muslim.uz

muslim.uz

Инсон ҳаётда содир бўладиган зилзила, сув тошқини, бўрон каби турли табиий офатлар олдида ожиздир. Ҳатто технология ҳамда ихтиролар ривожланган бўлишига қарамай, инсоният табиий офатлардан тўлиқ ҳимояланиб олгани йўқ. Ҳар бир содир бўлаётган офатлар бир неча минглаб одамларни ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлмоқда. Муҳими барча нарса Аллоҳнинг изни ва иродаси билан бўлишини асло ёддан чиқармаслик керак. Шу боис, ҳар қандай ҳолатда Аллоҳнинг ўзидан ёрдам ҳамда паноҳ сўраш лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бу борада ҳам ўз умматларига ўрнак бўлиб таълим берганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кучли шамол бўлганда: "Аллоҳумма инни асалука хойраҳа ва хойра ма фийҳа ва хойра ма урсилат биҳи ва аъузу бика мин шарриҳа, ва шарри ма фийҳа ва шарри ма урсилат биҳи!"

"Аллоҳ сендан бу шамолнинг ва шамолдаги яхшиликни ва у билан юборган нарсаларнинг яхшилигини сўрайман ва шамолнинг ва шамолдаги ёмонликдан ва у билан бирга юборган нарсаларингни ёмонлигидан паноҳ сўрайман", деб дуо қилар эдилар (Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, уламоларимиз зилзила, сув тошқини, бўрон каби турли табиий офатлар вақтида кўпроқ истиғфор, дуо, тавба ва садақа қилишни мустаҳаб ҳисоблаганлар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин 

Садақани ошкора бериш афзал-ми ёки махфий?

Бир оят тафсири

«...Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати бордир» (Раъд сураси, 22-24 – оятлар). 

“Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган”.

Ибодатларнинг энг афзали махфий қилинганидир. Чунки бундай амал риёдан узоқ бўлди. Аммо тоатни ошкор қилишдан одамларга яхшиликни тарғиб қилиш, уларга намуна бўлиш ният қилинса бундай амал ҳам афзал ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маҳфий қилинган иш ошкора қилинган ишдан афзал, агар ошкора қилинган иш унга эргашишлари учун қилинган бўлса, у афзалдир”, дедилар (Ҳаким Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай марҳамат қилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Демак, садақани ошкора берса ҳам, махфий берса ҳам яхши. Чунки Аллоҳ таоло банда қилаётган барча ишларни кўриб, билиб туради. Муҳими ният холис Аллоҳ учун бўлсин. Зеро, уламолар: “Одамлар учун амални тарк қилиш риё ва одамлар учун амал қилиш ширк”, дейишган.

Аллоҳ таоло ҳар бир амалимизни холис Ўзининг ризолиги учун адо этишимизга тавфиқ ато этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Понедельник, 10 Июнь 2019 00:00

Иқтибослар...

Олим учун тўрт синов

Имом Шозилий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Олим, то тўрт нарса билан синалмагунича, илм мақомида комилликка эришмайди:

1. Душманларнинг ҳақорати билан;
2. Дўстларнинг маломати билан;
3. Жоҳилларнинг таънаси билан;
4. Олимларнинг ҳасади билан.

Агар (шу нарсаларга) сабр қилса, Аллоҳ таоло уни эргашиладиган имом қилиб қўяди”.

*****

Қироат таъсирининг сири

Дунёга машҳур мисрлик Абдулбосит қоридан “Қироатингиз барчага бирдек таъсирли бўлишининг сири нимада?” деб сўрашганида, у киши: “Бу тиловат Аллоҳ розилиги учун қилинади. Агар инсон Қуръонни чин қалбдан, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб, У зотга ихлос билан ўқийдиган бўлса, ўша қироат қалбга етиб боради, қалбни тўлдиради ва ёриштиради. Натижада, ўша қалб соҳиби, яъни тингловчи бу қироатдан таъсирланади” деб жавоб берган эканлар.

*****

Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор.

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ

*****

Мен Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг 70 минг дирҳам садақа қилганларини кўрдим. Кўйлакларининг ёни эса ямоқли эди.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу

*****

Қуёшнинг ҳар ботишида бир парча камайишинг бор.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ

*****

«Эркаклик — сигарет чекиш, машина ҳайдаш ва аёллар билан айшу ишрат қилиш» деб асло ўйлама!

Эркаклик — муаззин «Ҳаййа алас солаҳ» деганда, қалбинг қўрқувдан титраб, намоз сари йўл олишингдир.

*****

Ўзинг билан шаҳватларинг ўртасига темир девор қурмас экансан, ибодатдан ҳаловат топа олмайсан.

Бишр Ҳофий раҳимаҳуллоҳ

*****

16 йилдан бери тўйиб овқатланмадим. Зеро, кўп ейиш баданни оғирлаштиради, қалбни қорайтиради, заковатни кетказади, уйқуни жалб этади ва кишини ибодатга заиф қилади.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ

*****

Таржимон Нозимжон Ҳошимжон

Понедельник, 10 Июнь 2019 00:00

Афинада биринчи масжид барпо этилди

Жорий йилнинг 7 июнь куни Греция пойтахти Афинанинг Вотаникоc туманида 400 кишига мўлжалланган янги масжид очилди. Бу ҳақда dw.com сайти хабар беради. Масжидда аёллар учун 50 кишилик намозхона ажратилган.

Бу салкам 400 йиллик Усмонийлар ҳукмронлигидан XIX асрга келиб, озод бўлган Грецияда очилган мусулмонларнинг биринчи ибодатхонаси ҳисобланади. Албатта, масжиднинг очилиш жараёни осон кечмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда мамлакат атрофида 200 минг мусулмонлар истиқомат қилади. Улар асосан Осиё, Африкадан келган муҳожирлардир. Греция Таълим ва дин ишлари вазири Костас Гавроглунинг маълум қилишича, масжиднинг очилиши тарихий воқеа ҳисобланади. Ушбу масжид мамлакатнинг мусулмон аҳолиси, сайёҳлар ва муҳожирлар учун ҳам зарур экани маълум қилинган. Масжидда биринчи ибодат қилиш жорий йилнинг 16 августига мўлжалланган. Шунингдек, мамлакат президентининг масжид имомини тайинлаш ҳақидаги Фармони ҳам эълон қилинган. Масжид янгича услубда барпо этилган бўлиб, унда миноралар акс этмаган. Афинада бугунги кунгача бирорта масжид бўлмаган Европа шаҳарларидан бири ҳисобланар эди. Греция 1832 йилда Усмонийлар ҳукмронлигидан озод бўлгач, мамлакатда масжид қуриш тақиқлаб қўйилган эди. 2013 йилда масжидни қуришга рухсат берилган ва давлат томонидан 946 минг евро ажратилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Эрон полицияси ноқонуний мусиқа қўйилганидан тортиб муштлашувгача бўлган ҳолатлар қайд этилган ресторан ва кафеларни ёпди, бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.

Шанба куни Теҳрон шаҳри полицияси раҳбари Хусайн Рахими Теҳронда ислом қоидаларига амал қилмаган 547 та ресторан ёпилганини маълум қилган. Қоидабузар ресторан ва кафе эгалари қаршилик кўрсатишган ва амалиёт давомида 11 киши ҳибсга олинган.

Fars newsнинг хабар беришича, амалиёт ўтган 10 кун давомида амалга оширилган. Теҳрон шаҳар суди раҳбари ҳам фуқаролардан жамоат жойларда “ахлоқсиз ҳаракатлар” кузатилса, бу ҳақда тегишли жойларга хабар беришни сўраган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top