muslim.uz

muslim.uz

Бутун мусулмон дунёсида раҳмату мағфират, ибодату саховат ойи бўлган рамазони шарифнинг биринчи ўн кунлиги ўртасидан ошди. Муборак ойнинг ташрифи иймон аҳлларига катта қувонч бағишлади. Илло, рамазон – ҳар йили бир марта қадрли меҳмон бўлиб келадиган шарафли ойдир.
Ана шундай фараҳбахш кунларда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги “Ислом” жоме масжидига ташриф буюриб, мўмин-мусулмонларни муборак Рамазон ойи билан муборакбод этиб, дуолар қилдилар. Сўнг, намозхонлар билан бирга-бирга таровиҳ намози ва хатми Қуръонларни адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намозхонларга мавъиза қилиб, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонларидан олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги улкан ишлар, хайрли ислоҳотлар ва Аллоҳ таборака ва таолонинг берган неъматларига шукрона қилиш тўғрисида сўзлаб бердилар. Муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларга рамазон ойининг файзу тароватидан баҳра олиб, Рамазоннинг ҳақиқий завқи – Қуръон тиловати ва зикруллоҳ билан онгу шуурларимизни банд қилиш, улуғ ойнинг илоҳий файзидан насибадор бўлишга чақирдилар.
Марказий жоме масжидга йиғилган мўмин-мусулмонлар муфтий ҳазрат ташрифларидан бағоятда мамнун бўлишди. Уларнинг таъсирчан ва ибратли маърузари намозхонлар кўнглидан яхши жой олди.
Муфтий ҳазрат бошчиликларидаги мутасадди кишиларининг Фарғона водийси бўйлаб сафарлари давом этмоқда.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПҚ-3271-сон қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 2018 йил 24-25 май кунлари «Китобхонлик маданиятини юксалтириш буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир» шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида Республика «Китоб байрами» тадбирлари ўтказилади.
Китоб байрамидан кўзланган асосий мақсад — бу китобнинг жамия­тимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги ўрнини янада ошириш, буюк аждодларимизнинг ёрқин хотирасини, замонамиз қаҳрамонлари тимсолини ҳаққоний ва халқчил акс эттирувчи адабиётлар салмоғини оширишда адиб ва ноширларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлодни интеллектуал ривожланган, жисмонан соғлом ва маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада юксалтириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишдир.
Икки кун давомида бўлиб ўтадиган тадбир доирасида:
Пойтахтимизнинг маркази — Сайилгоҳ кўчасида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар марказларида рес­публика нашриётлари томонидан китоб маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилади;
«Намунали китоб дўкони» танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими, турли сўровнома ва акциялар ўтказилади;
Китоб байрами кунларида, шунингдек, мушоиралар, адабий учрашувлар, шахмат ва шашка мусобақалари ҳам ташкил қилинади;
Таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдод соҳиблари, шунингдек, Рес­публика ёш томошабинлар театри ва Республика қўғирчоқ театрининг ҳамда турли болалар санъат гуруҳларининг «Китобсеварларни қутлаймиз!» номли чиқишлари уюштирилади;
«Энг яхши китобхон оила», «Энг яхши китобхон», «Ёш китобхон» каби совринли викториналар ва «Китоб ўқишни ёқтирасизми?» мавзусида ижтимоий сўровлар ўтказилади;
Китоб байрами қатнашчилари ҳисобланган нашриётлар, ижодий уйлар ва матбаа корхоналари ўртасида «Энг фаол иштирокчи» ҳамда «Энг яхши стенд» номинацияларида танлов ўтказилади ва ғолиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланади.
Сиз икки кун давомида «Китоб байрами»да бевосита иштирок этишингиз, ноширларимиз томонидан чоп этилган янги китоблар билан танишишингиз, ўзингиз ва фарзандларингиз учун турли китобларни харид қилишингиз мумкин.
Барча китобсеварларни Республика
«Китоб байрами»га таклиф этамиз!

Манба: http://ishonch.uz

Вторник, 22 Май 2018 00:00

ИНТЕРНЕТ: оқми ёки қора?

Кейинги 10-15 йил давомида дунё матбуотида энг кўп муҳокама қилиниб келинаётган масалалардан бири бу – Интернетнинг ёшлар аудиториясига қандай таъсир кўрсатаётганлиги билан боғлиқ.

Интернетнинг пайдо бўлиши билан ҳаётмизнинг кўплаб жабҳаларида, жумладан, мактаблар ва олий таълим муассасаларидаги барча жараёнлар, қолаверса, кундалик маиший хизматлар, бизнес ва менежмент, юридик ва консуллик хизматларигача бирин-кетин виртуал дунёга кўча бошлади. Хориждаги университет профессорлари талабаларга масофавий дарс беришни маъқул кўриб, айрим маърузаларини “YouTube”га жойлаштирадиган бўлди.

Интернет ривожланиши баробарида унинг техник-технологик имкониятлари ва аудитория қамрови ҳам ошиб борди. “Ўргимчак тўри” инсонларнинг анъанавий суҳбатлашув шаклини тубдан ўзгартирди. Олис масофадан туриб нафақат эшитиш, балки кўриш имкониятининг юзага келиши билан виртуал суҳбатлар кескин оммалашди. Бугунга келиб нафақат “бир девор қўшни”лар, ҳатто бир оиланинг аъзолари ҳам ўзаро шу тармоқда “гурунглашмоқ”да.

Кўпчилик кунини нонушта билан, балки у ёки бу ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифани кўздан кечириш билан бошлайди. Ер куррасининг қарийб 70 фоиз аҳолиси бирон-бир ижтимоий сайтда фаолдир. Уларнинг айримлари эса бир вақтнинг ўзида бир нечта тармоқларда рўйхатдан ўтган. 

Статистик маълумотларга кўра, дунё ёшларининг 96 фоизи ижтимоий тармоқлар воситасида ўзаро мулоқотга киришмоқда.

Афсуски, ҳозирги пайтда баъзи ёшларнинг оммавий тармоқларга муккасидан кетиб, ўз вақтини беҳудага сарфлаши яхши оқибатларга олиб келмаяпти.

“Ўргимчак тўрига” илинган айрим ёшларнинг ўқиш ва ишга муносабати ўзгариб, ҳаётга бефарқлиги кучайиб бораётгани бор ҳақиқат. Интернетни бежиз ўргимчак тўрига ўхшатишмаган. Чунки тармоқ домига бир марта тушган одам, агар у ақлини ишлатмаса, бу гирдобдан чиқиши қийин бўлади. Муаммонинг ижтимоийлиги ҳам ана шунда.

Кейинги 10-15 йил давомида дунё матбуотида энг кўп муҳокама қилиниб келинаётган масалалардан бири бу – Интернетнинг ёшлар аудиториясига қандай таъсир кўрсатаётганлиги билан боғлиқ. Тармоқни айрим хорижий экспертлар мажозий маънода ўткир болтага ўхшатади: унинг ёрдамида қуриган дарахтни чопиб, ундан ўтин тайёрлаш мумкин ёки айнан шу болта билан гуллаб-яшнаб турган дарахтни яксон қилиш ҳам мумкин. Шу сабабдан жаҳон тармоғини фақат мақташ ёки аксинча уни қоралаш мантиқсиз ишга ўхшайди. 

Шундай бўлса-да, ёшлар муаммоларига бағишланган форумларда, катта йиғилишларда, дарс машғулотларида ва қолаверса, ўзаро суҳбатда кўпчилик унинг салбий томонларини гапиради. Бу табиий. Негаки, Интернет манбаларининг ҳаммаси ҳам мукаммал эмас. Оддий электрон адабиётларга, вики-справочникларга ҳали ҳамон шубҳа билан қарашлар мавжуд. Ёшлар Интернетга ишониб жиддий китобларни ўқимай қўйишди, уларнинг билими саёзлашиб кетмоқда, деб жон куйдираётган педагогларни яхши тушунамиз. Ота-оналар эса фарзандининг кўп вақтини ўғирланаётганидан хавотирланиши ҳам асоссиз эмас, албатта.

Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида кўтарилаётган масалада ёшларнинг фикрларини бевосита ўрганишга ҳаракат қилдик.

Хўш, уларнинг ўзи Интернетни зарарли деб биладими ёки фойдали? Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетининг 2-босқич талабалари ўртасида ўтказилган кичик сўровнома натижасида турли хил жавобларни олдик.

Аҳамиятли томони шундаки, респондентлар Интернетнинг бир пайтнинг ўзида ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари борлигини қайд этишди.

Талабаларнинг фикрига кўра, “ўргимчак тўрин”нинг ижобий томонлари қуйидагилар: унинг ёрдамида тезкор хабарлардан баҳраманд бўлиш, дарслар ва семинарларга тайёргарлик кўриш, фанлар бўйича қизиқтирган барча саволларга жавоб топиш мумкинлиги, интерфаолликнинг мавжудлиги, турли соҳаларга оид фойдали маълумотлар, дарсликлар, адабиётлар, электрон китоблар борлиги, дўстлар билан қулай ва арзон коммуникация воситаси эканлиги, унинг ёрдамида кундалик ишларга кетадиган ортиқча вақтни тежаш мумкинлиги, яхши кўрган теледастур, кинофильм ва концертларни маъқул пайтда томоша қилиш мумкинлиги ва ҳоказо. 

Интернетнинг салбий жиҳатлари ҳақида эса қуйидаги фикрларни билдирдилар: ёлғон хабарларнинг кўплиги, маълумотларнинг тўғрилиги ёки ҳаққонийлигини аниқлашнинг қийинлиги, ахборот спекуляцияси мавжудлиги, одамларнинг ўзаро мулоқоти давомида баъзан этика нормаларининг қўпол равишда бузилиши, ўйламасдан қилинган айрим ҳаракатларнинг орқага қайтариб бўлмаслиги, қолдирилган баъзи ноўрин постларни ўчириб бўлмаслиги, ёмон кучларнинг Интернетдан тарғибот майдони сифатида фойдаланишлари, мисол учун ақидапарастлик ғояларининг ёшларни тўғри йўлдан чалғитиши, “кўк кит” каби ўйинларнинг фожиали оқибатлари, шунингдек, хакерлик хуружлари, шахсий маълумотларнинг ўғирланиши, вирус ва бошқа техник таҳдидларнинг мавжудлиги.

Демак, бугунги ёшларимиз Интернетнинг бир-бирига қарама-қарши бўлган икки жиҳатини, яъни унинг “оқ ва қораси”ни яхши идрок этмоқда. 

Бундан кўринадики, жаҳон тармоғидан самарали фойдаланиш, унда ёшлар аудиториясига фойдали бўлган миллий сегментни янада чуқурлаштириш, улар учун билим ва профессионал кўникмаларни бойитиш юзасидан янги имкониятларни яратиш тўғрисида кўпроқ бош қотириш даври келди.

 

Беруний Алимов,

тадқиқотчи

Вторник, 22 Май 2018 00:00

Таровеҳ намозининг фазилати

Рамазон – таровиҳ ойи. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мағфиратга ноил бўлиш, ажру савобларни кўпайтириб олиш учун бу ой кечаларида ибодат билан қоим бўлишга тарғиб қилиб: “Ким Рамазон кечалари имон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Олимлар Рамазон кечалари қоим бўлиш таровеҳ намозини адо этишдир, деганлар. Таровеҳни масжидда жамоат бўлиб ўқиш саҳобалар давридан бошлаб, ҳозиргача мусулмонлар қилиб келган амалдир. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таровеҳ намози кишининг гуноҳлари мағфират бўлишига сабаб эканини таъкидламоқдалар. Олимлар бу ерда айтилган гуноҳлардан кичик гуноҳлар назарда тутилганини таъкидлашган.

Тунги намоз мўминлар шарафи, солиҳлар одати, обидлар унсидир. У бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг афзал амалдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Тунги намозни канда қилманг. У сизлардан олдин ўтган солиҳлар одати, Раббинггизга яқинлик, гуноҳларга каффорат, маъсиятлардан қайтарувчидир” (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Рамазон кечаларида қоим бўлиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннат қилган улуғ ибодат. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тунда масжидда намоз ўқидилар. У зотнинг бир қанча саҳобалари у зотга эргашиб уч кеча намоз ўқишди. Тўртинчи кеча масжидга одам сиғмай кетди. Ушбу кеча Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидга чиқмадилар. Тонг отганда у зот: “Сизларнинг йиғилганларингизни кўрдим. Сизларнинг олдингизга чиқишдан мени тўсган нарса шуки, бу намоз сизларга фарз бўлиб қолишидан қўрққаним”, дедилар. Бу Рамазонда бўлган эди” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларига шафқатлари ва саҳобаларнинг суннатга, Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказишга ибодат қанчалик эътиборли бўлганларини кўриш мумкин.

Абу Зар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким имом кетгунича у билан бирга намоз ўқиса, унга кечани ибодат билан ўтказганлик савоби ёзилади”” (Абу Довуд ва Термизий ривояти). Яъни ким хуфтон, таровеҳ ва витр намозларини имом билан бирга ўқиса, ўша кечани ибодатда ўтказганлик савобига эга бўлар экан. Шундай экан, бу ибодатга эътиборли бўлиш, унда давомли бўлиш кўп ажру савоб келтиради.

Хулоса қилиб айтганда, Рамазоннинг ҳар они муборак, шарафли онлардир. Шу боис, мусулмон киши имкон қадар бу ойни ғанимат билиб, рўза, Қуръони карим тиловати, таровеҳ намози, Аллоҳ таолодан дунё ва охират яхшиликларини сўраб дуо қилиш билан ўтказиши матлубдир.

Видеолавҳалар

Top