muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 01 Июнь 2018 00:00

Рамазон ҳикояси

Қайсидир йили қишлоққа сел келиб, кўпчилик бошпанасиз қолди. Аллоҳга беадад шукрки, ҳеч ким жабрланмади.

Аммо, уй-жойсиз, мол-ҳолсиз қолган одамларнинг қалбига қаттиқ изтироб тушди. Ҳамма хафа, ҳамма ҳайрон, диллар эса вайрон эди ўшанда.

Шунда бир ёши улуғ отахон бузилган уйларни ҳашар йўли билан қайта қуриш лозимлигини айтиб, ҳамманинг қалбида эртанги кунга бўлган ишонч чироқларини ёқди.

Ишга яроқли барча инсон борки, ҳашарга келди. Ҳатто қўшни қишлоқдан ҳам одамлар озиқ-овқат билан ҳашарчиларга ёрдамга келди.

Тушлик бўлди. Ҳамма овқатга ўтирди. Аммо озғингина бир бола негадир овқатга ўтирмади. Уни роса чақиришди. Бўлмади.

– Ҳа,қулоғи оғир бўлса керак унинг.

– Менимча, унинг қорни тўқ.

– Йўғ-а, ахир бу бола эрталабдан бери тинмаяпти. Наҳотки чанқамаган бўлса ёки тортиняптимикан?, – дейишди ҳашарчилар.

Чиндан ҳам шу иссиқ ва дим ҳавода эрта тонгдан бери тушлик ҳам қилмай ишлаётган бу бола ҳаммани гоҳ ажаблантирди, гоҳ раҳмини келтирди. Шунда ҳашар қилиш фикри чиққан ёши улуғ отахон келиб унга савол бера бошлади:

– Менга қара, жон болам! Эрталабдан бери туз тотмадинг? Ё бўлмаса қултум сув ҳам ичмадинг? Ахир бунақада бўлмайди. Сал ўзингни ўйламайсанми? Буни қара, сендан катта барзанги йигитлар ҳам овқат еса чарчаб қолишди! Сен эса тинмасдан жавлон уриб ишлаяпсан! Айт-чи, ўғлим, бунинг боиси не?

Бола ахийри тилга кириб: “Мен рўзадорман”, деди.

Отахоннинг кўзига ёш келди. Ҳамма бир қалқиб тушди. Йўқ-йўқ, бу боланинг берган жавобидан эмас, шунчаки сел келган оқшом кириб кирган рамазон ойини унутганларидан, бошларига озгина ташвиш етганида Аллоҳни ёддан чиқариб ўз ғамларини ўйлаганларидан...

Шундан сўнг нега бу қадар даҳшатли сел келганида ҳам қишлоқ аҳлининг соғ-омон қолгани барчага аён бўлди.

 

Шерзод  ҲАЙДАРБЕКОВ

Пятница, 01 Июнь 2018 00:00

Чинакам ибодат

Рамазон ойи арафаси... Соли аравакаш эрталабдан кечгача бозорда арава судраб, оила боқади.

Унинг тўртта ёш боласи, қари онаси бор. фарзандларидан бирининг соғлиги яхшимас.

Муборак рамазон ойи ҳам кириб келди.

Эрта тонгда ишига кетиб бораётган Соли аравакаш масжиднинг олдига етганда ўтириб олиб қўлларини осмонга чўзганча нола қилди:

“Эй Аллоҳим! Сенинг улуғ ойинг ҳам кириб келди. Аммо мен нима қилай? Ҳамма саҳарлик қиладиган бир вақтда ишга борсам, ҳамма ифторлик қиладиган пайтда ишдан қайтсам! Уйда оч наҳор оилам бор! Ҳар куни иссиқда арава тортаман. Ишим давомида қултум-қултум сув ичишга мажбурман! Ишдан ҳориб келиб ухлаб қоламан. Аллоҳим! мен ҳам бошқа бандаларинг сингари рўза тутишни, сенинг олдингда гуноҳларимни поклашни истайман! Нима қилай, ё Раббим!  Бир томонда ибодат, бир томонда оила ташвиши! Нима қилсам сенинг суйган банданг бўламан?..”

Шу чоқ кимдир унинг қўлларидан тутиб, ўрнидан турғазди. Аравакаш тонг қоронғусида келган одамнинг юзини кўра олмади Шу тоб ўша нотаниш киши гап бошлади:

– Биласанми, менинг бир қўл-оёғи йўқ танишим бўларди. Ўзи жуда оқкўнгил йигит эди. У намоз ўқишни шу қадар истардики, аммо қўли йўқ эди! Масжидга, мадрасага боришни шу қадар истардики, аммо оёғи йўқ эди! Бироқ калима келтиришга тили бор эди ва шу калимаси-ю, дуолари сабаб жони чиқишидаги охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлди.

 

Шерзод  ҲАЙДАРБЕКОВ

Пятница, 01 Июнь 2018 00:00

Бошимиз кўкка етди

Муҳтарам юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифи биз диний соҳа ходимлари учун ҳам қувонарли воқеа бўлди. Айниқса, бизнинг Шаҳрихон туманини намунали туманга айлантириш фикри туман аҳлини бениҳоя хурсанд қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг туманимиз масжидларида бўлиб  масжид ходимлари ва қавмларини муборак рамазон ойи билан табриклаб, маслаҳатлар бериб  ва уларнинг ҳаққига дуолар қилиши ҳаммани бирдек қувонтирди.

Шу фурсатдан фойдаланиб  муҳтарам юртбошимиз ва  муфтий ҳазратлари бошлиқ диний идора ходимларига масжидимиз жамоати номидан миннатдорчилик билдирамиз. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу.

 

Олимжон КАРИМОВ,

 “Муҳаммад Розиқбой” жоме масжиди  имом-хатиби

Усмон ибн Абу ал-Асо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Омина онамизнинг кўзлари ёриб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келган тунда менинг онам ўша ерда бўлган экан. Ўша муборак воқеани онам тасвирлашга сўз топа олмасдан бундай дер эди: “Бутун хона нурга тўлиб кетди, қарасам, юлдузлар шу қадар яқин келган эдики, улар бошимга тушиб кетмаса деб чўчиб кетдим. Омина Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туққан вақтида ундан бир нур чиқиб, хонани ва бутун уйни ёритиб юборди. Мен бундай чароғон нурни умрим бино бўлиб кўрмаган эдим”

Ал-Хатиб ал-Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ ровийлар халқасидан келтириб хабар қиладики, “Омина онамиз: “Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туққанимда бошим узра ёғду таратиб турган каттакон оппоқ булут пайдо бўлганини кўрдим”, деган эканлар”.

“Пайғамбарлар тарихи” китобида баён қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганидан кейин осмонга олиб чиқишдан олдин у зотга хизмат қилишга буюрилган учта фаришта тушиб келган. Улардан бирининг қўлида сув идиши бўлиб идишдан мушки анбарнинг ҳиди келиб турар эди. Иккинчисининг қўлида тўрт тарафига тўртта жавоҳир билан безак берилган олтин тоғора бор эди. Фаришта бу тоғора дунёнинг тимсоли эканини айтиб, Аллоҳ таолонинг севган қулидан дунёнинг истаган тарафини танлаши мумкинлигини билдирган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини тоғоранинг ўртасига қўйганлар. Шунда хотифдан у  хайрли ва баракотли жой – Каъбани танлади, деган овоз келган. Яна шунингдек, Аллоҳ таоло Каъбани у зот ва у зотнинг умматлари учун қибла қилгани ҳам айтилади.

Учинчи фаришта қўлида ипакдан қилинган жуда ҳам чиройли оппоқ матони қатланган ҳолда тутиб турган эди. Ризвон фариштаси қатланган матони очиб, унинг ичидан нубувват муҳрини олди ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг қопқоқлари орасига босди. Бундан олдин икки фаришта чақалоқни тоғорага солиб сув идишдан бошига етти марта сув қўйиб чўмилтирган эди.

Ўша тунда Каъба шу қадар қаттиқ силтандики, унинг деворларидаги бутлар жойидан отилиб, ҳар тарафга сочилиб кетди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бобоси Абдулмуталлиб ўша вақтда Каъбани айланиб юрган эди. Каъбанинг қандай силкинганини ўз кўзи билан кўрди. Яна у Каъбанинг ерга сажда қилганини ва икки марта “Аллоҳу акбар”, деб нидо қилганини эшитди. Шундан кейин Аллоҳнинг Уйи “Муҳаммад пайғамбар туғилди”, дея суюнчи олди.  Абдулмуталлиб осмондан бугун тунда Омина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни туғди деган овознинг келганини ҳам эшитди.

Овозда Омина исми тилга олинганини эшитган Абдумуталлиб келинидан хавотир олди ва ундан хабар олиш учун уйига чопқилаб борди.

Абдулмуталлиб келинининг уйига оппоқ булут соя солиб турганини кўрди ва туш кўрмаяпманми, дея ўзини чимчилаб кўрди. Кейин кўзларини артди ва ўзига ўзи: “Мен ухлаганим йўқ-ку!” деб далда берди.  Аммо келини Оминанинг уйига келдими, адашиб бошқа жойга бориб қолдими – шундан шубҳа қилиб қолди. “Омина”, деб  чақирган эди келини эшик очиб қаради.

Абдулмуталлиб димоғига урилган мушку анбарнинг муаттар ҳидидан маст бўлди. У Оминадан нимадир юз бердими деб сўради. Омина онамиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганини айтиб суюнчи олдилар. У чақалоқни кўрмоқчи бўлиб ичкарига отилган эди йўлини қилич яланғочлаган одам тўсди ва фаришталарнинг зиёрати тугамагунича бирорта одамни ичкарига қўйиш мумкин эмаслигини айтди.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

1986 йил америкалик Григорий Бреадер ўқишини битириб Кенияга боради. Кенияда ўрмонни айланиб юриб бир фил боласининг инграганини эшитади. Диққат қилиб қараса, филчанинг оёғига қуриган ёғоч шохчаси қадалиб қолган экан. Кичик ёшидан бошлаб Африка ҳайвонлари билан қизиқиб келгани боис филга қандай яқинлашиш мумкинлигини билар эди. У ана шу билимини синаб кўриш вақти келганини тахмин этди. Филчанинг оёғини силаб туриб чопқичасини чиқарди ва кичик жарроҳлик амалиёти ўтказиб ҳайвон боласининг оёғига санчилиб турган қуруқ шохчани олиб ташлади. Азобдан қутулган фил боласи унинг тарафида айланиб ўйнаб миннатдорчилик изҳор қилди ва унинг юзига термулиб боқди.  Григорий бу боқишнинг инсон ўғли ила ҳайвон зоти қура биладиган энг юксак савиядаги боғлиқлик эканини сўзлар эди. Бу гўзал ва ҳаяжонли ондан сўнг фил боласи ундан узоқлашиб кетди. Григорий ана шу лаҳзани ҳеч қачон унутмади.

Орадан йигирма йил ўтиб ўғли билан Сан-Франциско ҳайвонот боғига борган Григорий бир филнинг у қаерга борса ортидан қараб қолаётганини, орқасидан юриб қолаётганини кўради. Ёдига йигирма йил бурунги воқеа тушади. Одамларнинг ҳайратли боқишлари остида фил ўраб қўйилган тўсиқларнинг орасидан ўтиб филнинг ёнига боради.

Фил унинг келишига қараб туради. Григорий яқинлашиб хартумини силай бошлайди. Шунда фил уни хартуми билан кўтариб олиб деворга уриб ўлдиради.

У – Григорий оёғидан чўпни олиб ташлаган ўша филча эди.

Интернетдан олинди,

Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди.

 

 

Видеолавҳалар

Top