muslim.uz

muslim.uz

Россия Федерацияси мусулмонлари раҳбари муфтий, шайх Равил Гайнутдин ташкилотнинг VII ҳисобот-сайлов қурултойида Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси лавозимига янги беш йиллик муддатга қайта сайланди.
Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси анжуманида бир овоздан, очиқ овоз бериш йўли билан қайта сайланди.
Шунингдек, ташкилотнинг янги Низоми тасдиқланди. Унга кўра янги тузилган Оқсоқоллар кенгашига узоқ йиллар Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Дамир Гизатуллин раис этиб сайланди.
Москва ислом институти ректори Дамир Мухетдинов Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди.
Мазкур қурултойда фахрли меҳмонлар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхона Алимов ҳазратлари ҳам қатнашмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

23 сентябрь куни Москва шаҳрида Россия Федерацияси мусулмонлари идораси қурултойи бўлиб ўтди. Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Шундан сўнг қурултойнинг ишчи гуруҳи ва Президиум аъзолари тайинланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари президиум аъзолари қаторидан жой олдилар.
Тадбирда дунё мамлакатларидан келган 150 нафардан зиёд таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари иштирок этди.
Қурултойда Россия Федерацияси мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх Равиль Гайнуддиннинг 2014-2019 йиллардаги олиб борган иш фаолият юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ўтган даврда Россия Федерацияси мусулмонлари идораси фаолияти натижалари, амалга оширган ишлари ва эришилган ютуқлари тўғрисида тадбир иштирокчилари ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Қурултой якунида Россия Федерацияси мусулмонлари идорасининг янги таҳрирдаги устави тасдиқланди, 2019-2024 йилларга оид истиқболли дастури маъқулланди ва Қурултой резолюцияси қабул қилинди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

وَٱلَّذِينَ ٱسۡتَجَابُواْ لِرَبِّهِمۡ وَأَقَامُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَمۡرُهُمۡ شُورَىٰ بَيۡنَهُمۡ وَمِمَّا رَزَقۡنَٰهُمۡ يُنفِقُونَ

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Улар Парвардигорларига ижобат этган ва намозни баркамол адо этган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан (муҳтожларга) эҳсон қилурлар”
(Шўро сураси, 38-оят).

Тошкент шаҳар, Яшнабод тумани "Ал-ҳудайбия" жоме масжиди имом хатиби Муродуллоҳ домла Ғойибназар ҳожи ўғли бошчиликларида кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу ишлардан бири бугун Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 30-меҳрибонлик уйида ҳам ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, ота-онасини йўқотган болалар қалбига ҳурсандчилик бахш этиш, маънавий-маърифий тадбирлар асносида ёшларга тўғри тарбия бериш, юртга садоқат, ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашдир. Бугун бўлиб ўтган бу тадбир жуда чиройли ташкил этилган бўлиб, унга Яшнобод туман ҳокимлигидан, Яшнобод туман Ички ишлар бўлимидан меҳмонлар ташриф буюрди.
Бундан ташқари тадбирда Тошкент шаҳар Яшнобод тумани "Холид ибн Валид" жоме масжиди имом хатиби Исроилжон домла Исмоилжон ўғли ҳам қатнашиб, тадбирнинг янада файзли ўтишига кўмак бердилар.
Тадбирда Муродуллоҳ домла болалар ва уларнинг меҳрибон тарбиячилари учун илмий-маърифий суҳбат қилиб бердилар. Уларга Мустақил ватанимиз учун муносиб хизмат қилиш энг олий мақсад эканини тушунтириб бердилар. Суҳбатдан сўнг болаларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Давра қизиқарли бўлиши учун савол-жавоб викторинаси ташкил этилди. Унда болажонларга диний-маърифий, илмий-адабий ва тарихий-маънавий саволлар берилиб, саволларга тўғри жавоб берган болаларга эсдалик совғалари, китоблар ҳадя этилди. Болажонлар учун ёзилган дастурхон ҳам уларни жуда мамнун этди. Бу орада бизни ҳам бениҳоя ҳурсанд этган нарса, болаларнинг аксари рус миллатига мансуб бўлсада, уларнинг ўзбекона урф-одатларга кўра, миллий қадриятлар асосида тарбия топаётгани бўлди. Болаларнинг бари қўллари кўксиларида салом беришар, одаб-ахлоқнинг юқори намунаси сифатида муомалада бўлишди. Бу бизни жуда ҳурсанд қилди, ҳайратландик. Шундай фарзандлар тарбия қилаётганларга раҳмат айтар эканмиз Аллоҳ таолога бениҳоя шукурлар қилдик. У ердаги болаларнинг деярли барчаси ислом динида улғаймоқда. Улар биз берган қисқа диний саволларга ҳам тўғри ва аниқ жавоб беришди. Келажакда ана шундай болалардан яна имом Бухорийлар, имом Термизийлар, имом Абу Мансур Мотуридий ва имом Насафийлар чиқишига ишонамиз.
Ана шундай тадбирлар билан инсонларнинг кўнглини кўтариш савобли ишлардан бўлиб, Аллоҳ бундай хайрли ишларни янада бардавом айласин.


Жамшид НАЗАРОВ.

22 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Россия Федерациясида бўлиб ўтадиган халқаро анжуман ва унинг доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун Москва шаҳрига етиб бордилар.
Ўзбекистон делегациясини Москва шаҳрида Россия Федерацияси мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Рушан ҳазрат Аббасов кутиб олди.
Шу йилнинг 23 сентябрь куни Москва шаҳрида Россия Федерацияси мусулмонлари идорасининг қурултойи бўлиб ўтади. Ушбу халқаро нуфузли тадбирда муҳокама қилинган масалалар сайтимиз орқали ёритиб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top