muslim.uz

muslim.uz

Сайдулло домла Рўзиев 16 йилдан бери Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги “Қориравот” жоме масжидида хизмат қилиб келади. Маҳалла аҳлини яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришда, ислом маърифатини етказишда холис меҳнат қилади. Яқинда унинг ҳузурига масжидни замонавий қайта таъмир қилиш таклифи билан бир киши келганида, имом-хатиб: ҳозирча масжид ҳолати таъмирга муҳтож эмас, бунинг ўрнига маҳалламиздаги муаммолари мавжуд хонадонларга ёрдам берсангиз унданда кўпроқ савобга эришасиз, дея мурувват кўрсатишга тарғиб этди. Ва бунинг учун ижтимоий муҳитни соғломлаштириш бўйича тузилган 2-ҳудудий ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишига таклиф этди. Йиғилишда фуқароларнинг турли мурожаатлари ўрганилмоқда. Муаммолар кўп: уларнинг аксари қарздорлик, моддий етишмовчилик билан боғлиқ. Жараённинг бевосита гувоҳи бўлган меҳмон иккита оиланинг муаммоларини ўзи ҳал этиб беришини зиммасига олди. Бир кишининг тўғри тадбир билан яхшиликка далолати сабаб қайсидир хонадоннинг мушкулотлари ариди. 

Толҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Курайздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир маъруф садақадир. Яхшиликка далолат қилувчи худди уни қилувчи кабидир», дея марҳамат қилганлар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Вторник, 24 Сентябрь 2019 00:00

ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдулло домла Абдулллаевнинг қайнонаси Заҳрохон она Абдусамадованинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳуманинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳуманинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Убайдулло домла Абдулллаевга ва марҳуманинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Шу йил 24 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Москва шаҳрида ўтказилган “Глобал дунёдаги ислом: мусулмон мероси ва маданиятлараро мулоқот” номли халқаро анжуманда иштирок этдилар ва нутқ сўзладилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўз маърузаларида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча соҳалар қатори диний жабҳада ҳам изчил ривожланиб бораётгани, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланаётгани ва икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилганига алоҳида урғу бердилар.
Муфтий ҳазратлари анжуман иштирокчилари диққатини ҳозирги кунда барча уламоларнинг асосий саъй-ҳаракатлари муборак Ислом динининг софлигини асраш, миллатлараро тотувликни таъминлаш ва тинчликни қадрлаш эканига қаратдилар.
Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини барчага гўзал шаклда етказиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай ифода этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад, 7).
Жаҳоннинг мусулмон уламоларининг ҳамкорликдаги бундай саъй-ҳаракатлари Ислом динининг асл қадриятлари ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш ҳамда турли хатарларга қарши курашишда жуда ҳам муҳим эканини, - муфтий ҳазратлари алоҳида қайд этдилар.
Халқаро анжуманда Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий, шайх Равил Гайнутдин, Туркия диёнат ишлари раиси, профессор Али Эрбош, Миср вақф ишлари вазири Муҳаммад Мухтор, Уммон вақф ишлари вазири Абдулла Муҳаммад ас-Салимий, Сурия муфтийси Аҳмад Ҳассун, Миср муфтийси Шавқий Аллом ва Афғонистон ҳаж ва вақф ишлари вазири Абдулҳаким Мониб каби йирик давлат ва дин арбоблари нутқ қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Халқимизда  “Беайб Парвардигор” деган ҳикматли гап бор. Буни одатда билиб – билмай айбли иш содир қилган кишига нисбатан ишлатамиз. Негаки, инсон хатодан холи эмас. Ана шундай хатогарчиликка йўл қўйган, гуноҳ ишларни содир  этган, адашиб жиноят кўчасига кириб қолган кишиларнинг хатоларини кечириш, афв этиш, ўз хулқ-атворини ўнглаб олиши учун унга имкон бериш энг олий фазилатлардан саналади.

Авф бу содир этилган гуноҳини ўз вақтида тан олган ва ундан вақт ўтказмай тавба қилган мўмин кишидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14) деб таълим беради.

Куни кеча пойтахтимизнинг Миробод тумани Сарикўл маҳалласида яшовчи муқаддам содир этган жинояти учун жазога маҳкум этилган, бироқ кейинчалик Президентимизнинг афв эълон қилиш тўғрисидаги фармонига биноан жазодан озод этилган Нодир Султонов хонадонида бўлдик. Оила аъзолари,  айниқса, онасининг севинчи чексиз. Ҳукуматимизнинг халқпарварлик, кечиримлилик сиёсати сабаб дилбанди яна бағрига қайтди. Ана шу онларда динимизга хос бўлган афв эта олиш каби фазилатнинг ҳаётда ўз йўлидан тойиган инсон ўз қаддини тутишида қанчалар зарурлигини тушуниб етасан киши.

Ўтмишдаги хатоларига бугун чин пушаймонда бўлган Нодирбек имом-хатиб, маҳалла аҳли ва мутасадди ташкилот вакиллари томонидан кўрсатилган ижтимоий кўмак натижасида жамият ҳаётига фаол киришиб кетган. Қурилиш сохасида хизмат қилиб, мамлактимиздаги жадал бунёдкорлик ишларида ўз ҳиссасини қўшмоқда. Мамлакат она эртаю кеч дуода: бағрикенг юртнинг равнақи, фарзанду аржумандларининг бахт-саодатини, ҳалол ва баракотли ризқини Ҳақ таъолодан сўрайди. 

 

Одил Холмуродов

Миробод тумани бош имом-хатиби

بسم الله الرحمن الرحيم

Ҳурматли, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий, шайх Равил Гайнутдин жаноблари!
Сизни Россия Федерацияси мусулмонлари диний идорасининг VII қурултойида Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий этиб сайланганингиз билан самимий муборакбод этаман.
Ушбу шарафли ва машаққатли вазифани адо этишингизда, Аллоҳ таборака ва таолодан Сизга куч-қувват ва улкан зафарлар тилайман.
Маълумки, Ўзбекистон ва Россия халқлари азалдан дўсту биродарликда аҳил-иноқ яшаб келишган. Оғир дамларда бир-бирига ёрдам қўлини чўзган, ҳол-аҳвол сўраган, ширин сўзини аямаган. Яхши кунларида бир-бирига қувончу шодликлар улашган. Албатта, бу икки халқнинг бугунги кунда ҳам елкадош бўлиб, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечираётганлари барчамизни мамнун этмоқда.
Яратганга шукрки, ҳозирда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилиб, жадал ривожланиб бормоқда. Икки давлат Президентларининг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари ва мақсадлари ҳам муштаракдир.
Биз дин пешволари Ислом динимизни янада равнақ топитириш, тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга бор кучимизни сафарбар этишимиз лозим.
Ҳурматли шайх Равил Гайнутдин жаноблари! Сизни яна бир бор, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий этиб сайланганингиз билан чин юракдан қутлайман.

Камоли эҳтиром ва чексиз ҳурмат билан,
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Видеолавҳалар

Top