muslim.uz

muslim.uz

Рўза тутиш инсоннинг қандли диабет касалига чалинмаслигига сабаб бўлади. Доктор Аҳмад Фанжарий айтади: “Рўза тутганда қондаги қанд(шакар) миқдори энг паст даражагача тушади. Бу эса ошқозон ости бези фаолиятини меъёрига келтиради. Маълумки, ошқозон ости бези инсулин ишлаб чиқаради. Бу қанд моддасини тиндириб ёғга айлантиради ва тўқималарда тўплайди. Агар ортиқча овқат истеъмол қилинса, ошқозон ости бези фаолияти бузилиб, ўз вазифасини бажара олмайди. Натижада, қондаги қанд миқдори ортиб, вақт ўтган сари қандли диабет касаллигини пайдо қилади. Ошқозон ости безининг меъёрда ишлаши ва қандли диабет касаллигининг олдини олинишида рўзанинг ўрни беқиёсдир”.

Рўза тутиш билан қон ва теридаги сув миқдори камаяди. Натижада:

  • терининг микробларга қарши иммунитетни оширади;
  • теридаги ўткир яллиғланишларни ва уларнинг тарқалишини камайтиради;
  • аллергия ва юздаги тошмаларни қуритади;
  • Ичаклар фаолиятини яхшилайди ва теридаги чипқонларни йўқотади.

Тиббиёт мутахассислари тадқиқотлар натижасида рўзанинг “Экзема”(тери касаллиги, терида пуфакчалар ҳосил бўлиши, қўтир-қўтир ва катта-кичик пўст пайдо бўлиши билан кечади) ва “Подагра”(моддалар алмашинуви бузилганда учрайдиган касаллик. Бу касаллик кўп овқатланиш ва вазн ортиб кетиши туфайли келиб чиқади) касалликларига энг яхши муолажа бўлишини аниқлаганлар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини кучайтириш ва дарахтзорларни кўпайтириш мақсадида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси жорий этилди.

Айни пайтда ушбу лойиҳа доирасида ҳудудларда яшил боғлар ва яшил жамоат парклари барпо этилмоқда. Мазкур ҳужжат кўчатхоналарни кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштиришни ҳам кўзда тутади.

Шу билан бирга, Фармон асосида дарахтларни шикастлаш ва нобуд қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, борада жамоатчилик назорати янада оширилганини – 2022 йил 1 апрелдан янги тартиб кучга кирганини айтиш жоиз. Хусусан, эндиликда бу борадаги ҳуқуқбузарлик тўғрисида Ички ишлар вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига хабар қилган шахслар моддий рағбатлантирилади.

Бугун бирор жойда дарахт кесилгудек бўлса, оммавий ахборот воситалари дарҳол бонг урмоқда. Зеро, янги тартибга кўра, энди дарахтларни ёши, бўйи ва эни, ўсаётган жойи бўйича ҳисобга олиш, уларга тегишли маълумотларни тўплаш, электрон базасини тузиб, реестрини юритиш белгилаб қўйилди. Шу асосда парвариш ва суғориш учун масъуллар тайинланади. Яъни, ёш ниҳоллар ўсиб-униб, чинакам дарахт бўлиши таъминланмоқда.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди. Бу даврда амал қиладиган чеклов ва мажбуриятлар кўлами кенгайтирилди.

Шундай қилиб, юртимизда паст-баландига қарамай, дарахт кесишга қарши янги чоралар жорий қилинди. Жумладан, қурилиш тадбирларини амалга оширишда наботот ва ҳайвонот оламига эътиборли бўлиш чоралари белгиланди. Илгари қайсидир идора хулоса, яна бошқаси рухсат берарди. Қурилиш ташкилоти қурилиш майдонини ўраб олиб, ҳеч кимни киритмас, майдондаги дарахтлар шунинг учун нобуд бўларди. Бундай тартибсизликка чек қўйилди.

Ҳадиси шарифда «Эртага қиёмат бўлади, дейишса ҳам, кўчат ўтқазинг», дейилади. Биз бугун ана шу йўлдан бормоқдамиз. Энди яшнаб турган дарахтлар кесилиб, увол қилинмайди. Аксинча, янгилари кўпайтирилади.

2020 йили давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш билан боғлиқ 7854 та, 2021 йилнинг 6 ойида эса 2597 та ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган. Оқибатда 4516 та қимматбаҳо дарахт кесилган ёки шикастланган. Маълумки, битта кўчатнинг то дарахтга айлангунича энг камида 5 йил кетишини инобатга олсак, 1,5 йил ичида 22580 йиллик дарахт кесилгани аён бўлди. Бу, шубҳасиз, табиат ва келажак авлод олдидаги жиноятдир.

Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, кўплаб давлатларда ҳайвонот ва наботот дунёсига зиён етказмаслик нуқтаи назаридан ҳар қандай қурилишдан олдин экологик лойиҳа тузилади. Чунки бугун ўтқазилган кўчат дарахт, унинг атрофи боғ бўлгунча анча вақт керак. Бу муддат давомида уларни парваришлаш, суғориш шарт. Президентимизнинг «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида айнан шундай механизмлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Дунё давлатларида дарахтлар кесилиши ё бошқа жойга кўчирилиши билан боғлиқ ҳолатларда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиёти мавжуд. Яқин атрофда яшовчилар муайян дарахт кесилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади. Шунда ҳам қулаши, одамларга, техникага ёки уйларга зарар етказиши мумкин бўлганлари. Бу эълон кесилиши режалаштирилган дарахтлар олдига ўрнатилади. Унга дарахтнинг ўзи ҳақида маълумот жойлаштирилади, ҳатто унинг кесилиш сабаблари ва жамоатчилик муҳокамаси ўтказиладиган вақт ва манзилгача кўрсатилади.

Қадимдан ҳаммага маълум бир матал бор: бир киши нонвойдан ҳар куни олтита нон олади. Кунлардан бир кун нонвой нега айнан олтита олишини сўрайди: «Ўзим билан аёлим иккита еймиз, иккитасини қарзимга, иккитасини эса қарзга бераман». Яъни, иккитасини ота-онасига бериб, фарзандлик бурчини бажаради, иккитасини фарзандларига гўё рамзий қарз сифатида беради.

Биз оталаримиз, боболаримиз эккан дарахтларнинг соя-салқинида роҳатланиб, меваларидан баҳра олиб келяпмиз. Энди фарзандларимиз ва набираларимизга атаб, умуммиллий миқёсда янги кўчатлар ўтқазишни бошлаб, яшил маконларни кенгайтиришдек хайрли ишга киришяпмиз. Зеро, бу муқаддас бурчдир – биз ота-боболардан миннатдормиз, келажакда фарзанд ва набираларимиз биздан миннатдор бўлсин.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: «Миллий тикланиш» газетаси 2022 йил 30 март, 11(1160)-сон

Ҳаммага маълум тоғ чуққиларини забт этиш одддий шароитда ҳам ҳар кандай одам учун осон иш эмас. Мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида, рўза тутган ҳолда бу ишни амалга ошириш эса вазифани янада мураккаблаштиради. Индонезияда муҳтожлар учун бошпана қурилишига маблағ йиғиш мақсадида Англиянинг Питерборо шаҳри фуқароси Тарик Махмуд келаётган ойда Буюк Британиянинг энг баланд тоғ чуққисини забт этиш орқали айнан шу мураккаб ишни амалга оширмоқчи.

“Рамазон Одами” номи билан танилган Тарик Махмуд 23 апрелда Шотландиядаги Бен-невис тоғига кўтарилади ва шу тариқа рўза тутган холда 1345 метр баландликни забт этади.

Бу ҳақда “Бу ишни амалга ошириш учун тайёргарликни олиб боряпман, чунки танани бу каби синовга тайёрлаш лозимдир”- дейди Тарик Махмуд.

Рўза вақтида бундай жисмоний синов Тарик Махмуд учун биринчиси эмас.

2019 йили рўза вақтида у марафонда югургани учун 50 минг фунт стерлингдан зиёд маблағ тўплаган ва тўпланган маблағларни Индонезиянинг хайрия ташкилоти билан ҳамкорликда Амбоне шахрида 2019 йили сентябрь ойида содир бўлган 6.5 магнитуда балли ер қимирлаши оқибатида уй жойларидан айрилиб, Кендари шаҳридаги бошпаналарда яшашга мажбур бўлиб қолган оилалар учун 23 та уй қурилишига йуналтирган. Шундан сўнг у “Рамазон Одами” номига сазовор бўлган.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Пятница, 01 Апрель 2022 00:00

Илмсиз фатво бериш

Сўнгги йилларда экстремистик ва террорчи гуруҳлар дин ниқоби остида ўз ҳаракатларини "шаръий" деб ҳисоблаш орқали жамиятда турли ҳил қарама-қаршиликларни юзага келтиришга интилмоқда. Улар ўзларини "мужтаҳид" деб эълон қилган ҳолда неча асрлардан буён мусулмонлар жамоаси эргашиб келаётган мазҳаб таълимотларига зид бўлган турли "фатволар" ни чиқармоқда. Бу эса, бир томондан инсонларни адашиб, нотўғри йўлларга кириб кетишларига сабаб бўлса, иккинчи томондан жамиятда ўзаро тушунмовчилик, адоват кайфиятининг пайдо бўлишига замин яратмоқда.


Шундай экан, Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолати ва жамият фаровонлиги, ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни кўзлаб фатво чиқариш алоҳида билим ва малакани талаб этади. Мўътабар манбаларга кўра, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган мужтаҳидларгина шундай ҳукм чиқариш ҳуқуқига эгадир. Бироқ тарих ва замонавий воқелик диндан ёвуз мақсадда ҳам фойдаланиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бундай ҳаракатлар муқаддас ислом динидан фойдаланган ҳолда амалга оширилгани ва оширилаётганини ҳам афсус билан қайд этиш лозим.

Иброҳимжон Қосимхўжаев

Бугун, 1 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳридаги Кўкча даҳасида жойлашган ? “Шайх Зайниддин” жоме масжидига жума намозига ташриф буюрадилар.

Жума намозидан аввал Қуръон ҳофизларининг гўзал қироати ва Муфтий ҳазратларининг файзли мавъизалари бўлиб ўтади. Мўмин-мусулмонларимизни мана шундай чиройли суҳбатларга таклиф этамиз.

Ушбу ташриф сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали онлайн эфирга узатилади.

Youtube орқали томоша қилиш

Facebook орқали томоша қилиш

Instagram орқали томоша қилиш

Telegram voice орқали эшитиш

ITV орқали томоша қилиш (tas-ix)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top