muslim.uz

muslim.uz

Дубайдаги халқаро молия маркази ҳудудида БААнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари ўзига хос ноодатий масжид қурилиши бошланди. Бу ҳақда Gulf News нашри хабар берди.

Масжид замонавий молия марказида қурилаётгани сабабли ДХММ Катта масжиди деб номланган. Ушбу масжид 2019 йилда фойдаланишга топширилиши айтилган.

Маълумотларга кўра, масжиднинг умумий майдони 1347 квадрат метрни ташкил этиб, 500 намозхон учун мўлжалланган. Масжид қурилишида араб архитектурасининг машрабия услуби элементларидан фойдаланилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Париж кўчаларидан бирида юриб бораётсам, чорраҳада битта машина йўл четида турган машинага сал тегиб кетди. Турган машинанинг олдинги чироғи синди. Бўлиб ўтган воқеани деярли ҳеч ким кўргани йўқ. Светофорнинг яшил чироғи ёниб турган эди. Уриб юборган машинанинг эгаси йўлида давом этаверса ҳам уни ҳеч ким ҳеч қачон била олмаган бўлар эди. Мен «у ҳозир шундай қилса керак» деб ўйладим.

Аммо бундай бўлмади. Машина олдинга ўтиб тўхтади. Ичидан кекса ёшлардаги бир француз чол тушиб, ўзи туртиб юборган машинани кўздан кечирди. Ундан кейин машинасидан ручка билан қоғоз олиб келди-да, бир нарсаларни ёзиб, урилган машинанинг олдинги ойнасига ёпиштирди. Кейин ўз машинасига ўтириб йўлида давом этди. Олдин бунақа ҳолатга дуч келмаганим учун урилган машинага аста яқинлашдим-да, чолнинг ёзганларини ўқидим. Унда шундай ёзилган эди:

«Хоним ёки жаноб!

Мен билмасдан машинангизни уриб олдим ва унга зиён етказиб қўйдим. Бунинг учун сиздан минг бор узр сўрайман. Илтимос, мана бу телефон номери орқали менга алоқага чиқинг. Етказган зараримни бажонидил қоплаб бераман. (телефон номери.) Ҳурмат билан, фалончи!».

...Битта меҳмонхонада маъмур бўлиб ишлар эдим. Бир куни ресепшнга қорачадан келган киши кириб келди ва менга тўғридан-тўғри «Ассалому алайкум» деб салом берди. Талаффузидан араб эканлигини дарров билиб олдим ва «Ва алайкум ассалом» деб жавоб бердим. Мусулмонча жавоб олганига у янада хурсанд бўлиб кетди. У меҳмонхонамизда ўзига хона брон қилганини айтиб менга брон қоғозини берди. Расмиятчиликка кўра мен унинг паспортини олиб, марокашлик фалончи эканлигини билиб олдим. Кейин бизнинг базани текшириб кўрсам, у меҳмонхона учун қилган бронини ўзи бекор қилган экан. Менга хурсанд боқиб туришига қараганда бундан унинг хабари йўқлигини сездим-да, хижолат бўлиб шумхабарни айтдим. Табиийки, у бундан ҳайратланди ва менга шубҳа ва умид аралаш қаради. Мен тағин нотўғри кўрган бўлмайин деб унинг бронини ҳар қанақасига текшириб кўрдим. Афсуски, брон аниқ бекор қилинган эди.

У нима қилишини билолмай, юртидаги акасига телефон қилди. Акасидан «тезда менга саёҳатни сотган агентликка боғланиб кўр-чи» деб сўради. Бироздан кейин акаси қайта телефон қилиб, унга нималардир деди. У телефонни қўйди-да, бироз ўйланиб тургач, нима дейишини билмасдан креслога ўтириб қолди. Унинг қуёш нурларида куйиб кетганлиги кўриниб турган пешонасидан қайғу терлари чиқиб кетди. Мусибатдан унинг кўзларидан ёш чиқа бошлади. «Нима бўлди ўзи?», — деб сўрадим. У менга дардини айта кетди:

— Мен ўзи оддий қишлоқда яшайдиган деҳқон одамман. Ишлаб топган пулим ўзимга ва оиламга зўрға етади. Умримда биронта жойга саёҳатга борган эмасман. Бу менинг умримдаги илк саёҳатим эди. Униям агентлик арзон деб сотгани учун олдиндан ҳамма пулини тўлаб, хурсанд бўлиб олган эдим. Акам менга телефон қилиб, бизга саёҳатни сотган агентлик ёпилиб кетганини ва у одамлар қочиб кетишганини айтди. Мен энди нима қиламан? Қаерга бораман? Ёнимда пулим ҳам кўп эмас.

«Қанча пулингиз бор?», — деб сўрадим. У бор пулини чиқариб, менинг олдимга қўйди. Ҳақиқатан ҳам пули жуда оз эди. Агар меҳмонхонага ўз нархида пул тўлайдиган бўлса, еб-ичиш харажатларига деярли пули қолмас эди. Унинг бор пулини тўлаттиришим нормал ҳолат бўлса ҳам бу одамгарчиликка тўғри келмас эди. Шунинг учун бор масъулиятни ўз зиммамга олдим-да, унга меҳмонхонани ярим пулидан ҳам арзон қилиб бердим. Ундан ташқари, кўнглини кўтариш учун унга меҳмонхонанинг энг яхши хоналаридан бирини бердим. Хуллас, қўлимдан келадиган барча ёрдамни қилдим. Бечора менга қандай миннатдорчилик билдиришни билолмай хижолат бўлиб турар эди. Мен унга хижолат бўлмаслигини ва саёҳатни кўнгилдагидай ўтказишини тайинладим. Фақат ҳақимга битта дуо қилиб қўйса етишини айтиб, хотиржам қилдим. У рози бўлди ва агар Марокашга йўлим тушадиган бўлса, албатта уникига меҳмонга боришимни сўради...

...Французлар бозорда бирон нарса сотадиган бўлса, албатта унинг айбини айтиб сотадилар. Энг муҳими, улар ҳеч қачон бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайдилар. Масалан, сиз улардан бирон нарса олсангиз ва қолган қайтимни «керак эмас» деб ташлаб кетмоқчи бўлсангиз, улар бунга кўнмайди. Ҳатто тийинлар қолган бўлса ҳам уни сизга қайтариб, ҳисобни жойига қўйиб қўядилар.

Лекин, афсуски, марокашлик деҳқоннинг ҳолига тушган, алданган мағриблик (жазоирлик, тунислик ва марокашлик) инсонларнинг сони кам эмас эди. Меҳмонхонамизга келадиган сохта бронларнинг сон-саноғи йўқлигидан биз арабча исмлар билан келадиган бронларга жиддий қарамайдиган бўлгандик. Ватандошининг оғир аҳволини кўрган битта марокашлик араб ҳамкасбимиз шундай деган эди:

— Гап динда ҳам, миллатда ҳам эмас. Гап инсоф, виждон ва ҳалолликда. Бировнинг ҳақига хиёнат қилмагани, ўзларига тўғри бўлгани учун мана французлар ривожланиб кетганлар. Бизнинг давлатларимизнинг одамлари эса бир-бирларни алдаш ва чув тушириш билан овора. Шундай бўлгандан кейин биз ҳеч қачон ривожланмаймиз ва ўзимизни ҳам, давлатимизни ҳам фақат орқага тортишда давом этаверамиз. Агар биз ҳам ривожланишни хоҳласак, менталитетимизни ўзгартириб, ҳалолликка ўрганишимиз керак!..

Менинг эса марокашлик ҳамкасбимнинг гапларига қўшимча қиладиган гапим қолмаган эди!

Дониёр РЎЗМЕТОВ

بسم الله الرحمن الرحيم

Мусулмон ёлғон гапирмайди

Аллоҳ таоло инсонларга сон саноқсиз неъматларни берган. вужуднинг соғ саломат бўлиши энг улуғ неъматлардан биридир. Бу вужуд инсонларга берилган омонат ҳисобланиб, уни хайрли ишларда ишлатишга ва гуноҳ амал ва гап-сўзлардан сақлашга динимиз буюради.

Бугунги мавизамиз ёлғончилик ҳақида бўлади. Инсонлар учун энг ёмон сифатлардан бири ёлғончиликдир. Ёлғон сўзлаш, одамларни алдаш барча разолатнинг боши, у киши ҳурмати ва обрўсини тўкади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ёлғончи, йўлдан озган ва адашганларни:

إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي مَنْ هُوَ مُسْرِفٌ كَذَّابٌ

яъни: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” деб, баён қилган (Ғофир сураси, 28-оят).

Шунингдек, ёлғон гувоҳлик бериш бузғунчиликларга сабаб бўлади. Ёлғон гувоҳлик бериш кишиларнинг жабру жафо тортиши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келади. Шунинг учун ҳам ёлғон гувоҳлик беришни Аллоҳ таолога ширк келтириш каби катта гуноҳлар қаторида зикр қилинган.

عَنْ أبي بَكْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟  ثَلاَثًا قُلْنَا : بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قالَ: الإشْرَاكُ بالله، وَعُقُوقُ الوَالِدَيْنِ وَكَانَ مُتَّكِئًا فَجَلَسَ، وَقَالَ: ألَا وَقَوْلُ الزُّورِ، وَشَهَادَةُ الزُّورِ، فَمَا زَالَ يُكَرِّرُهَا حَتَّى قُلْنَا: لَيْتَهُ سَكَتَ

(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)

яъни: Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларга катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?”, деб уч марта сўрадилар. Биз: “Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули”, дедик. Шунда у зот: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, деб, суяниб турган эдилар, ўтириб олдилар. “Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ”, деб такрорлайвердилар. Биз ҳатто: “Қанийди сукут қилсалар”, деб айтдик” (Муттафақун алайҳ).  

Муқаддас динимиз ростгўйликни тарғиб қилувчи, ёлғончилик ва алдамчиликдан қайтарувчи диндир. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Ана шундай ҳадиси шарифлардан бирида Набий алайҳиссалом ростгўй инсоннинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомини баён қилиб берганлар.

عن ابن مسعود رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: عَلَيْكُمْ بِالصِّدْقِ فَإِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الْجَنَّةِ، وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَصْدُقُ وَيَتَحَرَّى الصِّدْقَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ صِدِّيقًا ، وَإِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ فَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ وَإِنَّ الْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ، وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَكْذِبُ وَيَتَحَرَّى الْكَذِبَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ كَذَّابًا

(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَالامَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” (фақат рост сўзловчи) деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар” (Имом Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ростгўй инсон жаннатга кириши ва у Аллоҳ таоло ҳузурида “сиддиқ” деган  мақом билан сифатланишини эшитган ҳар бир мусулмон, шубҳасиз, ростгўй бўлишга интилади. Ҳамма ростгўй бўлса, жамият ҳаёти ижобий томонга ўзгаради. Уламоларимиз: “Ростгўйлик дилингдаги ҳақиқатни тилингга чиқаришингдир”, дейишган. Демак, ибодатда, инсонлар билан муомалада, олди-сотди, никоҳ ва бошқа масалаларда кишининг дили билан тили бир бўлиши лозим.

Мазкур ҳадиси шарифда ростгўйлик ва унинг мукофоти баён этилгач, унинг акси бўлган ёлғончиликдан қайтарилади ва унинг оқибати ҳақида хабар берилмоқда:  “…Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”.

Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни асоссиз равишда урчитиш ҳолатлари учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Энг ачинарлиси бунинг оқибатида инсонларнинг обрў ва шаънлари топталмоқда, мусулмон инсон номига номаъқул гаплар айтилмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган улкан бузуқликларга йўл очилмоқда. Ўша бузғунчилар, агар вақтида тавба қилиб, манфур қилмишларини тўхташмаса, борар жойлари ҳам ҳадисда аниқ баён этилган: “Бузуқлик дўзахга олиб боради!”. Ҳадиси шарифда ёлғоннинг қаттиқ қораланиши сабаби мана шу ўринда ҳам яққол ойдинлашади.

Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади:

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ

(رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ)

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, дедилар”

)Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган(.

Бошқа бир ривоятда эса ёлғончиликнинг нақадар жирканч амал эканини очиқ баён этилган:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِذَا كَذَبَ العَبْدُ تَبَاعَدَ عَنْهُ الْمَلَكُ مِيْلاً مِنْ نَتْنِ مَا جَاءَ بِهِ"

(رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар банда ёлғон гапирса, ёлғони сассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир саҳиҳ ривоятда эса ёлғончилик мунофиқларнинг белгиларидан бири экани таъкидланади. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلَاثٌ: إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ، وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ، وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ"

(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَ الامَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, (унга) омонат топширилса, омонатга хиёнат қилади” (Муттафақун алайҳ).

Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг: “Ёлғондан эҳтиёт бўлинглар, ёлғон албатта имондан четлатувчидир” - деганини эшитдим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким бир гўдак болага, мана буни ол, деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади, дедилар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).

Фарзанд тарбиясида ота-оналар ва устозлар болаларга умуман ёлғон гапирмасликлари зарур. Агар ўзлари ёлғон гапирсалар-у яна улардан ростгўйликни талаб қилсалар ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Ёлғон ва алдовни кўрган болада ўзининг тарбиячиларига ва қолаверса жамиятга бўлган ишончи ва эътибори йўқолади, тарбиячиларининг панд – насиҳатлари қадрли бўлмай қолади.

Ҳазил-мутойибаларда ҳақиқатга зид гаплар билан кишиларни кулдириш каби ишлар ҳам ёлғоннинг айни ўзидир. Бу ҳақда ҳадисда шундай келгандир:

عَنْ بَهْزِ بْنِ حَكِيمٍ عَنْ أَبِيه، عَنْ جَدِّه، قَالَ: قالُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "وَيْلٌ لِلَّذِي يُحَدِّثُ فَيَكْذِبُ لِيُضْحِكَ بِهِ الْقَوْمَ وَيْلٌ لَهُ وَيْلٌ لَه"

(رَوَاهُ الامَامُ التِّرْمِذِيُّ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ)

яъни: Баҳз ибн Ҳаким отасидан, у эса бобосидан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган киши ҳолига вой, ҳолига вой бўлсин”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).

Демак, ушбу ҳадисдан маълум бўладики, ҳазил-мутойиба ўринларда ҳам ёлғон гапириш гуноҳ, унга рухсат йўқ экан.

Муҳтарам азизлар! динимизнинг мазкур кўрсатмалирига жиддий эътибор берайлик! Шариатимизни ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилайлик! минг афсуски, ҳозирда кўча-куйда, бозорда, уловда, маъракаларда, қаерда бўлманг эътиборсизлик билан гапирилаётган ёлғонга дуч келиб турамиз.

Баъзилар ёлғон эшитишга ва гапиришга шунчалар кўникиб кетишганки, гапираётган киши ҳам, эшитаётган ҳам, ёлғонлигини била туриб бир-бирини бу гуноҳдан қайтаришга ҳаракат қилмайди, гўёки худди шундай бўлиши керакдек, одатий ҳолга айланган.

Ёлғончилар кўпаяверса жамиятга тегадиган зарар унданда улкан бўлади. Одамлар орасида бир-бирига ишонч йўқолади, ваъдага вафосизлик, хиёнат, туҳмат, ёлғон гувоҳлик бериш оддий ҳолга айланади. Оилаларда ва жамиятда бир-бирига ишончсизлик ортса, аҳиллик йўқолади. Бу нарсалар келгуси авлодларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди ва маънавий қашшоқликка олиб боради.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намоздаги сатри аврат ҳақидаги баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.

Намознинг дуруст бўлиш шартларидан бири авратни (намозда ёпилиши фарз бўлган аъзоларни) беркитишдир. Эркак кишининг аврати киндикдан тиззага қадар бўлган аъзоларидир. Тизза ҳам авратдан саналади. Аёлларнинг барча аъзолари аврат ҳисобланиб, бундан фақат юзи, икки кафти, икки қадами мустасно.

Аслида мусулмон киши аврат жойларини беркитиши фарз. Ҳозирги кунда баъзи ёш йигитлар калта кўйлак, футболка, жемфер, шёртик каби кийимларни кийишга одатланишган. бундай кийимдаги кишилар рукуъ ва саждага борганларида, ташаҳҳудда ўтирганларида баъзи аврат жойлари очилиб қолади. Ўзлари ортларини кўра олмаганлари учун рукуъ ва саждада хунук манзара намоён бўлганини сезмай қоладилар. Энг ачинарлиси, бундай ҳолатда намозда авратни беркитиш шарти топилмай, ўзлари билмаган тарзда намозлари зиммаларидан соқит бўлмай қолади.

Мўмин-мусулмон банда ўзи учун қулай, авратини тўлиқ ёпиб турадиган, намозни тўкис адо этишга имкон берадиган кийим кийиши лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

يَا بَنِي آدَمَ خُذُواْ زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ

яъни: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз” (Аъроф сураси, 31-оят).

Мазкур ояти каримага кўра яшаётган ерида қандай кийим кийиш жорий бўлса, ўшани кийиб, намоз ўқиш мустаҳаб, уни тарк қилиш эса макруҳ саналади.

Одатда аврат очилиб қоладиган кийимларни кийиш макруҳи таҳримий ҳисобланади. Агар намоз ўқиш вақтида аврат аъзосининг тўртдан бир қисми узрсиз бир муддат (яъни, намоз ичидаги фарзлардан бирини адо этиш муддатича) очилиб турса, намоз бузилади.  

Аллоҳ таоло барчаларимизни сўз ва амалда содиқлар жумласидан айлаб, ёлғон ва беҳуда гаплардан узоқда юрадиган Ўзининг севимли бандалардан қилсин! Омин.

Эслатма: Муҳтарам имом домла! Ҳар жума маърузасининг охирги  5-6 дақиқасини фиқҳий масаланинг баёнига ажратишингиз ҳамда жума иш куни бўлганлиги учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз сўралади!

Пятница, 22 Июнь 2018 00:00

Шифохонада

Палатада икки киши ётибди: бири деразанинг тагида, иккинчи узоқроқда. Иккаласининг ҳам дарди оғир. Деразанинг тагида ётган бемор ҳар куни деразадан ташқарига боқиб, кўрганларини деразадан чапроқдаги беморга гапириб беради: “Дарахтлар ям-яшил, қушлар, капалаклар учиб юрибди, чечаклар очилган, офтоб чарақлаб турибди, болачалар боғда ўйнаб юришибди, ёш-яланг скамейкада ўтириб мириқиб суҳбатлашяпти, атрофга шодон кулгулар жаранги таралмоқда...”

Деразадан узоқдаги одам унинг гапириб берганларини тасаввурида жонлантириб кулимсираб, қандай ажойиб... деб қўяди.

Бир кеча дераза остидаги беморнинг аҳволи оғирлашди. “Ёрдам бер менга”, дея инграниб палатадошини уйғотди. “Ҳамшираларни чақиринг”, дея ёлворди. Деразадан узоқдаги касал уйғонди, боқдики, ҳамхонасининг аҳволи жиддий, аммо орқа ўгириб олиб ётаверди. Негаки, у дераза остига кўз тиккан эди, ягона орзуси дераза остидаги ўринга ўтиб ётиш эди.

Дераза остидаги бемор ўша тунда инграй-инграй жон берди. Деразадан узоқдаги бемор тонгда  уйғониб қараса, дераза остидаги ўрин бўш турибди. Буни кўриб хурсандлиги ичига сиғмай тиржая бошлади... энди унинг у ерга ўтиб олишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Сўнгра ҳамширалар келди.  Бемор ҳамшираларга: “Мен дераза остига ўтишни хоҳлайман”, деди. Ҳамширалар уни айтган жойига ўтказиб қўйишди.  У севинганидан завқи ичига сиғмай бўйнини чўзиб деразадан ташқарига қаради. Не кўз билан кўрсинки, дераза ортидан қизғиш девордан бошқа ҳеч нарса кўринмас эди...

Дамин  Жумақул

 

Пятница, 22 Июнь 2018 00:00

“Роббим Аллоҳ” десангиз

«Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”» (Фуссилат сураси, 30-33-оят).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Ушбу оят Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ҳақида нозил бўлди. Мушриклар: “Роббимиз Аллоҳ”, деб айтардилар, аммо Унга ширк келтиришарди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Роббим Аллоҳ шериги йўқ, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг бандаси ва расулидир”, деб жавоб қайтарарди.

Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ” ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яҳудий ва насронийлар Аллоҳ таолога ширк келтирдилар. Лекин умматим Роббим Аллоҳ дейди ва У зотга бирор нарсани шерик қилмайди”, дедилар.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини ўқидилар ва: “Одамлар: “Роббим Аллоҳ”, дедилар. Аммо уларнинг аксарияти куфр келтирдилар. Ким Роббим Аллоҳ деб вафот этса, батаҳқиқ тўғри йўлда бўлганлардан бўлибди”, дедилар.

Саид ибн Имрон (розияллоҳу анҳу) айтади: “Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳузурида «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини тиловат қилдим”. Шунда саҳоба (розияллоҳу анҳу): “Улар Аллоҳ таоло ширк келтирмайдиганлар”, деди.

Тафсирларда «тўғри бўлган зотлар...» “Аллоҳ таоло яккадир, Унинг шериги йўкдир”, деб айтувчи, ушбу ақидада дил ва амал билан доимо собит бўлувчи ҳамда Аллоҳ таоло буюрган солиҳ амалларни адо этувчи ва қайтарганларидан қайтувчи бандалар дейилган.

Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ менга бир ишни айтингки, уни маҳкам ушлай”, дедим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Роббим – Аллоҳ, сўнг тўғри бўл”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Менга энг катта зарар келтирадиган нарса нима?” деб сўрадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тилларига ишора қилиб: “Мана бу”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

Тўрт халифаи рошидин (розияллоҳу анҳум) «тўғри бўлган зотлар...»нинг фазилатларини турлича шарҳлаганлар: Ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Сўзи ва амали бир бўлган, Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмайдиганлар”, деганлар.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) минбарда туриб ушбу оятни ўқиди ва: “Аллоҳ таолога итоат этишда бардавом бўлувчилар. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар”, дедилар. Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу): “Амалларни холис Аллоҳ учун адо этувчилар”, Али (розияллоҳу анҳу) эса: “Фарзларни бажарувчилар”, деганлар.

Ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) саҳобалардан оятдаги «тўғри бўлган зотлар...» кимлар экани ҳақида сўрадилар. Улар: “Гуноҳ қилмайдиганлар”, деб жавоб беришди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Қийинлаштириб юбордингиз. Ундай эмас, балки имон келтиргандан кейин Аллоҳ таолога ширк келтирмайдиганлар”, дедилар.

Абу Лайс Самарқандий «тўғри бўлган зотлар...»нинг сифатларини бундай баён қилади: ғийбат қилмайдиганлар, гумондан сақланувчилар, мазахдан узоқ бўлганлар, номаҳрамларга қарашдан кўзини тиювчилар, рост сўзловчилар, хайр, садақа қилувчилар, исроф қилмайдиганлар, кибрга берилмайдиганлар, намозни ўз вақтида адо этувчилар, жамоатга эргашувчилар.

Ана шундай сифатлар билан хулқланган бандалар охиратдаги ҳоллари, қилиб ўтган амаллари натижаси қандай бўлиши ҳақида хавфсираганларида фаришталар уларнинг қалбига хотиржамлик бағишловчи бундай хушхабарлар етказишади: «Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз. Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз

Ушбу оят тафсирида аллома, доктор Ваҳба Зуҳайлий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Фаришталар мўминларга уч ҳолат: вафот этаётганда, қабрда ва қайта тирилганда яқин келадидар ва: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар. Сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Чунки сиз ҳаётлик вақтингизда «Роббимиз – Аллоҳ» дедингиз ва ўша сўзда собит турдингиз. Сизларга ваъда қилинган жаннатга киришингиз ва у ерда абадий қолишингиз ҳақида башорат берамиз. Дунё ҳаётида Аллоҳ таоло бизни сизларга химоячи, дўстингиз қилиб кўйганидек, охиратда ҳам сизлар билан биргамиз”, дейдилар”.

Фаришталар мўминларга жаннат башоратини бериш билан бирга, жаннат васфини ҳам баён этадилар: «Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир».

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оятнинг шарҳида: “Замонавий илму фан ютуқлари қанчалик ривожланмасин, кўнгил истаган нарсани махсус тугмача топиб босмагунча муҳайё қила олмаслар. Жаннатда эса, кўнгилга келтирилса бас, у муҳайёдир. Жиҳозга ҳожат йўқ”, дейди.

Жаннатда кўнгил нимани тусаса, ўша нарса дарҳол муҳайё қилинади. Жаннатда жаннат аҳли учун фақат роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлади, у ерда ўлим, касаллик, мусибату ғам-ташвиш бўлмас: «Албатта, жаннат аҳли у кунда (роҳат ва фароғат) иш(лари)билан шоддирлар» (Ёсин сураси, 55-оят).

Жаннат аҳли турли хил ширин мевалар истеъмол қиладилар: «...Ризқ этилган мевалардан ҳар гал тановул қилганларида: «Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!» – дейдилар. Зеро, уларга (сурати)бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди...» (Бақара сураси, 25-оят).

Жаннатдаги ноз-неъматларнинг ташқи кўриниши худди бу дунёдагига ўхшаш бўлиб, мазасининг тотлилиги билан фарқ қилар экан. Жаннат аҳли тановул қилмай туриб: “Бу олдин (дунёда) тановул қилган нарсаларимизнинг ўзи-ку!” дер эканлар. Еб кўрганларидан кейин эса, жаннат меваларининг мислсиз тотли эканига амин бўлар эканлар.

Зикр этилган жаннат ва унинг неъматлари «Роббимиз – Аллоҳ» деган ва шунда собит бўлган мўмин-мусулмонлар учун «(Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир».

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг зиёфатидан баҳраманд бўлувчи бандалари қаторига қўшсин.

Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис сунна”,

Ваҳба Зуҳайлийнинг “Тафсирул мунийр” асарларида асосида

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

 

 

Видеолавҳалар

Top