muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Пятница, 04 Август 2023 00:00

Таркидунёчилик йўқ

Таянч нуқта

Исломда инсонни хўрлайдиган, мажбурлайдиган, ҳаётини азобга айлантирадиган буйруқ, қоидалар йўқ. Аллоҳга ибодат ниятида таркидунё қилиш, ўз жисмига азият бериш, уйланмаслик, таом ва уйқудан воз кечиш кабиларни Пайғамбар алайҳиссалом ман этганлар. Зеро, ибодатлар машаққат, ташвиш эмас; ҳузур, ҳаловат бахш этиб, Аллоҳга яқинлаштиргувчи амал бўлганида маъно касб этади. Шунинг учун “Динда зўрлаш йўқ(Бақара сураси, 256-оят). Ташқаридан қанчалик мукаммал кўринмасин, самимий ихлос билан қилинмаган амал Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қийматга эга эмас.

      Ислом одамни азобламайди, шу билан бирга, ўзини ўзи азоблашига ҳам изн бермайди. Ояти каримада айтилади: «Айтинг: “Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?» (Аъроф сураси, 32-оят). Бундан биламизки, соғлом руҳиятдаги инсон истифода этиши мумкин бўлган барча моддий ва маънавий завқлар энг мукаммал кўринишда динимиз кўрсатган ҳалоллар доирасида мавжуддир. Энди, ҳаддидан ошиб, ҳаром йўллар ва нарсалардан завқ ахтарадиганлар руҳияти бузуқ, йўлдан озган кимсалардир. Улар диний кўрсатмалар бўйича яшашни имконсиз деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, Ислом фитрат динидир, у инсоннинг табиий эҳтиёжларини ҳалоллик билан қондириш йўлларини кўрсатиб берган.

      Ибодатларнинг миқдори Аллоҳ таоло томонидан белгиланди ва Расули томонидан амалиётга татбиқ этилди. Аллоҳ таоло белгилаган ўлчовлар дахлсиз. Уларга аралашиш, орттириш ёки камайтириш айни ҳалокатдир.

     Пайғамбар алайҳиссалом рўзадорнинг ифтор қилмасдан шом намози ўқишини маъқул кўрмаганлар. Зеро, Аллоҳнинг бир буйруғини адо этиш учун бутун кун нафсини тийган одамни оғиз очадиган пайтида иккинчи қийинчиликка солиш ўринсиздир. Имом Ғаззолий ибодатлар миқдорини дорилар қоришмасига ўхшатади. Шифо топиш учун бу миқдорга амал қилиш зарурлигини айтади. Баъзи уламолар бундай дейди: “Билиш керакки, Аллоҳ таолонинг розилиги ва муҳаббати ўзига ўзи бефойда азоб бериш, жонини машаққатга қўйишда эмас”. Шунга кўра, қиш кунларида иссиқ сув туриб, савоби кўп бўлсин, дея совуқ сувда таҳорат қилиш, ёнида масжид туриб узоқдаги жомега бориш ярамайди.

    Ислом енгиллик устига барпо қилинган. Лекин бу ҳамма нарса мумкин ва ўзбошимчаликка рухсат, деганимас. Енгилликнинг ҳам чегараси бор. Қуръони каримнинг қуйидаги огоҳлантиришга дуч келамиз: “Бу Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, демак, у ўзига зулм қилибди(Талоқ сураси, 1-оят).

      Киши ифротга ёки тафритга йўл қўйиши билан ўзига зулм қилади. Расулуллоҳ алайҳиссалом ибодатда ҳам мўътадилликка чақирганлар. Хасталик ёки сафар асноси намоз, рўза каби ибодатларда берилган енгилликдан фойдаланмасликни, ўзини қийнаб нафл намоз ўқишни маъқул кўрмаганлар. Намозни чўзган имомни танқид қилганлар. Ҳузурларига бир бадавий келиб, Ислом шартларини сўради. У зот алайҳиссалом шаҳодат калимаси, беш вақт намоз, рамазон рўзаси, нисобга етган молдан закот бериш ва қодир бўлса умрда бир марта ҳаж қилишни санаб ўтдилар. Бадавий: “Сизга икром этган Аллоҳга қасам, шу санаганларингиздан оширмайман ҳам, камайтирмайман ҳам”, деди ва кетди. Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Агар айтганини қилса, нажот топади(Муттафақун алайҳ).

 

Абдулвоҳид ИСАҚОВ,

Наманган шаҳридаги Мирёқуббой Мирҳакимбой

жомеъ масжиди имом-хатиби

Пятница, 04 Август 2023 00:00

Илмсизлик ҳақида

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясига кўра келгуси етти йилда:

-камида 3 та тижорат банкида Ислом молияси мезон ва тартиблари жорий этилади.

-банкларни хусусийлаштириш кенгайтирилади ва давлат ихтиёрида 3-4 та банкни сақлаб қолинади.

-банк бозорига камида 4 та йирик нуфузли чет эл банкини жалб қилинади.

Четверг, 03 Август 2023 00:00

Қазои қадарга имон

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов ила яратдик”  дея марҳамат қилади (Қамар сураси, 49-оят). Ўзбек тилида “ўлчов” деб таржима қилинган сўз оятда “қадар” лафзи билан ифодаланади.

 Уламоларимиз “қазо” ва “қадар”ни қуйидагича таърифлайдилар: “Қазо – Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир”. “Қадар – ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир”.

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло бандаларнинг қиладиган ишларини аввалдан билади. Бироқ ихтиёрни ўзларига берган.

Бу борада уламолар инсон феълини икки қисмга бўлган:

Биринчи қисм — дунёдаги инсоннинг дахли йўқ нарсалар. Фақат Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмаслиги, гавдасининг турлича, ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, эркак ёки аёллиги ва шунга ўхшаш бир қанча ишлар борки, уларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Инсон бу нарсалардан “Нега қоматинг узун, ёки пакана?” ёки “Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг?” деб сўроқ қилинмайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга имон келтириш ҳар бир мўмин мусулмонга вожибдир.

Иккинчи қисм — инсон томонидан содир этилган иш ва амалларга боғлиқ. Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўзининг хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Бошқача қилиб айтганда банда бирор ишни амалга ошириши учун унга ички ва ташқи омиллар таъсир қилади. Бу омилларни Аллоҳ таоло банданинг хоҳишига кўра яратади. Банда ана шу хоҳишга масъул бўлади.

 Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ушбу масала юзасидан шундай деганлар: “Аллоҳ барча нарсаларни яратмасдан олдин ҳам азалдан билар эди. Барча нарсаларнинг тақдир ва қазосини Унинг ўзи белгилаган. Бу дунёдаги ва охиратдаги ҳар бир нарса фақат унинг хоҳиши, илми, қазоси, қадари, Лавҳул­маҳфузга ёзиб қўйилиши билан бўлур. Лекин, ёзиб қўйиши тавсиф йўли биландир, ҳукм йўли билан эмас, яъни мажбурий эмас” (“Фиқҳул акбар” китоби).

Бандага ихтиёр берилгани ҳақида Қуръон каримнинг бир қанча оятларида хабар берилган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Сен: “Бу ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин”, дегин» (Каҳф сураси, 29-оят).

Бошқа бир оятда шундай хабар берилган: «Сен: “Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топади. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман”, деб айт» (Юнус сураси, 108–оят).

Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло ҳидоят ёки залолат йўлларини танлашни банданинг ихтиёрига ҳавола этмоқда. Банда қайси бирини танласа, ўшанга Аллоҳ йўллаб қўяди. Банда эса ўша танловига кўра ё савоб ёки гуноҳга эга бўлади. Бундан қазои қадарда бандани бирор нарсага мажбурлаш йўқлигини англаб олишимиз зарур.

Агар буни ҳаётий мисол асосида оладиган бўлсак, устоз ўз шогирдларининг илмий савиясини яхши билади. Имтиҳонга киришдан аввал фалончи «аъло» баҳо олади, пистончи «яхши» баҳо олади, деб айтди. Имтиҳон натижаси устоз айтганидек чиқди. Шогирдлар устоз айтган гап учун мазкур натижага эришдиларми? Ёки устознинг ўз тажрибасига асосланган ожизона илми уларни ўша баҳоларни олишга мажбур қилдими?! Ожиз инсон ўзига қарашли нарсаларда шунчалик илмга эга бўлса, нима учун қудратли Аллоҳ – чексиз илм соҳиби бўлган Зот, азалдан ҳамма нарсани билмаслиги керак?!

 Хулоса шуки, Аллоҳ таоло бандага яхшилик ёки ёмонлик, имон ёки куфрни танлаш ихтиёрини берган. У ана шу ихтиёрни яхши ишларга боғласа, савоб олади. Агар ман қилинган ишни ихтиёр этса, жазога гирифтор бўлиши муқаррар.

Жаъфархон СЎФИЕВ,

 Тўрақўрғон тумани

«Исҳоқхон тўра» жоме масжиди имом хатиби,

Видеолавҳалар

Top