muslim.uz

muslim.uz

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ва Туркия Стратегик тафаккур институти билан ҳамкорликда Анқара шаҳрида «Ўзбекистон – ислом тамаддуни маркази» мавзусига бағишланган илмий-амалий анжуман ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда маъруза билан қатнашган мамлакатимиз академияси профессор-ўқитувчилари буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддуни, диний ва дунёвий илмлар ривожига қўшган ҳиссаси, «Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс» шиори остида бугунги кунда мамлакатимизда кузатилаётган умуммиллий юксалиш ҳақидаги атрофлича маълумотларни ўртоқлашдилар.

Туркия вакиллари буюк алломаларимизнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказлари сингари илм-маърифат масканларининг аҳамиятини алоҳида эътироф этдилар.

Анқара университети Илоҳиёт факультетининг профессори Сўнмез Кутлу ўз маърузасида Ўзбекистон – том маънода тамаддунлар чорраҳаси, Ислом цивилизацияснинг марказида жойлашганига эътибор қаратди.

– Тарихда Боғдод, Андалусия каби илм марказлари қатори Мовароуннаҳр маърифат ҳавзасида ўзига хос ўринга эга бўлган, - деди у. - Қорахонийлар даврида бир шаҳарда 300 фақиҳ-ҳуқуқшунос фаолият кўрсатган. 9-10 асрларда Самарқандда илм шу қадар тараққий этганки, ёшлар мактаб ва мадрасада ўқишининг мажбурийлиги белгиланган. Қорахонийлар даврида илм-фанга катта эътибор қартилган ва илм аҳли қўллаб-қувватланган. Айнан шунинг натижаси ўлароқ ушбу заминда илму ирфон тараққий топиб, гуллаб яшнаган. Бугун Ўзбекистон Президенти томонидан «Учинчи Ренессанс» ғояси остида ушбу қадимий анаъналарни қайта тиклаш, ёшларни илм-фанга йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовордир. Имом Мотуридий, Имом Термизий, Имом Бухорий каби улуғ зотлар номи билан очилган бир қанча тадқиқот марказлари учун Ўзбекистон раҳбариятига бутун турк олимлари номидан миннатдорлик билдираман.
Қайд этиш керакки, Туркияда Ўзбекистонга бўлган юксак қизиқиш сабабли мамлакатимиз билан боғлиқ тадбирларда нафақат жамоатчилик вакиллари, балки юқори мартабали давлат хизматчиларининг кенг иштироки ҳам анъанага айланган. Мазкур тадбирда ҳам Туркия Буюк Миллат Мажлисининг ֿ«Туркия – Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен иштирок этиб, мамлакатимизга оид ўз фикрларини ўртоқлашди.

– Мен Туркия Буюк Миллат Мажлисига Бурса вилоятидан сайланганман, - деди у. - Асли мазкур вилоятнинг Келес қишлоғиданман. Бизнинг воҳада Ўзбекистон билан боғлиқ хотиралар бор. Ота-боболаримизнинг айтишларича, 1400 йилларда Ўзбекистон заминидан келган Салоҳиддин Бухорий номли зот бизнинг қишлоққа асос солган экан. Ислом тамаддунининг бешиги бўлган Мовароуннаҳрдан Онадўлига келиб маърифат тарқатган бундай зотлар кўплаб учрайди. Бурса марказида Амир Султон Бухорий ҳазратларининг мақбараси мавжуд. Шахсан менинг тахминимча, Туркиянинг турли шаҳар ва қишлоқларида Бухорий, Самарқандийларга бориб тақаладиган камида 200та олимнинг даҳмаси мавжуд. Аслида бу борада ҳам умумий бир тадқиқот амалга оширилиши мумкин. Бу ҳам Мовароуннаҳр ва Онадўли ўртасидаги маънавий-маърифий ҳамкорлик тарихини ёритиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Депутатлигим, хусусан, ўзбек-турк дўстлик гуруҳига раҳбарлигим сабабли сўнгги беш йилда Ўзбекистонни ўнлаб маротаба зиёрат қилиш шарафига муассар бўлдим. Ҳар сафар янги бир қадриятларни кашф этаман. Ҳар зиёратимда Ўзбекистоннинг гўзалликларига бот-бот гувоҳ бўламан. Ўзбекларнинг кундалик ҳаётида, ўзаро муомаласи, юриш-туришида, ахлоқ-одобида муқаддас Ислом динининг гўзал фазилатлари намоёндир. Бинобарин, ушбу қутлуғ заминнинг “Ислом тамаддуни маркази” дея аталиши бежиз эмас.

Тадбирда Ўзбекистондан келган профессор-ўқитувчилар турк ҳамкасблари билан яқиндан илмий ҳамкорлик қилиш, қўшма лойиҳалар устида ишлашга келишиб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 30 Май 2022 00:00

Бемазҳабликдан сақланайлик

Мазҳабсизлик – шариатимизга таҳдид соладиган хатарли бидъат. Бу борада сўз юритар эканмиз, аввало, “мазҳаб” сўзининг маъносини аниқлаштириб  олмоғимиз зарур. “Мазҳаб” сўзи араб тилидаги “заҳаба” феълидан олинган бўлиб, ўзбекчада “йўл” деган маънони ифода этади. Истилоҳда эса тўртта фиқҳий мазҳаб имомларининг йўлларидир. Бу ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда дунёдаги тахминан 1,3 миллиард мусулмон аҳолисининг 92,5 фоизини суннийлар ташкил этади. Улар мазҳаблар бўйича қуйидаги нисбатда бўлинадилар: Ҳанафийлар 47 фоиз, шофеъийлар 21 фоиз, моликийлар 17 фоиз, ҳанбалийлар 7,5 фоиз[1].

Бу тўрт мазҳаб ўртасида катта фарқлар кўзга ташланмайди. Жуда кўп масалаларда бир хиллик мавжуд. Ўрталарида фақат жузъий ихтилофлар мавжуд.

Демак, фиқҳий мазҳабларнинг вужудга келиш тарихини ўрганар эканмиз, ҳозирги кундаги баъзи мазҳабсизларнинг ёки сохта “салафийлар”нинг: “Мазҳабга эргашиш бидъат”, “Имомга эргашиш суннатдан юз ўгиришдир” каби даъволари пуч эканини кўрамиз. Аксинча фиқҳий мазҳабларнинг тарихий илдизи буюк саҳобалар ва улуғ тобеинлар асос солган йўл эканига гувоҳ бўламиз.

Набий алайҳиссаломнинг саҳобалари илмда бир-биридан фарқ қилган. Баъзилар Абдуллоҳ ибн Аббосни, ироқликлар Ибн Масъудни, ҳижозликлар Абдуллоҳ ибн Умарни розияллоҳу анҳум ўзларига ўрнак қилиб, уларнинг кўрсатмаларига риоя этиб яшашган. Аҳли илмлардан ҳеч ким уларнинг бу ишини қоралагани ёки бир шахсга тақлид қилганни гуноҳкорга чиқарганларини билмаймиз[2].

Демак, бугунги кунимизда ҳам оми халқ, шунингдек, истинбот ва ижтиҳод қилиш даражасига етмаган олимлар учун бирор мужтаҳидга тақлид қилиш, билмаганларини сўрашдан бошқа чора йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло бундай буюрган: “Агар билмайдиган бўлсангиз аҳли зикрлардан сўрангиз”[3]. 

Ханафийлик - мутадил мазхаб Суннийлик дуне мусулмонларнинг  асосий кисми эьтикод киладиган йуналиш булиб , унда иккита акидавий

- ашьарийлик  ва мотуридийлик хамда туртта фикхий

-ханафийлик , шофийлик ,моликийлик ва ханбалийлик мазхаблари мавжуд .

Суннийликдаги энг кенг таркалган ва акидавий жихатдан багрикенгликка мойил мазхаб  ханафийликдир .

Аллох таоло барчамизни узи тугри йулдан адаштирмасин. Хохирги кунга келиб, ўзларини мазхабларни янгиловчи деб билиб, хақ мазҳабларни бекорга чиқарадиган узини "мухаддис "лар барчани гумроҳ қилувчилардир дейди. Масалан, улар ҳанафий мазҳабидаги ёки шофеъий мазҳабидаги қайсидир масалани "Сиҳохи ситта "дан топмаса, "Имом Абу Ҳанифа ёки имом Шофеъий бу масалани ҳадисга хилоф равишда  айтган" , дейдилар. Хадис фани "Сихохи ситта" билан чегараланиб колмаганини тушинишни хам истамайдилар Холбуки.хадис китоблари  бехисоб ва беьададдир  "Сихохи ситта" га суянилмаган булса, Унинг асли бошка хеч бир китобда йуклигини   билдирмайди. Валлоху аьлам биссавоб ва индаху илмул Китоб!

 

Маъруфхон Алоходжаев

 

[1] А.Тулепов. Ислом ва ақидапарсат оқимлар. 35-бет, Тошкент: “Шарқ” , 2014 й.

 

[2] Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий. Ал-ла мазҳабийя ахтору бидъатин туҳаддиду шариъатал исламия. 107-бет. Дамашқ. Дарул фикр. 1985-йил

[3] Наҳл сураси, 43-оят.

 

Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов раҳбарлигидаги делегация РФ Бошқирдистон муфтияти таклифига биноан Бошқирдистон республикасида бўлиб турибди.
Ташрифнинг учинчи кунида уламоларимиз Калтасинский туманининг Кугарчин посёлкасида янги барпо этилган “Нурли” масжидининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.


Маросимда Иброҳимжон домла Иномов ҳамда ЎМИ Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Рауповлар йиғилганларни янги масжид очилиши билан қутлаб, қардош ўзбек халқи ҳамда муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари номидан самимий табрикларни изҳор қилдилар. Шу билан бирга масжид қавмига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг ҳадяларини тақдим этдилар.


Маросимдан сўнг делегация аъзолари тумандаги яна бир қанча масжидларга хусусан, Бораева туманидаги ёғочдан қурилган экомасжидга ташриф буюриб, унинг ўзига хос жиҳатлари билан танишдилар. Шу билан бирга уламоларимиз аср намозидан сўнг Уфа шаҳридаги “Ризо” жоме масжидида юздан зиёд ватандошларимиз билан учрашиб, уларга диний-маърифий суҳбат қилиб бердилар.
Мазкур тадбирларда Россия Федерацияси мусулмонларининг марказий диний идораси олий муфтийси Талъат Тожуддин ҳазратлари ҳам иштирок этиб, Ўзбекистон делегациясининг ташрифидан мамнунлигини билдирди.


Йиғилиш сўнгида муфтий Талъат Тожуддин ҳазратларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг эсдалик совғаси топширилди. Ўз навбатида, бошқирд халқи диний раҳнамоси Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоевга икки қардош халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, диний идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги улкан хизматлари учун ташаккурномаларни топширди.
Шунингдек, муфтий, Шайхул Ислом Талъат Тожуддин ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳамда Жасурбек Рауповга икки халқ ўртасидаги диний алоқаларни мустаҳкамлашда қўшган кўп йиллик улкан хизматларини юксак баҳолаб, уларни ташаккурнома ва “Самарадорлик” ҳамда “Ишонч ва ҳурмат” медаллари билан тақдирладилар.
Уламоларимизнинг ташрифлари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
М. Хушвақов тайёрлади

918-CАВОЛ: Эркаклар аёл сартарошга соч олдириши ёки аёллар эркак сартарошга соч олдириши мумкинми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу иш жоиз эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган.

قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ (30)وَقُلْ لِلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَلْيَضْرِبْنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَى جُيُوبِهِنَّ..... (31)

“(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир. (30) Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар!.... (31)” (Нур сурасининг 30, 31 оятлар).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада эркакларни ҳам, аёлларни ҳам ўзгаларнинг қараш ҳаром бўлган аъзоларидан кўзларини тийишга буюрмоқда.

عن حذيفة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وآله وسلم : النظرة سهم من سهام إبليس مسمومة فمن تركها من خوف الله أثابه جل وعز إيمانا يجد حلاوته في قلبه.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : Назар шайтоннинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Ким Аллоҳдан қўрқиб уни тарк этса, Аллоҳ таоло унинг мукофотига қалбида ҳаловатини топадиган иймонни ато қилади” (Ҳоким ривояти).

Эркаклар эркак сартарошга соч олдириши ёки аёллар аёл сартарошга бориши мумкин. Номаҳрамларга назар солиш, уларнинг сочини ёки баданини ушлаш инсон қалбига фитна ва ёмон хаёлларни солади. Бу эса кишини зино каби ҳаром ишга олиб боради. Шариатнинг умумий қоидасига кўра, гуноҳ ишга олиб борадиган ишлар ҳам гуноҳ саналади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Шу йил 28 май куни “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Баркамол авлод – 2022” спорт мусобақасининг республика босқичи ўтказилди.

Мусобақа Қуръони карим тиловати ва дуойи хайрлар билан бошланди. Cўнг Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси тингланди.

Дастлаб Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов, Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай домла Турсунов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхоновлар тадбирни очиб, мусобақа қатнашчиларига мувоффақият тилашди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг иккинчиси – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу маданий-спорт тадбири ташкил этилди.

Мусобақа давомида иштирокчилар спортнинг стол тенниси, тош кўтариш, кураш, шахмат турлари бўйича ўз кучларини синовдан ўтказишди. Ушбу жараёнларни тажрибали спорт мутахассислари-ҳакамлар ҳайъати адолатли баҳолаб боришди.

Диний таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Баркамол авлод – 2022” спорт мусобақасининг якуний натижаси қуйидагича бўлди:

?1-ўрин: "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти;
?1-ўрин: "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти;
?2-ўрин: "Мир Араб" ўрта махсус ислом билим юрти;
?3-ўрин: "Муҳаммад ал-Беруний" ўрта махсус ислом билим юрти жамоаси.

Аёл-қизлар ўртасидаги умумий ҳисоб бўйича:

?1-ўрин: "Хадичаи Кубро" ўрта махсус ислом билим юрти;
?2-ўрин: "Жўёбори Калон" ўрта махсус ислом билим юрти;
?3-ўрин: "Тошкент Ислом институти";
?3-ўрин: "Мир Араб" олий мадрасаси жамоаси.

Нуфузли мусобақа ғолиб жамоаларига кубок ва эсдалик совғалар тақдим этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси юқори ўринни эгаллаган диний таълим муассасалари вакиллари ва талабаларини эришган натижалари билан муборакбод этади!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top