muslim.uz

muslim.uz

Муборак Рамазон ойидан бир неча кун олдин АҚШнинг Филадельфия озиқ-овқат банки маҳаллий мусулмон бизнес ассоциацияси билан биргаликда муҳтожларга 6000 порция озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатади.
Islam.ru хабар қилишича, Philabundance озиқ-овқат банки иккинчи йил Рамазон ойида ҳар куни 200 дан ортиқ оилага ифторлик учун таомлар етказиб беришни мақсад қилган. "Рамазон ойи давомида биз нафақат кундузи овқатланиш ва ичишдан воз кечишга, балки муҳтожлар овқатланиш имкониятига эга бўлишига ишонч ҳосил қилишига ёрдам берамиз", деди штат сенатори Шариф Стрит.
Philabundance раҳбари Лори Жонснинг таъкидлашича, бу йилги ифторликларга муҳтожларни хурсанд қиладиган соғлом ва тўйимли овқатларга алоҳида эътибор беорилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ислом динида буюрилган рўзанинг ҳам маънавий, ҳам жисмоний саломатлик учун чексиз фойдалари мавжуд. Аллоҳ таоло Рамазон рўзаси ҳақида бундай марҳамат қилган:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ

Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту – фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сизлардан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин(Бақара сураси, 185-оят).

Рўзанинг ҳикматлари, инсоннинг дунёю-охирати учун манфаатлари кўп. Ҳатто бошқа дин вакиллари ҳам унинг инсонга фойдаларини ўрганиб, эътироф этмоқдалар ва ўзларида татбиқ қилмоқдалар.

Рўза ҳозирги даврда аниқланган очлик билан даволаш услубларидан буткул фарқ қилади. Бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида очлик билан даволайдиган сиҳатгоҳлар ташкил этилиб, беъморларга муолажалар қилишяпти ва буни “тиббий рўза”, “умумий рўза” ёки “очлик билан даволаш” каби номлар билан номлашмоқда. Лекин бу муолажаларнинг барчаси ижобий натижа бериши мушкул. Чунки бандалар томонидан ўйлаб топилган тартиб-қоидалар ҳеч қачон мукаммал бўлмай, қайсидир жиҳати ноқис бўлади.

Ислом динида фарз қилинган Рамазон рўзаси ва нафл рўзалар тиббиётда қўлланадиган очлик орқали даволаш услублари билан баъзи жиҳатларда ўзаро мувофиқ келса, баъзи томондан бутунлай фарқ қилади. Қуйида ушбу фарқларни келтириш мумкин:

  1. Рўза ва очлик орқали муолажа қилиш ошқозон ҳазми яхшиланиши ва ундаги йиғилиб қолган заҳарларнинг чиқиб кетишига ёрдам беради.
  2. Рўзани ҳар бир мусулмон киши ҳар йили Рамазон ойида бир кун ҳам қолдирмай тутиши фарз ҳисобланади. Рўза тутганда саҳардан оқшомгача ҳар қандай озуқадан тийилинади. Аммо тиббиётда қўлланадиган очлик билан муолажа қилиш баъзи кишиларнинг касаллиги, ҳолати ва ихтиёрига қараб маълум муддат қўлланади.
  3. Рамазон рўзасини ҳар бир минтақада, барча мусулмонлар тутиши фарз ҳисобланади. Унда машаққат ва жисмга хавф-хатар бўлмайди. Очлик билан муолажа қилишда эса, ўзига яраша машаққат, жонни қийнашлик мавжуд. Уни ҳамма ҳам уддалай олмайди. Касаллигига очликдан бошқа даво тополмаган ва унинг фойдаларига аниқ ишонч ҳосил қилган кишигина бу муолажага киришади. Чунки уни жорий қилувчи табиблар ва маълум бир шифохоналар ҳисобланади.
  4. Очлик билан даволаш беъморга салбий таъсир қилиши мумкин. Лекин Рамазон рўзасида инсонга салбий таъсир қилувчи ҳолатлар кузатилмайди.

Маълумки, инсон жисми кун давомида тўла ўз фаолиятини бажариши ва йўқотилган куч-қувватни тиклаши учун керакли миқдорда озуқа талаб қилади. Агар инсон тана эҳтиёжидан ортиқ озуқа истеъмол қилса, у ёғга айланиб, вазн ортишига олиб келади. Албатта, меъёрдан ортиқ вазн инсон саломатлигига салбий таъсир қилади.

Ҳозирги пайтда ортиқча вазндан азият чекадиганлар кўп учрайди. Уларга муолажа қилиш учун турли даволаш услублари ўйлаб топилган. Лекин бу услублар инсон танасидаги сув миқдори камайиши ва соғлиққа зарар етказиши мумкин. Рўза эса зарарсиз ортиқча вазндан қутулишда тенгсиз йўлдир. Бунда саҳарликда ва ифторликда кундузги иш-ҳаракатга мос равишда, меъёрда овқаланиш лозим.

Инсон тўқимасида кўплаб заҳар ва зарарли моддалар йиғилади. Бу моддалар асосан, истеъмол қилинадиган озуқалар орқали пайдо бўлади. Айниқса, ҳозирги пайтда тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг деярли барчасида оз миқдорда бўлса-да “заҳар”лар мавжуд. Улар ўсимликларни ўстириш учун сепиладиган дорилар, маҳсулотларни тайёрлаш жараёнида қўшиладиган ранглар, хушбўйлантирувчи ёки сақлаш учун қўшиладиган кимёвий моддалар орқали пайдо бўлади. Қўшимча, ҳаво орқали автомобиллар, завод ва фабрикалардан чиқаётган заҳарли тутунлар ютилади. Касалликлардан даволанишда кимёвий моддалардан тайёрланган дори-дармонлар қўлланади. Бу моддалар қонга сингиб, ҳужайраларнинг йўқ бўлишига сабаб бўлади.

Заҳарлар ва барча зарарли моддалардан танани тозалашда муҳим вазифани бажарувчи аъзо – жигар ҳисобланади. Организмда зарарли моддалар пайдо бўлганда жигар фаолияти бузилади. Уни яна асл ҳолатига қайтаришда эса рўзанинг ўрни беқиёс. Рўза тутганда танадаги ортиқча ёғлар ва жигар атрофидаги заҳарлар йўқолади.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

“РЕСПУБЛИКАДА КЎКАЛАМЗОРЛАШТИРИШ ИШЛАРИНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ, ДАРАХТЛАР МУҲОФАЗАСИНИ ЯНАДА САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИГА МУВОФИҚ, МАМЛАКАТИМИЗДА ДАРАХТЗОРЛАРНИ КЎПАЙТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН “ЯШИЛ МАКОН” УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ.

Бу умуммиллий лойиҳа доирасида ҳудудларда яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур муҳим ҳужжат кўчатхоналарни кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштиришни ҳам кўзда тутади.

Шу билан бирга, дарахтларни шикастлаш ва нобуд қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилди ва бу борада жамоатчилик назорати янада оширилди – 2022 йил 1 апрелдан янги тартиб кучга кирди. Хусусан, эндиликда бу борадаги ҳуқуқбузарлик тўғрисида Ички ишлар вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига хабар қилган шахслар моддий рағбатлантирилади.

Бугун бирор жойда дарахт кесилгудек бўлса, оммавий ахборот воситалари дарҳол бу ҳақда бонг урмоқда.

Дарахтларнинг ёши, бўйи ва эни, ўсаётган жойи бўйича ҳисобга олиш, уларга тегишли барча маълумотларни тўплаш, электрон базасини тузиб, реестрини юритиш белгиланди. Шу асосда парвариш ва суғориш учун масъуллар тайинланади. Яъни, ёш ниҳоллар ўсиб-униб, чинакам дарахт бўлиши таъминланмоқда.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди. Бу даврда амал қиладиган чеклов ва мажбуриятлар кўлами кенгайтирилди.

Шундай қилиб, юртимизда паст-баландига қарамай, дарахт кесишга қарши янги чоралар жорий қилинди. Жумладан, қурилиш тадбирларини амалга оширишда набодот ва ҳайвонот оламига эътиборли бўлиш чоралари белгиланди. Илгари қайсидир идора хулоса, яна бошқаси рухсат берарди. Қурилиш ташкилоти қурилиш майдонини ўраб олиб, ҳеч кимни киритмас, шунинг учун майдондаги дарахтлар нобуд бўларди. Бундай тартибсизликка чек қўйилди.

Ҳадиси шарифда “Эртага қиёмат бўлади, дейишса ҳам, кўчат ўтқазинг”, дейилади. Биз бугун ана шу йўлдан бормоқдамиз. Энди яшнаб турган дарахтлар кесилиб кетавермайди, увол қилинмайди. Аксинча, янгилари кўпайтирилади.

Шу вақтгача ОАВ маълумотлари анча аянчли эди: 2020 йилда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш билан боғлиқ 7854 та, 2021 йилнинг дастлабки 6 ойида 2597 та ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган. Оқибатда 4516 та қимматбаҳо дарахт кесилган ё шикастланган. Яъни, битта кўчат яшнаган дарахтга айлангунича энг ками 5 йил кетадиган бўлса, 22580 йиллик дарахт кесилган. Бу табиат олдидаги, келажак авлод олдидаги жиноятдир.

Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, кўплаб давлатларда ҳайвонот ва набодот дунёсига зиён етказмаслик нуқтаи назаридан ҳар қандай қурилишдан олдин экологик лойиҳа тузилади. Чунки, бугун ўтқазилган кўчат дарахт, унинг атрофи боғ бўлгунча анча вақт керак. Бу муддат давомида уларни парваришлаш, суғориш керак. Фармонда буларнинг ҳам механизмлари ишлаб чиқилиши кўзда тутилгани қувонарлидир.

Дунё давлатларида дарахтлар кесилиши ё бошқа жойга кўчирилиши билан боғлиқ ҳолатларда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиёти мавжуд. Яқин атрофда яшовчилар муайян дарахт кесилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади. Ҳамма дарахт эмас, балки қулаб тушиб, одамларга, техникага, уйларга зарар етказиши мумкин бўлганлари. Бу эълон кесилиши режалаштирилган дарахт олдига ўрнатилади. Унда дарахтнинг ўзи ҳақида маълумот берилади, унинг кесилиш сабаблари ва жамоатчилик муҳокамаси ўтказиладиган вақт ва манзил кўрсатилади.

Қадимдан ҳаммага маълум бир матал бор: бир киши нонвойдан ҳар куни олтита нон олади. Кунлардан бир кун нонвой нега айнан олтита олишини сўрайди. У бундай жавоб беради: “Ўзим билан аёлим иккита еймиз, иккитасини қарзимни узиш учун бераман, иккитасини қарзга бераман”. Яъни, иккитасини ота-онасига бериб, фарзандлик бурчини бажаради, иккитасини фарзандларига гўё рамзий қарз сифатида беради.

Биз оталаримиз, боболаримиз эккан дарахтларнинг соя-салқинида роҳатланиб, меваларидан баҳра олиб келяпмиз. Энди фарзандларимиз ва набираларимизга атаб, умуммиллий миқёсда янги кўчатлар ўтқазишни бошлаб, яшил маконларни кенгайтиришдек хайрли ишга киришяпмиз. Зеро, бу муқаддас бурчдир – биз ота-боболардан миннатдормиз, келажакда фарзанд ва набираларимиз ҳам биздан миннатдор бўлсин.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

Мақолалар

Top