muslim.uz

muslim.uz

Бу кеча диёримиз узра илоҳий раҳмат нурлари тинимсиз ёғилади. Чунки, бугун диёримиздаги жуда кўплаб жоме масжидларда таровеҳ намозларида ўқилаётган хатми Қуръонлар ўз ниҳоясига етади.
Аллоҳнинг каломига ошиқлар хушсавт қориларимизнинг Қуръон тиловатларини тинглаш ва ажру савобларга эга бўлиш учун жомеларга ошиқишмоқда. Айниқса, бу тун улар Қуръони карим хатмонаси бўлиб ўтадиган жоме масжидларга шошилишмоқда.
Ана шундай фараҳбахш кечада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бугун Наманган шаҳридаги жоме масжиддаги хатми Қуръонда иштирок этишлари режалаштирилган.
Биз – muslim.uz сайти ижодкорлари Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” масжиди, пойтахтимиздаги хатмона бўлаётган айрим жомелар ва Наманган шаҳридаги муфтий ҳазратлари иштирок этадиган хатмонани онлайн узатишни мақсад қилдик.
Шундай экан, барчани Қуръон зиёфатига, илоҳий раҳматлар ёғиладиган дамларни биз билан бирга ўтказишга, хатмоналарни тўғридан тўғри кузатишга таклиф этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркия диний жамғармаси (TDV) “Қуръон ҳадя қил” тадбири доирасида қозоқ тилида чоп этилган 10 минг дона Мусҳафни Қозоғистоннинг турли минтақаларида истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонлар орасида тарқатишни режалаштирган. Бу ҳақда "aa.com.tr" сайти хабар берди.

Аввалроқ ушбу ташкилот томонидан Шри Ланкадаги мусулмонларга беш минг дона тамил тилидаги Мусҳаф топширилгани ҳақида хабар берган эдик.

ЎМИ Матбуот хизмати

Маккаи мукаррама

 

 

Маккаи мукаррамадаги зиёратчиларни егулик ва ичимлик суви билан таъминлаш қўмитаси, Масжидул Ҳаром, масжидлар, мамлакатга кириш ва чиқиш пунктлари, Макка шаҳри шифохоналаридаги фавқулодда тиббий марказлар, шунингдек, Подшоҳ Абдулазиз халқаро аэропорти ва Жидда исломий бандаргоҳи ҳудудларида рамазон ойи давомида 20 миллиондан ортиқ рўзадорларни ифторлик таомлари билан таъминлаш ишларини назорат қилишини таъкидлади.

Маккадаги зиёратчиларни егулик ва ичимлик суви билан таъминлаш қўмитаси раиси Доктор Ҳишом бин Абдурраҳмон ал-Фолиҳ қўмита Масжидул Ҳаром зиёратчилари ва эҳтиёжманд кишиларга тақдим этиладиган ифторлик таомлари тарқатилишини назорат қилишини таъкидлаб, Саудия Арабистони ҳукумати ва халқининг Байтуллоҳ зиёратчиларининг Саудия Арабистонига келиб юртларига қайтгунига қадар ибодатларини осон ва қулай адо этишларида барча хизматларни амалга оширишга доимо тайёр эканини таъкидлаб, қўмитанинг бу борада Ижтимоий таъминот ва меҳнат вазирлигининг Маккаи мукаррама шаҳридаги бўлинмаси, таълим-тарбия ишлари бошқармаси ва 57та хайрия муассасалари билан ҳамкорликда иш олиб бораётганини қўшимча қилди. Бу иш учун жами 1000га яқин кўнгилли ажрталаб йигитлар хизматга жалб қилинганини маълум қилди.     

Мадина мунаввара

 

 

Мадинаи мунавварадаги Масжидун Набавий ишлари Бош бошқармаси вакиллигидаги  мусҳафлар ишлари идораси муборак рамазон ойининг биринчи ўн кунлигида вакилликнинг Масжидун Набавий зиёратчилари учун кўрсатиладиган хизматлар савиясини орттиришдаги саъй-ҳаракатлари доирасида зиёратчилар учун 35 000 дона Мусҳаф тарқатди.

Шунингдек, Мусҳаф ишлари идораси Масжидун Набавийдаги Мусҳафлар сақланадиган жавонлар тозалигини таъминлаш ва уларни таъмирлаш бўйича иш олиб борди. Бир қатор ислом давлатларидан ташриф буюрадиган зиёратчилар фойдаланишлари учун Масжидун Набавий жавонларига Қуръони карим маънолари таржима қилинган  62 дона китобни ҳамда кўзи ожизлар учун брайл ёзувида чоп этилган 13 дона Мусҳафни жойлаштирди.  

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёс Аҳмедов тайёрлади.

Куни кеча соат 11.00 да бизнинг Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Янги ҳаёт маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Жўрабой” масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ташриф буюриб, кўнглимизни тоғдек кўтардилар. Ҳазрат жамоамиз билан самимий суҳбат қуриб, ҳозирги кунда юз бераётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб бердилар. Рамазон ойида ибодатларимизни кўпайтириш юзасидан тавсиялар айтдилар.

Суҳбатда фаолларимиздан Олимжон Аҳмедов ва Муҳаммадюсуф Тожиматовлар сўзга чиқиб, юртимиз тараққиёти, динимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида кеча-ю кундуз тинмай хизмат қилаётган муҳтарам юртбошимизга, муфтий ҳазратлари орқали раҳматлари ва миннатдорчиликларини изҳор қилдилар.

Илоҳо, юртимиз обод, осмонимиз мусаффо, бўлсин, азиз Ватанимизга кўз тегмасин.

 

Бахтиёржон ҚОДИРОВ,

Жўрабой” жоме масжиди имом-хатиби 

Жазоирнинг “El Djazairia One” телеканали Рамазон ойида Ўзбекистон ҳақида туркум кўрсатувларни намойиш этмоқда. Кўрсатувнинг 4-сонида “Ҳазрати имом” мажмуасидан репортаж намойиш этилди. Кўрсатувнинг мазкур сонида мажмуада сақланаётган бебаҳо хазина – Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу даврида кўчирилган Қуръони каримнинг асл нусхаси – “Усмон Мусҳафи” ҳақида ҳикоя қилинади.

Бошловчи Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳаётлари, халифалик даврлари, Қуръони каримнинг мусҳафларга кўчирилиши ҳақида манбалар асосида ҳикоя қилади. Ва ўша даврда тўрт нусхада кўчирилган мусҳафнинг Ўзбекистонга келиш тарихи ҳақида сўзлаб беради:

Дастур муаллифининг айтишича, бу сингари кўрсатувлар давомли бўлади. Ўзбекистон ҳақидаги видеолавҳалар жазоирликлар учун Рамазон туҳфаси экани қайд этилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top