muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Вторник, 19 Сентябрь 2023 00:00

Кимнинг китоби ўнг тарафидан берилса

«Осмон ёрилса. У (осмон) Раббисига бўйсунди ва итоат этди. У бўйсуниши, итоат этишни шарт. Ер текисланса. Ва ўз ичидаги нарсаларни отиб чиқариб, холи қолса. У (ер) ўз Раббисига бўйсунди ва итоат этди. Шундоқ бўлиши шарт. Эй инсон! Албатта, сен Раббингга йўлиққунингча, ҳаракату уринишда бўласан ва охири унга йўлиқасан.  Кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса. Тезда осонгина ҳисоб қилинур. Ва аҳли ҳузурига хурсанд ҳолда қайтиб борур. Кимнинг китоби орқа тарафдан берилса... У тезда ўзига ҳалокатни чақирур. Ва қизиб турган дўзахга кирур. Чунки у (бу дунёда) ўз аҳли билан хурсанд бўлиб ўтган эди. Чунки у ҳеч қачон орқага қайтмасликни ўйлаган эди» (Иншиқоқ сураси, 1–14-оятлар).

“Осмон ёрилса”. Ояти карима қиёмат ва унинг аломатларига ишорадир.

“У (осмон) Раббисига бўйсунди ва итоат этди. У бўйсуниши, итоат этиши шарт”.

Осмоннинг бўйсуниши Аллоҳ таолонинг ҳукмига итоат этишидир.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Ер хамир каби ёйилади”, деганлар. Ер ёйилганда, ундаги барча нотекисликлар текисланади.

“Ва ўз ичидаги нарсаларни отиб чиқариб, холи қолса”. Яъни жасадларни чиқариб, улардан холи бўлади. Ибн Жубайр айтади: “Ўз қаъридаги жасадларни чиқариб ташлайди ва устидаги тириклардан халос бўлади”. Бир ўринда бундай келади: “У ўз қаъридаги бойликларни чиқариб ташлайди. Унинг тубида бирор нарса қолмайди”. Яна бир ўринда: “Ер ўзидаги тоғ ва денгизлардан халос бўлади”.     

“У (ер) ўз Раббисига бўйсунти ва итоат этди”, яъни, жасадларини чиқаришда, яъни, Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунди.   

“Эй инсон! Албатта, сен Раббингга йўлиққунингча, ҳаракату уринишда бўласан ва охири унга йўлиқасан ҳам”.  Саид Қатодадан ривоят қилади: “Эй одам боласи, сенинг ҳаракатинг суст. Ким саъй-ҳаракатини  Аллоҳ таоло тоатига йўллай олса, шундай қилсин. Зеро, куч-қувват фақат Аллоҳ таолодандир”.

 “Кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса”. Яъни, Мўминга. “Тезда осонгина ҳисоб қилинур”, унинг учун ҳисоб-китобда машаққат бўлмайди. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қиёмат куни ҳисоб қилинса, азобланади”, дедилар. Ойша онамиз айтади: “Мен: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло: “Аммо кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса, тезда осонгина ҳисоб қилинур” деб марҳмат қилмаганми? деб сўрадим. Набий алайҳиссалом: “У ҳисоб-китоб эмас. У кўрсатишдир. Ким билан ҳисоб-китобда тортишилса, у азобланади”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти),   

“Ва аҳли ҳузурига қайтиб борур”. Жаннатда жуфтлари ҳури ийнлар бўлади. “Хурсанд ҳолда” яъни, кўзи қувнаган мамнун ҳолда. Ривоят қилинишича, ушбу ояти карима Абу Салама ибн Абдул Асад ҳақида нозил бўлган. Сабаби у Маккадан Мадинага ҳижрат қилган биринчи кишидир.

“Ва аммо кимнинг китоби орқа тарафдан берилса...” Ушбу ояти карима Абу Саламанинг укаси Асвад ибн Абдул Асад ҳақида нозил бўлган. Қатода ва Муқотил: “Кўкси ва суяги очилади, сўнгра қўли кириб орқасидан чиқади. Китобини шу тариқа олади”, деганлар.  

“У тезда ўзига ҳалокатни чақирур”. Ҳалокатдан: “Вой шўрим”, деб шовқин-сурон солади. “Ва қизиб турган дўзахга кирур”, ҳарорати қизиб турган дўзахга киради.                                   

“Чунки у (бу дунёда) ўз аҳли билан хурсанд бўлиб ўтган эди”. Ибн Зайд айтади: “Аллоҳ таоло жаннат аҳлини дунёда маҳзун йиғловчи ва қўрқувчи қилди. Охиратда эса хурснадчилик ва жаннат билан мукофотлади”, деди ва ушбу ояти каримани ўқиди: “Албатта биз илгари ўз аҳлимиз даврасида У зотдан қўрқувчилардан эдик. Бас Аллоҳ бизга марҳмат қилди ва бизни дўзах азобидан сақлади” (Тур сураси, 26–27-оятлар). Дўзах аҳлини эса дунёда хурсандлик, кулгу ва вақтичоғлик билан васфлаб: “Чунки у (бу дунёда) ўз аҳли билан ҳурсанд бўлиб ўтган эди”, деди. 

“Чунки у ҳеч қачон орқага қайтмасликни ўйлаган эди”. Яъни, одам қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинишини, кейин ё мукофот ё жазога тортилишини ўйламаган эди.

 

“Тафсири Қуртубий” асосида

Қибрай тумани бош имом-хатиби

Миродил МИРЖАМИЛОВ тайёрлади.

Вторник, 19 Сентябрь 2023 00:00

Дорул Ислом ва дорул куфр

Вторник, 19 Сентябрь 2023 00:00

Хомхаёллик – балонинг боши

Бир тўрғай йўлнинг бўйидан ўзига уя қуриб, тухум босди. Фил шу сўқмоқдан сув ичишга бораётганида уяни топтаб, тухумни эзиб ўтиб кетди. Тўрғай бу бадбахтликни кўриб дарҳол учиб бориб филнинг бошига қўнди ва деди:

– Шоҳим! Сен нима учун тухумларимни пачоқлаб, болаларимни ҳалок этдинг? Ўзингга нисбатан мени заиф, кучсиз ва нотавон деб санаганинг учун шундай қилдингми?

– Ҳа, фақат шунинг учун, – деди фил.

Тўрғай буни эшитгач, учиб қушлар ёнига борди ва бошига тушган фалокатни айтиб берди.

Қушлар:

– Биз филни нима ҳам қила олардик? Биз кучсиз паррандалармиз, – дедилар.

Тўрғай уларга деди:

– Илтимос қиламан, сиз мен билан бориб филнинг кўзини чўқиб кўр қилинг. Унинг бошига мен ҳам қандай шўришлар солишни биламан.

Улар рози бўлдилар. Тўрғай билан учиб бориб, филнинг кўзини ўйиб-ўйиб ташладилар. Шундан кейин фил на сув ичиш, на бир овқат топиб ейишнинг иложини қила олди. Турган жойида нима топса, шу билан кифояланиб кун кечирадиган бўлди. Тўрғай буни кўргач, аламига чидолмай, ҳовуз ёқасига келиб қурбақаларга фил устидан шикоят қилди.

Улар:

– Биз кучли филга қарши нима ҳам қила олардик, – дедилар.

Тўрғай:

– Сиз фил турган жойга яқин бўлган бир чуқурнинг четига бориб, ўша ерда баланд овоз билан вақир-вуқур қилсангиз, фил сизнинг овозингизни эшитиб, у ерда сув бор экан, деб ёнингизга боради-да, чуқурга қулаб кетади, –деди.

Қурбақалар бунга рози бўлдилар. Чуқур четига бориб вақирлай бошладилар. Сувсизликдан қийналган фил қурбақаларнинг овозини эшитиб, улар томон йўл олди ва чуқурга йиқилиб ҳалок бўлди. Тўрғай эса учиб бориб унинг бошига қўнди ва қанот қоқиб деди: “Эй ўз кучига ишониб, менга ҳақорат кўзи билан боққан зулмкор! Жуссам кичкина бўлса-да, ақлим зўр эканини исботладим, сенинг бўйинг дароз бўлса-да, ақлинг қисқа экан. Хўш, энди нима дейсан?!”  

“Калила ва Димна”дан

Қиссадан ҳисса:

Аллоҳ таолонинг иродаси ила ўзларининг қудратига ишониб, кичик ўлкаларга бостириб келган катта қўшинлар мағлуб бўлган;

Даврага рақибини назарига илмасдан чиққан полвоннинг йиқилганини, рингга кибрланиб чиққан боксчининг мағлуб бўлганини кўрмаганмисиз;

Агар кимгадир қизиқиб бошласангиз, у ҳам сизга қизиқа бошлайди. Ундан яхши сифат топсангиз, у ҳам сиздан яхши сифат топади...

Ўйингиз тинч, болаларингиз омон – бахтлисиз. Шу бахтингизни муҳофаза қилишни истасангиз,  бошқаларнинг бахтига чанг солманг;

Йўқ жойдан ўзига душман орттириб олган киши ўзининг ва фарзандларининг қаттол душманидир;

Қудратингизга ишониб, ўзингиз заиф санаган кишига зарба бермоқчи бўлаверсангиз, у ноиложликдан ўзини ҳимоя қила бошлайди ва ўзини ҳимоя қилаётиб, сизга зарар етказиб қўяди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Вторник, 19 Сентябрь 2023 00:00

Ижтиҳод масаласи

Устоз доктор,
Салоҳ Муҳаммад Солим Абул Ҳаж

Понедельник, 18 Сентябрь 2023 00:00

Пайғамбарлик ҳикмати

Шайх Рамазон Бутий: Пайғамбарлик ҳикмати

Страница 97 из 301

Видеолавҳалар

Top