muslim.uz
Исломдаги 7 муқаддас тоғ
Тоғларнинг деярли барчаси Саудия Арабистонида бўлиб, уларнинг қадимий номи муҳим тарихий воқеаларга боғлиқ. Шу боисдан аксари муқаддас саналади ва бутун дунё мусулмонлари ушбу тоғларга зиёратга келади.
Софа ва Марва Маккадаги икки муқаддас тепалик. Уларга бориш ҳаж ва умрани бажариш амалларидан бири ҳисобланади. Қуръони каримда:
إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِن شَعَآئِرِ اللّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْهِ أَن يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَن تَطَوَّعَ خَيْراً فَإِنَّ اللّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ
“Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳ(дини)нинг белгиларидандир. Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас. Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчидир. (Оятда Аллоҳ таоло: «Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас», дейди. Ушбу оят ҳужжат бўлиб шариатимизда Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъйи қилиш вожиб амал, деб белгиланган. Оятда саъйи қилиш вожиб бўлади, дейиш ўрнига, «Саъйи қилиш гуноҳ бўлмайди», дейилишининг боиси шуки, иккала тепаликда бут борлиги учун, саъйи қилиш мушрикларнинг иши, гуноҳ бўлади, деб ўйлаб мусулмонлар саъйи қилмай қўйган эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло гуноҳ бўлмайди, саъйи қилинглар, демоқда.)” (Бақара сураси, 158 оят).
Софа ва Марва Зам-зам булоғига яқин жойда жойлашган. Исмоли алайҳиссалом чақалоқлигида онаси Ҳожар ана шу ерда туриб Аллоҳдан сув сўраб илтижо қилган ва Аллоҳ таоло Зам-зам сувини ато этган.
Арофат тоғи ҳам зиёратчилар учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу ерда ҳам ҳаж амалларидан бири бажарилади. Арофат тоғи Жаннатдан ҳайдалган Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз ер юзида топишган азиз жой саналади.
Жабал ан-Нур тоғининг номи ўзбекчага таржима қилинса, нурли тоғ деган маънони билдиради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан шу тоғдаги Ҳиро ғорида кўп йиллар одамлардан холи қолиб ибодат қилганлар. У зот алайҳиссаломга биринчи ваҳий ҳам шу ерда нозил бўлган. Нурли тоғнинг баландлиги 642 метр, Маккадан 3,5 километр узоқликда. Ҳиро ғори тоғнинг шимоли-шарқий тарафида бўлиб худди туянинг ўркачига ўхшайди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мушриклардан яширинган Савр тоғининг баландлиги 728 метр. Аллоҳ таоло:
إِلاَّ تَنصُرُوهُ فَقَدْ نَصَرَهُ اللّهُ إِذْ أَخْرَجَهُ الَّذِينَ كَفَرُواْ ثَانِيَ اثْنَيْنِ إِذْ هُمَا فِي الْغَارِ إِذْ يَقُولُ لِصَاحِبِهِ لاَ تَحْزَنْ إِنَّ اللّهَ مَعَنَا فَأَنزَلَ اللّهُ سَكِينَتَهُ عَلَيْهِ وَأَيَّدَهُ بِجُنُودٍ لَّمْ تَرَوْهَا وَجَعَلَ كَلِمَةَ الَّذِينَ كَفَرُواْ السُّفْلَى وَكَلِمَةُ اللّهِ هِيَ الْعُلْيَا وَاللّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
“Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.(Эй мўминман деб юрганлар, агар сиз бу сафар Пайғамбарга ёрдам бермасангиз, ҳечқиси йўқ, сизга ёмон бўлади. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига ёрдам бериши турган гап. Уни Маккада кофирлар ўлдирмоқчи бўлиб, гапни бир жойга қўйганларида ҳам Аллоҳ унга нусрат берган. Аллоҳ кофирларнинг ёмон ниятларини унга билдирган ва унга чиқиб кетишни амр қилган. Пайғамбар (с.а.в.) Абу Бакр Сиддиқ билан бирга ҳижратга чиққанлар. Мушриклар кўп эдилар, Аллоҳ Пайғамбарига ёрдам берган.)” (Тавба сурасининг 40-ояти).
Ухуд тоғи Пайғамбар алайҳиссаломнинг шу тоғ атрофида қурайш мушриклари билан катта жанг қилгани сабабли машҳур. Ушбу жангда мусулмонлар кўп талофат кўради, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб қариндошлари, яқинлари ва саҳобалари шаҳид бўлади. Расули акрам: “Ухуд шундай тоғки, биз уни севамиз ва у ҳам бизни севади”, деб марҳамат қилганлар.
Варган ёки Ҳаммат тоғи Мадинаи мунавваранинг жануби-ғарбий қисмидаги Хебт қишлоғи ҳудудида.
Тоғнинг мислсиз гўзаллиги араб шеъриятида тараннум этилган ва кўплаб араб шоирлари унга бағишлаб қасидалар ёзган.
Дахул ва Хуммал тоғлари қирол ал-Зилил асарларида тилга олинган энг машҳур тоғлардан саналади.
Ўми матбуот хизмати
Тошкент шаҳри ҳаж зиёратчилари билан учрашув
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 2018 йилда Тошкент шаҳридан муборак ҳаж зиёратига борадиган фуқаролар билан йиғилишлар ўтказилмоқда. Мазкур йиғилишлар шаҳардаги туманлар кесимида ташкил қилиниб, унда Тошкент шаҳар Ҳаж ва Умра ҳайъати масъуллари, туман ҳокими ўринбосарлари, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари қатнашмоқда.
Учрашувларда муборак зиёратнинг мазмун-моҳияти, сафарга бориш бўйича тартиб қоидалар тушунтирилиб, зарур тавсиялар берилмоқда. Хусусан, ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиши, мазкур сафарга ёши улуғ фуқароларимизнинг бориши қолаверса, аксарият зиёратчиларнинг илгари хорижга чиқмаганлигини инобатга олиб, ишчи гуруҳлари томонидан тўлиқ тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу учрашувлар якунлангач, зиёратчилар гуруҳларга бўлиниб, уларга тайинланган гуруҳ раҳбарлари томонидан ҳам зарур тушунчалар бериш давом эттирилади.
Жорий йилда муборак ҳаж мавсуми тўлиқ август ойида ҳамда қисман сентябрь ойига тўғри келади.
Мақсуд Каримов тайёрлади
200 дан ортиқ муҳожирлар Ливия қирғоқларида чўкиб кетди
Яқин бир неча кунда кемаларнинг ҳалокатга учраши натижасида Ливия қирғоқлари яқинида 220 нафар муҳожир ҳалок бўлди. Бу ҳақда БМТнинг Олий Бошқарув комиссари маълум қилди, дейилади "Islam-today" хабарида.
Ташкилот жаҳон ҳамжамиятини денгизларда қутқарув операциясини янада кучайтиришга чақирди. Шу билан бирга, мезбон мамлакатларга «Ливиядан ўтишга уринаётган қочқинларга муқобил йўллар» бериш вазифаси топширилди.
2018 йил бошланганидан бери Ўртаер денгизида чўкиб кетган муҳожирларнинг сони 1000 нафарга етди.
Халқаро ташкилотнинг маълумотларига кўра, шу йилнинг 1 январидан бери Европа давлатларига, асосан Италияга денгиз орқали борганлар сони 40 минг кишидан ошиқни ташкил қилмоқда.
Манба: https://azon.uz
“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни муҳокама этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Мазкур қонун экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан шу йилнинг 12 июнь куни қабул қилинди. Қонун шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқаролар ўртасида тинчлик, миллатлараро ва динлараро тотувликни сақлашга қаратилган.
Қонунни ишлаб чиқишда хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳисобга олинган. Унда экстремизмга қарши курашишнинг асосий тушунчалари, принциплари, йўналишлари, экстремизмга қарши фаолият олиб борадиган органлар доираси ва уларнинг ваколатлари, шунингдек, экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
– Қонунда экстремизмга қарши курашишнинг устувор йўналиши сифатида унинг олдини олиш ва аҳоли орасида экстремизмга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда унинг профилактикасига урғу берилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим прокурори Фарҳод Очилов. – Қайд этиш лозимки, ташкилотларни экстремистик, деб топиш ва уларни тақиқлаш тартиби жорий этилиб, унинг механизмлари белгиланган. Қонун лойиҳаси билан ташкилотни экстремистик, деб топиш ва уни тугатиш фақатгина Бош прокурорнинг аризасига асосан Олий суд томонидан амалга оширилади.
Қонуннинг қабул қилиниши экстремистик фаолият билан боғлиқ ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва чек қўйишнинг ҳуқуқий имкониятларини янада мустаҳкамлайди. Аҳоли осойишталигини сақлашга хизмат қилади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Москва вилоятида узоқ кутилган масжид очилди
Солнечногрск аҳолиси учун ушбу ҳудудда масжиднинг очилиши катта байрамга айланди. Бунинг сабаби сифатида эса Москва ва Москва вилоятларида масжидлар сонининг оз экани айтилди. islamosfera.ru нашрининг хабарига кўра 2000 йилда қурилиши бошланган масжид 18 йил ўтиб очилган.
Масжиднинг расмий очилиш маросими Рамазон ҳайити муносабати билан ўтказилган ва унда Фаластин, Индонезия ва Судан мамлакатларининг элчилари, муфтий Равил Гайнутдинов иштирок этган.
Маълумотларга кўра, масжидда бир вақтнинг ўзида 800 намозхон ибодат қилиши мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати