muslim.uz

muslim.uz

АҚШ тарихида илк бор 850 та дўконлар тармоғига эга бўлган “Party City” савдо тармоғи Рамазон ойи муносабати билан ўз харидорларига махсус совғалар ва безаклар сотишни йўлга қўяди. Бу ҳақда "islamosfera.ru" нашри хабар берди.

Бу сингари акция америкалик мусулмонларни қувонтиргани маълум қилинган. Шимолий Америкада яшовши 9 миллиондан ортиқ мусулмонларнинг сотиб олиш қобилиятининг 100 миллиард доллардан ортиқлиги сабаб компания йирик лойиҳага қўл урган.

Байрамда дўкон пештахталарида идиш-товоқ, баннерлар, ёпишқоқ қоғоз ҳамда масжид, юлдузлар ва ярим ой акс этган ҳаво шарларидан иборат бўлган совғалар сотувга чиқарилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Кеча, 25 апрель куни Қозоғистон мусулмонлари идорасининг раиси, Бош муфти Серикбай ҳожи Ўраз ташаббуси билан Олмаота Марказий масжидида Қуръон ҳофизлари ўртасида VII Республика танлови бошланди. Бу ҳақда ҚМИ матбуот хизмати хабар тарқатди.

Ушбу мусобақада Қозоғистоннинг 17 ҳудудидан келган 63 қори ва қориялар «Тўлиқ ҳифз», «20 жуз», «10 жуз» ва «Тиловат» йўналиши бўйича мусобақалашадилар.

Мусобақанинг мутлақ ғолибига енгил автомобил топширилиши кўзда тутилган. Қолган ғолиб ва совриндорларга пул мукофоти берилиши маълум қилинди.

Танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими «Алатау» мажмуасида бугун (26 апрель куни) бўлиб ўтиши режалаштирилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Покистоннинг Лаҳор шаҳрида жойлашган Лолливуд номи билан машҳур бўлган киносаноат маркази шиддат билан ривожланиб бормоқда.

Бу ерда суратга олинаётган турли жанрдаги фильм ва сериаллар томошабинлар кўнглидан жой олмоқда. Бироқ бу ҳолат салбий оқибатлар ва зиддиятли вазиятлар келтириб чиқармоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, мазкур сериалларда тарғиб этилаётган баъзи иллатлар аҳолининг ҳаёт тарзи ва айниқса ёш, ўсиб келаётган авлоднинг одоб-аҳлоқига салбий таъсир этмоқда. Бунинг олди олинмаса, жамият ва бутун мамлакат улкан фалокатга юз тутиши эҳтимолига мутасаддиларни эътиборини қаратишга уринаётган фаоллар сериаллардаги мадҳ этилаётган куйидаги ҳолатларни мисол қилиб келтирмоқда:
1. Покистон киносида “талоқ” сўзининг ҳаддан зиёд лафз этилиши. Киноқаҳрамонларнинг ғазаб устида ушбу сўзни айтиб, аёлининг рухсатини беришини эркак томошабинлар табиий ҳол деб қабул қилиб, “талоқ” сўзини суистеъмол қлилишлар ҳолатларини кўпайиши. Кинони оддий одамлар онгига таъсир қилиш кучини инобатга олиб, мутахассислар ушбу сўз ишлатилишини тақиқлашни таклиф этишмоқда.
2. Фильмлардаги эркакларнинг шилқимлиги ва аёлларнинг номусига тегиш ҳолатларини “ҳақиқий эркак ва қаҳрамонга хос” ишдир дея тарғиб этилиши шундоқ ҳам Покистон жамиятидаги мазкур жиноятлар ортиб бораётганига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
3. Жамият оғир хасталикка чалинган болаларнинг муаммоларига лоқайдлик ва эътиборсизлик билан қараши.
4. Фоҳишаликни тарғиб этилиши.
Бу мавзу қайта-қайта кўтарилиб чиқилаётганига қарамай, одамлар назарида ўз танасини сотиш оддий ҳолатдек қабул қилинмоқда.
5. Фолбинлик. Салбий қаҳрамонларнинг асосий қуролига айланган фолбинлик ва сеҳр ҳамда Шаръан ширк ҳисобланадиган туморларнинг тақиқланиши.
6. Оилавий саҳналар акс этган лавҳаларда аёллар, айниқса қайнона ва келин турли ҳийла ва ғийбат, ҳасад ва фитналар орқали бошқаларнинг ҳаётига аралашиб, вайрон этиши томошабинларнинг нафратига сабаб бўлмоқда. Кинодаги аёлни оддий одамлар ёвуз бир маҳлуқ дея қабул қилиб, реал ҳаётдаги ҳотин-қизларга ҳам шу тарзда муносабатда бўлмоқда.
Шу йўсинда, Покистон оммавий ахборот воситалари мамлакат ҳукумати ва жамоатчиликни “Овертон ойнаси” тушунчасига эътибор қаратишга ундамоқда. Унга кўра, жамият устуни саналган оилани бузиш мақсадида кино ва сериаллар орқали ҳалокатли ғоялар сингдирилиши назарда тутилган. Бу хатти-ҳаракатлар шу даражада моҳирона ва кўзга ташланмайдиган тарзда амалга ошириладики, одамлар уни ўз вақтида илғаб олишлари мушкулдир.

ЎМИ Матбуот хизмати

Одатда, давлат раҳбари бирор масала юзасидан қандайдир таклиф айтиб қолгудек бўлса, у ўзидан ўзи одамларга мажбуриятга айланиб қолади, айниқса, бизнинг қуллуқчи халқимиз учун. Лекин Президентимиз ўтган йили 1 сентябрда, Қурбон ҳайити куни муборак маскан – Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилиб, зиёрат асносида Қуръон мусобақаси ўтказиш ҳақида таклиф айтганида катта-ю кичик, барча хурсанд бўлиб кетди. Одамлар сабрсизлик билан ушбу мусобақанинг бошланишини кута бошладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ушбу мусобақани ташкиллаштириш масаласига бағишлаб махсус йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда мусобақани уч босқичли тарзда: туман, вилоят, республика миқёсида ўтказишга келишиб олинди ҳамда  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” ташкилий қўмитаси раиси, Абдулҳаким Матқулов домла раис ўринбосари этиб тайинланди.

Шундан сўнг мусобақа қатнашчиларини рўйхатга олиш ҳақида эълон берилганда, тўғриси, на ташкилий қўмита ва на бошқалар унга қанча одам ҳужжат топшириши мумкин эканини билмас эди. Фақат тахминлар бор эди ва ўша тахминларга кўра, беш юз, олти юз киши ҳужжат топшириши керак эди. Лекин беш мингга яқин ариза тушганини кўриб, барчамиз юртимизда шунча кўп қори бор эканига ҳам ҳайрон бўлдик ҳамда севиндик. 

Ташкилий ишлар йўлга қўйилганидан сўнг 15 январь куни Зоминдаги “Маърифатли” масжидида мусобақанинг биринчи босқичи бошланди. Ўша куни нафақат Зоминда, балки бутун Ватанимизда катта шодиёна бўлгани барчамизнинг кечагидек эсимизда. Тасаввур қилинг: ахир бизнинг юртимизда Қуръон мусобақаси ростакамига бошланди...

Бунда маълумот, насаб, мақом ёки бошқа нарсаларга қараб чекловлар бўлмагани барчани мамнун қилди. Фақат ёшнинг чеклангани кўпчилик қорилар ва қорияларнинг шундай шарафли танловга қатнаша олмасдан афсус чекиб қолишига сабаб бўлди.

Танловнинг дастлабки босқичлари  қишда бўлди: кун бир тутам, совуқ, изғирин. Бу  футбол ёки концерт томошаси бўлса эканки, бетаҳорат ҳам кириб бораверсангиз. Аммо Аллоҳнинг Каломини таҳоратсиз тинглаб бўлар эканми?..  ўзи-ку, бўлаверади ҳам, аммо савоби ҳам ўзига яраша бўлади-да. Шу боисдан мусобақага келган кишилар совуқ кунларда ҳам таҳорат олиб покланиб тинглашди қориларимизнинг тиловатларини.

Ўша кунларда Аллоҳ таоло Ўзининг раҳматини ёғдириб тургани ҳамманинг ёдида. Қайси куни, қайси жойда Қуръон мусобақаси ўтказилган бўлса, ўша куни ўша жойга қор ёғдирди. Юз бериши муқаррар кўриниб қолган қурғоқчиликни бошимиздан бартараф этиб қўйди. Қору ёмғир ёғиб бошлаган чоқ, биласиз, осмон эшиклари очилиб дуолар қабул бўлади. Қуръон даврасида қилинган дуолар шарофати ила Ватанимиз узра файзу баракотлар ёғилиб турибди, Яратганга шукр. Ўтган куни қорилар мусобақаси ниҳоясига етган кун ҳам Раббимиз бир мулойим ёмғир берди.  бундан жамики тирик мавжудотлар баҳра олди.

Баҳорнинг илк кунларида пойтахтнинг “Наврўз” ресторанида ўтказилган шаҳар босқичини эслайсизми, тумонат одам, овоз кучайтиргичлар ишга тушган. Қориларимиз овози Миллий боғдан ҳам ошиб жарангламоқда. Кўчаларда юриб кетаётган одамлар ҳам тўхтаб тиловатларни тингладилар,  қаергадир шошилиб бораётган юртдошларимиз машиналарини тўхтаб озгина муддатга бўлса-да, Қуръонга сомеъ бўлдилар...

Ва ниҳоят 21-24 апрель кунлари қуйи босқичлардан сараланиб келган қорилар беллашдилар, ғолиблар аниқ бўлди. Фарғоналик Расулбек қори Йўлдошев каби қориларнинг тиловатлари қалбларни ларзага солди. Кўплаб номинациялар бўйича иштирокчилар орасидан ғолиблар танланиб уларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Айниқса, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси Нуриддинов Йўлдошбек қори Иброҳим ўғли "Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018"нинг мутлақ ғолиби, олий ўрин соҳиби бўлиб, унга Президент совғаси сифатида "Лаcетти" автомашинаси топширилди. У автомашина калитини устозига тутқазганда ҳамма тўлқинланиб кетди. У ота-онасига умрага йўлланма олиб бериб фарзандлик бурчини қандай чиройли адо этган бўлса, устозига машина калтини тутиб шогирдлик бурчини шундай чиройли бажарди. Бу ўринда масала устози калитни олиши ёки олмаслигида эмас. Гап Йўлдошбек қорининг устозига меҳрида, муҳаббатида. Ўзи қачонки шогирд устозини шу қадар севган тақдирдагина юксак натижаларга эриша олади.

Кеча бошланган аёллар мусобақаси бугун ҳифз йўналиши бўйича давом этмоқда. Эрталабдан мураттаб қориялар ўзаро беллашмоқдалар. Бир-биридан гўзал қироатларни онлайн эфир орқали бутун дунёдаги Қуръонга ошуфта қалблар тинглаб ўтирибдилар. Яна бирор соат ичида ғолибларнинг номи ҳам аниқ бўлиб қолади ва уларни ҳам эълон қиламиз, иншоаллоҳ.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Четверг, 26 Апрель 2018 00:00

Қуръон лафзидаги мўъжиза

Аллоҳ таоло Қуръонда مَيِّتٌ (“маййит” кўринишида бўлиб, “ё” ҳарфи ҳаракатли ва ташдидли) лафзини зикр қилганда, бунинг маъноси “Ҳали ўлмаган, аммо яқинда ўладиган тирик кимса” дегани бўлади. Ушбу сўздаги “ё” ҳарфи ҳаракатли бўлганидек, у инсон ҳам ҳаракатдадир, тирикдир. Бунга мисол:

إِنَّكَ مَيِّتٌ وَإِنَّهُم مَّيِّتُونَ

“Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар” (Аллоҳдан бошқа ҳар бир тирик жон ўлади. Ҳамма ҳам ўлади. Ўлмайдиган ҳеч ким йўқ. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина қолади.) (Зумар сураси, 30-оят).

Аммо مَيْتَ (“майта” кўринишида бўлиб, “ё” ҳарфи сукунли) лафзини зикр қилганда, бунинг маъноси “Руҳи ажраган, ўлган, вафот этган” дегани бўлади. Сўздаги “ё” ҳарфи сукунли, ҳаракатсиз бўлганидек, у кимса ёки жонзот ҳам ҳаракатсиздир, ўлгандир. Бунга мисол:

حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ

“Сизларга ўлимтик...ҳаром қилинди” (Моида сураси, 3-оят).

Қуръон луғатидаги бу ажойибликни, ҳарф ҳаракатининг воқеликка муносиблигини кўринг!

 

 

Шайх Солиҳ Туркийнинг “Мин роваиъил Қуръан”

номли мақоласидан

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

таржимаси

Видеолавҳалар

Top