра яшаб, ҳақ билан бирга ўтганлар. Уларнинг ҳаммасини дўст тутамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ҳеч бирига ёмонликни нисбат бермаймиз, балки яхшилик билан ёд этурмиз.

Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўъмин деб атайверамиз, уни фосиқ мўъмин деб аташ мумкин, фақат кофир эмас.

Пойафзалга масҳ тортиш – суннат. 

Рамазон ойи кечаларида ўқиладиган таровеҳ намози – суннат.

Ҳар қандай солиҳ ва фожир мўминга иқтидо қилиб намоз ўқиш жоиз.

Мўъмин кишининг қилган гуноҳлари унга зарар қилмайди демаймиз. Яна уни дўзахга киритмайди ҳам демаймиз. Лекин уни абадий қолдиради ҳам демаймиз. Лекин у ерда абадий қолдиради ҳам демаймиз, ҳатто у фосиқ бўлган тақдирда ҳам. Аммо дунёдан имонли кетган бўлиши шарт.

Барча савобли ишларимиз қабул қилинур ёки гуноҳларимиз кечирилур ҳам демаймиз. Лекин айтамизки, ҳар ким қайси бир савобли ишни барча шарт­шароити билан уни бузиб қўядиган айблардан холи ҳолда адо этган бўлса ҳамда дунёдан шу тарзда ўтган бўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг эзгу ишини зое кетказмайди. Балки уни қабул этади ва унга яраша савоб ёзади.

Ширк ва куфрдан бошқа гуноҳларни қилган ва тавба қилмай туриб дунёдан мўъмин ҳолда ўтган кишининг иши Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола – хоҳласа жазо беради, хоҳласа афв этиб, асло дўзах азобига дучор этмайди.

Риёкорлик ва манманлик билан қилинган ҳар бир хайрли ишнинг савоби бекор қилинур.

Видеолавҳалар

Top